Зафар Йўлдошев: "Продюсер – шунчаки кино Ҳомийси эмас"
- 03/05/2021
- Intervyu
Ҳозирда ўзбек киноси сезиларли даражада ривожланиб, халқимизга турли мавзулардаги кинокартиналар туҳфа этаётганини ҳам эътироф этиш керак. Тўғри, хато-камчиликларимиз йўқ эмас, лекин қила олмагандан, умуман қилмагандан кўра, имкон борича бу ишга қўл ураётганимиз, кино соҳасида тажриба ва маҳоратни ошираётганимиз давр ва одамлар руҳиятининг тафаккурига мос фильмлар олишга уринаётганимиз одамни қувонтиради. “Шабнам”, “Жаноб ҳеч ким”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Фаришта”. Бу киноларни кўпчилик кўрган бўлса керак. Айниқса, сўнгги 2-3 йил ичида ўзбек кино санъатида кескин бурилиш ясаган “Исломхўжа”, “Элпарвар”, “Илҳақ” ва “Ибрат” фильмлари ҳам халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Хўш, юқоридаги номларни бирлаштирадиган нима бор, дейсизми? Бугун юқоридаги фильмларга, киноларга продюсерлик қилган, фаолияти давомида ўн бешдан ортиқ фильм ишлаган кинопродюсер, тадбиркор Зафар Йўлдошев билан бугунги ўзбек киночилигидаги ютуқ ва муаммолар, тажрибалар ҳақида суҳбатлашдик.
— Даставвал, продюсерлик соҳасига кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз?
— 1998 йил эски киночилар уйи (“Дом кино”)да акам билан кафе ва ресторан очганмиз. У вақтда бозорда ишлардим, ҳам ўқирдим, ҳам тамаддихона ташвишлари билан банд эдим. Кафега актёр ва режиссёрлар, кино соҳаси вакиллари кўп кирарди, баъзан премьераларни нишонлашарди. Баҳонада улар билан мулоқотда бўлардим. Киночиликдаги ютуқ ва камчиликлар, муаммолар ҳақида гаплашардик. Шу тариқа ана шу соҳада устоз, ака-ука, таниш-билиш орттириб, кино санъатига қизиқишим ортиб борган. Кейин “Ёшлар” телеканалида Актам Бердиёров билан бир лойиҳага қўл урганмиз. У муваффақиятли чиқди ва бу соҳа мени ўзига оҳанрабодек тортиб олди.
— Тадбиркор одам кино соҳасида... Очиғи, ҳозир унча ажабланмайману лекин қийин кечмаганми?
— Йўқ, қийин бўлмаган. 1998 йилдан то бу пайтга қадар, соҳани яхшигина ўргангандим. Чунки илк киномиз — “Шабнам”ни 2008 йилда суратга олган бўлсак, бу вақт оралиғида қанча раҳбар янгиланди, раислар ўзгарди. Киночиларнинг ютуқ ва камчиликларини аввалдан билардим, уларнинг овқатланиши баҳона деярли, соҳанинг ичида эдим. Кино соҳаси, ўзбек киносидаги аҳвол, кетаётган жараён ҳақида яхшигина маълумотга эга бўлганман.
— Зафар Йўлдошев учун продюсер ким?
— Продюсерлик ҳам, аслида касб. Фақат бу соҳада битта шу иш билан чекланиб, яшаб бўлмайди. Продюсернинг бошқа ишлари, маблағ келадиган “манба”лари бўлиши шарт. Продюсерликдан бошқа иш қилмайдиган, умри фақат продюсерлик билан ўтадиганларни мен продюсер деб билмайман. Продюсер, аввало, ҳунари кўп, “универсал” одам бўлиши керак. Энди иккинчи томони — у шунчаки кинога пул тикувчи, маблағи бор одам эмас, балки узоқни кўра оладиган тадбиркор, соҳани яхши тушунадиган, дунёқараш ва фикрлаш доираси кенг, ташкилотчи, тез ва тўғри қарор қабул қиладиган бўлиши лозим. Фақат ўзини ўйлаб эмас, бутун жамоаси учун қайғурадиган, тарихни, адабиётни яхши биладиган, илмли инсон бўлиши зарур.
— Қайси фильмга тиккан пулингиз учун афсусланасиз. У сизга фойда келтирмаган?
— Бирор картинага пул тикаётганимда, энг аввало, унинг КИНО ёки КИНО эмаслигига эътибор қаратаман. Ундан кейин фойда (“Касса”) тарафи ҳақида бош қотираман. Тўғри, пул тикаётганимда, ҳамма қатори пулимни қайтиши, фойда кўришни хоҳлайман. Лекин санъатда бу нарсалар иккинчи даражали ҳисобланади. Ўхшамаган, муваффақиятсиз чиққан лойиҳаларим ҳам бўлган, лекин ҳеч қачон бундан афсусланмайман. Хато қилдимми, камчилик бўлдими, демак биз буни англаб етдик. Кейинги сафар бу хатоларни қайтармаймиз. Муҳими, тажриба тўпланади. Кино ҳақиқатда зўр чиқса, бас, шунинг ўзи энг катта фойдадир. Асосийси шу.
— Сўнгги йилларда ишланган тарихий фильмлар — “Исломхўжа”, “Элпарвар”, “Илҳақ” ва мана яқинда катта экранларга чиққан “Ибрат” кинокартиналарининг продюсерисиз. Тарихий фильмлар ишлаш жараёни ҳақида тўхталсангиз.
— Тарихий фильм ўз номи билан тарихий бўлади. Ундаги ҳар бир детал, жой, одамлар, умуман, давр ҳаммаси ўтмишга хос олиниши шарт. Чунки томошабин картинада тасвирланган атмосфера ўша даврга тегишли эканига ишониши керак. Акс-ҳолда, у дастлабки дақиқаларданоқ томошабинда ишончсизлик уйғотади. Биз режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов билан “Исломхўжа” фильмини суратга олишда тарихий фильм ишлаш тажрибаси йўқлиги туфайли кўп қийинчиликларга дуч келдик. Ҳар бир ишнинг бошида хато ва камчиликлар бўлиши табиий. Аммо хатоларсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Кейинги ишим — “Элпарвар” фильмини суратга олиш пайтида дастлабки тажриба қўл келди. Шу билан фильмдан фильмга тажрибамиз ошиб боряпти. Масалан, сўнгги ишлаган “Илҳақ” ва “Ибрат” фильмларининг айрим саҳналари хорижий давлатларда ҳам суратга олинди, муҳими кўпчиликка манзур бўлди.
— Тарихий фильмда продюсер дуч келадиган асосий қийинчилик нима?
— Продюсер фильмнинг барча ташкилий томонларини ҳал қилиши керак. Бунга тасвирга олиш майдони, декорациялардан тортиб ишлаётганларнинг тушлигигача киради. Режиссёр фильмнинг ижодий томони учун қанчалик масъул бўлса, ташкилий томон учун продюсер шунчалик жавобгар шахс бўлади. Тарихий фильмларни суратга олишда ўша давр муҳитини кўрсатиб берадиган шаҳар топиш, у ерда декорация қуриш анча мураккаб иш. Шу иш сифатли ва ишонарли чиқмаса, фильм сифатига путур етади. Масалан, “Илҳақ” фильмининг уруш саҳналари Белорусда суратга олинди. Ёки “Ибрат” фильмида Исҳоқхон Ибратнинг хорижга сафари саҳналари Мисрда тасвирга туширилди. Фильмни хорижий мамлакатда суратга олиш учун ўша давлатдаги кинога алоқадор компаниялар билан алоқа ўрнатиш керак бўлади. Бунинг эса ўзи бўлмайди. Бу бир нечта босқичлардан иборат жараён. Продюсер буларнинг ҳаммасини яхши ташкил эта олиши шарт.
— Ҳақиқатан ҳам “Илҳақ” фильми халқимиз томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Фильмнинг муваффақият қозонишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
— Сценарийни ўқиган пайтимдаёқ бу асар менга маъқул бўлган. Зулфия ая Зокированинг беш ўғлини урушга кузатиб, улардан бирортаси қайтиб келмагани инсонни жуда таъсирлантирадиган ҳикоя. Бу ерда фақатгина Зулфия ая эмас, фарзандларини урушга жўнатган бутун ўзбек оналарининг аччиқ қисмати тасвирланган. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ва бутун ижодий жамоа билан карантин пайтида ҳам жон-жаҳдимиз билан меҳнат қилдик. Чунки фильмнинг 9 май куни тақдим этилишига интилдик.
У катта экранларга чиққанидан сўнг, миннатдорчилик мактублари олдик. Қувонарли жиҳатлардан яна бири, Президентимизнинг фильм ҳақида айтган илиқ фикрлари бўлди. Ижодкор учун бундан ортиқ мукофот бўлмаса керак.
— Анчагина шов-шув бўлган яна бир фильм — “Ибрат” тарихий кинокартинасига ҳам сиз продюсерлик қилгансиз. Бу фильм қайси жиҳати билан сизга маъқул бўлди?
— Исҳоқхон Ибрат ҳақида эшитганман, лекин очиғи, ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотга эга эмас эдим. Халқимиз, айниқса, ёшлар бу инсон ҳақида кўпроқ билишлари зарур, деб ўйладим. Фильмни суратга олишдан мақсад ҳам шу эди. Тарихий шахсларимиз ҳақида фильмлар кўпроқ олинса, миллат маънавияти бундан ютади, холос. Замонавий мавзулардаги фильмлардан кўра тарихий картиналарни ишлаш анча мураккаб. Аммо ижодкорда янги бир довонни забт этиш иштиёқи бўлса, бу қийинчиликлар унга ҳалал бермайди.
“Ибрат” — томошабинлар учун енгил ҳазм бўладиган фильм эмас. Бироз тафаккур қилиш, мулоҳаза юритишга тўғри келади. Шу жиҳатдан бу каби фильмларга эҳтиёж кўп, деб ўйлайман.
— Агар умрингизнинг исталган пайтига бир дақиқага қайтиб қолиш имкони берилса, қайси вақтни танлаган бўлардингиз?
— Ҳеч ўйлаб ўтирмасдан 11 ёшлик пайтимга қайтиб қолишни истардим. Чунки ўша пайтда отам бор эдилар. Отам билан кинога тушардик, “Пахтакор” майдонга тушса, футболга олиб борарди. Шу дамларга қайтгим келади.
Ота меҳрига тўймаганман. У киши оламдан эрта кўз юмганлар. Отам билан ўтказган умримнинг истаган вақтига, бир сонияга бўлса ҳам қайтиб қолишнинг иложи бўлганидами...
Эсимда, мактабга кетаётганимда, отам илмий иш ёзиб, қоғоз қоралаб ўтирганди (У киши фалсафа фанлари номзоди эди). Шу вақтда айтган сўзлари доим қулоғимда жаранглаб туради. “Ада, ман мактабга кетдим”, десам, ўгирилдилар-да: “Пулинг борми?”, деб сўрадилар. Ҳа бор деб мактабга кетдим Дарсдан чиқиб, уйга келсам, отам юрак хасталигидан вафот этибдилар. Энг тўлиб, эзилиб йиғлаганим — ўшанда бўлган... Кейин ўз устимда ишладим, ҳаракат қилдим, тер тўкдим, дадамнинг ўша гаплари балки туртки бўлганиданми, ҳозир пулим бор, лекин дадам йўқ...
— Келгуси ижодий режаларингиз билан ўртоқлашсангиз?
— Ҳозирча бирор фильм устида ишламаяпмиз. Лекин янгилик бўлади. Сценарийлар, кинолойиҳалар бор. Аста-секинлик билан амалга оширамиз. Халқимиз учун қизиқарли бўлган, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотадиган, миллий тафаккурга хизмат қиладиган фильмлар ишлашни режалаштиряпмиз. Ҳозирча айнан бир фильм номини айта олмайман. Чунки режамизда бир нечта фильмларни ўйлаганмиз.
— Суҳбат учун раҳмат. Яхши кинолар ишлашда давом этинг.
Абдулазиз АҲМЕДОВ суҳбатлашди,
“HURRIYAT” газетасининг 2020 йил 28 октябрь
38-сонидан олинди