Қалб телепортацияси – Артонинг бош оғриғи
- 18/06/2021
- Media
Антонен Арто режиссёр - актёр эмас кўпроқ девона, у ёзувчи-шоир эмас кўпроқ дарвеш.
Уни бир умр қаттиқ бош оғриғи таъқиб этган. Ўзи эса бош оғриғидан қутулиш учун шахсий борлиғидан воз кечиш йўлларини излайди. 1930 йиллар ўрталарида Мексикага боради. Пойтахт Мехикодан поездга чиқади, кейин пиёда йўл юриб Тараумара қабиласига боради.
“Тараумара” китобидан унинг ҳолатини “Тасаввур” этиш мумкин. У эса мақсадига етай деганда доим франсуз характери халақит қилади.
Унинг ўзи, кейинроқ 40 йиллар ўрталарида, жиннихонада ётганида, хато қилганини тан олади. Франсузларга хос яна жазавага тушади - яна хатосини такрорлайди. Антонен Арто, табиийки, Тошкентга ёки Бухоро, Самарқандга кела олмасди. Келмагани ҳам яхши эди. Уни ҳам биродари Фитратга қўшиб отиб юборишарди. Лекин отувга қадар бош оғриғидан халос бўлган чиқарди.
Балки, Ҳиротга ёки Марв, Табризга келиши мумкин эди, жаҳд қилса. Аниқки, Жазоирга келиш осонроқ эди. Жазоир Франциянинг мустамлакаси эди. “Тараумара” китоби бошланишида фикрлари тиниқлашиб мақсадига етай деб қолгандай кўринади, лекин тасаввурлари бошга чиққан чипқондек яна унга ҳалақит бериб бошлайди.
Мексикадан қайтгандан сўнг 38-йили Ирландияга кетади, бормаслик керак эди. Барибир у ердан депортация қилинди. У Жеймс Жойснинг “Ирландия ўз болаларини ейдиган катта чўчқа”, деб ёзганини ўқимаган бўлса керак. Бош оғриғи унинг нафасини тозалаганди ва тозалашда давом этарди. Жазоирга кетиши керак эди.
Аслида, Арто шахсий менидан қутулиб бўлган эди, фақат дунёдаги даҳшатлар унинг бош оғриғига айланиб, ўзи эса бундан бехабар эди. Алишер Навоий космогониясини ўқиб Н. Ганжавий ва Х.Деҳлавий коинотни қандай чизган экан, деган табиий савол пайдо бўлади. Птолемей космогониясига асосланишгандир, эҳтимол.
Навоий “Хамса”нинг ҳар достонида коинотнинг сифатини, феълини тасвирлайди. Етти осмон қаватма-қават жойлашган бўлса-да бир-бирини кесиб ўтиб ҳаракат қилади. Саккизинчи осмон етти осмонга нисбатан муаллақ. Улар билан кесишмайди ҳам. Тўққизинчи осмон бу саккизликни ўраб олган чиқади. Саккиз осмоннинг бирлиги тўққизинчи осмонни билдиради.
Бундан Б.Нақшбанднинг “Орифнинг қалби коинотдан катта”, деган содда ва қизиқ таърифи келиб чиқади. Бизнинг назаримиз илмаган нуқта. Нуқтанинг назари кенгайиб кетаверади. Коинотни қамраб олади. Арто бош оғриғидан қутулиш учун шу таърифнинг ҳақиқатини излаганди.
Александр Фридманнинг коинот назариясини қайсидир осмонда минглаб, юз мингларча галактика сузиб юрганини назардан қочирмаган ҳолда, юқоридаги чизгига солиб ўйлайдиган бўлсак замонавий мия чайқалиб кетади. Саккизинчи осмондан туриб коинотдаги ҳамма жисмларнинг массасини ўлчаб кўрилса, қушнинг битта патидан ҳам енгил чиқади.
Бу ўлчов реаллигининг воқеликка айланиши учун яна миллиард йил ёки ундан ҳам кўп вақт етмаса керак. Аммо вақт соҳибига бу - бир қадам.
Мурод Човуш