Гарольд Пинтер: "Доим ёзганман, холос"
- 03/05/2021
- Media
Гарольд Пинтернинг номи Метерлинк, Шоу, О'Нил, Камю, Беккет каби буюк драматурглар қаторидан жой олди. У 30 дан ортиқ машҳур бўлиб кетган пьесалар муаллифи ҳисобланади. Э.Ионесконинг “Кал қўшиқчи” ва Жан Жененинг “Оқсоч” пьесалари Франция театр маданиятида қанчалик авангардлик касб этган бўлса, Пинтернинг “Манзара” пьесаси Буюк Британия театри дунёсини янгилаб берди. Гарольд Пинтер ёш драматурглар авлодига мансуб эди. Беккетдан 24 ёш кичик бўлишига қарамасдан Европа театри дунёсида машҳурликка эришди. Г.Пинтер Лондон шаҳрида туғилди. Қироллик академиясининг драматик санъат бўлимида актёрлик сирларини ўрганди. Дэвид Бэрон тахаллусини олиб Ирландия театрларида рол ўйнайди. “Паканалар” номли роман ёзишни бошлаб, бу китобини ёзиб тугатмайди. 1957 йилдан бошлаб драмалар ёзишни бошлайди.
Пинтер кундалигида эслайди: Университетнинг драма кафедрасида ишлайдиган оғайнисига драма ёзмоқчи экани ва ундаги ғояни гапириб беради. Ғоя оғайнисига маъқул келади ва Пинтерга драмани бир ҳафта муҳлат ичида ёзиб тугатишни илтимос қилиб хат ёзиб юборади. Хатда айтилишича, пьеса университет театрида ижро этилиши керак эди. Пинтер жавоб хатида бундай иш қўлидан келмаслиги ёзиб юборади ва таваккал қилиб 4 кун ичида ушбу пьесани ёзиб тугатади. 4 кун ичида ёзиб тугатганига ўзи ҳам ҳайрон қолади. Фавқулодда тез ёзилган ушбу “Хона” пьесаси 1957 йили Бристол университети саҳнасида намойиш этилади.
Пинтернинг дастлабки асаридан бошлаб унинг ўзига хос услуби ярқираб кўринади. Бошқа драматургларникига ўхшамас мавзу билан ажралиб туради. Матни узуқ-юлуқ алжирашлардан иборатдай туюлади гўё. Сийқаси чиққан ҳолатлар тасвирланади, воқеалар ривожида улар кескин ва сирли ва мотивсиз ҳолатларга айланиб кетади. Хона- пьесанинг марказий ва бош поэтик образи. Пинтернинг ўзи ижод усулини бундай ифодалайди:” Хонада икки киши. Бу образни аввалдан қўллаб келаман. Парда кўтарилади ва менда савол туғилади, бу иккови билан нима воқеа рўй беради? Эшик очилиб уларнинг олдига кимдир кириб келадими?” Пинтер театрининг бош нуқтаси- драманинг асосий ибтидоий элементларига қайтиш: қизғин ҳолат оддий усуллар билан шаклланади. Яъни адабиёт ҳали театрга кириб келмаган театрнинг иш услуби каби, мисол учун: саҳна, икков, эшик; англаб бўлмас қўрқув ва интиқлик билан кутмоқликнинг поэтик образи. Драматургшунослар хонадаги икков нимадан бунча қўрқишади деб Пинтердан сўрашади. Пинтер жавоб беради:” Улар хонадан ташқаридаги зулматдан қўрқишса керак. Аниқки, бугуннинг эртанги хулосаси қандай бўлиши номаълумлиги ҳаммани қўрқувга солади.”
“Хона” пьесасининг ҳаракат майдони битта хонада содир бўлади. Унда Роза исмли соддадил кампир ва эри Берт истиқомат қилади. Кампир эри билан гаплашмайди. Лекин унга меҳрибонлик қилади, қарашади. Катта бир уйнинг биттагина хонаси. Девор ташқарисида қиш ва қоп-қоронғу тун. Кампир учун хона ташқи дунё қутқусидан жон сақлайдиган бирдан - бир макон. Унинг совуқ ва нам олган биринчи қаватда яшагиси келмайди. Хона- нур ва илиқлик, қалбимизда жой олган меҳрнинг образи. Хона- бизга кўринмас йўқлик денгизидан келаётган меҳр-шафқатнинг образи. Роза хонасидан айрилиб қолишдан қўрқади. Хона уйнинг қайси томонида жойлашганини ҳам у билмайди. Кампир жаноб Киддни уй хўжайини бўлса керак деб ўйлайди, ваҳоланки у уйнинг қоровули эди. Уй неча қаватдан иборат деб сўрайди. Жаноб Кидд жавоб беришга қийналади:” Тўғрисини айтаман, қаватларни саноғида адашаман” деб мужмал жавоб беради. Жаноб Кидд қарилиги қурсин кўп алжирайди, найнов бўлиб қолган: ” Онам яҳудий миллатига мансуб эдими-ей, эсим қурсин”, деб валдираб юради. Кампирнинг эри ва жаноб Кидд хонадан чиқиб кетишади. Роза ёлғиз қолади. Қишнинг узун туни. Кампир эшикни очиб чиқиндиларни ташлаб келмоқчи бўлади. Хона эшиги остонасида икки киши турибди. Кампир юраги ёрилмайди бундан, албатта, лекин қўрқув секин-аста уни жон халак эта бошлайди. Икки ёш бор-йўғи уй эгасини излаб юришибди. Уйдан хона ижарага олишмоқчи бўлиб келишган, холос.
Улар уйнинг узун йўлагининг қоронғу қисмидан овоз эшитишганди: 7 рақамли хона ижарага берилади. Бу хона эса кампир яшаб турган хона эди. Нотаниш эру хотин кетишади. Жаноб Кидд қайтиб келади. Йўлакда қандайдир нотаниш одам кампир билан кўришмоқчи эканини билдиради. Жаноб Кидд хабарни етказиб хонадан чиқиб кетади. Кампир ёлғиз қолади. Эшик яна қўрқув соладиган манбаага айланади. Эшик очилади. Кўзи ожиз қора танли Райли кириб келиб:” Отангиз сизни уйга қайтишингизни сўраябди. Уйга боринг, Сэл!”, дейди. Аёлнинг исми Роза эканини биламиз. Аёл хабарчининг исмини нотўғри айтганини тузатиб фақат: ”Мени бундай ном билан атаманг” деб дакки беради. Эри Берт қайтиб келади. Биринчи саҳна давомида у ҳеч бир сўз гапирмаган эди, энди:” Мен қайтиб келдим. Ҳаммаси жойида”, дейди. Хонада яна англаб бўлмас қўрқув кучая бошлайди. Берт қўрқинчли зулматга дуч келганини гапириб бера бошлайди. Шундагина хонада қора танли одам борлигини сезиб қолади. Берт стулни тепиб,унда ўтирган қора танли хабарчини уриб бошлайди. Қора танли ўтирган ўрнида худди музлаб қолгандай қотиб қолади. Роза кафти билан кўзларини ёпиб олади. У кўр бўлиб қолганди. “Хона” пьесаси Пинтернинг шаклланаётган услубини яққол очиқлаши билан бирга унинг камчиликларини ҳам намоён қилади. “Хона”нинг бўшлиги қўрқув образини юзаки синдиришда, аввало. Яна асар сирлилик касб этсин деб сийқаси чиққан тимсоллар ишлатилган. Бу, албатта, драматургнинг ҳали тажрибасиз эканини ва драматургия соҳасида ғўрлиги билан изоҳланади.
Пинтернинг иккинчи пьесаси “Гунг официант”да ҳам ғайб -метафизик элементлари учрайди. Лекин бу асарда ушбу элементларга маҳорат ва дид билан ёндошилган эди. (Бу асар ҳам 1957 йили ёзилди. Премьераси 1961 йилнинг 21 январида Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.) Бунда ҳам хона, эшик мавҳум томонга олиб боради. Бен ва Гус лақабли икки қотил, улар мақтулини кутиб ўтиришибди. Асабийлашишади. Ва қизиғи шундаки, шу хоначада ташқи дунё билан боғланадиган воқеалар содир бўлиб бошлайди. Асарда фожеани ҳазил-мутойиба орқали кўрсатиш юксак мақомга чиққандай кўринади. Сирли, ғайритабиий элементларнинг чиройли тарзда асар сюжетида сингдирилиши ушбу ҳолатни келтириб чиқаради. Аммо асарнинг асосий элементини икки босқинчининг бекорчи гап-сўзлари ташкил этади. Улар бекорчи гап-сўз орқали хавотирларини аритмоқчи бўлишади. Пинтернинг учинчи тўлақонли “Туғилган кун” номли пьесаси “Хона” ва “Гунг официант” га нисбатан ғайритабиий элементлардан иборат бўлмайди. Энди воқеа денгиз соҳили бўйига кўчади. Олдинги икки пьесадаги персонажлар энди бу асарда бошқа номлар билан қатнашишади. Уларнинг руҳий муаммолари бу асарда очила бошлайди.
Пинтер телевидение ва радио учун ҳам бир қанча пьесалар ёзди. Жумладан, “Енгил оғриқ”, “ Осуда оқшом”, “Кечки мактаб” пьесалари телевидение ва радио тўлқинлари орқали ижроси эфирга узатилиб драматургга машҳурлик олиб келди. “Осуда оқшом” радиопьесасида олдинги асарлардаги каби ғайритабиий сирли элементлардан сюжет таркиб топмайди. Пьеса қаҳрамони Альберт Стоунзе онасининг арзанда ўғли, эркаси ҳисобланади. Альберт Стоунзе характери орқали одамлар ўртасидаги оддий муносабатлар ҳам нақадар мураккаблик касб этиши фалсафаси илгари сурилади. “Осуда оқшом” пьесаси юзадан қараганда оддий қурилган маиший асардек бўлиб туюладию лекин персонажлар ўртасида кечаётган диалоглар кишини ўйлантириб қўяди. Чунки ҳаётда кўп нарсаларга эътибор бермай яшаётганимиз бу асарда яққол ўз суратига эга бўлган.
“Кечки мактаб” телепьесасида эса Пинтер яна хона тимсолига мурожаат этади. Уолтер исмли пьеса қаҳрамони қамоқхонадан озодликка чиқиб уйига қайтиб келади. Уйининг бир хонасини уйдагилари бир қизга ижарага беришган бўлади. Уолтер қизнинг ички дунёси билан танишиш учун бир қанча саргузаштларни бошдан кечира бошлайди.
Ниҳоят “Қоровул” номли пьесаси драматургга зафар олиб келди. Уни даврнинг йирик драматурги дея эътироф этишди. Шундан кейин унинг бир қанча пьесалари саҳна юзини кўра бошлади: “Манзаралар”, “Сукут”,”Уйга қайтиш” ,”Паканалар”.
Пинтернинг кейинги асарлари поэзия билан суғорилганлиги билан ажралиб туради. Унинг хаёлот дунёси шоир дунёсини акс эттиради. Кафка, Жеймс Жойс, Беккет қаҳрамонларини ўртаган саволларга Пинтер қаҳрамонлари ҳам жавоб излашга уриниб бошлайди. Ҳар хил ечимларга келишади. Унинг провинция театрида ишлаб тажриба орттиргани ҳам ҳақиқий театр устаси даражасига чиқишига ёрдам берди, албатта. У том маънода дунё миқёсидаги моҳир актёр, режиссёр ва драматург даражасига етишди. 1974 йилдан эса Британия Миллий театри қошидаги режиссёрлар ассоциациясининг тўлақонли аъзоси бўлди. Драматург Шекспир номидаги мукофот, Пиранделло номидаги мукофот ва бошқа мукофотлар соҳибига айланди. 2005 йили Нобел қўмитаси Г.Пинтерга “… пьесаларида кундалик ҳаёт билан инсон ботини ўртасидаги жарликни ёрқин таҳлили учун” Нобел мукофотини лойиқ кўрди.
Гарольд Пинтер:” Мен ҳеч қачон орқага қараб хулоса қилиб ва ижодимни таҳлил қилиб ўтирмадим. Бир жойда тўхтаб чайналиб қолмадим. Доим ёзганман, холос.”, дейди. 2002 йили драматург рак касалига йўлиқди. Шунга қарамасдан, у меҳнат қилишда давом этади. 2003 йили шеърлар тўпламини нашр эттирди. 2005 йилнинг бошида Пинтер драматургия йўналишда ёзишдан тўхтаб мутлақо янги жанрда ёзмоқчилигини айтади. Афсуски, унинг бу нияти амалга ошмади. Драматург оғир касалликдан сўнг 2008 йилда вафот этди.
Мурод Човуш таржимаси