Канн кинофестивали ҳақида кинофактлар
- 03/06/2021
- Maqola
Канн кинофестивали илк бор 1939 йил сентябрида ўтказилиши керак эди, бироқ Иккинчи жаҳон уруши туфайли фестиваль етти йилга кечиктирилади ва биринчи марта 1946 йилнинг 20 сентябрида ташкил этилади. Айнан шу сана энг нуфузли кинофестиваллардан бирининг “туғилган куни”дир.
Фестиваль дастурида намойиш этилган дастлабки фильм Юлий Райзманнинг “Берлин” номли ҳужжатли фильми ҳисобланади.
Кинофестиваль молиявий масалалар сабаб, 1948 ва 1950 йилларда тўхтатилган бўлса-да, 1952 йилдан буён ҳар йили мунтазам май ойида ўтказиб келинади (коронавирус туфайли 2020 йил ва 2021 йил истисно).
1949 йилда илк бор киноюлдузларнинг қизил йўлакчадан ўтиш маросими ташкиллаштирилган. Шундан бери бу маросим фестивалнинг энг кутилган анъаналаридан бўлиб қолди. Қизил йўлакча сифатида тўшаладиган гиламнинг умумий узунлиги 60 метрни ташкил этади ва кунига 3 мартадан алмаштирилади, бутун фестиваль давомида жами 2 км га яқин мато сарфланади.
“Олтин пальма новдаси” илк бор 1955 йил Делберт Маннинг “Марти” фильми учун топширилган. Бунга қадар энг яхши фильм учун Каннда Гран-при мукофоти берилган. Олтин новда 24 коратли тиллодан ишланган бўлиб, 19 та олтин япроқдан иборат. Мукофот қиймати – 20 000 евро.
“Олтин пальма новдаси” дизайнини француз режиссёри Жан Кокто ўйлаб топган, парижлик заргар Люсьен Лазон эса унга “жон” бағишлаган.
Олтин пальма новдаси билан тақдирланган биринчи аёл режиссёр Жейн Кемпион бўлиб, унинг “Пианино” фильми 1993 йилги Канн фестивалининг энг яхши фильми сифатида баҳоланган.
Кинофестиваль Франциянинг Канн шаҳрида, Круазет қирғоғидаги Фестиваллар ва конгресслар саройида ўтказилади. Бинонинг ноодатий шакли сабаб, унга “бункер” деб ном беришган. Сарой зиналарини эса “Шон-шараф пиллапоялари” дейишади.
Канн шаҳридаги меҳмонхоналардан тушадиган йиллик даромаднинг 15 фоизи 12 кунлик фестиваль давомида йиғилади. Бу вақт оралиғида меҳмонхоналар нархи тахминан беш баробарга ошади.
2011 йил “Фахрий олтин пальма новдаси” таъсис этилган ва у кинематография усталарига топширилади. Биринчи марта бу мукофотга итальян кинорежиссёри Бернардо Бертолуччи лойиқ топилган.
Канн фестивалининг умумий бюджети тахминан 20 млн долларни ташкил қилади. Шунинг ярми давлат маблағлари ҳисобидан қопланади, қолган ярми эса молиявий ҳамкорлар ва бошқа улушлар ҳиссасига тўғри келади.
2018 йилги Канн кинофестивалида “Олтин пальма новдаси” япон режиссёри Хирокадзу Корээданинг “Дўкон ўғрилари” фильми учун, 2019 йилда Пон Жун-хонинг "Паразитлар" фильми учун топширилган.
74-Канн кинофестивали шу йилнинг 6-17 июль кунлари бўлиб ўтади. Ҳакамлар ҳайъати раиси - Спайк Ли.
KinoArtUz телеграм каналидан олинди