Театр-лаборатория: ичкари ташқарига чиқади

  • Asosiy /
  • Media /
  • Театр-лаборатория: ичкари ташқарига чиқади
Театр-лаборатория: ичкари ташқарига чиқади

Театр-лаборатория: ичкари ташқарига чиқади

  • 28/05/2021
  • Media

Театрда артистизм ҳаддан ортиқ ишлатилиши учундир театрга тушишни хушламайман. Худди китобий китобларни ўқиёлмаганим каби. Бу спектаклга олдин ҳам таклиф этишганди. (Бугун 14 май куни бордим.)

Спектакль намойиш этиладиган залга кириш билан фаррош йигит полни супураётган бўлади. Нарёғда, саҳнада қоғоз, баклашка ва шу каби чиқиндилар сочилиб ётибди. Ёнда тўнга ўралиб бир одам мудраяпти. Тўрда икки оёғли қўш нарвон. Унда бир қиз 3-4 зинасидан кўтарилиб, ўтириб олган. Китоб ўқияпти.

Намойишга кирган томошабинни бу лавҳа аввалига довдиратиб қўяди. Атай уюштирилган спектаклдан ташқаридаги бу лавҳа томошабинни осмондан ерга туширади: томошабин ўзини эркин қўйишини ундайди.

Француз ёзувчисининг китобини ўқиб, қиз хаёл суряпти. Спектакл давомида у университетга боради, ёмғир остида сайр қилади. Уйда расм чизади. Хаёли эса доим Россияда ишлаб юрган ака-укасида ёки икковларидан биттаси яхши кўрган йигитидир, эҳтимол.

 Асар сюжети менга шундай туюлди. Эҳтимол, бундай эмасдир, бу муҳим эмас. Чунки ҳар бир томошабиннинг шахсий сюжети бўлади.

Тўғриси, спектакль давомида артистизмдан зерикишни бошлайман деб ўйлагандим. 90 минут тез ўтиб кетди шунингдек, 90 минут ичида кўп нарса содир бўлди. Ичкари ташқарига чиқди. Ўрин алмашув ҳодисаси бўлиб ўтди. Биз ҳам ҳаётда доим кимнингдир, масалан, фариштаси бўлиб қолишни истаймиз. Буни истамаган, дунёда бирорта ҳам одам бўлмаса керак.

Яъни қизнинг хаёли саҳнада ўйналяпти. Саҳнада эса ичкари билан ташқари ўрин алмашяпти. Марказ ҳамма ёқда, чет ҳеч қаёғда.

 “Кичкина шаҳзода” асаридаги диалоглар баҳона яъни восита холос. Ичкарини ташқарига чиқаради.

 Умидсизликни енгиш учундир балки. Чунки ташқаридан ҳеч қандай умид йўқ. У ҳеч кимга керак эмас. Кичкина шаҳзода- нур бекорга исроф бўлиб кетмоқда. Ва бунинг нуқси айнан шу жамиятнинг ўзига урмоқда. Ўзи шундай бўлади.

Айнан ўрин алмашиш: гоҳ ичкари ташқарига чиқиши, гоҳ ташқари ичкари кириши артистликни иложи борича блоклаган деб ўйладим. Гоҳида икки тарафнинг синтез бўлиб кетиши учинчи тарафни келтириб чиқаргандай бўлади. Ғалати. Ва яна ортга қайтади. 

Энди ижодкорлар ҳақида

"Бизнинг, фақат бизнинг Кичкина шаҳзода" Спектакли “Шамсиқамар” театрстудиясида саҳналаштирилган. 

Ғоя муаллифи, бадиий раҳбари Қамариддин Ортиқов. Режиссёр Жамшид Валиев саҳналаштирган. Худоёр Султонов, Мухтор Асроров, Лобар Исаева ролларни ўйнаган. Фотода улар.

 Мурод Човуш