Замонавий театр ҳақида Мурод Човуш мулоҳазалари

  • Asosiy /
  • Media /
  • Замонавий театр ҳақида Мурод Човуш мулоҳазалари
Замонавий театр ҳақида Мурод Човуш мулоҳазалари

Замонавий театр ҳақида Мурод Човуш мулоҳазалари

  • 27/03/2021
  • Media

Ҳозирги замонда театр томошасига кечикмайин деб шошиб кетаётган одамни учратиб бўлмаса керак. Фақат буюк драматург Софокл даврида театрга одамлар шошилишган. Томоша бошланиш вақти кечки пайт осмонда ой оқ бўлиб кўрингани соат ўрнида белги бўлган. Замонавий театрда саноқли одамлар кира бошлади. Нега шундай бўлди? Мен бу саволга театр саҳнасида кетаётган саҳна асари ичидан жавоб излайман, бошқа ёқдан жавоб излаш ўринсиз. Саҳнада инжиқ куёв князнинг қилиқлари кулгумни ҳам қўзғатмайди. Бу образни тушунишга ҳаракат қиламан, ва у орқали нега театр оммавийлигини ва ҳақиқий вазифасини унутиб қўйди, деган қадимий саволга жавоб излайман. 

Ўткан асрнинг ўрталарида актёр, театр режиссёри, сценарист Антонен Арто бу саволга жавоб излаш жараёнида Европа янги театрига асос солади. У Шекспир замонидан театр бошқа ўзанга бурилиб кетди дея ташҳис қўяди, театр баёнлашди дейди. Ва у Софокл давридагидай театр саҳнаси давомида томошабинни ҳақиқий реалликкка олиб чиқмоқчи бўлади. Жест-имо-ишоралар услубини саҳнага олиб киради. “Театр ва унинг эгизаги” номли китобида янги театрни қандай кўришини баён қилади.

Арто Софокл театри маъно-моҳиятини тушуниб олган, зеро буни илғаб олиш жуда қийин. “Шоҳ Эдип”ни замонавий томошабин Эдипни онасига ва отасига нисбатан содир этган аҳлоқсиз ҳаракати ва зулмини қоралай бошлайди. Аслида эса, “Шоҳ Эдип” бошқа нарса ҳақида эди: воқеликни Софокл ана шундай тасвирлайди. Софокл тасвирлаган воқелик ҳар кун ҳар қадамда одамзот билан содир бўлади. (“Шоҳ Эдип”да она-инсон шахсидаги гўзаллик сифати, ота улуғлик сифати ва Софокл аслида одамзотдаги шу сифатларни йўқолиб одам шахсидан кесилиши ҳақида айтмоқда. Шоҳ Эдип аслида томошабиннинг ўзи, Софокл ғайритабиий сюжет орқали томошабинга ойна тутади.) Артонинг барча саҳна асарлари ўзи кашф этган янгича услубда қадимгилар назарда тутган воқеани кўришга йўналтирилган эди. Ва натижада европада янги театр пайдо бўлди. Кейинчалик у абсурд театрига айланди. Абсурдчилар Беккет, Ионеско, Адамо ва бошқалар Софокл кўрган санъаткор кўзи билан воқеликни саҳнада намойиш қилиб бошлашди. Саҳнанинг иккинчи пардаси бошланади. Инжиқ грузин князи образи атрофида пуч хаёллари тасвири, фаришталар шамойилини қўзғатувчи раққосалар пайдо бўлади.

Улар менга беихтиёр мюзиклни эсга солади. Абсурд театридан сўнг мюзикл даври бошланди. Мюзикл икки нарсани бирлаштиришга қаратилган назаримда: залда томошабин йиғиш ҳамда Софокл назаридаги санъатни янгича усулда кўрсатиш. Саҳнадаги грузин князи образи хониши менга Нью-Йоркнинг Амбассадор театрида кўп йил намойиш этилган “Чикаго” мюзиклини эслатди, мен бу икки саҳна асари бир-бирига ўхшайди демадим. “Чикаго” мюзикли мавзуси аслида жуда сийқа ва жўн танланган, бу энди томошабинни йиғишга қаратилган режиссёрнинг хавфли хийласи-таваккали, аммо ундаги актёрларнинг тинимсиз хатти-ҳаракати томошабинга таъсир қилишга қаратилган. Масалан, бош рол ижрочиси Мишел Уильямснинг саҳнадаги тинимсиз хатти-ҳаракати ундан катта энергия ташқарига чиқишни талаб этади. Аслида режиссёрнинг сирли талаби ҳам шу, мақсади ҳам шу. Томошабиннинг “мен намойишдан катта энергия олдим, завқ олдим” деган жўнлашган иборасининг сири ҳам шунда. Мюзикл режиссёрлари Арто ғоясини бошқача шаклда қўллай бошлашди.

Мен харҳолда, замонавий томошабин нега театрга кирмай қўйди, деган саволга жавоб бергандай бўлдим.

Мурод Човуш