Умид Ҳамдамов: "Мен аёллар жасоратини кўрсатмоқчи бўлдим"
- 21/04/2021
- Intervyu
2019 йил Россиянинг Анапа шаҳрида ўтказилган «КИНОШОК-2019» халқаро кинофестивалида «Иссиқ нон» бадиий фильми бош соврин – Гран-прини қўлга киритганди. Шунингдек, картина «Энг яхши актриса», «Энг яхши мусиқа» номинацияларида ҳам ғолиб бўлди. Мазкур фестиваль МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларини қамраб оладиган энг йирик киноанжуманларидан бири саналади. Яна “DYTIATKO” халқаро болалар медиа фестивалида бош роль ижрочиси Зарина Эргашева «Энг яхши актриса» мукофотига сазовор бўлган. UzAnalytics сайти мухбири «Иссиқ нон» фильми режиссёри Умид Ҳамдамов билан суҳбатлашган эди ва биз шу суҳбатни тақдим этамиз.
Фильм сценарийсини ўзингиз ёзган экансиз. Уни яратиш ғояси қачон ва нима сабабдан пайдо бўлди?
Фильмни яратиш ғояси 2008 йилда пайдо булган. Зулфия образининг ҳаётда прототипи бор. У қиз ҳам бувиси билан яшайди. Ота-онаси эса ажрашиб кетган. Қандайдир тасодиф сабаб ўша қизалоқ билан гаплашиб қолганман. Ўшанда у ота-онаси ҳақида жуда яхши гапларни айтган эди. Аммо мен бу оила қайта тикланмаслигини билар эдим. Қизалоқ эса ота-онаси ҳақида афсона тўқиб олган ва шунга ишониб яшаётган эди. У ҳаётда оддий нарсалардан қувонарди, завқ оларди. Масалан, қиз қудуқда балиқ боқар экан. Ўша балиқни менга кўрсатган, уни қандай тутиб олганини хурсанд бўлиб гапириб берган. Ота-она меҳри, эътиборига ташна қизалоқнинг ички кечинмалари менга қаттиқ таъсир қилган. Унинг ҳаёти ҳақида кўп ўйладим. 2011 йилда шу воқеадан таъсирланиб, сценарий ёздим. Зулфиянинг келинойиси образи ҳам ҳаётдан олинган.
Ғояни акс эттириш учун кўп жойларига бадиий тўқималар киритдим. Фильмда, асосан, оилани сақлаб қолиш, ўзбек аёлларининг сабр-матонати, қийинчиликларни сукут сақлаб, дардини ичига ютиб, енгиб ўтиши ҳақида фикр юритмоқчи бўлганман.
Кўпчилик фильмни уч аёл тақдири ҳақида дейишади. Сизнингча, фильм нима ҳақда?
Тўғри, сюжет линиясида, асосан, аёллар бўлгани учун кўпчилик шундай хулоса қилади. Бу билан мен аёллар жасоратини кўрсатмоқчи бўлдим. Қаранг, Норгул − ҳатто бегонанинг боласини ҳам бағрига оладиган аёл, бувининг хатти-ҳаракатлари, ёлғонлари оилани сақлаб қолишга қаратилган. Ёлғонлар сабаб оила тинч ҳаёт кечирмокда. Лекин уни асрайдиган ҳам, таянчи ҳам аслида эркак бўлиши керак эди. Қадим тарихимизга назар ташласак, азалдан шундай бўлиб келган. Шукрки, бу одатимиз йўқолгани йўқ. Бироқ кейинги пайтларда негадир эркаклар шу нарсаларни унутиб қўяётгандек. Уларнинг позициясида сусткашлик бордек. Аёл зиммасига жуда кўп “юк”ни ташлаб қўйганмиз.. Буни фильмда Феруза Саидова яратган образ Норгулда кўрамиз. У тинмай меҳнат қилади, оилани зўрға тебратади, ёнида суянчиғи йўқ. Фарзандларини эса боқиши, вояга етказиши керак. Аслида оилани асраш учун аёл қилаётган мана шу асосий вазифани эркаклар бажариши керак демоқчи бўлганмиз. Айнан аёллар, фарзандлар орқали биз эркакларга, оталарга мурожаат қилмоқчи бўлганмиз. Оилани, аёлни, фарзандни асраш – эркакнинг вазифаси. Шуни унутиб қўймаслигимиз керак.
Демак, картина оилавий қадриятлар ҳақида. Фильмда оилани иқтисодий жиҳатдан таъминлаш ёки қийинчиликларга қарамай, яқинларимизнинг ёнида бўлиш каби иккита масала кўндаланг қўйилган…
Ҳозирги глобаллашув даврида абсурд саволлар кўп. Фильмда ана шу абсурд саволларга қандайдир жавоб топмоқчи бўлганмиз. Бу каби муаммолар ҳар доим мени ўйлантириб келган. Масалани шундай талқин қилсак, балки тўғрироқ бўлар деган ўй-хаёллар билан картинани тасвирга олдик. Бугунги кунда жуда кўп оилавий қадриятлар йўқолиб кетяпти. Бу гўё она тилимизга, умуман, қадриятларимизга путур етказадиган даражада хавф солаётгандек. Шундай ҳолатда сабр ва мулоҳаза билан яқинларимизнинг ёнида бўлишга ҳаракат қилсак, уни сақлаб қола оламиз. Зулфиянинг келинойиси исми бежиз Норгул эмас, унинг ҳаммадан фарқли бир хислати бор: дунёқараши, фалсафаси бошқача, у қийналса ҳам дод солмайди, ҳаётидан нолимайди, жимгина, ўзбекона ҳаё билан яшаб, уч нафар фарзандини тарбиялаяпти. Улар бахти учун ўзини қурбон қилишга ҳам тайёр. Шу билан оиласини асраб қолаяпти. Ўйлайманки, ўша аёлни актриса Феруза Саидова яхши тушунган. Ота-онанинг ажрашиши – фарзанд учун энг оғриқли нуқта. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини давлат ташлаб қўймайди, албатта. Лекин бола қалби ота-она меҳрига ташна бўлади. Меҳрнинг ўрни бўлакча, уни ҳеч бир моддий омил тўлдира олмайди. Инсон ота-она бўлишга энг аввало ҳам маънан, хам моддий жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Оила олдидаги масъулиятсизлик сабаб қанчадан-қанча болалар қалби меҳрга ташна, улар болалик даври гаштини ҳис қилмай, эрта улғаймокда. Ҳар бир инсон ўз фарзанди ҳақида қайғуриши шарт. Шунда у жамият олдида хам, Худонинг олдида ҳам вазифасини адо этган бўлади, деб ўйлайман. Фарзандни дунёга келтириб, уни вояга етказиш вазифасини бошқаларга ташлаб кетиш инсонийлик эмас. Шундай масалалар қийнагани учун «Иссиқ нон» фильмини тасвирга олишга қарор қилганмиз.
Бош қаҳрамон ўсмир қиз Зулфия образи орқали жамиятимиздаги қандай муаммолар илгари сурилган?
Психологлар айтишича, инсон болалигида бахтли бўлмаса, бутун умр жабр кўрар экан. Оқибатда маънавий дунёси камбағал бўлиб қолиши, психологиясида турли иллатлар пайдо бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Боланинг ривожланиш жараёнида бир неча босқичлар мавжуд ва ҳар бир босқичнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Масалан, 7 ёшгача болани эркалатиб, подшоҳдек муносабат қилиш лозим бўлса, 7 ёшдан 14 ёшгача уни меҳнатга ўргатиш, 14 ёшдан кейинги даврда эса у билан дўстона муносабатда бўлиш зарур. Бундай тушунчалар динимизда ҳам, урф-одатларимизда ҳам акс этган. Лекин аксарият оилаларда бунақа ҳолат кузатилмайди, ҳаттоки, фарзанди 20-30 ёшга кирса ҳам, унга болаларча муносабатда бўлинади. Ўйлашимча, бу нотўғри. Чунки, юқорида айтганимдек, инсон ҳар бир босқичда ривожланиш жараёнини босиб ўтиши ва унинг ёши ривожланиш жараёнидаги босқичларга мос, лойиқ бўлиши лозим. Болалиги Зулфияга ўхшаб, ота-онага талпиниб, шунақа кескин, қийин вазиятлар билан тўқнашиб, уруш-жанжаллар билан ўтган инсонларнинг тақдири қандай бўлиши мумкин? Мени ҳар доим шу савол ўйлантиради. Кўпчилик ота-оналар бола фақат бизники ва шу оилага тегишли деб ўйлайди. Фикримча, бола авваламбор жамиятга тегишли. Жамиятимизда қанчалик жабрдийда болалар кўп бўлса, бу жамиятнинг ривожланишига шунчалик салбий таъсир кўрсатади. Хуллас, фильмда айнан шундай масалалар кўтарилган.
Фильм нима учун “Иссиқ нон” деб номланган?
Иссиқ нон оилани жамлайдиган, бир жойга тўплайдиган рамз ҳисобланади. Бутун оила дастурхон атрофида йиғилганида дастурхонда, албатта, нон бўлади. Нонни, ҳатто, ватанга хам қиёслашади. Оилани нон сақлаб туради, деган маънода фильм шундай номланган. Ҳаёт нечоғли қийин кечмасин, азоблардан иборат бўлмасин, дунёда энг ширин ва “иссиқ” тушунча оиладир.
Фестиваль сизда қандай таассурот қолдирди?
Фестивалнинг менга ёққан жиҳатларидан бири ҳар бир фильм намойишидан сўнг кинотанқидчилар ва томошабинлар уни очиқча таҳлил қилиши бўлди. Режиссёр эса фильмини ҳимоя қилиши, деталларни тушунтириб бериши керак. Жумладан, муҳокама давомида «Иссиқ нон» фильми ҳақида кўп фикр-мулоҳазалар билдирилди. Кинотанқидчилар фильм мусиқаси, сюжетининг финали, Норгул образининг характери ҳақида ҳам фикр юритди. Бундай фикр алмашишдан соҳанинг кўпгина сирларини ўрганиш мумкин. Шахсан мен учун «Киношок» жуда катта мактаб бўлди. Фестиваль муҳокамаларида қатнашган киномухлисларнинг савияси, киноасарни чуқур тушуниши, мулоҳаза қилиши менда катта таассурот қолдирди.
Шаҳноза Қурбонбоева суҳбатлашди.