"Уруш одамлари" спектакли миллатга чалинган огоҳлантирув сигналидир
- 03/05/2021
- Media
"Уруш одамлари" спектаклини икки марта томоша қилдим. Бу икки кўрув ҳар иккала актёрлар таркибидаги талқинни билишга имкон берди. Масалан, биринчи кунги талқинда Бийди момо бироз шашти паст, ўзига ўхшамагандай кўринган бўлса, Сайёра Юнусова ижросидаги Бийди момо саҳнани чинакам ларзага солди. Мен учун қадрли бир асарни саҳнада кўриш ҳам оғир, ҳам завқли бўлди. Устоз ёзувчи Назар Эшонқулнинг "Уруш одамлари" қиссасини еттинчи синфда ўқиб юрганимда ўқиганман ва қиссадаги Нормат полвоннинг Анзиратни калтаклаган саҳнаси ҳалигача менинг ғужуримни қўзғайди. Саҳна вариантидан мен ортиқча нарсани кутганим йўқ, зотан режиссёр ушбу асарни ўз ижодий призмаси орқали саҳнага мослаштириб, янги бир асарни тақдим этади. Гап шу асар ҳақида.
Эсимда. Мактаб кутубхонасига Назар Эшонқулнинг "Ялпиз ҳиди" номли янги китоби келади. 9-синф "Адабиёт" дарслигининг охирида "Шамолни тутиб бўлмайди" номли сирли ҳикоя ҳақида гап кетган ва бу ном ўша ҳикоя орқали ёдда қолганди. Китобда эса шу ҳикоя ҳам ўрин олган эди. Аммо "Уруш одамлари" қиссаси мени чинакамига маҳлиё қилган, Бийди момога нисбатан кескин нафрат уйғотганди. Нормат билан Анзиратга аниқ бир муносабат шаклланмаган, оқлаш-қоралаш ҳақида ўй бўлмаган. Норматнинг эса урушдан қайтиб келгач, хотини Анзиратнинг ҳомиладор эканини билиб қолиб, хотинини калтаклагани жуда оғир ҳиссиятни берган. Қани, раис ёнимда бўлсаю, масалан, бўғзига пичоқ тортиб юборсам. Шундан кейин қисса менинг энг севимли асарларимдан бири бўлиб қолади. Асардаги ўзига хос тил, соф ўзбекона ифода тарзи, самимийлик бунга асос бўлган десам, тўғри бўлади.
Дастлаб асар билан солиштириб таҳлил қилсамми, деб ўйладим. Йўқ, менимча урғуни кўпроқ спектаклга қаратган маъқул. "Уруш одамлари" спектакли уруш фонида инсонни ҳаромдан, эгриликдан ўзини иҳота қилиши ҳақида сўзлайди. Ўзбек характерининг муҳим бир жиҳати ҳаромдан хазар қилиши, ғурур ва номусни ҳаётининг аорта томири каби билишидир. Асарда шу жиҳатнинг тест қилинганини кўрамиз. Уруш бу имтиҳон каби, одамлар бу имтиҳондан тўлиқ ўта олишдими? Гарчи спектакл финалида бу "ҳа" деган жавоб билан якунланса-да, аслида ундай эмас. Инсон доим ўз эътиқоди ва принциплари билан контрастда яшайди. Бойхун бобо спектаклда ушбу эътиқоднинг марказидир. Унинг авлодлари Бойхундан қолган анъаналарни сақлашга, турмушларига эса ҳаромни киритмасликка ҳаракат қилишади. Аммо уруш уларни синайди. Нормат бошқа қондошлари қаторида урушга кетади, хотини Анзират икки бола билан қолади. Норматдан қорахат келгач, уруш давридаги оғир ҳаёт Анзиратни хиёнат қилишга мажбурлайди. Биз уни қоралашга ҳам, оқлашга ҳам иккиланамиз. Аммо оила анъанаси бузилади ва оиланинг бошчиси Бийди момо сўнгги ҳукмни айтишга мажбур. Асар билан таққослаганда, Бийди момо спектаклда анча раҳмдилроқ кўрсатилади, қиссада Бийди момо дийдаси қаттиқ, тошбағир қилиб тасвирланган. Маълум маънода диктатор. Асқар Холмўминов спектаклда Бийди момо (Сайёра Юнусова)га ўзбек оналарига хос юмшоқкўнгиллиликни беради ва биз момога нисбатан ўзимизда оз-моз симпатия сезамиз.
Спектаклда Раис образи (Рихситилла Абдуллаев) – томошабинда эътироз уйғотадиган ва шаблонлаштирилган образ. У юз фоиз ёмон. Лекин режиссёр уни юз фоиз қоралашга ҳаракат қилиб, якунда ютқизади. Нега? Раис қанчалик қаттол бўлмасин, Анзиратни севади ва ундан фақат ҳирс йўлида фойдаланмайди, йўқса, асар якунида у Анзиратнинг олдига келиб, ундан боласи ҳақида сўрамасди. У ҳам авлоди давом этаётганидан бир одам сифатида мамнун. Агар Раис Бийди момо ва келинлари намоз ўқиб ўтирганида ҳосилот билан келиб, уларнинг намозини тўхтатмаганида унинг ҳам одам экани ҳаёт ҳақиқатларига уйғун келарди ва бу режиссёрнинг ютуғи бўларди.
Почтачи образи ҳам асарда эмоционалликни оширишга ортиқча ҳаракат қилиб юборгандай, бироз чегарадан чиққандай таассурот қолдиради. Спектаклда Нормат образи (Меҳриддин Раҳматов) муҳим вазифани бажаради. Лекин Меҳриддин Раҳматовнинг ижроси маромида эмасдай туюлади.
Режиссёр яхши ечим топган, якунда Нормат Раисни ҳам, Анзиратни ҳам, сўнг ўзини ҳам отиб ташлайди. Шу энг маъқул вариант, назаримда. Бойхун авлодини ҳаромдан сақлаш фонида бутун бир миллатни тўғрилик йўлидан оғишмаслиги, ҳаромни ўзидан узоқ тутиши, ҳаром аралашган жойда мувозанат бузилиши ва охир-оқибат ҳаромдан хазар қилмайдиган миллат заволга юз тутиши спектаклнинг асосий ғоясидир. Бу мессежни англаш томошабин учун муҳимдир. Режиссёр урушнинг ғалаба эмас, чинакам фожиа эканини кўрсатиб, спектаклга якуний нуқтани қўйган. Шу топилма спектални сохта пропагандадан халос қилган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу спектакл халқимиз кўриши керак бўлган спектакл. Шундагина ҳаром бор жойда завол бўлишини теранроқ англайди киши. "Уруш одамлари" спектакли миллатга чалинган огоҳлантирув сигналидир.
Мазмунли спектакл учун ёзувчи Назар Эшонқул ва режиссёр Асқар Холмўминовга ташаккур айтаман.
Хуршид Абдурашид