Ўсмирлар ҳақида 7 ўзбек фильми
- 10/03/2021
- Chig‘iriq
Бугун жаҳон киносаноати вакиллари шунчалик илдамлаб кетишдики, улар ҳар бир ёш тоифасига мослаб турли филмлар суратга олишдан тўхтай демайди. Болалар ҳаёти акс эттирилган филмларни эсланг. Ёки ёшлар ҳаётини акс эттирган муҳаббат ҳақидаги филмларни санаб адо қилиб бўладими?
Минг қилса ҳам ўзимизнинг кинодан қўймасин деймиз. Жаҳон киноижодкорлари ўзимизнинг ҳаётни билмайди. Ҳар жойнинг ўз тош-тарозиси бор дегандек, уларнинг болалиги ҳам, ўсмирлиги-ю ёшлиги ҳам бизнинг тарозида ўлчанмаган. Хўш, бизда ҳам шундай филмлар олиндими? Жавобни қўрқмай айтаверамиз: албатта, ҳа!
Бугун масаланинг бир учини болаликдан эндигина ҳатлаб балоғат остонасига қараб бораётган ўсмирлар ҳаёти ҳақида ишланган ўзбек филмларига қаратсак… Ўсмир энди бола эмас, кўп нарсанинг фарқига боради, ҳаёт нима эканлигини энди сеза бошлаган, болалиги билан хайрлашишга қийналаётган ўспирин! Ўсмирлар ҳаёти ҳақида филм ишлаш кимга қизиқ дерсиз, эҳтимол? Аммо филмни катта ёшлилар ҳам кўради, ахир улар ҳам бир пайтлар ёш “новда” бўлишган.
Ўзимизнинг кинооламга бир бўйласак, бу “Новда”лар “Чинор”га айланиб кетиб, сени “дуел”га чақиради. Бир қарасанг, тийнатингда полвонлик руҳини кездиради ва яна бир қарасанг… ўзинг билмаган бир ҳолатда осмонга олиб чиқиб қўяди, булутларда суздиради. Ўсмир ўзини “Тангалик бола”лардек ҳис қила бошлай. Хулласи калом, буларнинг кўз унинг ўнгида “Шум бола”га айланиб, бунинг бари ўсмирдан “Суюнчи” сўрайди.
Ўсмирлар ҳақида ишланган энг сара ўзбек филмлари эсингиздами?
- “ЧИНОР ОСТИДАГИ ДУЕЛ”
- Суратга олинган йили: 1979-йил.
- Режиссёр: Мелис Абзалов
- Бош ролда: Рашид Маликов (Нортой)
Бу филмни қайта-қайта кўраверамиз - зерикмаймиз. Нортойнинг самимийлиги, беғуборлиги бизни ром этган, унинг ўсмирлик интиҳоси-ю ёшлик остонасида дуч келган муаммолари бизни асло бефарқ қолдирмаган. Дарвоқе, филмнинг кучи нимада, биласизми? Филмнинг кучи режиссёрнинг Нортойни ота-она олдидаги бурчи ва масъулиятини қандай англай олишини томошабинларга ишонарли қилиб кўрсата олганлигида. Албатта, ўсмирнинг қалбига муҳаббат меҳмон бўлиб келади ва шу онларда ёш қалб севги изтиробини бошдан ўтказади. Нортойнинг ўқишга кира олмаганини отасидан сир тутишида ўсмир дунёсининг ўзига хос томонлари кўрсатиб берилади.
Филмда қаҳрамонлар тилидан шундай гаплар айтиладики, бугун бу гаплар иборага айланиб, одатий нутқимизга кўчиб улгурган. Филмни кўрган ўсмир ота-онани барибир алдаб бўлмаслиги, ота-она нигоҳи ўсмир қалбини китоб вароғидек ўқий олишига гувоҳ бўлади. Бундан қандай хулоса чиқаради, энди бу ўзига ҳавола. Муҳими ўсмир гўзал туйғуларнинг қадрини англай билишида – “Энг гуллаган ёшлик чоғимда-а-а-а….” деб куйлай олиш учун ҳам беғубор қалб керак.
- “СУЮНЧИ”
- Суратга олинган йили: 1982-йил.
- Режиссёр: Мелис Абзалов
- Сценарий муаллифи: Рихсивой Муҳаммаджонов
- Бош ролда: Абдурайим Абдуваҳобов (Абдулла)
“Суюнчи беринглар, суюнчииии, ойим қиз туғдилаааааааар……”. Шу гапни ўқий туриб юзингизга табассум югурди-а? Ўзи “Суюнчи” филмини юзда табассум, қалбда ҳаяжон билан кўрилади, бошқач йўли йўқ. “Генерал” момо ва набиралари бизнинг севимли қаҳрамонларимизга айланган. Ўнта ўғил бола бор хонадон қандай бўлади? Албатта, ўғил болаларга хос тўполон, кези келганда жипслик бўлади. Айниқса, Абдулла исмли йигитча бизда бошқача таассурот қолдиради. Ўсмир бу даврда ўзига уқтирилган гапни шариллатиб ёдлаб олади. Қаранг, Абдулла ҳам момосининг гапини миясига қуйиб олган.
Назира билан учрашганидаги гапларини эсланг:
“-Кир ювишни биласанми?
-Йўқ, нега сўраяпсан?
-Профессорни хотини кир ҳам ювиши керак, овқат ҳам қилиши керак, ҳамма ишни билиши керак.
-Ким сени профессор деди?
-Бувим “Профессор бўласан” деб айтганлар. Бувим профессор бўласан дедиларми, демак, бўламан”.
Анзират бувини битта гапи бор-ку: “Сани Профессор қилмагунимча ҳеч қаерга юбормайман”. Ўзи бизда шунақа одат бор. Катталар “у ерда ўқийсан, мана бу касбни эгаллайсан” деб ўсмирнинг қулоғига қуйишади. Балки, унинг қизиққан касби бордер? Бу ҳақида кўпинча ўйлаб кўрилмайди. Бир қарашда режиссёр филмдаги бу эпизодик саҳна билан ўсмирга “Абдулладан ўрнак ол” деётгандек туйилиши мумкин. Лекин аслида бу орқали режиссёрнинг “мустақил фикрлашни ўрган” деган аччиқ ҳақиқати ётибди.
Абдулланинг бу гаплари ўсмирларга хос ишонувчанликдир. Биз ҳам бу филмдаги гапларни шунчалик ёд олганмизки, биров “Нима қиляпсан?” деса, “Профессор китоб ўқиш билан банд” деймиз…
Бир филмнинг берган завқи шунча бўлади-да!
- “ШУМ БОЛА”
- Суратга олинган йили: 1977-йил.
- Режиссёр: Дамир Салимов
- Сценарий муаллифи: Шуҳрат Аббосов, Александр Наумов
- Бош ролда: Абдурайим Абдуваҳобов (Қоравой)
Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасини ўқимаган ўсмир топилмаса керак. Барча учун бирдек севимли бўлган бу қисса асосида ишланган филмни эса юз фоиз ишонч билан айтиш мумкинки, ҳамма томоша қилган.
Қоравой жуда ақлли бўлиши билан бирга озгина қув характери ҳам бор. Шу сабаб кўп вазиятлардан осонлик билан чиқиб кета олади. Бир қараганда филм комик характерга эгадек, аслида ҳам шундайми? Йўқ. Ахир Қоравой уйида қилган машмашаларидан хижолат тортиб пул топиб келиш учун узоқ шаҳарга йўл олди-ку. Ўсмир қанчалик шўх бўлмасин бу даврда оғир босиқ бўла бошлайди.
Қоравойнинг атрофдаги одамларнинг қанақа одамлар эканини сезиб хулоса қила бошлагани унинг улғайиб қолганини кўрсатиб беради. Ўсмир бу филмни кўрар экан, Қоравой каби ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап-тортмасликни ўрганади. Бу даврда ўсмирнинг ўз олдига қўйган мақсадидан чалғимаслиги жуда муҳим-да!
“Шум бола” енгил кулгу остидаги ўсмирнинг қайғ-у изтиробларини акс эттиради.
Хўўш, иннайкейин-чи?!
- “ТАНГАЛИК БОЛАЛАР”
- Сценарий муаллифи: Рихсивой Муҳаммаджонов
- Режиссёр: Темур-Малик Юнусов
“Тангалик болалар” филмида бир саҳна бор – ҳойнаҳой эсласангиз керак. Тангалик болалар шаҳарга келганида Зокир билан Нортой вокзалдан чиқиб бораётса, уларнинг ортидан Достон чақиради. Шунда икковлон ажабланишади. Достон – ёш бола. Шу жойда бола ва ўсмирнинг фикрлашидаги фарқ кўрсатиб ўтилган. Зокир билан Нортой Достонга “Сен қаердан пайдо бўлдинг? Бувинг билан келдингми?” деб сўрашади. Шунда Достон ўзи келганини айтади. Иккиси “Буни бувинг биладими?” дейишса, Достон эса худди катталардек қилиб, “Нима мен сенга ёш боламидим, бувимга ҳисоб берадиган” дейди. Демак, ёш бола ҳеч нарсани ўйламайди, ўсмир эса энди кўп нарсага ақли ета бошлайди. Шу эпизодда бола ва ўсмир дунёқарашидаги тафовут намоён бўлади.
“Тангалик болалар” филмини эслаганда бир гап ёдга келаверади:
“Биласанми, сенинг шеърларингда нима етишмайди? Жўшқинлик! Масалан сени майсалар, ҳар хил ўт-ўланлар, қурт-қумурсқалар ҳақида ёзганган шеърларингни олайлик. Йўқ мен бу билан улар ҳақида шеър ёзма демоқчимасман, ёзувур, лекин ёзишдаям ёзиш бор, ука! Бир ҳашаротнинг нобуд бўлиши билан ҳаётимиз ўзгариб қолмайди”.
Бу газета муҳаррирининг гаплари. Айнан шу гаплар ўсмир қалбига изтироб солади. Филм орқали катталарнинг ҳар бир гапи, ҳар бир ҳаракати ўсмир учун “ё олдинга, ё орқага” деган буйруққа ўхшаш қабул қилиниши кўрсатиб берилади.
Шунингдек, бу филмдаги жўшқин қўшиқлар ҳам ёдимизга муҳрланган:
“Тулпор-тулпор, тулпор-тулпор, белида эгар,
Шамол-шамол, шамол-шамол новдани эгар”.
Эслаганда ё қайта томоша қилганда завқланиб кўрамиз – улар “Тангалик болалар”-да минг қилса ҳам…
- “ОСМОНДАГИ БОЛАЛАР”
- Суратга олинган йили: 2002-йил.
- Сценарий муаллифлари: Рихсивой Муҳаммаджонов,
- Зулфиқор Мусоқов
- Бош ролларда: Музаффар Саъдуллаев, Тимур Мусаков, Азиз Султонов, Кристина Тоирова, Даврон Ғуломов
Осмондаги болалар… Ҳа, улар осмонда учиб юришибди. Ўсмирнинг тасаввури шунақа бўлади, аммо… Ўзи билган ҳаёт аслида бошқача эканлигига ақли ета бошлаган ўспирин мушкул вазиятга тушиб қолгандек ўзини ночор ҳис қилади. “Осмондаги болалар” филми қаҳрамонлари ҳам шундай ҳолатда. Бир қарасангиз улар жуда беғубор, жуда самимий. Лекин бошларига тушган ташвишлар, катта бўлиб қолганликларини тан олиш азоби уларни қийнайди.
Одатда ўсмирлар севги “касал”ига чалинишади. Ўткинчи ҳавас туфайли дўстлар орасига ҳам совуқчилик тушиши мумкин. Филмда бир қизни деб талашган икки йигитча девор орқасига ўтиб кетади ва бироздан сўнг девор ортидан қайтиб келишади: табиийки, улар муштлашишган. Режиссёр “муштлашув” бўлганини кўрсатиб ўтирмайди, бор-йўғи ҳолат билан буни англатади. Ҳа, бу маҳорааат! Бу даврда ўзини катталардек тута бошлаган йигитчалар тамаки чекишга ҳам қизиқиб кўриши мумкин. Чунки ўсмир қизиқувчан-да! “Осмондаги болалар” ҳам шундай қилишади. Эслайсизми, мактаб спорт майдончасида Ҳамдам чекаётганида ўртоқлари ҳам чекиб кўради. Ҳақиқий ҳаётий саҳна… Кўпчилик ўсмирлар ўз тенгқурларига эргашиб чекишни ўрганиб олади-ку. Бу жараённи ажойиб тарзда очиб бера олган Мусоқов жаноблари!
Ўсмир қиз севгисини қандай қилиб ошиқ йигитга англатиш мумкин. Мусоқов бунда ҳам топқирлик қилган. Ҳамдам ишлайдиган новвойхонага келган Лола Ҳамдамни туғилган кунига таклиф қилар экан, унинг бормаслик учун баҳона излаётганини кўриб шундай дейди:
“Агар туғилган кунимга бормасанг, ёпган нон емайман, буханка ейман…” Тамом… Бошқа гап-сўзнинг кераги йўқ.
Режиссёр яна бир муҳим детални топганки, бундан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Йигитчалар кинозалга беҳаё филм кўргани боришади. Бу пайтдаги қизиқувчанликни чек-чегараси йўқ, ахир.
“Осмондаги болалар”да осмондаги болаларнинг характери ажойиб тарзда очиб берилган. Бошқа гап йўқ!
- “НОВДА”
- Суратга олинган йили: 2015-йил.
- Сценарий муаллифи ва режиссёр: Зулфиқор Мусоқов
- Бош ролларда: Ғофуржон Исахонов (Рашид), Рахшона Шодиева (Дилшода), Гулинур Абдуллаева (Зубайда).
Кинофилмнинг табиий чиқишига режиссёрнинг топқирлиги катта рол ўйнайди. “Новда” филмида ҳам Мусоқов ажойиб топилмаларни топган. Мана, бир мисол, китобхонлик деймиз-у, китобга меҳр болаларда қандай шаклланиши оила муҳитига боғлиқ эканини баъзида англаб етмаймиз. Қаҳрамонимиз Рашид ҳам китобхон момосининг китобхонлиги сабаб ўқимаган-эшитмаган китоби йўқ. Бу – битта мисол.
Ўсмирлардан бирор ким яхши кўрганинг борми деб сўраса, албатта, у ийманади. “Новда”да шундай саҳна бор: Бобо икки набираси ишлаётган жойда ўтиради, сўнг тўнғич набирасига кўчадан ўтаётган қизлардан қайсиларига уйланса бўлишини айтиб турганда катта набира кетиб қолади. Шунда бобо “Кенжатой, сизнинг ишларингиз қалай?” деб имо қилса, Рашид уялиб бошини эгиб олади, “Сизда ҳам борми?” деб сўраганидан кейин бошини бир кўтариб қўли билан “Иккита” ишорасини қилади ва яна бошини эгиб олади.
Бундай топилмалар жуда кўп.
Бу даврдаги дўстлик беғараз бўлади – бу эса “Новда” филми қаҳрамонлари орасидаги дўстликка хос. Гапиришга бироз қийналадиган, тутилиб-тутилиб қоладиган дўстларини даволаш учун ҳеч нарсадан тап-тортишмайди. Аммо мақтанчоқлик “касал”и ҳам бу давр учун урфга кирган. Эсланг, филмда йигитчалар бир-бирига телефонини мақтайди-ку…
Филмнинг энг қизиқарли жойларидан бири бу, шубҳасиз, ўқитувчининг ўқувчилардан назорат иши олиш саҳнасидир. Ўқувчиларнинг қувлиги, бунақа қувликни кўравериб тажрибаси ошиб кетган ўқитувчининг хатти-ҳаракатлари томошабинни бефарқ қолдирмайди.
“Новда”да ном ўзини оқлаган. Энди балоғатга етаётган ўсмир новдага ўхшайди. Унга кўз-қулоқ бўлиш керак, ўсиши учун авайлаш керак. Филм моҳияти – шу….
- “МЕШПОЛВОН”
- Суратга олинган йили: 2000-йил.
- Сценарий муаллифи: Анвар Обиджон
- Режиссёр: Мелис Абзалов
Тарихий эртак жанрида суратга олинган бўлса-да, бу филмда ҳам ҳаётий саҳналар бисёр. Ўсмирларнинг қизиққонлиги, ўз мақсади йўлида сира ортга чекинмаслиги филмни кўрган ёш томошабинларда мардлик туйғусини тарбиялайди.
“Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан.
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан…”
Мешполвон ўз қўшиғида айтганича бор, ахир ўз номи билан Мешполвон-да! Душмани бўлмиш Сепкилшоҳни маҳв этиш учун отланган Мешполвонга Ошиқ бола ҳамроҳлик қилади. Ошиқ Бола муҳаббати учун курашмоқчи. Охир оқибат эса ўзингиз кўргансиз, яхшилик ғалаба қозонади.
Филмни кўрган ўсмир ундан қандай улгу олади? Албатта, Ватан деган бебаҳо масканни севишни ўрганади. Мешполвон юртни душмандан тозалаш учун жанг қилади ахир.
“Сўқишувда Сепкилшоҳни енгаверайлик-чи, севги-певги бир гап бўлар, қиз топиш осон, озод бўлиш эса қийин, ошнагинам!” гаплари Мешполвоннинг юртига қанчалик муҳаббати бор эканини ифодалайди. Шу аҳд ҳар бир ўсмирнинг қалбида кечса, қанчалар соз?!
“Ўз юртим деб ўлганларга ўлим йўқ” деган шиор ҳам “Мешполвон” филмида айтилади.
Ёш томошабинни мардликка ўргатади бу филм, ватанпарварликка чорлайди.