1Антонен Арто
Антонен Арто 1896 йилнинг 4 сентябрида Франциянинг Марсел шаҳрида туғилган. А. Арто 1947 йилда вафот этган. Кино ва театр актёри, киносценарийчи, режиссёр ва театршунос, шоир, драматург, ёзувчи. Арто умр бўйи бош оғриғидан азият чеккан, депрессиянинг оғир формасига чалиниб юрган бўлишига қарамасдан, санъатнинг кўп жабҳаларида ижод қилган. 1920 йиллар ўрталарида режиссёр Абел Ганснинг “Наполеон” фильмида Жан Пол Марат ролини, шунингдек, Карл Теодор Дреэрнинг “Жанна де-Аркнинг эҳтирослари” номли афсонавий фильмида Массё исмли монах ролини ижро этади. 1928 йил Антонен Артонинг “Чиғаноқ ва авлиё” номли киносценарийси асосида режиссёр Жермен Дюлак сюрреалистик фильм яратади. Фильмда қўлланган сюреалистик усул Сальвадор Дали ва Луис Бунюэл каби санъаткорларга таъсирини ўтказади. 1936 йилда Антонен Арто Мексикага сафар қилади. Ғарб цивилизацияси, адабиёти тўғрисида лекциялар ўқийди. Мексикадаги тоғлар бағрида жойлашган Тараумара қабиласи жойлашган ерга саёҳат қилиб, қабила ҳаёти билан танишади. Натижада, унинг “Тараумара” номли китоби дунёга келди. 1938 йили Арто ҳаётининг мазмуни ҳисобланган “Театр ва унинг эгизаги” китоби босмадан чиқди.
2Дурдона асарлар кeракми? (“Тeатр ва унинг эгизаги” китобидан)
Ёзилган, чизилган, тасвирланган ифодаларга тақлид қилганимиздан, улардан нусха кўчирганимиздан, эҳтимол, руҳиятимиздаги об-ҳаво бузилган, соғлом муҳит йўқ. Шундан ҳеч ким қочиб кетолмайди, ҳатто энг авангардларимиз ҳам эски шакл олдида бош эгади. Қанийди, шакллар йўқолиб, сувдай парланиб кетиб ҳамма нарса қайтадан жонланса. Омма тушунмайдиган, англамайдиган ва гўёки хосларга аталган дурдона асарлар ғоясидан воз кечишни ўрганишимиз керак. Руҳиятнинг ички кенглигида ўтмишнинг жилоси бўлмаганидек, қалблар ўтмиш орқали сирлашиб нурланмайди. Ўтмишдаги дурдона асарлар фақат ўтмиш учун керак бўлган. Улар биз учун энди ярамайди. Ўтмишда айтилган ва айтилмаган маънони ҳозиргилар ҳис қиладиган, англайдиган усулда айтиш, ифодалаш, кўрсатиш ҳуқуқига эгамиз-ку! Юксак нарсаларни тушунмайди деб, оломонни айблаш осон. Лекин ўтмишда ифода этиб бўлинган ўлик дунёларни ишонарли қилиб тасвирлашдан нима наф. Дейлик, оломон “Шоҳ Эдип” пьесасини англамаса, бунга “Шоҳ Эдип” айбдор, оломон эмас.
“Шоҳ Эдип”да авлод алмашинуви мавзуси тилга олинган. Табиат доим аҳлоқни масхара қилади. Биз билмайдиган, бизни бошқарадиган кучлар бор. Буни тақдир дейишади. Оломон темирйўл ҳалокатидан, зилзиладан ваҳимага тушади. Вабо, уруш, инқилоб унга бегона эмас. У бетайин ишқий муносабатларнинг юкини ҳам кўтариб юради. Бироқ оломон юксакликни илғамаслиги мумкин, унга жайдари тилда мурожаат қилиш керак. Ўткан даврларнинг ўлик тили ва баландпарвоз ғояларни тиқиштириш керак эмас. Ҳамма вақт оломон сир-синоатга ўч бўлади. Тақдир тугунларини ечишни истайди. Яратишнинг қонуниятини тушунмоқчи бўлади.
Одатда, оломон ва мухлисларга ҳамма айбни тўнкариб, фикрлашдан қочамиз. Аслида, уларга ниқоб остида қолган, тортанак қоплаган асарларни намойиш қиляпмиз. Бутпарастлик янги кўриниш олиб, театр гўё дурдона асарларга сиғинишнинг меҳробига айланмоқда. Тирикликни алмисоқдан қолган қолипга қуйиб тасвирлаяпмиз. Бу эса ўзини оқсуяк ҳисобловчи лўттибозларнинг одати, холос. Томошабин бемаъни томошаларга боряпти. Томошабин охирги юз йилликда ҳаққоний томошани кўрмади. Юз йилликдан олдин Театрнинг юксак мақомига хос ҳаққоний мелодрамалар намойиш қилинган эди.
Ёлғонни, сохталикни, нусха кўчиришни томошабин ҳеч қачон ҳақиқат ўрнида қабул қилмайди, чунки тўғрилик илдизи унинг шуурида ўсади. Шундай экан, бугунги даврда ҳаққониятни саҳнадан эмас , кўчадан изласа, топилади. Оломонга имкон туғилдими, у одамийлигини, албатта, намойиш этади. Оломон театрга боришни унутиб қўйган бўлса, эҳтимол, театрни ўйинқароқ, санъатнинг энг қуйи тури, деб ҳисоблай бошлаганимиздандир. Эҳтимол, жирканч инстинкларимиз театр орқали ҳавога чиқиб кетади, деб бизга шипшитишгандир. Шундандир, театрни ёлғон ва иллюзиялар урчийдиган жой деб қабул қила бошладик. Йўқ, ҳамма бало бошқа нарсада. Уйғониш давридан кейин, театр баёнлашди. Театр психология мавзусида афсона кўрсатадиган саҳнага айланди. Театр ўзимиз ҳақимизда ғийбат қиладиган маконга айланди.
Саҳнадаги бўлар-бўлмас маҳлуқларнинг гўё ҳаққонийлигига мажбуран ишонтирилди, томошабин саҳнадан узилиб қолди. Сабаби, саҳнадан оломон тарафга ойна тутилди. Ойнада эса ўткан замон шарпалари кўринади, холос. Бу мавҳумиятдан бошқа нарса эмас. Театрнинг ёввойилашиб, қизиқарли тус олмаслигига шахсан Шекспир жаноблари ҳам жавобгардир. Саҳна намойиши томошабиннинг этини жимирлатмади. Театрдаги образ томошабин юрагига муҳр қўймади. Шекспир асарларида, тўғри, одамнинг табиатидан ташқаридаги, аллақандай куч безовта қилаётгандек туюлади. Лекин асарларнинг, у кучга алоқаси йўқ, фақат одамнинг безовталаниши ва бунинг оқибати ҳақидаги хулоса бўлиб чиқади, яъни психология ҳақида.
Психология қуёш юзига қора парда тортилган каби, ҳар лаҳзада ҳаётнинг моҳиятидан тўсади ҳам устимиздан ҳукмронлик қилиш учун энергиямизни сўради. Театр ва шунингдек, ўзимиз ҳам психологиядан қутулишимиз керак. Мен шундай ўйлайман. Янгиликка бефарқ қарамаслигимиз керак. Хусусан, француз театрини психология билан чоғиштириб тубанлаштирмайлик. Моддият билан муносабатимиз, жумладан, пул билан боғлиқ тушкунлигимиз, мансаб талашишлар, севги ташвишлари ёки эҳтиросларимизнинг жумбушга келиши, масалан, мурувват ва футувват билан ҳеч алоқаси йўқ, жумладан, театрга умуман алоқаси йўқ. Буларнинг ҳаммаси психологияга оид нарсалардир. Куракда турмайдиган оғриқ, аҳлоқсиз ҳаракатлар, қўпол тортишувлар қаршисида қолиб, ундан роҳат олишга мажбур бўламиз. Бошқаларнинг қадамини пойлаб, ўлчаб юрганимизда, юрагимиз исён қилиб, ўзгаришлар тўфони бошланса, қандай яхши.
Энг ёмони ҳали бу эмас. Шекспир ва унинг издошлари “санъат санъат учун” деган ақидани қулоғимизга қуйиб келишган бўлса, демак санъат бошқа, ҳаёт бошқа бўлиб чиқади. Ҳаёт давом этаркан, умр вақт ўзанида оқаркан, майли, шу кераксиз ва иш бермайдиган ғоя билан таскин топиш мумкин эди. Аммо, юзага чиқаётган жароҳатлар бизнинг таскинимизни хомхаёл қилиб кўрсатяпти, биз ҳаётдан узилиб қолган, калтабин, умидсиз беморлармиз, аслида. Мен сизларни бундан даволанишга чақираман. Цивилизация ўзгарган тақдирда театр ҳам ўзгаради, қабилида ўйламайман. Театр юксак мақомида туриб янги образлар ва турларни шакллантиради, мен бунга ишонаман. Саҳнада икки эҳтиросли зоҳиротнинг яқинлашуви, икки тирик қалбнинг тўқнашуви, магнит кучидай тортишуви ҳақиқатга яқин, бир бутунлик касб этиши мумкин, лекин ҳаётда эртасидан маҳрум икки юзаки ва жиззакининг яқинлашуви кўпроқ ачиниш ва кулги уйғотади.
Шунинг учун ҳам, мен шафқатсиз театрни таклиф қиляпман. “Шафқатсиз “ сўзи айтилган заҳоти кўз ўнгимизда “қонли саҳна” гавдаланади. Йўқ, ундаймас. “Шафқатсиз театр” аввало ўзим учун шафқатсиз, ўзимни маломат қилиб кечамдан қутуладиган бугунимдир. “Шафқатсиз театр” пьесадаги тасвирни тасвирламасдан тасвирлайдиган образлар саҳнаси, яъни пьесадаги тасвир актёр учун бор-йўғи “кийим- бош” вазифасини ўтайди. “Шафқатсиз театр” ҳақиқий борлиқни англаб, унда сайр эттиради. Хитой тиббиётида, масалан, айрим нуқталарга игна санчилса, бутун тана аъзолари ҳаракатга келади, шу каби театр ҳам томошабинни тирилтирсин. Агар кимда-ким имо-ишорани унитиб қўйган бўлса, театрнинг бурчи эслатиб қўйиш. Чунки имо-ишора ўзи билан энергия ташийди; театрда тирик одамлар ҳаракат қилади, ишлайди. Улар имо-ишоранинг кучини намойиш қилишади.
Театр - одамни бутунликка ундайдиган биргина макон. Асаб торлари таранглашган чоғларда тана аъзоларининг ишлаш, сезиш қобилияти пасайиб кетади, биз айнан шу даврда яшаяпмиз. Демак, муайян хатти-ҳаракат бизга ёрдам беради; имо-ишоралар орқали фикр туғилиб ҳодисага айланади. Агар бутун организм иштирокисиз фақат хаёлда қадриятлар, воқеалар тушунилса, англанса, гўё фикр этилса, зикр этилса, бу санъат эмас, зиндиқлик холос. Мусиқа илонга таъсирини ўтказса, бу мусиқадаги баландпарвоз пардаларнинг иштироки эмас. Илонлар узун бўлади ва аъзои бадани ер билан қовушиб кетган. Ер орқали мусиқа вибрасиялари илон жисмига таъсирини ўтказади, унинг баданини силайди, жимирлатади. Мен ҳам томошабин билан айнан шундай муомала қилишни таклиф этаман. Бошқача айтганда, бутун организмлари иштирокида тасвирлаб бўлмайдиган, аммо тасвирлайдиган соҳирни ҳодисага айлантиришларини истардим.
Театрдаги имо-ишора аввалига қўпол кўринади, лекин томошабинни ўзига торта бошлайди. Вақт ўтиши билан имо-ишора уни тасвирлаб бўлмайдиган, аммо ўзи тасвир ҳосил қиладиган кучга бўйсунади. Шунда саҳнадаги қўпол ҳаракатлар ўрнини нафосат эгаллайди. “Шафқатсизлик театри”да томошабин марказда туради. Саҳна манзараси уни ҳар томондан ўраб олади. Саҳнадаги овозлар, шовқин, бақириқлар, аввало, вибрасия ҳосил қилиш учун бўлса, кейинчалик томошабин қалбида кечадиган ҳодиса учун хизмат қилади.
Қўполдай туюлган воситалар нафисликка айланиши жараёнида, саҳнага ёруғлик ҳам тушади. Ёруғлик томошабинга таъсирини ўтказадиган кучни эслатиб қўяди. Чунки ғорга тушган ёруғлик одам танасида ўзгача ҳиссиётларни уйғотса, шабада эсган кенгликдаги ёруғлик бошқа туйғуларни қўзғатади. Ёруғлик ва овоз ортидан ҳаракатга ва ҳаракатнинг динамикасига навбат келади. Мана шу жойдан театр нусха кўчирмасдан ҳур кучлар билан мулоқотга киришади; онг остидаги “куч”лар энергияга тўлиб, образларга айланади, нутқ жонланади. Ташқаридан қараганда, улар мақсадсиз ҳаракат содир этгандек туюлади. Имо-ишоралар ва жазава, ҳаяжон ҳолатидаги ҳаракатлар лирикага ўхшаб кетади: у ғайритабиий образларни юзага чиқаради, образлар юзига қон югуради. Жонли образлар жилғаси шоир онгида оққанидек, томошабин қалбида ҳам жилваланади.
Давр таҳлика ва муаммолар гирдобида қолиб кетган бўлса ҳам, мен томошабинни уйғоқликка чақираман; оқар дарёга ўхшаш туганмас тирик саҳналар томошабинга ўзининг меҳригиёсидан улашсин. Томошабин миясида ярқираб кетган чақмоқ ёруғида олий ҳаракатнинг жилвасини кўрсин. Мен томошабинни догмага айланган қадриятлардан воз кечишга чақираман, шунингдек, уруш, исён, қотиллик каби ташқаридан кирган ғояларни миясидан улоқтириб ташласин. Бу фикрларим ғалати туюлиши мумкин. Қовундан қовун ранг олади, деб айтишади; чунончи, нарсанинг юзадаги кўриниши тузалишга мойиллик билдирса, демак, ўша нарса тузалишни туғдирган бўлади. Демак, театрдаги имо-ишоралар аслида йўқ нарсани тасвирлашдан қутилиб, софликка келишни тақозо этади.
Мен шундай театр таклиф қиляпманки, назаримда, саҳнадаги чексиз жазавага тушган образлар томошабиннинг хаёлини савалайди, ўз-ўзини маломат қилишга мажбур қилдиради, мияси тасаввурдан ҳоли, соф ҳолатга келади. Ғайритабиий кучлар одамни ўраб олганидек, театр томошабинни аслига қайтаради. Саҳнада табиий можаролар юзага келади, табиий ва латиф кучлар - образлар пайдо бўлади. Театр имо-ишора ва жазава ила муомала қилганда, албатта, томошабинда ҳол пайдо бўлади. Худди дарвиш ва ҳиндуларнинг жазавага тушиб рақс тушишлари каби. Айрим ҳинду қабилаларида беморни мусиқа билан даволашар экан. Театрдаги воситалар ҳам бу каби “дорилардан” ҳеч фарқ қилмайди, аслида. Пластинка орқали бу мусиқаларни тинглаганимизда ҳайратга тушамиз-у, аммо бундай воситаларни ўзимиз учун кашф қилолмаймиз.
Турғунлик ҳукмрон бўлган даврда имо-ишора ва чексиз жазавадан иборат театрни жонлаштириш учун журъат топишимиз керак. Замонни умидвор руҳ билан пуфлаб уйғотишга унчалик ишонмасам-да, лекин соҳир санъатдан бебаҳра қолиб маънавий ногирон бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Мурод Човуш таржимаси