"Мени қутқар!"

"Мени қутқар!"

  • 18/06/2021
  • Chig‘iriq
 
Бу фильм 1999 йил инглиз режиссёри Марта Файнс томонидан ишланган. “Евгений Онегин”га ишланган экран версиялари орасида менга ёққани шу фильм бўлган. Бу фильмга қаергадир дуч келиб қолсам, уни диққат билан кўраман. Зерикмайман. Режиссёр фильмни “Мени қутқар” деб номласа ҳам адашмаган бўларди. Чунки фильм охирида айнан шу калит сўз Онегин тилидан айтилади.
 
Aйнан шу сўз орқасидаги муаммолар рус аурасини ҳам қамраб олган. Фақат буюк ёзувчи ёки режиссёр бу муаммо таҳлилига кириши мумкиндир. Севги тарихи рус жамиятида ноқонуний йўллар билан ривожланмоқчи бўлади: Онегин, Aнна Каренина. Бу ерда Aннанинг эри, Танянинг эри борлиги масаланинг ташқи тарафи. Биз айтаётган масала бошқа.
 
Бу кинони эринмасдан ва зерикмасдан қайта кўришимга сабаблардан бири, асардаги қаҳрамонлар ҳолати тиниқ юзага чиқиши ҳамдир. Режиссёр ҳар бир ҳолатнинг, ҳиснинг номини билади.
Шундан Онегин, Татяна ва бошқа образлар ёрқин ўйналади. Бу ерда актёрни эмас, Онегинни кўрасиз. Бу ерда актрисани эмас, Пушкин тасвирлаган Татянани кўрасиз. Шу жиҳатдан Онегинга ишланган бошқа талқиндаги фильмларни кўролмаганман. “Мени қутқар” рус жамиятидаги ҳолатдир. Инжилда айтилган ҳолатдир. Бу нарса содир бўлмайди. Шундан бу жамият ичкиликка, масалан, муккасидан кетади ва шу каби. Ҳислар, эмоциялар охиригача ўйналмайди. Маънога ёки Севгига айланмайди. Бизга Пушкин режиссёр орқали шундай дейди.
 
Фильмдаги энг оғир ва таниш нуқталардан бири: Онегиннинг қиш чилласида балконда ўтириши. Ички оловнинг умидсизликдан ёниши. У қутқарилмаса ҳасадга, нафратга айланиши мумкин. Бу эса бутун бир жамиятни қамраб олади. Бутун бир жамиятда айнан шу нарса содир бўлаверади. Бу санъатнинг сиридир.
 
Бизда ҳали севги тарихи ўйналмаган. Отабек антиқаҳрамон, деярли барча замонавий ўзбек-хонтахта номидаги фильмлар ушбу антиқаҳрамондан озиқланади. Отабек ўзидаги тирикликка қулоқ солмайди, атрофга қулоқ солади: “ота-онам нима дер экан”.
Шундан хонтахта фильмлардаги гўё севги можаролари ҳайвоний тус олади. У ерда Бошқа нарса йўқ, яъни қувиб, хаёл билан етиб бўлмайдиган ҳеч нарсанинг сифатлари йўқ. Кадр ортида шу нарса туриш керак эди. Тириклик йўқ. Ўзбек насрида, киносида ҳали бу муаммо ўйналмаган. Улар тирикликни, қонуниятни суриб қўйишади. Шундан жозиба йўқ, ҳаё йўқ. Сир йўқ. Ва бу натуралистик фильмлардир. Яъни дидсиз, жозибасиз, сирсиз; тириклик йўқ.
 
Жан Люк Годар “энг дидсиз фильмни кўриб ҳам фикр уйғониши мумкин”, дейди. Чунки у бошқа тарафдан қарайди. У фильм орқали шу жамиятда нима бўлаётганини кўради. Ва бу Санъатнинг сиридир. Ўзбек жамиятида ҳали севги тарихи ўйналмаган. У ярим йўлда, эҳтирослар, пафослар, эмоциялар шаклида қолиб кетиб, топталган. Шундан жамиятдаги барча бахтсизликлар, шундан жамиятдаги эркак ва аёлларнинг ёвузликлари. Чунки улар тирикликдан бебаҳра қолишмоқда.
 
Чунки ҳисларига ном бера олишмайди. Худди математика каби бу фикр операцияси амалга ошмайди. Ўзларини ўзлари ясашади. Учинчи нарса – Ҳаёт орқали муносабатлар амалга ошмайди.
Севги бу – ҳадядир. Ўзбек жамияти бу ҳадяни қабул қилмаган. Доим инкор қилишган, шунданми, эҳтимол, тирикликдан у узоқлаштирилган. Жамиятда ҳадя ўрнини тополмай ўз Эгасига қайтарилган ва бу Ишқ деб классик адабиётда давом этиб келмоқда. Нуқта.
 
Мурод Човуш