Зулфиқор Мусоқов: "Борган сари умидларим камайиб боряпти..."
- 23/03/2021
- Intervyu
Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов билан "Кино санъати" Телеграм канали учун суҳбат қилдик. Режиссёр "Ҳайрат" фильми ҳақида ҳамда ўзини ўйлантирган бошқа муаммолар ҳақида гапирди.
"Ҳайрат" фильмини бир донишманд инсоннинг фильми деб баҳоладим. Чунки у ерда фалсафа бор, дард бор. Cизга савол: сценарист, тарихдаги мавҳум воқеа ва Да Винчининг тақдирини боғлашдан нима мақсад кўзлагансиз?
Зулфиқор Мусоқов: Аниқ ва қисқа жавоб бераман. Сценарист орзу қилган “Қиш” фильми бу ўша ижодкорнинг фантазияси, эртак, оддий афсона... У бу ҳақида фильмнинг бошидаёқ айтади. Леонардо ва Мефисто ҳам хаёлий. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: Италияда ҳозиргача фактларга асосланган бир афсона бор: шойи чит савдоси билан шуғулланувчи савдогар Синьор Джокондо Леонардога ўзининг севимли аёли Мона Лизанинг расмини чизишни топширган ва пулини тўлаган. Лекин Леонардо ўзи яратган расмдан ҳайратда қолиб, синьор Джокондони алдаб, картинани ўзи билан олиб кетган... Мона Лиза бир йилдан кейин бетоб бўлиб вафот этган. Қайғу-аламда қолган бечора Синьор Джокондо бутун умр ўша расмни излаб, куйиб, охир-оқибат картинани тополмай армон билан оламдан ўтган. Ўшанда Мефисто Леонардонинг олдига ҳар куни чақирилмаган меҳмон бўлиб келавериб жонига теккан... Леонардо қалбидаги хотиржамликни йўқотган...
Мен бу фильмни Зулфиқор Мусоқовнинг ҳаётий хулосаси деб қабул қилдим. Лекин фильм номи "Ҳайрат". Нега?
Зулфиқор Мусоқов: Ўзбек тилида бу сўзга ўхшаган сўз бор-ку, лекин у тўла маъносини билдирмайди-да. Ҳайрон бўлиш эмас, бир мўжизага муносабат ҳайратдир? Бу ном бошида қўйилган эди. Лекин иш жараёнида ҳамфикрларим “биз сценарист Ровшан Азизовни севиб қолдик, "Алвидо, сценарист" номи барибир уни фожиага айлантиради, деган хулосага келдик...
Фильмда тарих, 16 асрдаги Европа ва бугунги жамиятни кўрамиз. Лекин ҳаммаси ўхшаш, гўёки ҳамиша шундай бўлган. Сиз келажакка ишонч билан қарамайсизми?
Зулфиқор Мусоқов: Афсуски, бу кетишда умидсиз қоламан деб қўрқаман. Борган сари умидларим камайиб боряпти...
Сабаб?
Зулфиқор Мусоқов: Чунки кундан кунга маддоҳлик, кўзбўямачилик, хўжакўрсинга қилинадиган тадбирлар ва энг ачинарлиси, агрессив дилетантлар замони бўляпти. Мен бу гапим билан айнан кино соҳасидаги муҳитни назарда тутяпман...
Ёпиқ намойишда бир одам "Ҳайрат" фильмидаги сценаристни "Осмондаги болалар" фильмидаги Ҳамдамнинг улғайиши деб таҳлил қилди. Бу образ сизнинг ўзингиз эмасмисиз? Автобиографик образ деб қабул қилсак бўладими?
Зулфиқор Мусоқов: Йўқ, асло. Худога шукур, ўз ижодий йўлимдан нолимайман, 25 та фильм ишладим. Сценарист образи йиғма образ, битта жойи ўхшаган, холос: мен ҳам самолётда учишдан қўркаман...
Фильмда Бобур Йўлдошевни малика Шоҳинурнинг укаси сифатида кўрдик. Аммо картина якунида уни Туркияда юргани кўрсатилади. Бу кадрга изоҳ бера оласизми?
Зулфиқор Мусоқов: Бобур яратган Бурт образи – фильмда энг фожиали қаҳрамон, чунки у тузалмас касалликка дучор бўлган, бунинг номи – Севги... Занг ҳам касал, лекин унинг касаллиги – тахт. Балким, шу сабабдан уни ҳозирги вақтга кўчирганман, ахир Севги – бу абадий тушунча...
Очиғи, икки йил аввал фильм сценарийсини ўқигандим. Лекин фильмда кўряпманки, сценарий буткул ўзгариб кетган. Сиз съёмкада импровизация қилишни яхши кўрасиз, деб эшитганман. Айнан қайси воқеалар ёки диалоглар съёмка жараёнида туғилди?
Зулфиқор Мусоқов: Коронавирус шахсан менга жуда катта зарба берди: учта сафдошимдан айрилдим. Фатхулла Масъудов, Насрулло Сагдуллаев, Анвар Эргашев... Фильмни сувратга олиш жараёни – бу тирик ҳаёт, миллионта сабаб туғилади. Фильмни сувратга олиш – бу кабинетда ўтириб, қоғозбозлик ва бировнинг орқасидан ғийбат қилиш эмас...
Баъзи журналист ва блогерлар фильм ҳақида "Мусоқов ўзини такрорлабди", деган фикр ёзишганини кўрдим. Фильм ҳақида салбий фикрлар пайдо бўлса, сиз бундай фикрларга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?
Зулфиқор Мусоқов: Бу тош отишларга ўрганиб қолганман. Агар танқид конструктив бўлса, албатта, ўйлайман, лекин маданияти ўта паст, фисқу фасод, кимнингдир пулига ёзилган “танқидчи"ларга эътибор бермайман. Халқ топиб айтган: "Ит ҳурар, карвон ўтар..."
Мен "Ҳайрат"дан жуда кўп ҳайрат олдим. Сизни биринчи навбатда катта бир шахс сифатида бугунги жамиятда бўлаётган жараёнга кинода муносабатингизни кўриб қаттиқ ҳурмат қилдим. "Осмондаги болалар 3" фильмини тезроқ бошлашингизни кутяпман. Бу ҳақида янгиликлар борми? Ва янги фильм ҳақида бироз маълумот берсангиз.
Зулфиқор Мусоқов: Кўпчиликнинг олдида кинонинг бош раҳбари ваъда берувди: “Осмондаги болалар 3” навбатдаги Бадиий кенгашга муҳокамага қўйилади, деб. Орадан бир неча ой ўтди... Ҳали бирор киши хабар бергани йўқ. Қачон сўрасам, турли баҳоналар билан пайсалга солиб ўтиришибди. Бор гап шу...
Саломат бўлинг!
(Хуршид Абдурашид суҳбатлашди)