Тасаввур театри: "Жайдари Мартин"га уч ракурсдан қараш

  • Asosiy /
  • Media /
  • Тасаввур театри: "Жайдари Мартин"га уч ракурсдан қараш
Тасаввур театри:

1Қичқираётган асар

“ШамсиҚамар” театр-студиясининг навбатдаги томошаси “Жайдари Мартин” деб номланган. Яна минималистик декорация фонида содир бўладиган воқеалар бу гал ўзбек тупроғида юз беради. Худоёр Султонов ва Мухтор Асроров бу гал қишлоқдан шаҳарга келган, қурилишда устачилик қилиб, ғишт қуйиб тирикчилик қилаётган чорикор йигитлар сифатида гавдаланишади. Бундан юз йилдан зиёд вақт аввал Жек Лондон томонидан ёзилган “Мартин Иден” романининг бу йигитларга нима дахли бор? Роман қаҳрамони Мартин денгизчи эди. Булар эса бизга жуда яхши таниш ўзимизнинг ғишт қуювчи қишлоқ йигитлари. Худоёр билан Мухтор қишлоқдан иш излаб катта шаҳарга келишган, сабаби тирикчилик, нима қилиб бўлса ҳам кун кўришлари керак. Аммо иккисининг ҳам орзуси катта ёзувчи бўлиш. Иккиси ҳам қўли бўшади дегунча қоғоз қоралайди, ўқиб ўрганади. Шу хонадоннинг мулойимгина қизи улардан бирига кўнгил берган. Йигитларга эса бу кам. Ахир уларнинг ўз олами, бу оламда эса ўзлари кўнгил қўйган, қўл етмас идеалдаги қироличалари бор. Кечалари икки йигит суҳбат қуришар экан қандай қилиб “қишлақи сумбат”ларини шаҳарга мослаш, маълумотли кишилардай текис, силлиқ гапириш ҳақида бош қотиришади, бир-бирларига ўзлари ўқиган, қалбларини ларзага солган шеърларни ўқиб беришади. Хўжаёр, Жонтемир, Тилланисонинг шеърлари уларнинг тилида худди ўзлари сингари самимий янграйди. Хуллас, Жек Лондон асарининг ўзбекча версияси. Ижодкорлар романни саҳналаштирмоқчи бўлишган экан, ўша асарнинг ўзини, ҳеч қандай интерпретациясиз кўрсатиб қўйишса бўлмасмиди? Ахир ҳар икки асарнинг ҳам моҳияти бир хилку? Воқеълик, тагмазмун, якун ҳам деярли фарқ қилмайди. Агар мен театрни сал бўлса ҳам тушунмаганимда томошадан худди шу хулоса билан чиқиб кетган бўлардим.
Возможно, это изображение (1 человек и стоит)
Ваҳоланки, томошадан шу қадар руҳий изтироб, қаттиқ қалб оғриғи билан чиқдимки, буларнинг барчасига режиссёрнинг талқини, актёрларнинг ижроси, тасвирий воситаларнинг оргиналлиги сабаб. Томошанинг бош қаҳрамони аслида мана шу сизу биз яшаб турган тупроқ. Дунёга не–не даҳоларни туғиб берган, керак бўлса ҳозир ҳам уларни дунёга келтиришда давом этаётган, фавқулодда иқтидорли, самимий, томирида иймонли аждодларининг қони оқаётган чинакам инсонларга бой она еримиз. Бугун у дунёга келтирган ўша иқтидорлар, айтиш мумкинки, интеллектуал олтин ёмбиларимиз жамиятга, айнан бизнинг жамиятга қанчалик керак бўляпти, ким уларни қадрлаяпти, ким эътибор қиляпти? Бугун ана шу минглаб иқтидорларимиз қандай кун кўряпти? Уларнинг ижтимоий статуси ҳақида ким қайғуряпти? Уларнинг қай бири бир тўғрам нон илинжида қайси юмушларни бўйнига олиб, қай юртларда сарсон юрибди? Қўпол қилиб айтганда, уларнинг бу жамиятда неча пуллик қадри бор?! Улар ўзларининг борликлари, мавжудликларини англатиш, истеъдодини намойиш қилиши учун қандай социал ва руҳий тўсиқларни енгиб ўтиши керак? “Жайдари Мартин” худди шулар ҳақида сизу бизга баралла қичқираётган асар!
Возможно, это изображение (1 человек, стоит и в помещении)
Саҳнада содир бўладиган метаморфозаларнинг деярли барчаси тупроқ билан боғлиқ. Унда денгиз, елканлар ҳам иштирок этади. Бошланғич асар - инглиз “Мартин Иден”ининг олис акс садоси бўлиб кўринадиган бу деталлар (улар жуда ҳам жўн ясалганига қарамай) асардаги жараёнлар давомида ўзга маъноларни касб этиб боради. Йигитлар бўш қолди дегунча орзулари денгизида, интилишлари елканини боғлаб ҳаёт кемасида сузиб кетадилар. Улар ҳам худди Мартинга ўхшаб денгиздан сармоя билан қайтадилар. Сармояки, энг юксак идеалларини амалга ошириш учун тўплаган сабрлари, тоқатлари, чидамлари, билмлари... Аммо яна ерга, тупроққа қайтадилар. Бу тупроқ уларни яратган. Энди уларнинг қўлларида оддий ғиштга айланиб, оғир жисмоний меҳнатлари, изтироблари эвазига биноларга айланяпти. Агар, уларнинг имкони бўлганида эди, улар бу тупроқдан фақатгина ғишт эмас, ундан минг баробар буюкроқ нарсаларни яратардилар. Бироқ бунга бўлган уринишлари зое бўлаверади. Жамият уларни кўкрагидан итараверади, итараверади. Урина–урина уларнинг ҳаётдан кўнгиллари совийди. Атрофдаги минглаб ўлик лошини судраб яшаётган одамларнинг бирига айланиш эса қўлларидан келмайди. Ахир фавқулодда истеъдодлар бундай яшай олмайдилар. Уларга соф ҳаволар, сўз айтиш имкони, тафаккур муҳити керак! Ва... ...улар ардоқлаган тупроқда дўмпайган, ғарибгина қабр пайдо бўлади...
Асарнинг худди мана шу ерига келганда ўзимни ўша тупроқ остида, қабрда ҳис қилдим. Кейин кўз ўнгимдан Бахтинисо Маҳмудова, Бобур Комилов ўтди... Уларнинг сафи ортмаслиги учун мен ўзим нима қиляпман деб сўрадим ўзимдан? Зебо опамнинг истеъдодли ўғли Шоҳинур, Мавлуда опамнинг режиссёр бўлишга уриниаётган, меҳнат қилаётган ўғли Жаҳонгир, ёки журналист ёшлар Мирзаёр, Хуршид, Комил, борингки, ўша Жонтемир, Тилланисо, Хўжаёрларни бу жамиятда ҳали яна нималар кутаяпти?!... Мана шу томошада ўз ижроси билан мени шунча тўлқинлантирган Худоёр, Мухторлар ҳам бу йил олий ўқув юртини тамомлашади. Уларнинг қисмати қандай кечади?... Ёнгинамда ўтирган саккиз ёшли ўғлимни бағримга маҳкам босгим, уни шундай қисматдан ҳимоя қилгим келди...
Возможно, это изображение (1 человек, борода и в помещении)
PS: Томоша бошланишидан аввал минг йиллик қадрдоним, “Ёшлар” радиосида бир неча йил биргаликда ҳизмат қилган санъатшунос, жуда яхши мусиқачи дўстим Нигора Ҳасанова билан учрашиб қолдик. У ҳам 12 ёшли ўғли билан келган экан. Ҳалиям оркестрда ишлаяпти экан. Суҳбатимиз фарзандларимиз тарбиясида нималарга кўпроқ урғу бериш, қай тўгаракнинг яхшилиги, қаерда арзон тил ўрганиш курслари борлиги, болалар учун асарлар ҳақида бораркан, ундан ўтган йили карантин вақтида қандай кун кўришганини сўрадим. Ахир у ҳам ўзимга ўхшаган оддий ижодкор-да. “Очиғи, қийин бўлди,” – деди Нигора самимий жилмайиб: “Аммо, амалладик!”. “Амалладик”нинг ортидаги машаққатлар масштабини чамалаб турганимда у бир гап айтиб қолди: “Биласанми, оркестрга келган бир амалдор бизни кўрсатиб, буларга яқин беш йил ичида ҳеч қанақа иш йўқ. Улар кун кўриш учун тезда ишларини ўзгартириб, бошқа ҳунарнинг бошини тутишлари керак, деди... Ўша амалдор мусиқа нималигини, мусиқачи бир кун машқ қилмаса ишдан чиқиб қолишини, бу даражага етиш учун қанча тунларни тонгларга улаб ўқиб ўрганишини, санъатга умрини сарфлашини билмаса керак,” – деди... Биламан, жуда чўзилиб кетди... Бўлганим шу бўлса, нима қилай? (((
 
Раъно Алиева,
журналист
 

2Орзунгиз, албатта, амалга ошади...

Бизнинг “Жайдари Мартин“ . Спектаклда Мартин Иден восита холос, бугунги ёш ижод қиламан, шдевр яратаман оламшумул бўламан, деб юрган ижодкорлар аслида унинг қаҳрамонлари. Шу учун спектаклда фейсбукдаги ўзбек ёш ижодкорларининг шеърлари, гапларидан цитаталар келтирилади, қайсидир паллаларда уларнинг ҳаёт тарзидан чизгилар кўрсатилади. Қаҳрамонлар ёнингизга келиб сизнинг орзунгиз нима дейди, айтасиз, кейин эса улар сизга орзунгиз, албатта амалга ошади дейишади. Ўзлари ҳам бунга ишонишни истайди. Шу ночор ишонч билан тинимсиз ёзишади, ёзишади...аммо кутилган кун, натижа ҳеч келавермайди. Натижада уларнинг тинкаси қурийди, ҳеч қандай умид кўришмайди эртага нисбатан. Қишлоққа кетиб мол қўзи боқайми ё мардикорлик қилиб шаҳарда юраверайми дейди. Ҳаётни, гўзалликни, дунёни билмайсан дейди бир-бирига. Ахир ДУНЁ билан муаммонг борку.
Возможно, это изображение (1 человек и в помещении)
Шунинг учун ёзганларинг ночор, билмаган нарсангни ёзасан доим, ҳавойисан, кўзинг ён атрофдаги воқеликни кўрмайдию, аммо ташқаридан, ўтмишдан, Мерлин Монро суратидан гўзаллик қидиради, дейди. Атрофдаги гўзаллик эса ғариб, ночор, бадбўй ва яланғоч. Ҳаётидан жозиба қидираётган телбалар бунга рози бўлгиси келмайди. Аммо бугунги умидсизлик, кўприклари қулаб кетган келажак уларни ерга туширади. Кафка айтадику ҳамсуҳбат шогирдига: ҳали ҳаётни билмайсиз, сиз шунинг учун атроф жавонибнинг жўн тасвирчисиз. Ҳаётга (реалликка) қўл беринг, қўлингиз ёнғинда қолади, ўшанда кўзингиз мошдай очилади, энди ё мутассил инграйсиз, ё оғриқ зўридан тилингиз тутилиб, кўзингиз мангу юмилмайдиган бўлин очиқ қолади. Ўша Кафка айтганидек, асл реалликка бўйин эгишга мажбур жайдари шоввозлар, балки, энди ўзлари истагандек ёза олар. Аммо спектакль бу умидни бермайди. Лекин мангу умидсизликда ҳам ёзишдан қўл ювиб кетишолмайди. Мана шу санъатнинг ўзи уларнинг чорасизликдаги чораси, ягона умиди.
 
Тилланисо Нурёғди,
ёзувчи, шоира
 

3Сиз мангуликка эришдингиз...

Биз бутун жамиятда бемаъни гапларга овора бўлиб юрган пайтда, бир ҳовучгина рассом усталар ўзларини сеҳр-жоду усулларини ертўла жойда ҳеч қандай даромад ва ёрдамларсиз қунт билан мукаммалаштириб келди. Дадил ва қатъиятли ёндашув, томошабин ва спектакл ўртасидаги алоқани чинакам чуқур англаш, ниҳоятда самимий ва ғайратли мотивация, ўзбекона камтарлик билан мужассамлашган, жуда чекланган ва деярли иложсиз  шароитларда, театр каби мураккаб соҳада ҳақиқий ютуққа эриша олган труппа, буларни ҳаммасини йиллар давомида чархлаб келган эди. Уларни озгина одамни сиғдира оладиган залдаги спектакллари ҳақида фақатгина яқин дўстлар, шахсий таклифлар ёки миш-мишлар орқали билиб олиш мумкин эди. 
 
Aммо кеча "Жайдари Мартин" премерасида улар шифтни ёриб ўтиб одамларга бўлган иштиёқ, самимийлик ва муҳаббат ёқилғисида учадиган сирли двигателда самога учиб кетишди. Энди мен уларга ачинмайман. Яқин орада кўплаб театрлар уларга шунчаки тақлид қила бошлайди. Чунки ҳаммамизга оддий ва инсоний илҳом манбаи, мотивация ва маънога асосланган содда, тоза ва жонли театр этишмаяпти. Сиз мангуликка эришдингиз ва энди ҳеч ким сизни бундам маҳрум қила олмайди. Сиз билан бир даврда яшадб ва ижодингизни ўз кўзим билан кўриш шарафига муяссар бўлганимдан фахрланаман.
 
Возможно, это изображение (5 человек, люди сидят, люди стоят и в помещении)
"Шамсиқамар" театр студияси бадиий раҳбари Қамариддин Артуа ҳамда спектаклда қатнашган актёрлар.
Элёр Усмон