Мартин Эсслиннинг "Абсурд театри" китоби муқаддимаси

  • Asosiy /
  • Media /
  • Мартин Эсслиннинг "Абсурд театри" китоби муқаддимаси
Мартин Эсслиннинг

1Мартин Эсслин

Мартин Эсслин 1918 йил Будапешт шаҳрида туғилади. Вена шаҳридаги университетда ўқийди. 1939 йил Лондон шаҳрига кўчиб кетади. Кўп вақтлар радионинг драматургия бўлими бошлиғи вазифасида ишлайди. М. Эсслин замоннинг дунё тан олган энг йирик театршуноси ва билимдони ҳисобланади. Театрга оид кўплаб мақолалари, китоблари чоп этилган. Б.Брехт, Пинтер, Беккет ҳақида тадқиқот китоблар чоп эттирган. Замонавий театр ҳақида “Абсурд театри” (1962), “Драма анатомияси” (1976), “Драма майдони” (1987) каби китоблари босмадан чиққан.

2Абсурд театри. Кириш.

Ушбу китоб замонавий драма театри ҳақида ҳикоя қилади. Театр тараққийсига ҳисса қўшган Самуэл Беккет, Эжен Ионеско, Артур Адамов, Жан Жене каби устозларнинг ижод йўли китобим учун тўрт устун бўлди. Албатта, замон театрига таъсирини ўтказган Франциялик, Англиялик, Германиялик, АҚШлик авангард ёзувчилар ижоди ҳам ёритилди.

Театр ҳақидаги китоблар тез эскирадиган бўлиб қолган; театр юлдузлари автобиографияси ва сўнгги хит асарлар тўғрисидаги китоблар дўконда тез чанг босиб қолади. Мен авваллари театр тўғрисида жиддий хулоса чиқармаган эканман, лекин бу тадқиқотим билан театр ҳақидаги адабиёт чегараси барҳам топади, дегани эмас. Театр ҳақидаги китобларга китобхонларнинг қанчалик иши тушиши, аввало, адабиётларнинг жозибасига боғлиқ. Тўғри, кинематограф ва телевидениенинг аҳамияти ошиб кетди. Матбуотда янгиликларни тарғиб қилиш қимматга тушадию лекин фойдаси катта-да. Шунга қарамасдан, экспериментал театр ва унинг томошабини камайиб кетмайди; бу театрда тириклик бор экан, у актёрларни, драматургларни кашф қилишга қодир бўлиб қолаверади. Ҳозирги даврда авангард театри мавжуд экан, у матбуот орқали жамиятга таъсирини ўтказяпти ҳам. Ғарб дунёсида одамларнинг фикри шаклланишида матбуотнинг хизмати катта, албатта.
Бу китобдаги театр модели чизмаси кам доирадаги интеллектуаллар учун мўлжалланмаган, харҳолда. Театр янги ғоя, қарашлар туғдира олади. Қотиб қолган фалсафани нафаси билан пуфлаб ҳаракатга келтира олади. Шунингдек, томошабиннинг фикри – ҳиссиётларини янгилаш қобилиятини яқин келажакда йўқотмайди.

Театрнинг бу мақомини ҳали кўпгина театршунослар англаб етганларича йўқ. Лекин театр замонга таъсирини ўтказиб бормоқда. 20 асрнинг иккинчи ярмида фан, психология, фалсафа театр орқали ҳам озуқланади, янгиланади. Театр санъати шеърият ёки тасвирий санъатдан тубдан фарқ қилади: театр жамоанинг маҳсули; санъаткор томошабин билан юзма-юз келади, бу нуқтада томошабиндаги эски фикрлаш қолипи ўзгаради, албатта. Фикрни тараққий эттирадиган янги амал-усуллар театрда кашф этилади.

20 асрнинг 20 йилларида адабиётда эзотерика жанри шаклланган эди (Ж.Жойс, Ф.Кафка, сюрреализм). Асрнинг биринчи ўн йиллигида эса тасвирий санъатда ушбу ғойибона мавзу кўпайган эди (кубизм, абстракт тасвирий санъат). Абсурд театри, албатта, шу жанр ариқларидан сув ичиб, уларнинг амалини давом эттирди. Бу ҳеч кимга сир эмас, албатта. Лекин ўқувчи адабиёт ва тасвирий санъат йўналишидаги янги фикрларни уқиб, сўнгра хаёлидан кетказмагунча театр янги усулларни қўллай олмасди. Демак, театр фикр тараққийси учун хизмат қила олар экан. Ушбу китоб ёзилишидан мақсад ҳам театрнинг имкониятини очиқлашдир.
Китобда абсурд театри ҳодисаси тадқиқ қилинади: унинг арбоблари ижоди таҳлил қилинади; аҳамиятга эга пьесаларнинг маъноларини, қўлдан келгунча, англашга ҳаракат қилинади. Мағзи чақилади. Абсурд театрига алоқадор ёки фикри яқин бўлган машҳур ёзувчилар ҳақида сўз юритилади: янги фикр маломатга қолиб бўлса ҳам ҳаётда ҳодисага айланаётгани баён этилади. Қадимий ва қадриятга айланган адабиёт, театр санъати силсиласи билан абсурд ҳодисаси узвий боғлиқ экани тадқиқ этилади. Натижада ғарб одамининг руҳий манзараси намоён бўлади.

Театршунос янги ҳодисани англаш учун унга чин дилдан ёндошиш керак  деб ўйлайман. Абсурд драматургияси билан танишиб чиқиб, абсурд театри қийматини англадим ҳамда абсурд драма сферасини қамраб олганига гувоҳ бўлдим. Муаллиф фақат абсурд театрига мойил экан деб ўйласангиз, китобнинг маъносинию, ундаги имо-ишораларни тўлалигича тушуниб, англаб ололмайсиз. Замонавий драматургиядаги янги, қайтарилмас шоҳ асарларни олқишлаш, улардан олдинги машҳур драматургларга соя солмайди, аксинча, улар ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиш бу китобнинг характерли нуқтасидан бири ҳисобланади.

Абсурд театри ўзига хос йўналиш танлайдими? Ёки ундаги шаклларни, тилидаги кашфиётларни, янги ифода топилмаларини анъанавий театр бир ямлаб ютиб юборадими? Бу саволларга олдиндан жавоб айтиш қийин. Лекин абсурд театри ҳодисаси диққатни ўзига жалб қилиши турган гап. 
Китоб устида ишлаш жараёнида драматурглар менга ёрдамларини аяшмади: театрдаги новациялар ҳақида тортишдик, муҳокама қилдик, мунозара қилдик. Ушбу жараён менинг чуқур англашим учун катта туртки берди десам, ёлғон айтмаган бўламан. Айниқса, жаноб Самуэл Беккет, жаноб Адамов, муҳтарам ва муҳтарама Ионесколар, жаноб Фернандо Аррабал, жаноб Мануел де Педроло ҳамда жаноблар Н.Ф.Симпсон ва Гарольд Пинтерга миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Шунингдек, театр билимдони жаноб Эрик Бентли китобни дунёга келишида мени илҳомлантириб, қўллаб турди. Ёрдамини аямади.

Театр билимдони, доктор Хербер Блодан ҳам миннатдор бўлдим. Сан- Франциско шаҳридаги Аcтоrs Wоrкshоp театри актёрларига раҳмат айтиб қоламан. Бу китобда баён этилган ёзувчилару аҳамиятга молик пьесаларга диққатимни жалб қилишгани учун жаноб Эдвард Голдбергер, жаноб Кристофер Холм, муҳтарама хоним Ф.М. Лорда, жаноб Дэвид Татаевга раҳмат айтаман. Шунингдек, жаноб Конни Мортеллини, жаноб Чарлз Риконо, Марджери Уизерс хоним, жаноб Дэвид Гендлер, Сецилия Жилли хоним ва Робин Скотт жаноблари қимматли материаллар беришиб ишимни жадаллаштиришди. Ненси Твист хоним, Грант ва Катлер жаноблари қимматли библиографик маълумотларни менга етказиб беришди. Уларга ташаккур изҳор қилмоқчиман.
Ҳамда бу китобни яралишида мени илҳомлантириб турган умр йўлдошимга меҳр-муҳаббатимни изҳор қилиб қоламан.
                                                                
                                                                            Мартин Эсслин
                                                                        Лондон, 1961 йилнинг март ойи

3Муқаддима. Абсурднинг бемаънилиги.

1957 йил 19 ноябр куни Сан- Франциско шаҳрининг Аcтоrs Wоrkshop театри актёрларини ҳаяжон босади. Улар шу куни Сан-Квентин турмасидаги бир минг тўрт юзта маҳбус томошабинга “Годони кутиш”ни намойиш қилишлари керак эди. 1913 йилдан бери турмада тирик артистлар иштирокида саҳна асари қўйилмаган эди. Ўшанда машҳур актриса Сара Бернар иштирокида театр намойиши бўлганди. Энди эса фақат эркак актёрлар рол ўйнайдиган пьеса намойиш қилиняпти. Табиийки, режиссёр Херберт Бло ва актёрларни титроқ, ўй босади. Ахир бугун дунёдаги энг интеллектуал пьеса, яна маҳбуслар учун, намойиш қилинади. Яна бу пьеса ғарбий европа томошабинида норозилик кайфиятини уйғотган эди. Херберт Бло намойиш олдидан Сан-Квентинлик томошабинларни пишитмоқчи бўлиб саҳнага чиқади. Маҳбусларнинг гугурт ёқиб сигарет тутатиб ўтиришлари бинони ойсиз  кечадаги юлдузлардай ёритиб турарди. Режиссёр бўлажак намойишни джаз мусиқасини тинглагандек қабул қилинг, ҳар ким нимани тушунса, ҳис қилса, англаса пьесадан олинган маъно ўша деб мурожаат қилади.

Парда кўтарилади. Спектакл бошланди. Париж, Лондон, Нью- Йорклик эстету сноблар англамаган, қабул қилолмаган асар маъносини маҳбуслар тушуниб қамраб олишади. Турманинг Sаn Quentin Nеws газетаси мухбири “Премьера ҳақида “ мақоласида ёзади: “ Учта келбати тоғ, билаги ёғ йигит актрисаларни пойлаб йўлакни банд қилиб туришди. Актрисалар келишмаганлигини билишгандан сўнг, бақир-чақир қилишди, сигарет тутатишди, чироғ ўчишини пойлашди. Қоронғуда залдан “қуён”нинг расмини чизиб кетишмоқчи эди. Намойиш бошланиб пьесадаги сўзларни эшитар- эшитмаси жойларида қотиб қолишди. Хуллас, пьеса тугагунча барча ҳайрат ичида қолди.” Пьеса таржимони эса мақоласини “Намойишдан сўнг Сан-Квентинлик томошабинлар ҳақиқий Годони кутишмоқда” деб номлади. У мақолада ёзганди: ”Илк ёруғлик тушганда саҳна дўзахнинг пойгакларини эслатарди(Робин Вагнер саҳнани безаганди). Саҳнадаги икки дайдининг довдираб қўл бериб кўришишларигача томошабинлар актёрларнинг маҳбусларига айланиб қолишди. Намойиш бошлангандан беш минут ўтар-ўтмас уларнинг саҳна ҳаракатига диққати ошишди.

Спектакл тугагунча саҳнадаги воқеаларга маҳлиё бўлиб қолишди."
The San Francisko Chronicle мухбири маҳбуслар спектаклни тушуниб етишди деб ёзади. Битта маҳбус:” Годо- бу жамиятку”, деб айтди. Бошқаси: ”Годо- аутсайдер” деб қўшиб қўйди. Мухбир турма ўқитувчисининг сўзларини илова қилади: ”Маҳбуслар кутиш нималигини жуда яхши билишади…улар пьесани англашди: агар Годо, ниҳоят, келганда, ҳамманинг ҳафсаласини пир қилган бўлар эди.”  Турма газетасининг мақола муаллифи пьеса мазмунини тўла англаган кўринади, ёзади: ”Драматург шахсий дунёқарашидан кўз юмиб тимсолларга мурожаат қилган. Томошабин тимсоллар орқали камчиликларини, хатосини, беихтиёр, кўра бошлайди, охир-оқибатда хулоса ҳам чиқаради. Пьеса томошабинга ҳеч нарса юкламайди, оғир юк ҳам бўлмайди, ақл ўргатмайди, умид ҳам бермайди…Ахир биз ҳалига довур Годони кутяпмиз. Кутамиз. Ҳаётимизни доим бир хиллилик қамраб олса, ҳаракатдан тўхтаб қоламиз. Бир-биримизга суяна бошлаймиз. Ўзаро содиқ қолиш учун қасам ичамиз. Шунда олдинда бизни нима кутаётгани билан ишимиз бўлмайди!” Бу гапни Годонинг ўзи ҳам маъқуллаши мумкин эди. Ёки пьеса персонажларидан бирови айтиши мумкин эди. Бу тушунча Сан-Квентин турмасидагиларнинг фикр-ёдини эгаллади.

Эзотерика йўналишидаги авангард пьеса маҳбусларни нега бу қадар ҳаяжонга солди? Балки пьесадаги ҳолат билан маҳбуслар ҳолати мос тушдими? Эҳтимол. Эҳтимол, маҳбуслар театрни тушунишмас, пьесадаги имо-ишораларнинг фарқига боришмас. Ёки улар пьесадан ҳеч нарса кутишмадими? Машҳур театршунослару элга танилган танқидчилар пьесани маломат қилишган эди: пьеса сюжетсиз, хатти-ҳаракатлар йўқ, характерлар яширин қолган. Мазмунини чақиб бўлмайди! Маҳбуслар интеллектуал лўттибозларга ўхшаб фикрлашмас эди чоғи.
Бу асарларни олди-қочди ва қуруқ афсонадан иборат деб айблаб юришган бир пайтда Сан-Квентин турмасидаги “Годони кутиш”нинг томошабинлари, жумладан, Ионеско, Адамов, Пинтер мухлислари абсурд театри маъни билан бойитилганига гувоҳлик беришяпти.

Мурод Човуш таржимаси