Балиқлар айтсин

Балиқлар айтсин

Балиқлар айтсин

  • 23/03/2022
  • Fiqra

22 март "Автограф" залида рассом Алишер Эргашев кўргазмаси очилди.

Замонавий ўзбек адабиётида “агрессия” ва “эҳтиёткорлик- тушуниш” тенденцияси номаълум босқичида бўлса керак. 

Дижимодернизм – ахборот оқимининг кўплиги унга қарши агрессияни келтириб чиқаради. Ёки эҳтиёркорликни. Ахборот оқимини таҳлил қилиб, предметларни ўрнига қўйишдан кўра унга қарши чиқиш ёки уни тушуниш осонроқ. Бу ҳам ўзига хос комфорт. Унга бу қулай.

Жаҳон адабиётидаги замонавий “Шаҳризода”лар модернизм ва абсурд муаммосидан кейин, комфорт матнга ўтиб олишди. Модерн адабиёт бадииятини бемалол штамп қилиш мумкин, бу қулай. Абсурд муаммосидан кейинги маконларга ўтиш худди Марсда кислородсиз юриш каби ноқулай. Модерн ёки Абсурд адабиёти ноқулайликни келтририб чиқарса, ҳозирги адабиёт тушунишни , комфортни тарғиб қилади.

Адабиёт ҳақ-ҳуқуни таниганда ўнғайсизлик келиб чиқади. Селин романи каби. Гўё ҳақ-ҳуқуққа қарши агрессия бўлиб туюлади. Ўқувчи комфортини йўқотади, масалан.

(Бу фикрлар китоб дўконида Памуқнинг навбатдаги китобини сотиб олмаганимда келганди. Нега сотиб олмаганимни асослаш керак эди.)


***


Ўзбек тасвирий санъатида ҳозир қандай тенденция ҳукмрон? Ўзбекистонлик рассомларни нима ташвишга солади? 
Санъатшунослар бу ҳақда кам ёзишса керак, билмаймиз Пластика ҳақда тушунчага эга бўлмаганлар эса  худди камина каби- тасвирий санъат асарини тушуниш қийин кечади.

22 март куни импрессионист рассом Алишер Эргашевнинг “Автограф” залида кўргазмаси очилди. Рассомнинг 80 дан ортиқ картинаси намойишга қўйилган.

Картиналардаги кўп кўп дарахтлар ва қуритилган балиқнинг саккизта картинадаги саргузашти қизиқ туюлади. Рости, тасвирий санъатдаги пластикани тушунмайман. Лекин предметларнинг эврилиши, йўғонлашуви ёки ингичкалашуви ҳуқуқни танигандан далолат беради - деб ўйлайман.

Абсурд адабиётидан кейинги - жаҳон адабиётида маъно муҳим эмасдек бўлиб қолди. Яъни ҳуқуқни таниш пландан кўтарилиб, ҳикоянавислик биринчи планга чиқди. Бу эҳтимол ахборот оқимининг бепоёнлигидандир.
Кўргазмага қайтамиз: кўп -кўп дарахтлар тасвири рассомнинг охирги 2 йилда ишлаган картиналарида такрорланади. 

Импрессионист дарахтлар орқасидаги жодуни излагандай назаримда. Кўргазма “Магия реализми” деб номланган.Ва ниҳоят бир картинадаги сув бўйидаги йўғон ёлғиз дарахт. Рауф Парфининг “Ҳар кун келаман ёнингга, Соатлаб мўлтираб қарайман. Сен мени тушунишинг керак, дарахт". Муаллиф қаттиқ уриняпти. Ижод- ҳақ-ҳуқуқни таниш бўлса керак. Ёки бу шеърдаги каби топталган ёки йўқотилган ҳуқуқни қайта тиклаш бўлса керак.

Рассомнинг саккизта картинасида қуритилган балиқ бош планда кўринади. Инжил ривояти эсга тушади. Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Мен дунёга балиқ овлагани келдим” ғалати мисраси ҳам. Ҳамда Рауф Парфининг “Мен сизга чиндан айтдим, эҳ дўстларим. Сиз мендан ҳавони қизғондингиз-а. Қолганини балиқлар айтсин.”

Рассом таассуротларни ёки жодуни, магияни Баҳром Рўзимуҳаммад мисраси каби улуғлайди. Рауф Парфи эса ҳуқуқ талашади. Ҳуқуқини таниган битта балиқ билан беш мингта одамнинг қорнини тўйдириш мумкин экан.

Картиналардаги балиқлар шунга ишора қилади. 
Кўргазмада рассом Алишер Эргашевдан “Картиналарингиз нима ҳақда, айтиб беринг?” деб савол берилганида, рассом ўнғайсизланди. “Бу ҳақда картиналарнинг ўзи айтади” деб жавоб берди. “Балиқлар айтсин”

Кўргазма 1 апрелгача давом этади.

 

Мурод Човуш