Бизга халқ эртаклари керакми?

  • Asosiy /
  • Maqola /
  • Бизга халқ эртаклари керакми?
Бизга халқ эртаклари керакми?

1Саъдулла Қуронов:

Сиз нима дейсиз?

Аксар эртаклар бугунги кун боласининг дунёқараши, бадиий дидига мос эмаслигини тан олишимиз керак. Эртаклардаги ғайритабиий, фантастик воқеалар болаларни ҳайратга солмай қўйди. 

Учар гилам, учур тулпор, учар супурги каби эртак мотивлари билан болани жалб этиш қийин. Ҳайратланмас, завқланмас экан, эртак бериши мумкин бўлган бошқа тарбиявий-маънавий мазмунни ҳам ҳис қилмайди. 

Қолаверса, эртаклардаги бир ҳол шахсан менга ёқмайди. Уларда бойни – хасис ва жоҳил, деҳқон ва ҳунармандни – қашшақ, оқкўнгил, содда қилиб тасвирланган. Бундай ўзгармас характерли қаҳрамонлар эртакларда кўп бўлиб, болаларда янглиш тасаввурлар уйғотиши мумкин.

Хулоса қилсам, эртакларни саралаб, меъёрида ўқитиш керак. Ҳозирги болаларга кўпроқ замонавий асарларни тавсия қиламан.

Саъдулла Қуронов,

"Галактикада бир кун", "Коинот жавоҳири" китоблари муаллифи

2Жаббор Эшонқул:

 

Эртак ХХХ аср ўқувчисининг ҳам  дидига жавоб бера олади. Эртакни тушунмаганликлари учун эртакни айбдор қилмайлик. Алини мақташ учун аждодлар меросидан айб излаш керак эмас. Биз эртакни тушунмаяпмиз, тушунтириб бера олмаяпмиз. Кўнгилдагидай нашр қила олмаяпмиз. Дид шу даражада тушиб кетганки,  ҳатто, эртакни англашга ҳам ақлимиз калталик қиляпти.Юзлаб асарлар ёзлиши мумкин, бироқ уларнинг ҳеч бири халқ эртаги ўрнини боса олмайди.

Ким нима ёзганини тўлиқ ўқиб ўтиришга вақт йўқ ва қайси валломат эртакнинг даври ўтди ёки бугун талабга жавоб бермайди деб ёзаётган  бўлса, демак муаммо унинг сайияси ва бадиий дидида. Буни муҳокама ҳам қилиб ўтирмаслик керак. Эртаклар, айниқса, Туркистон эртаклари Борхесдай ёзувчини ҳайратлантириб, қў лига қалам тутқазган экан, ўзини "доҳий" санаганлар эртакка осилмагани мақул.

Адабий эртак керак, бироқ, унинг ўрни тамомила бошқа. Адабий эртак бу якка ижодкор маҳсули, халқ эртаги асрлар давомида сайқал топган. Адабий эртак яхши чиқса яхшику-я, бироқ, дидсизларча, савиясизларча ёзилиб, "маҳалладош"лар, "қозондошлар" томонидан кўкка кўтариб мақталиб, чоп этилади ва болаларда эртак, умуан ижод шу экан тасаввур пайдо бўлади. Бундай "эжод"ни эртакдан узоқ тутган маъқул.

Жаббор Эшонқул,

фолклоршунос олим.

3Абдунаби Абдиев:

 

Адабиётга муҳаббат эртакдан бошланади. Айниқса, ўзбек халқ эртаклари хилма-хиллиги, мавзулар қамрови кенглиги, сюжет чизиғи яхшилик ғалабасига йўғрилганлиги билан адабиёт оламига тетапоя қилаётган ёш ўқирманни ўзига жалб этади. Шундай экан бугун дабдурустдан эртакнинг вақти ўтди, қариди, дейиш ноўрин. Қайсидир ношир сийқа, ҳикоя қилиш мотиви бузилган эртакларни нашр этаётган бўлса, бу унинг айби. Илгари қайси эртак, қачон, ким томонидан, кимнинг тилидан ёзиб олингани китобда ўз аксини топарди. Бугунги ноширлар бу муҳим ахборотларни четлаб ўтиб, эртаклар осмондан оёғини осилтириб тушгандек тақдим этишяпти. Бундай нашрларнинг аслиятга тўғри, нотўғри эканлиги ҳам ишончсиз.

Абдунаби Абдиев,

ёзувчи, журналист.

4Моҳичеҳра Рўзиева:

 

Муаммонинг ечими НАШРИЁТЛАРДА! 
1. Авваллар, олимлар, мутахассислар Эртак китобларни нашрга тайёрлашган ва тавсия қилишган, сифатига матнга жавобгар бўлишган...ҳозир ҳам аксар ҳолларда шундай... Лекин шахсий босмахона ва нашриётлар асосан чўнтак учун ишлаяпти, на нашрга тавсия бор, на асосли матн..интернетдан олинган , асл матнга ёт, мутахассис кўрмаган эртаклар пул ишлаш мақсадида минглаб чиқариляпти... номи ҳам ўша олдингидек - "Ўзбек халқ эртаклари". Буни эса оддий халқ номига қараб оляпти. Ичидан жўяли, маънили эртак тополмай шунақа негатив гаплар тарқаляпти... Босмахоналарда тартиб ўрнатиш керак!!!
2. Эртак ҳар қандай даврда ҳам ўз вазифасини аъло бажаради! Ҳеч қандай восита эртакчалик мурғак қалбга таъсир қилолмайди, маънавий озуқа беролмайди. Муаммо қалбларни эртакка ошно қилолмаётганларда, эртак айтиб беролмаётганларда...  Болалар қалби эртаксиз қандай эзгуликка ошно бўлади ахир?! Уйингиздаги болага қаранг, шундоқ-кўзида ҳайрат йўқ. Телефон ўйинлар, мултфилмлар (ҳозир миллий мултфилмлар кам) болаларни зомбига айлантиряпти, болалар ёвузлашяпти, шафқатсизлашяпти, нега?! Чунки ЭРТАК ЎҚИМАЯПТИ!  Биз ўқитолмаяпмиз! Бунинг учун ЭРТАКларнимас  ОДАМларни ўзгартириш керак!

Моҳичеҳра Рўзиева,

филолог.