Мурод Муҳаммад Дўст, Лондон ва Бен Кингсли – тасодифлар учбурчаги

  • Asosiy /
  • Maqola /
  • Мурод Муҳаммад Дўст, Лондон ва Бен Кингсли – тасодифлар учбурчаги
Мурод Муҳаммад Дўст, Лондон ва Бен Кингсли – тасодифлар учбурчаги

Мурод Муҳаммад Дўст, Лондон ва Бен Кингсли – тасодифлар учбурчаги

  • 01/06/2021
  • Maqola

Зулфиқор Мусоқовнинг "Йўқолиб бораётган китоб" номли хотиралар китобидан

7-боб.

Муҳаррир: Манави ерда, болалик тўғрисидаги бобларда шошмаса ҳам бўлади... Ҳамма бу даврни бошидан ўтказган... Яхшиси, 21 аср ҳақида гаплашайлик...
- Бўпти...
     

2003 йил. Лондон ўзбек кишисининг нигоҳида.
Биринчи кун.

"Осмондаги болалар” фильмининг прокатдаги (шаҳарнинг энг катта кинотеатрида 9 ой давомида муттасил намойиш этилган), фестиваллардаги муваффақиятидан кейин киномизнинг ўша пайтдаги раҳбари Мурод Муҳаммад Дўст менга ва ҳаммуаллифим Риҳсивой Муҳаммаджоновга фильмнинг давомини суратга олишни таклиф этди. Бизга айтишса бўлди, бажарамиз. Сценарийга кўра икки синфдош севган қизи – Лоланинг олдига Лондонга бориши керак эди. Лоланинг отаси Ўзбекистон элчихонасида ошпаз бўлиб ишлайди.
       

Шу ўринда Мурод Муҳаммад Дўстга ўз миннатдорчилигимизни билдириб ўтиш жоиз. Чунки унинг ўрнида бошқаси  бўлганида Англияга бориб-келишимиз, у ерда яшаб, суратга олишимиз амри маҳол эди. Умуман олганда, мен кўп кино раҳбарларини кўрдим. Ҳозир ҳисобдан ҳам адашганман. Насиб қилса, яна кўрармиз. Лееин Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида фақат яхши гапларни айтишим мумкин. Зеро, мен ҳеч қачон унинг дўсти бўлмаганман. Умуман, каминананинг бошлиқларга яқин бўлиш истаги ҳеч қачон бўлмаган, бу хасталикка мубтало ҳам бўлмаганман. У қаерда-ю мен қаердаман: мавқе жиҳатидан ҳам, ёш жиҳатидан ҳам ва ҳоказо. У ўзига хос ёзувчи, Москвада ўқиган. Кейин уни кинога раҳбар этиб тайинлашди. У бошқача, умуман бошқача одам. Ижодий масалада бирор нарса ёқмадими, бўлди, бошига қозиқ қоқсанг ҳам компромисс (муроса)га бормайди. Лекин, ёқиб қолса борми, ўзи шахсан  барча шароитни яратиб беради. Бизнинг “Калиш” номли қисқа метражли фильмимиз ҳам унга ёқиб қолганди... Яшириб нима қилдим, иккимиз ўртамизда очиқ ижодий зиддият бор эди. Лекин фактларга қарши боролмайсан. 35 миллионлик кўп миллатли мамлакатимизда менинг “Ватан” фильмимни кўрмаган одам қарийб бўлмаса керак. Шу фильм ҳам Мурод Муҳаммад Дўстнинг ёрдамисиз дунё юзини кўрмаган бўларди.

Дарвоқе, мамлакатимизда кино соҳасини ривожлантириш ҳақидаги қарор ҳам унинг саъй-ҳаракатларининг маҳсули эди. Кейин, у нимагадир бизнинг оқсоқолларга ёқмай қолди. Улар юқорига хат ёзишди ва Мурод Муҳаммад Дўстни ишдан олишди. Айтгандиг-а уларга, қўйинглар деб. Йўқ, оёқларини тираб туриб олишди... Ўша қариялар шу 2021 йилда ҳам бўлганларидами...

Қисқаси, биз саккиз кишилик ижодий гуруҳ билан Лондонга учиб кетдик. Фильмни суратга олиш учун. Май ой бўлгани учун доимий туманлар ва Альбион ёмғирлари мамлакатига биз ўзимиз билан соябон ва ёмғирпўшларни олгандик. Чучварани хом санабмиз... Лондон бизни ўттиз беш даражали иссиқ билан кутиб олди, Тошкентда эса ҳаво салқинроқ эди... Машҳур Хитроу аэропортида Домодедовага нисбатан анча қийналдик. Юкларимизни қарийб уч соат кутишга тўғри келди! Ўша куни кимлардир иш ташлаб, намойиш ўтказаётган экан. Лекин бу маълумотдан биз енгил тортмадик.

Бизни элчихонамиз вакиллари учта “Воксхолл” машинасида кутиб олишди. Аслида бу немисларнинг “Опель” машиналари эди. Лекин инглиз тилида бу сўз жуда қўпол, сўкиниш каби эшитилгани учун, улар машина русумини ўзгартириб олишган экан. Бизни Лондон марказидаги Гайд боғидан бир кўча нарига жойлаштиришди. Икки нафар аёл томонидан ташкил этилган бир идорача бор, “Лондон фильм” деб номланади. “Шохлар ва туёқлар”га ўхшаган бу фирмада ишлайдиган муттаҳамлар ҳаводан пул қилиб ўтиришади. Уларнинг рухсатисиз шаҳарнинг ҳеч ерида суратга олиш мумкин эмас эди. Рухсат олиш учун эса 2000 фунт тўлаш керак. Қизиғи, бу фақат бир кун учун. Биз эса Биг-Бенни ҳам, Тауэр кўпригини ҳам суратга олишимиз лозим. Бизда ундай пулнинг ўзи йўқ. Нима қилиш керак? Менинг ўша пайтдаги доимий директорим Файзираҳмон Усмоновнинг мезбонларни эритиш учун ўша Япониядан бошлаб (Токио ва Америка саргузаштлари – алоҳида қўшиқ) қўллайдиган алоҳида усуллари бор эди. Биринчиси – арзон зарбоф чопон ва дўппилар, иккинчиси – қази, патир, қуруқ мевалар, энг самарали учинчи усул эса эркакларга хос лутф билан тақдим этиладиган рус ароғи эди.

Эрталаб бу икки хунуккина аёл, яъни Остап Бендернинг инглиз миллатига мансуб  маслакдошлари элчихонага кириб келишди. Уларни кўрган заҳоти мен ва Файзираҳмон вазиятни тўлиқ англаб етдик. Улар бизга нисбатан дўстона кайфиятда эмас эдилар. Назаримда, уларга директоримнинг пулимиз йўқлигини фош этаётган кўзларидан ҳаммаси аён бўлганди... Ҳар эҳтимолга қарши мен олдиндан актёр, чиройли йигит Бобур Йўлдошевни пишиқлаб қўйган эдим.

Аввалига Бобурнинг қайсарлиги тутди: Ака, ахир улар қари-ку?!
- Санъат учун, Ватан манфаатлари учун кўнишга мажбурсан.   Кўзларингни юмгину, олға боравер! Борақол!

Шу пайт қистаб қолди ва хожатхона томон югурдим. Қайтганимда инглиз хонимлари чопон ва дўппиларни кийиб туришарди. Файзи ва Бобурнинг кайфияти тушиб кетганди.
Файзи:
- Жамол, бўлмаяпти... Оёқ тираб туриб олишган.
- Ароқ-чи, ароқ бердингизми?
- Улар, умуман, спиртли ичимлик ичишмас экан!
- Қази-чи?
- Биз овсарлар билмабмиз, инглизлар от гўшти ейишмас экан... Пул талаб қилишяпти. Акс ҳолда сертификат ололмас эканмиз...
Мен сўнгги илинж билан Бобурга қарадим. Бобур дарҳол тушунди ва тушкун оҳангда деди:
- Мен-ку, тайёрман, лекин улар лесбиянка, шекилли... Мен томонга қайрилиб ҳам қарашмади...
- У нима деганинг?
- Анақалар... Фақат аёл жинсидаги...
Рашид исмли таржимонимиз, у ҳам аслида қариндошим (биз ҳам осиёликмиз, ахир), уларга нималарнидир лоф урарди, лекин Маргарет Тетчерга хос совуқ нигоҳ уларнинг кўзларини тарк этмасди. Шу пайт, кутилмаганда, вазият биз томонга ўзгариб кетди. Бизнинг оператор (унинг мукофотлари-ю, унвонларини ёзаверсак уч саҳифа ҳам етмайди), менинг кинодаги сафдошим Абдураҳим Исмоилов лифтдан чиқиб келиб қолди. У ўрта ёшдан ошган, тепакал, кўзойнак таққан, пўрим кийинган эди. Умуман, биздан фарқли ўлароқ у ҳар доим қиммат ва кўркам кийинарди. Унинг юз териси тўқ буғдойранг бўлгани учунми, ҳиндуларга ҳам ўхшаб кетарди. Ёнимизда турган хонимлар Абдураҳим акани кўрган заҳоти қотиб қолишди. Ҳатто улардан бири ҳайрат аралаш бақириб ҳам юборди:

Бу, ахир, жаноб Бен Кингсли-ку!
Каллам тез ишлаб кетди. Ўша заҳоти хонимларга мурожаат қилдим:
- Ҳали билмайсизми, Бен Кингсли бизнинг фильмда суратга тушяпти...
Таржимон менга ғалати қараш қилди.
- Таржима қил! Нега жим турибсан?
Хонимларнинг бирини оғзи очилиб қолди.
- Наҳотки?! Сизда Бен Кингсли ўйнаяптими?
- Ҳа-да... Ахир у ўзбек-ку!
Бу гапни эшитган иккинчи хоним йиқилиб тушаёзди.
     Мен ўзимни тўхтата олмасдим.
- Аслини олганда, у ўзбек. Тақдир тақозоси билан Ҳиндистонга бориб қолган. У билан танишишни хохлайсизми?Икки дугона ўтирган жойида ҳаяжонланиб кетишди. Мени эса ваҳима босганди. Абдураҳим инглиз тилида гапириш у ёқда турсин, тушунмасди ҳам. Агар бизга яқин келса, фожиа юз бериши аниқ эди. Қолаверса, у фақат тепакаллиги ва терисининг ранги билан ўхшар, Оскар мукофоти совриндори бўлган у машҳур актёрга уни фақат узоқдан туриб ўхшатиш мумкин эди. Яқин келиб қолса борми...
   

Мен Абдураҳимнинг олдига югуриб бордим. У ҳеч нарсани тушунмади, лекин менинг кўрсатмаларимни диққат билан эшитди. Қолгани жуда қизиқ бўлди. Афсус, ўша пайт қўлимизда камера йўқ эди-да. Абдураҳим ака холлга кириб келди ва узоқ масофадан туриб хонимларга кўл силкитиб, “Хай!” деб қўйди. Шундан сўнг у кўчага чиқди ва элчихона машинасига ўтириб, қўшни кўчага равона бўлди.
      Мен хонимлар ёнига қайтдим.
      - Муҳтарама хонимлар! Жаноб Кингсли Ҳазрати олиялари олдига кечикаётган эканлар, сизларга узрларини етказиб қўйишимни айтдилар. Айтганча, у Ҳазрати олияларига  фирмангизнинг мамлакатимизга кўрсатаётган амалий ёрдами ҳақида ҳам, албатта, гапириб ўтади. Бундай ёлғонлардан ранги бўздек оқариб кетган таржимон тутила-тутила таржима қиларди.     

Икки дақиқадан сўнг ҳаммаси ҳал бўлди... Эртага биз суратга олиш ишларини бошлашимиз мумкин!