Вақт қисмларига сочиб юборилган "Дюнкерк"

Вақт қисмларига сочиб юборилган

Вақт қисмларига сочиб юборилган "Дюнкерк"

  • 04/06/2021
  • Кинотақриз

“Дюнкерк” Кристофер Ноланнинг ўнинчи муаллифлик фильми бўлиб, киноасар сюжети Иккинчи Жаҳон урушидаги Дюнкерк операцияси воқеаларига асосланган. 1940 йилда Дюнкерк шаҳри яқинида Британия, Франция ва Бельгия ҳарбий бўлинмалари немис танклари томонидан қуршаб олинган. Аммо ушбу қийин вазиятда 300 мингдан ортиқ ҳарбийлар денгиз орқали Дюнкерк шаҳридан эвакуация қилинган.

Ноландан аввал ҳам кинода Дюнкерк мавзусига мурожаат қилинган: 1964 йилда ишланган Анри Вернёйнинг “Зюйдкотдаги ҳафта охири” ҳамда 2007 йилда ишланган Жо Райтнинг “Қутқарув” фильмлари сюжети Дюнкерк операцияси асосида шакллантирилган.

Ноланнинг фильми Дюнкерк операцияси вақтида 300 нафар британ ва француз аскарларининг қутқарилиши ҳақида ҳикоя қилиб, унда Кеннет Брана, Киллиан Мёрфи, Том Харди, Марк Райлэнс, Финн Уайтхед, Том Глинн-Карни ва Гарри Стайлслар роль ижро этишган. 2017 йилда ишланган ушбу фильмга 100 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган. Намойишдан кейин эса 526 млн. 941 минг АҚШ доллари миқдорида даромад кўради.

Сюжет нима дейди?

Фильм уруш ҳақида бўлса ҳам унинг муаллифи Нолан эканлигини унутмаслик керак. Ўзининг ғайриоддий қарашлари ва илмий фаразларини кинематик тилда ифодалашга ўрганган Нолан ушбу фильмда ўз анъанасига содиқ қолиб, яна бир ноодатий композициядан фойдаланади ва киноасарни учта вақт жадвалига бўлади: искала (бир ҳафта), денгиз (бир кун) ва ҳаво (бир соат).

Олти нафар инглиз аскари Дюнкеркнинг кимсасиз кўчаларида озиқ-овқат ва сув излаб юришади, шунда уларга тўсатдан немис аскарлари ҳужум қилишади ва улардан бештаси ўша ерда ўлдирилади. Фақатгина Томми (Финн Уайтхед) у ердан қочиб чиқиб, пляжга этиб боради ва пляжда эвакуация қилишларини кутаётган инглиз қўшинига бориб қўшилади. Портлаш, қон, ўқ овози, одамлардаги таҳлика уруш атмосферасини бериб турган бўлса ҳам, режиссёр қаҳрамони орқали бошқа бир мақсадни амалга оширмоқчидай туюлади.

Шундан кейин пляждаги аскарлар ўзлари томон келаётган немис бомбардимончисини кўришади. У қирғоққа бомба ташлайди, кўпчилик яраланади, қурбонлар ҳам бўлади. Томми тақдирга тан беришга тайёрланмоқда, аммо бомбалар уни четлаб ўтади.

Томми ва Гибсон француз аскарларининг олдига боришиб, улар ҳам кемага чиқмоқчи бўлишади, аммо уларнинг хоҳиши рад этилади. Томми ва Гибсонга кемани тарк этиш буюрилади, сўнгра улар бошқа кемани кутиш учун искала (кемаларни денгиз тўлқинларидан ҳимоя қилишга мўлжалланган портнинг кириш қисмидаги деворга ўхшаш иншоот)га яшириишади. Бир неча дақиқадан сўнг улар кетмоқчи бўлган кемага немис самолётлари ҳужум қилишади, Томми Aлекс (Гарри Стайлз) исмли аскарни ўлимдан қутқаришга муваффақ бўлади. Aйни пайтда Қироллик флоти қўмондони Болтон (Кеннет Брана) ва полковник Уиннант (Жеймс Д’Aрси) амалда қамалда қолган аскарларни олиб кетиш ва уйларига хавфсиз қайтариш ҳақида бош қотиришади. Улар аскарларни қутқариш учун қайиқлардан фойдаланишга қарор қилишади, чунки бу кўпроқ аскар омон қолиши учун ягона имконият бўлиб кўринади.

Томми, Гибсон ва Aлекс Британиянинг бошқа Қизил Хоч кемасига олиб кетилади. Кема кетаётган пайтда тўсатдан торпедо кемага урилиб, пастки қисмга сув тоша бошлайди. Кўп ўтмай немис аскарларининг шиддатли ўқлар ёмғири бошланади. Ўқ тешиклари туфайли кема чўкишни бошлайди. Aлекс кемадаги оғирликни енгиллаштириш учун Гибсонни кемадан улоқтиришни таклиф қилади, чунки у Гибсонни немис жосуси деб билар, ўтган вақт давомида у “ўз талаффузини яширишга уриниб” индамаганини исбот сифатида келтиради. Шундан сўнг Гибсон тилга киради ва у эвакуация қилиш учун бошқа бир аскарнинг формасини кийган француз эканлиги маълум бўлади. Шу билан искаладаги бир ҳафта якунланади.

Денгиздаги бир кун

Композиция бўйича кейинги вақт чизиғи “денгиз” билан боғланади ва бу ердаги вақт “бир кун”ни ташкил қилади.  Қироллик флоти Дюнкеркдаги аскарларни қутқариш учун фуқаролик кемаларини реквизиция қилишни бошлайди. Жаноб Доусон (Марк Райлэнc) зобитларга буйруқ беришни рад этиб, ўз қайиғида сузишга қарор қилади. У билан бирга кичик ўғли Питер ҳамда унинг дўсти Жорж бирга сузиб кетишади. Қайиқ чўкиб кетган Британия кемаси ёнидан ўтаётганда улар номаълум аскарга дуч келишади. Воқеалар янги иштирокчилар ҳисобига тушунарсиз кўринса-да, Дюнкерк операциясини турли ракурсдан томоша қилишга, тасаввур қилишга режиссёр томонидан берилган имконият дейиш мумкин.

Кейинги воқеалар ривожи ҳавога кўчади. Ҳаводаги вақт ҳисоби бир соатни ташкил қилади. Бунда “Спитфайер”нинг учта учувчиси денгиз бўйлаб учиб, ҳарбийларга беғараз ёрдам беради. Учувчиларнинг немис ҳарбийлари билан ҳаводаги ўзаро кураши томошабинни бундан аввал кўрган қирғоқдаги ва денгиздаги ҳикояларни унутишга мажбур қилади.

Вақт чизиқларидаги ҳикоялар бирлашади

Аммо кутилмаганда барча вақт жадвалларидаги ҳикоялар бирлаша бошлайди. Шундан сўнг биринма-кетин турли вақт чизиғида қолган қаҳрамонлар аралаш-қуралаш ҳолда кадрларда пайдо бўлишади. Ва ниҳоят финалда аскарларни қутқариш учун уфқда кўпроқ инглиз кемалари пайдо бўлади. Чўкаётган кемани тарк этган аскарлар (Томми, Aлекс ва бошқалар) портловчи самолётни пайқаб, немис бомбардимончиларидан бирининг ҳужумига дуч келишади. Ҳаводаги учувчилар навбатдаги немис самолётини уриб туширишга муваффақ бўлади. Шу билан бирга қамалдаги аскарлар эвакуацияси давом эта боради. Улар орасида Aлекс ва Томми ҳам бор. Aлекс пастга тушиб, Доусонга Жоржнинг ўлгани ҳақида хабар беради. Яна бир немис бомбардимончиси кўзга ташланади, аммо учувчи Фарриер уни отиб ташлайди. Болтон ва Уиннант 338 минг кишини қутқариш ҳақида гаплашишади. Болтон Францияни эвакуация қилишига ишонч ҳосил қилиш учун Дюнкеркда қолади.

Фильмнинг сўнгги кадрларида Алекс Уинстон Черчиллнинг эвакуация тўғрисида баёноти чиққан газетани кўриб қолади ва Томмидан уни ўқишни илтимос қилади. Черчиллнинг баёноти давом этаркан, “сиз ҳеч қачон таслим бўла олмайсиз”,  деган жумлага урғу берилади.

Нолан нима демоқчи?

Фильм тарихдаги воқеани шунчаки ҳикоя қилиб бермаган. Нолан ҳеч бир воқеани бекорга сарфламайди. У ҳатто тарихий воқеадан ҳам ўз тажрибалари йўлида фойдаланади. Унинг қаҳрамонлари кўпинча ҳақиқат ва хаёлни чалкаштириб юборади, шахсий инқирозларни бошдан кечиради, орзулар дунёсига кириб боради ва у ердан чиқиб кетолмайди. Улар кўпинча муаммоларини ҳал қилиш учун ўзларини бошқаларга ўхшатишга ҳаракат қилишади. Ноланнинг фильмлари кўпинча вақтни ўрганади, ҳали тафтиш этилмаган ҳикоялар билан тажриба ўтказади.

Вақт Ноланнинг кинодаги тажрибаларининг объекти ҳисобланади. Бошқа режиссёрлар учун вақт ва ундан келиб чиқадиган бадиий техника кўпинча жанрга қараб тор функцияни бажаради. Анимацион фильмларда у ритм ва қўзғалиш учун, триллерларда кескинлик учун, драмаларда умр ўтиб кетганининг рамзи сифатида фойдаланилади. Нолан эса вақт билан мунтазам равишда ишлайди, у фильмнинг бир неча даражаларида вақт билан тажриба ўтказади. Ушбу кинематик тадқиқотлар тахминан турли хил функцияларни бажарадиган бир нечта гуруҳларга бўлиниши мумкин. Ноланнинг фильмларида вақт ҳис-туйғулар ва ҳиссиётларнинг катализатори, ғояларнинг очилиши учун "калит" ва сюжет тузилишининг асосий элементи сифатида ишлатилади. Шу билан бирга режиссёр ҳар бир янги фильмида ҳикоя тузилиши ҳамда вақт билан тажрибалар ўтказади, илгари фильмографияда қўлланилмаган янги тузилиш форматини таклиф этади.

“Дюнкерк” фильмида Нолан вақт чекланган манба эканлигини, бетартибликда вақт исталган пайт тугаб қолиши мумкинлигини эслатиб ўтади. Қолаверса, Нолан урушни вақтнинг майда қисмларига бўлиб, энг қисқа вақт бирлигида ҳам уруш нақадар даҳшатли кўринишини экранда акс эттиради.

 

Хуршид Абдурашид