Ноланнинг уйғониш ҳаракатлари ва уйқудаги пари
- 18/06/2021
- Chig‘iriq
“ИЧКАРИГА КИРИШ” - ЯНГИ КИНОНИНГ БОШЛАНИШИ
2017 йилда Силикон водийсидаги ақллар бутун коинот – симуляция, коинот гўё улкан компьютер дастури бўйича ҳаракатланади деб шу бўйича изланиш бошлашди. Худди шундай, “У ҳар куни иш - амалдадир.” Ҳар секундда чексиз миқдордаги операциялар амалга ошади. Бу инсоният муносабатларида ҳам бўлмоқда. Ҳар секундда чексиз янги дунёлар очилади ва ҳар секундда улар парчаланиб кетади.
Инсон саргузаштлари ҳам симуляция доирасида кечади. Қадимгилар симуляцияни "туш" деб қарашган. Одамлар уйқудалар, бу ҳаётлари тушдан иборат. Одамзот ақлий меҳнатдан қочади.
У кўпинча ўғрилик билан шуғулланади. Дунёда тайёр маънавий неъматлар бор. Уларни осмон билан мувофиқ келмаган ҳолда ишлатаверишади. Шундан улар симуляция ҳолатига тушади.
Қачон Осмон билан – улкан компьютер билан мувофиқ ҳаракат қилинганда симуляциядан чиқилади. Уйғонса бўлади, лекин ҳеч ким уйғонишга ҳаракат қилмайди. Ичларида ўрнатилган улкан компьютер билан мувофиқ келишмайди. Ваҳоланки, компьютер унга бошқа бир йўл, дунё ҳадя қилмоқчи эди.
Aмерика киноси квант физикаси, абсурд мавзусига кириб борётганини сезмай ҳам қолди. Aввал “Матрица” фильми шундай шов-шувга сабаб бўлганди. Менимча, Нолан Aбсурд ҳудудига кириб, бу мавзуда илк фильмлар ола бошлади, деб айтгим келади. Ким билсин, "шунос"лар қандай талқин қилади. Aммо ҳар қандай кино бу - одам ҳақида.
Мукаммал соддалик томон кино йўналиш ола бошлади. Нолан одамларни тушдан уйғониш муаммосини олд планга қўяди. Буни ечишда унгача бўлган, одамларнинг ўзи эътибор бермайдиган квант ҳаракатларни катталаштириб кўрсатади. Зарралар ҳаракатини, секунд ичидаги секундни эпизодга олиб чиқади.
Одамлар азартга, эҳтиросга берилиб, тушдан уйғонгиси келмайди. Уйғониш учун ҳозирга келиш керак эди. Бу эса қийин. Бунинг учун ўша тирик улкан компьютерга мурожаат қилиш керак. У билан алоқа узилиб қолган. У билан алоқасиз ҳаёт тушда ўтади. Уйғоқ эмас. Маликанинг қизи Денгиз париси сени излаб юрганди. Сен ҳам уни излагандинг. Унга ўзингни таништирсанг ҳам у ҳис қилса-да, тушдан уйғониши қийин кечади: Денгиз париси юзига сўзлар билан майин тарсаки урасан. У эса аксинча хафа бўлади.
Гўё қўпол туюлган сўзлар аслида парини ичкарига кириши учун шанс эди. Шунда улкан компьютер билан муносабатга киришар эди. Излагани шу одам бўлиб чиқар эди. Шунда уйқудаги тушдан уйғонарди. Aксинча, парининг олдига бошқа туш кўраётган келади. Тушида ўғирлаган санъат асарларини ўзиники деб парига совға қилади. Парига бу янги туш рангли кўринади.
Сен маҳзунликка бериласан.
Денгиз парисининг уйғониб ҳозирга етиб келишини кутасан. Ҳозирга келиш учун барча ҳаракатлардан – туш кўришдан тўхташдир, зеро энг олий ҳаракат ҳаракатсизликдир. Шунда Дунёлар пардаларини кўтара бошлайди. Кимнинг қандай туш кўраётганини кўриб турасан.
Зеро, Улуғ Китобнинг 15-сура, 16 - 17 оятларида бу ҳақда гўзал айтилган. Кристофер Ноланни тушдан уйғониб Ҳозирга етиб Ичкарига кириш қизиқтиради. Қадимгилар бу муаммо билан доим ишлашган ва ечишган.
Бунга ёрқин мисол қилиб, Мусо пайғамбар ва Хизр саргузаштларини айтиш мумкин.
Хизр кемани тешишида, болани ўлдиришида, деворни тиклаб қўйишида улкан компьютер дастури бўйича амалга оширганди.
Мурод Човуш