Плагиат нима ўзи?

Плагиат нима ўзи?

Замонавий кинематограф чексиз ремейк ва спин-оффлар уммонида ғарқ бўлмоқда. Оригинал ғоялар деярли йўқ; топилса ҳам уни мавжуд шаблонларсиз рўёбга чиқариш ғоят мураккаб вазифа.

Шу сабаб кўплаб плагиаторлик (узнет тилида #КўчирмаПродакшн) ҳолатлари кузатиляпти. Бироқ аудиовизуал санъат мураккаб тузилмага эга бўлиб, бир-бирига ўхшаш тасвирий ечимларни ҳар доим ҳам плагиат деб бўлмайди. Шундай экан, плагиат ўзи нима?

1Плагиат

Плагиат (лот. plagio – ўғирлайман) – бировнинг асарини ёки ундаги фикрларни ўзиники қилиб кўрсатиш; адабий, ижодий ва илмий ишдаги ўғирлик. Аммо кино санъатида иқтибос, оммаж, аллюзия, пародия ва пасхалка каби тушунчалар ҳам мавжуд бўлиб, улар ўғирликка кирмайди. Ижозатингиз билан бугун шу мавзуда бафуржа суҳбатлашсак.

2Цитата (Иқтибос)

Илмий асар ёзганда бирор бир нуфузли олимнинг сўзларига иқтибос келтириш табиий ҳол бўлганидек, кинода ҳам бирор буюк фильм ёки режиссёрга ҳурмат юзасидан, бир қисмини нусхалаш орқали бошқа асарга ҳавола келтириш мумкин. Энг муҳими, иқтибос келтирилган саҳнани асардан олиб ташласангиз ҳам унинг яхлитлиги бузилмаслиги шарт. Шундагина бу плагиат ҳисобланмайди. Масалан, Квентин Тарантинонинг ижоди бошдан оёқ киноклассикага визуал иқтибослардан иборат. Интернетда бу ҳақида кўплаб видеоэсселарни топишингиз мумкин. Режиссёрнинг ўзи ҳам буни ҳеч қачон инкор қилмаган ва ўзгалар ғоясини ўзиники қилиб кўрсатишга уринмаган.

Тарантино Феллинидан рақс ўғирламоқда!

Замонамизнинг энг кучли кинематографистларидан бири Алехандро Гонсалес Иньярритунинг «Омон қолган» («Выживший», 2015) фильмида рус режиссёри Андрей Тарковский ижодига кўплаб иқтибосларни учратиш мумкин. Бу асло “ўғирлик” эмас! Чунки мазкур иқтибосларни фильмдан олиб ташласангиз ҳам ғоя ва мазмун жиҳатидан ҳеч қандай йўқотиш бўлмайди.

Леонардо ДиКаприо ва Олег Янковский бузилган эҳром фонида
Ёнаётган кулба фонидаги персонажлар

Умумий ҳисобда «Омон қолган» драмасида Тарковский фильмографиясига 17 та иқтибосни учратиш мумкин. Буларнинг бари "кўчирмачилик" бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, Иньярриту ўз интервьюларида ҳам буюк совет режиссёридан илҳомланганлигини бир неча бора таъкидлаган.

 

3Оммаж (Эҳтиром)

 

Оммаж – иқтибосга яқин тушунча бўлиб, уни шартли равишда “эҳтиром” деб номласак бўлади. Кинематографияда оммаж – бу муайян фильм, муаллиф ёки кинодаги даврга бўлган ҳурмат. Масалан, франуз режиссёри Мишель Хазанавичус блокбастерлар даври бўлмиш XXI асрда юрак ютиб оқ-қора ва овозсиз фильм яратишга қарор қилади. 2011 йилнинг “Энг яхши фильми” сифатида “Оскар” мукофотини қўлга киритган «Артист» картинаси – овозсиз кинога бўлган яхлит бир оммаж. Фильмда 1920-йиллар антуражи ишонарли акс этган бўлиб, томошабин ўзини гўё юз йил аввал яратилган инновацион фильмни кўраётгандек ҳис қилади.

"Артист" (2011) фильмининг афишаси

Квентин Тарантинонинг тўққизинчи «Қачонлардир... Голливудда» («Однажды в… Голливуде», 2019) фильми 1960-йиллар "орзулар фабрикаси"нинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида яратилган асар. Шу сабаб фильмнинг асосий қисмида деярли ҳеч нарса содир бўлмайди. Биз шунчаки юлдузли онлари сўниб бораётган киноактёр (Леонардо ДиКаприо) ҳамда унинг дублёри (Брэд Питт)нинг ҳаёт тарзини кузатиш орқали “эски Голливуд” муҳитини кўргандек бўламиз. Гарчи фильм сюжети даҳшатли реал воқеага асосланган бўлса-да, Тарантино ўз асарини эзгуликнинг ғалабаси билан якунлайди.

Ҳатто фильм постери ҳам "эски Голливуд" усулида ишланган

«Ўйинчоқлар ҳаёти - 3» анимацион фильмининг муаллифлари япон даҳоси Хаяо Миядзакининг мухлиси бўлса керак. Акс ҳолда асар қаҳрамонлардан бири «Қўшним Тоторо» анимесидаги Тоторо эканини яна қандай изоҳлаш мумкин?

4Аллюзия (Ташбеҳ)

 

Аллюзиянинг иқтибос ва оммаждан фарқи шундаки, бунда муаллиф мавжуд образларни эркин талқин қилади. Янги асар яратувчиси ташбеҳ келтирилган асардан фақатгина илҳомланганини таъкидлайди. Масалан, «Ғалати ишлар» («Очень странные дела») сериали ёзувчи Стивен Кингнинг китоблари ҳамда классик хоррорлардан илҳомланиб яратилгани ҳеч кимга сир эмас.

"Ғалати ишлар" (2016-...) сериалининг постери

Юқорида номи зикр этилган Андрей Тарковский ижодидан бошқа режиссёрлар ҳам илҳомланиб келмоқдалар. Масалан, Ларс фон Триер «Дажжол» («Антихрист», 2009) фильмида Тарковскийнинг «Кўзгу» («Зеркало», 1974) фильмига кўплаб ташбеҳларни келтирган. Аммо уларни пайқаш қийин: визуал равишда бу саҳналар бир-биридан жуда фарқ қилади; маъно жиҳатидан эса улар бир-бирларининг кўзгудаги акси каби ишлайди. «Дажжол» фильмида Шарлотта Генсбур қаҳрамони майсазор ичра “эриб”, ғойиб бўлади ҳамда бу ўлимни англатади. «Кўзгу»да эса бунинг акси: Маргарита Терехова қаҳрамони майсазорда туғилажак фарзанд, яъни янги ҳаёт ҳақида суҳбатлашади.

Қолаверса, Тарковскийнинг ўзи ҳам севимли рассомлари Витторе Карпаччо (1465-1526) ва Питер Брейгель (1525-1569) асарларидан кўп маротаба илҳомланган.

5Пародия (Тақлид) ва Деконструкция

 

Пародия машҳур шаблон ёки фильмлардан уларни ҳажвий тақлид қилиш учун атайлаб фойдаланади. Ҳаттоки кинопародия деб номланувчи алоҳида жанр ҳам мавжуд. Марҳум актёр Лесли Нильсен мазкур жанрда ижод қилган энг сермаҳсул актёрлардан бири эди. Шунингдек, «Симпсонлар» мультсериали ўзининг нозик пародиялари билан ажралиб туради.

"Ялонғоч тўппонча" (1988) - полициячилар ҳақидаги жангари фильмларга пародия
"Жуда қўрқинчли фильм" (2000) хоррор жанридаги фильмларга пародия

Деконструкция эса муайян жанр қонун-қоидаларига янгича нигоҳ билан қарайди. Масалан, суперқаҳрамонларни ёвуз одамлар сифатида гавдалантирган «Йигитлар» («Пацаны») сериалини олайлик. Ундаги барча образлар DC суперқаҳрамонларидан “кўчирилган”: Хоумлендер – Супермен, Экспресс – Флэш, Гирдоб – Аквамен, Қиролича Мейв – Ғаройиб Аёл ва б. Аммо сериал ижодкорлари суперқаҳрамонларни одатдагидек "инсоният халоскори" сифатида эмас, балки учига чиққан муттаҳамлардек тасвирлайди.

6Пасхалка

 

Бу усулни киноижодкорларнинг ўзаро ҳазили деб аташ мумкин. Иқтибос ёки оммаждан фарқли равишда, “пасхалка” бу бутун саҳнани нусхалаш эмас, балки саҳна ичига кичик детальни яширишдир. Масалан, «ВАЛЛ-И» мультфильмида бош қаҳрамоннинг буюмлари орасида «Ўйинчоқлар ҳаёти»даги динозавр Рексни кўриш мумкин.

"ВАЛЛ-И" (2008) анимацион фильмидан лавҳа
2019 йилги «Жокер»дан 1989 йилги «Бэтмен»га пасхалка

Жорж Лукас ўзининг «Юлдузлар жанги. Эпизод I: Яширин таҳдид» фильмида яқин дўсти Стивен Спилбергнинг «Ўзга сайёралик» қаҳрамонидан фойдаланган.

"E.T." (1982) персонажлари "Юлдузлар жангида"
Абдуллажон ва Ҳошимжон "Битлз" тасвири туширилган бир хил футболкада

7Хулоса

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, плагиат – ниҳоятда нозик масала. Мусиқада атиги 7 та нота бўлгани каби, кинода ҳам сюжетлар сони чекланган. 100 фоиз оригинал асарнинг ўзи йўқ. Нимаики ўйлаб топиш мумкин бўлган бўлса Қадимги Грециядаёқ кашф қилинган эди. Биз фақатгина бир неча минг йиллик сюжетларга янги ҳаёт бағишлашимиз мумкин.

Салгина ўхшашликни кўриши билан билиб-билмай “Плагиат! КўчирмаПродакшн!” деб қичқираверадиганларга эса санъат ва адабиётни чуқурроқ ўрганишни тавсия қилган бўлардик. Чунки уларнинг мантиғидан келиб чиқадиган бўлсак, кино тарихидаги энг кассабоп ва энг оммабоп бўлган «Қасоскорлар» («Мстители») франшизасини ҳам плагиаторликда айблаш мумкин. Чунки “ноёб қобилиятларга эга бўлган одамларни бир жамоага тўплаб, дунёни қутқарамиз” формуласи Акира Куросава томонидан «Етти самурай» («Семь самураев», 1957) фильмида бундан ярим аср аввал қўлланилган эди.

* мақола аdme.ru сайтида берилган маълумотлар асосида Сарвар Каримов томонидан тайёрланган ва "КиноЛаборатория" телеграм-каналида чоп қилинган.