Британиялик машҳур актриса, фотомодель ва гуманитар арбоб Одри Хепберн 1929 йилнинг 4 май куни Иксель шаҳрида дунёга келган. Туғилганда унга Одри Кэтлин Растон исми берилган. У банкир ва баронесса оиласида катта бўлган. Кейинроқ отаси ўз исмига Хепбернни қўшиб олган ва шу тариқа бўлажак актриса Одри Хепберн Растон номини олган.
6 ёшлигида ота-онаси ажрашгач, у онаси билан Нидерландияда яшаган. Мактаб даври немис фашистлари эгаллаб олган Арнем шаҳрида ўтган. Немислар юришидан сўнг Одри ўзига Эдда ванн Хеемстра таҳаллусини олади, сабаби инглизча исми у учун хавф туғдирар эди.
Уруш даврида Одри очликни бошидан ўтказади. Бе эса унда бутун умрлик камқонлик, нафас йўллари касалликлари ва депрессия каби асоратларни қолдиради. Уруш тугагач, доимо санъатга қизиқиб келган Одри Арнем консерваториясида ўқийди ва Амстердамга кўчиб ўтади. У онаси билан уруш қатнашчиларининг уйларида ҳамширалик қилади. 1946 йилдан бошлаб Одри асосий иши билан бирга балетни ўргана бошлайди, кейинроқ машҳур педагоглардан рақс санъатини ўрганади. У балет билан жуда кўп шуғулланади, аммо унча узун бўлмаган бўйи ва касалликлари сабаб балерина бўла олмайди.
Бу даврда унинг онаси оиласини боқиш учун ҳар қандай қора ишга рози бўлади, Одри эса ўзи учун мустақил ишлашга мажбур эди ва актрисалик бу йўлдаги энг тўғри қарор бўлиб чиқади.
1Дебют
1948 йилда актриса ўзининг илк ролини «Голланд тилини етти дарсда ўрганиш» номли ўқув фильмида ўйнайди. Унинг бадиий фильмдаги ўз илк ролини «Ёввойи сули дони» (1951) фильмида ижро этади. Икки йил давомида актриса кичик ролларни ўйнаб келади. Илк катта роли унга 1952 йилда «Махфий одамлар» фильмида насиб этади.
2Рим таътиллари
Энг катта муваффақият унга «Рим таътиллари» (1953) фильмидан сўнг келади. Ушбу роли учун актриса «Оскар» мукофотига эга бўлади. Бундан ташқари фильм «Олтин глобус» ва «BAFTA» мукофотларини ҳам олади.
Омадли ролдан сўнг режиссёр унга яна учта ҳар хил жанрдаги фильмларида роль беради: «Сабрина» (1954), «Болалар соати», «Қандай қилиб миллион ўғирлаш мумкин» (1966). Унинг яна бир асосий роли «Тиффаниникидаги нонушта» фильмида бўлди. Холли Голайтли образи ва унинг кичкина қора кўйлаги бир неча ўн йилдирки машҳурликни йўқотгани йўқ.
У турли мюзиклларда ҳам кўп ролларни ижро этган. Хепберннинг актрисалик фаолияти 1967 йилга қадар жуда жўшқин бўлади, аммо шу йилдан бошлаб у узоқ танаффус қилади. 1976 йилда у яна экранларга қайтади ва катта ёшдаги қаҳрамонлар ролини ўйнай бошлайди. Унинг энг сўнгги иши Стивен Спилбергнинг «Доимо» (1989) фильми бўлади.
3Ижтимоий фаолият
Актрисалик фаолиятини якунлагач, Одри ЮНИСЕФнинг махсус элчиси этиб тайинланади. У немислар босқинидан сўнг қутқарилгач, фонд олдида доим ўзини қарздор ҳис этарди. Ўзининг сўнгги йилларини у камбағал давлатларда яшаётган болалар ҳаётини яхшилашга сарфлайди. 1992 йилда Одри ЮНИСЕФдаги фаолияти учун Президент медалига сазовор бўлади.