Эҳтиёт бўлинг, саспенс!

  • Asosiy /
  • Maqola /
  • Эҳтиёт бўлинг, саспенс!
Эҳтиёт бўлинг, саспенс!

Эҳтиёт бўлинг, саспенс!

  • 11/05/2021
  • Maqola

“Қизил шапкача” эртагини эшитмаган одам топилмаса керак. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега Бўривой қизил шапкачани ўрмонда учратган заҳотиёқ еб қўймаган? Нега аввал қизчанинг бувиси яшайдиган уйга бориб, кампиршони паққос тушириб, кейин эса унинг кийимида кароватга ётиб олган? Ахир Бўри қизил шапкачадан ўн карра кучли: уни ҳеч қандай қийинчиликсиз ямламай ютиб юбориши мумкин-ку! Шундай экан, бу томошанинг нима кераги бор?

Жавоби оддий – саспенс учун!

Бўри бизга ўқрайиб, қизил шапкача эса ҳадик билан қараяпти

Саспенс (инг. suspense) – инглизча сўз бўлиб “ноаниқлик, хавотир, кутиш ташвиши” деган маъноларни англатади.

Фильм қаҳрамонлари бомбани зарарсизлантириши шарт. Акс ҳолда юзлаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилади. Қизил ва кўк симлардан биттасини узиш керак, аммо қай бирини? Вақт эса тобора кам қолмоқда. 5... 4... 3... 2... 1...

- Красный или синий, Джонни?

Бундай эпизодни ўнлаб, балки юзлаб фильмларда кўргансиз. Гарчи қаҳрамон энг охирги сонияда керакли симни узишини билсангиз ҳам қалбингизда қандайдир ҳавотир бўлади: персонаж ҳаётига қайғуриб, беҳаловатланасиз. Айнан мана шу – саспенс.

Саспенс – аудитория фильмга «шўнғиб кетиши»нинг энг юқори нуқтаси. Саспенс юзага келиши учун томошабин фильм қаҳрамони билан ўзини идентификация қилиши лозим. Одамлар асар қаҳрамонига ҳамдард бўлса, унинг тирик қолиши, ғолиб чиқишини истаса – саспенс юзага келади.

Қаҳрамон тепаликдан қулаб тушай деса...
...ёки кимдир унинг изидан болта билан қувласа...
...хуллас, қаҳрамон ҳаёти хавф остида қолса, билинг бу – саспенс!

Саспенс – бу ҳавотир, нотинчлик, ташвиш, умидсизлик, қўрқув... Маҳорат билан яратилган фильмларни томоша қилиш жараёнида сиз воқеага ҳам ҳиссий, ҳам ақлий жалб бўласиз. “Кейинги сонияда нима бўлар экан, қаҳрамон тирик қоладими ёки йўқ?” дея қайғурасиз.

“Саспенс” атамасини кенг муомалага киритган инсон – буюк кинорежиссёр Альфред Хичкок бўлади. Франсуа Трюффо билан суҳбат чоғида у шундай деган эди:

«Фильм яратаётганимда мени харакатерлардан кўра кўпроқ ғичирлаётган зинапоя қизиқтиради. Қаҳрамон оёғининг тагида ғичирлаётган ҳамда ислатган пайтда узилиб тушиши мумкин бўлган зинапоя. Мен буни саспенс деб атайман».
Альфред Хичкок ва қора қарға

«Қизил шапкача» эртагига қайтсак. Биз ёвуз Бўри қизчанинг бувисини еб қўйганини ҳамда унинг кийимини кийиб, кароватга ётиб олганини биламиз. Аммо шўрлик қизил шапкача бундан бехабар, шу сабаб ҳеч иккиланмай кулбага кириб боради...

Кирма - куясан!

Хавф-хатарга тўла диалог бошланади – тингловчининг қалбида эса ҳавотир тобора ўсади. “Бувижон, қўлларингиз/қулоқларингиз/кўзларингиз бунча катта?..” Биз ўша катта қулоқ ва қўлларни хаёлан кўз олдимизга келтирамиз. Тош асридан қолган табиий инстинктларга бўйсунган ҳолда тасаввуримиздаги махлуқдан қўрқа бошлаймиз. Ваниҳоят сўнгги савол: "Бувижон, тишларингиз бунча катта?.."

- СЕНИ ТЕЗРОҚ ЕБ ҚЎЙИШ УЧУН!!!

Аспальт йўлдан юр, қизил шапкача! Ўрмонда бало бормиди ўзи?!

Бу – ҳаётимиздаги илк саспенс бўлса ажаб эмас. Энди бир фараз қилинг, Бўри қизил шапкачани ўрмоннинг ўзида ёки бувисининг уйига келиши билан еб қўйса – эртакнинг қизиғи қолармиди? Табиийки, йўқ. Гарчи сюжет мантиққа зид бўлсада, кучли саспенс туфайли бу камчилик сезилмайди. Чунки санъат биринчи галда ҳиссиётларга қурилган бўлади, фикрга эмас.

Чинакам саспенс қаҳрамон ҳавф билан юзма-юз келганда туғилади. Тирик қолиш эҳтимоли қанчалик кам бўлса – саспенс шунчалик кучли бўлади.

Бардам бўл, Муфаса! Яна озгина чиран!

Саспенсни фақатгина жангари ва триллер жанрига ҳос элемент деб ўйламанг. Қадимги Грециянинг буюк драматурги Софокл яратган “Шоҳ Эдип” трагедияси тўлиқ саспенсга қурилган (Эдип собиқ шоҳ Лайнинг қотилини излашини эсланг). Ёки Шекспирни олайлик. “Гамлет” асаридаги “Қопқон” саҳнаси соф саспенс эмасми? “«Потёмкин» Броненосеци” фильмининг финал қисми (зинапоядан гўдак солинган аравачанинг пастга ағанаши) кинодаги саспенснинг энг мукаммал кўринишларидан биридир.

“«Потёмкин» Броненосеци” (1925) фильмидан лавҳа

Шундай экан, драманинг мазкур элементи камида икки ярим минг йиллик тарихга эга. Аммо негадир ўзбек киноларидан саспенс жуда кам қўлланилади. Бу жумбоқнинг сабаби нимада – бизга қоронғи. Балки бизникилар саспенсли саҳналарни тасвирга олишга эринишар, балки саспенс миллий менталитетимизга тўғри келмас... Ким билади, дейсиз?..