Театрга бориш маданияти камёб ҳодисага айланиб қолди

  • Asosiy /
  • Media /
  • Театрга бориш маданияти камёб ҳодисага айланиб қолди
Театрга бориш маданияти камёб ҳодисага айланиб қолди

Театрга бориш маданияти камёб ҳодисага айланиб қолди

  • 20/04/2021
  • Media

Усмон Эратов – Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси раис ўринбосари. Суҳбатдошимиз театр соҳасида амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги муаммолар, бугунги театрларда намойиш этилаётган саҳна асарлари ҳақида гапирди. 

Театр ҳамиша бор бўлган 

Театр соҳаси санъатлар ичида энг қадимийси, энг жонлиси ҳисобланади. Ўтган мингйилликлар ичида театр ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан янгиланиб келяпти. Аммо бугун инсон машғул бўладиган одатлар ўзгарди. Масалан, бугун газетага талаб қандай бўлаётганини кўряпмиз. Интернет ривожланган сайин одамлар бошқа платформалардан узоқлашишяпти. Қолаверса, кино санъати ривожланиб кетди. Натижада театр бироз аудиториясини йўқотди. Бу нафақат бизда, бутун дунёда шундай. Лекин жамиятда театр фаол. Исталган катта тадбирларни олинг, театр томошаларисиз ўтмайди. Театр бу фақат театрга бориб кўриладиган томоша эмас. Қадимда ҳам театрлар одам кўп тўпланадиган жойларда, бозорларда қўйилган. Яхши спектакллар ҳам қўйилмоқда. Лекин тан олиш керак, театрга бориш маданиятини анча йўқотдик. Театрга бориш маданияти камёб ҳодисага айланиб қолди. Жамиятимизнинг энг илғор қисми бўлган зиёлилар ҳам театрга ҳар доим боравермайди. Мана, муаммонинг илдизи қаерда?! Қолаверса, телеканалларда театр тарғиботи бўйича кўрсатувлар деярли йўқ. Театрлар рекламасига пул маблағи ажратилмайди. Афсуски, бугунги шароитда мезонлар ўзгарди. Қолаверса, кейинги пайтда соҳа учун энг керакли кадрлар – театр танқидчилари камайиб кетди. Уларни ҳам жамоатчилик асосида моддий рағбатлантириш йўлларини ўйлаш керак. Яна бир муаммолардан бири Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан театрларнинг алоқаси узилиб қолган. Институтда театр соҳаси бўйича таълим олаётган талабалар театр муҳокамаларида иштирок этиши керак. Улар доимо театр билан алоқада бўлишлари лозим. Шунда ёшларнинг театрга бўлган қизиқиши янада ошади.

Сўнгги йиллардаги спектакллар

Кейинги пайтда саҳналаштирилган кўплаб спектакллар борки, бадиий ва ғоявий жиҳатдан бақувват асарлар, лекин кўпчилик бу спектакллардан бехабар. Бу спектакллар икки-уч йилдан бери театрлар репертуарининг энг талабгир асарлари бўлиб келмоқда. Устоз Олимжон Салимов саҳналаштирган Шароф Бошбеков қаламига мансуб “Ер барибир айланаверади” спектакли ҳар томонлама етук саҳна асаридир. Шунингдек, Олимжон Салимов саҳналаштирган яна бир асар – “Жинлар базми” спектакли ҳақида ҳам мутахассислар томонидан илиқ фикрлар билдирилмоқда. Сўнгги икки-уч йилда яратилган “Жалолиддин Мангуберди”, “Тўмарис”, “Ўлан”, “Кўчки”, “Адолат фасли”, “Оқ кема” каби спектакллар ҳам бадиий-ғоявий жиҳатдан мукаммал спектакллардир. Демоқчиманки, театрда ҳамон яхши асарлар саҳналаштириляпти. Театрда ҳамон ижод қизғин. Аммо давр тақозосими, ё одамлар ўзгардими, театрга одамларнинг келиши аввалгидай эмас. Лекин ишонаманки, одамлар барибир театрларга яна қайтишади. Чунки жонли санъат ҳеч қачон эътибордан четда қолиб кетмайди.

Театрларда устоз-шогирд анъанаси

Хайриятки, театрларда устоз-шогирд анъанаси сақланиб қолган. Лекин бу етарли эмас. Устоз режиссёрлар Олимжон Салимов, Баҳодир Йўлдошевлар бугун кўплаб шогирдлар етиштирмоқда. Театрнинг келажаги сифатида қаралаётган, дастлабки ишлари билан мутахассислару томошабинлар эътирофига сазовор бўлган ёшларнинг кўпчилиги шу икки устоз ижодкорнинг шогирдларидир. Қолаверса, вилоятларда ҳам устоз-шогирд анъанаси давом этмоқда. Сурхондарёда Мансур Равшанов, Наманганда Карим Йўлдошев ўзларининг муносиб издошларини топиб, уларга театр сир-асрорларини ўргатиб келишмоқда. Шу ўринда театрнинг келажаги бўлган ёш ва умидли театр режиссёрлари Асқар Холмўминов, Элмурод Йўлчибоев, Мухтор Рейимов, Ғиёсиддин Нажимов ва яна бир қатор ёшларни алоҳида эътироф этиш мумкин. Театр соҳасидаги ёш талантларга давлатимиз томонидан янада кенгроқ эътибор берилса, умид қиламизки, бу ёшлар эртанги кун миллат маънавиятининг, маданиятининг маёғи бўлиб етишишади. Ёш ижодкорларни кашф этиш, театр соҳасидаги иқтидорини юзага чиқариш мақсадида ҳар икки йилда “Дебют” театр кўрик-фестивали ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йили ушбу танлов асосан онлайн тарзда ўтказилган бўлса-да, янги иқтидор соҳибларини аниқлашда катта аҳамият касб этди. Бу каби танловлар кўпайса, устоз-шогирд анъанаси янада кенгайса, янгидан-янги театримиз истиқболлари юзага чиқаверади.

Хусусий театр студиялари ўзини оқлайди

Исталган тадбиркор хусусий театр студияси очиб, унга маблағ тикса, театр ўзининг креатив ёндашувлари билан янгидан янги спектаклларни қўйиб, ўз аудиториясини йиғиб олса, тадбиркор ўз фойдасини чиқариб олади. Бу ҳозирча тадбиркорлар учун очилмаган қўриқ. Кино минг ривожлангани билан театр барибир жонли санъат. Тирик санъатга инсон ҳамиша эҳтиёж сезади. Шундай экан бу ишга таваккал қилиб, бош қўшган тадбиркор зиён кўрмаслиги аниқ. Янги театр студиялари қанча кўп бўлса, ижодий рақобат ҳам шунга яраша бўлади. Битта мисол айтаман, Самарқанд шаҳрида “Мулки Турон” хусусий театр студияси фаолият олиб боради. Мен айтган тажрибани ушбу театр мисолида кўришимиз мумкин. Яна шу каби ўнга яқин хусусий театр-студиялари фаолият кўрсатади. Қолаверса, пойтахтимиздаги “Silk Route Marionettes” номли хусусий қўғирчоқ театри бугунги кунда ўзининг замонавий формати, топаётган даромади билан алоҳида ажралиб туради. Бугунги кунда хусусий театр-студиялар репертуарларини кўриб чиқиш ва спектаклларни қабул қилиш тартибини алоҳида кўриб чиқиш керак.

Театр Арбоблари уюшмасининг режалари

Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан 2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси бугунги кунда театр соҳасидаги устоз ижодкорлардан тортиб ёш ижодкорларгача қамраб олиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жорий йилда ҳам уюшма томонидан кўплаб режаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбек театр санъатининг халқаро нуфузини ошириш мақсадида Халқаро театр ассоциациясига аъзо бўлиш режалаштирилган. Бу орқали жаҳон театрлари билан тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти мавжуд бўлади. Қолаверса, қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон билан ижодий алоқаларни кучайтиришни мақсад қилганмиз. Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туризм театрлари фаолиятини йўлга қўйиш ниятимиз бор. Юртимизга ташриф буюрадиган туристлар халқимизнинг жонли театр томошаларини кўриш орқали халқ оғзаки ижоди, миллий қаҳрамонлар, урф-одатлар, этнографиямиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлишади. Шунингдек, Тошкент сити каби замонавий шаҳар марказларида  лазер шоулар, голограмма театрлари намойиш қилинади. Шу йилнинг баҳорида Тошкент ситида “Театр-шоу” очиқ осмон ости хусусий театр-студиялар фестивалини ўтказишни кўзлаяпмиз. Бу каби янгиликлар юртимиз театр шайдолари учун ажойиб янгилик бўлади деган умиддамиз. Айни пайтда ҳар бир театр ўзининг репертуаридаги энг яхши спектаклларни томошабинларга тақдим қилмоқда. Барча юртдошларимизни театрга таклиф этамиз!