Нега бугун экранларда мукаммал гўзаллик йўқ?
- 19/05/2021
- Maqola
Инсон қиёфаси – кино тилининг ажралмас қисми. "Орзулар фабрикаси" бўлмиш Голливуд узоқ йиллар давомида модага ўз ҳукмини ўтказиб келган: экранда янги "юлдуз" пайдо бўлиши билан бутун дунё аёллари унга тақлид қилар эди. Кийиниши ва бўянишидан тортиб, ўзини тутишигача. Марлен Дитрих, Вивьен Ли, Одри Хепберн, Мэрилин Монро, Брижит Бардо, Софи Лорен каби мегаюлдузлар миллионлаб одамлар учун гўзаллик эталони ҳисобланган. Аммо бугунга келиб вазият ўзгарди.
Замонавий актрисалар тобора “оддий аёллар”га ўхшамоқда
Голливуднинг олтин даври (1930-1950) да йирик студиялар ёш актрисаларнинг ташқи қиёфасини ўзгартиришдан тап тортмаганлар: уларни пластик жарроҳлик амалиётидан ўтказишган, қатъий парҳез тутишга мажбур қилишган. Масалан, 20th Century Fox продюсерлари Мэрилин Монрога қиёсан Жейн Мэнсфилд ва Шири Норт сингари актрисаларни “яратганлар”.
Аммо бу каби актрисалар асосан эркаклар орасида машҳур бўлган. Чунки оддий аёл томошабиланлар ўзини киномаъбудалар билан идентификация қила олмаган. Оддий аёл қиёфасига эга бўлган илк киноюлдузлардан бири 70-йилларда муваффақият қозонган Жилл Клейбёрг бўлади. У ёқимтой кўринишга эга бўлса-да, “секс-бомба” тамғасидан анча узоқда эди.
Илгари ҳусн истеъдоддан муҳимроқ бўлган. Вивьен Ли деярли бутун умри давомида актрисалик қобилиятидан кўра ташқи кўринишига кўпроқ баҳо берилишига қарши курашган.
Кино саноати бугунга келиб Барби қўғирчоқлари каби бир хил кўринишга эга “киноюлдузча”ларни штампламаётгани қувонарли ҳол, албатта. Эндиликда катта ва кичик экранларда ён қўшнингиз каби оддий кўринишга эга бўлган қаҳрамонларни учратиш мумкин. Масалан, "Fleabag" сериалидаги ижроси учун 2019 йилнинг энг яхши телеактрисаси сифатида "Олтин глобус" ва "Эмми" мукофотларини қўлга киритган Фиби Уоллер-Бриджни Голливуд гўзаллари қаторига қўшиб бўлмайди.
Илгари эса актрисалар юзида ажин пайдо бўлиши билан нафақага чиқиш ҳақида ўйлаб қолишарди. 15 ёшида кинокарьерасини бошлаган Грета Гарбо 35 ёшида, юзида илк ажинлар пайдо бўлаётганидан ҳавотирга тушиб, нафақага чиққан эди. "Вақт бизнинг юзимиз ва танамизда ўчмас из қолдиради..." деган эди у.
Бугун эса кўпгина актрисалар нафақат ажинларидан, балки юзидаги яра-чақалардан ҳам уялишни бас қилдилар. 2017 йилда катта экранларга чиққан «Леди Бёрд» драмасида Сирша Ронан ўзини гримсиз, терисининг бор камчиликларини яширмаган ҳолда намоён этди (актриса акне тери касаллигидан азият чекади). Мазкур роль унга "Олтин глобус" мукофотини олиб келди.
Ҳозирда ностандарт ташқи кўринишга эга бўлган актрисалар машҳурлик борасида анъанавий гўзаллардан қолишмайди. Буни Тильда Суинтон, Ева Грин, Руни Мара, Лупита Нионго, Милли Бобби Браун мисолида кўриш мумкин. Чунки томошабинлар экранда ҳар хил типажга эга образларни кўришни исташмоқда.
Бир кун келиб Голливуд актёр ва актрисаларни идеализация қилиш истагидан бутунлай халос бўлишига ишониш қийин, аммо кино саноати, юлдузларга бўлган талаб ва энг асосийси, томошабинларнинг диди ўзгариб бормоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, бугун ташқи кўринишдан кўра истеъдод кўпроқ эъзозланяпи. Марго Робби каби чинакам гўзал актрисалар эса ваниҳоят ташқи кўриниши учун эмас, қобилияти туфайли қадрланмоқда.
Kinolaboratory Телеграм канали учун Сарвар Каримов томонидан тайёрланган