Нега постерлар бизни чалғитади?

  • Asosiy /
  • Maqola /
  • Нега постерлар бизни чалғитади?
Нега постерлар бизни чалғитади?

Нега постерлар бизни чалғитади?

  • 29/04/2021
  • Maqola

Голливуд афишаларини кузатсангиз, бироз ғалати анъананинг гувоҳи бўласиз: постердаги актёрлар жойлашуви ҳамда уларнинг исми деярли ҳеч қачон бир-бирига мос келмайди. Бунинг сабабини ўйлаб кўрганмисиз?

Райан Рейнольдс бизга "Нега исмларимизни адаштириб қўйдингиз?" дегандек қараяпти

Актёрларнинг исмини тасвирга мослаб жойлаштириб чиқса бўлади-ку, бунинг нимаси қийин? Ёки бу чалкашликнинг бирор сабаби борми?

Ҳар қадамда чалкашлик!
Нима дивонг?..

Албатта, бор. Ҳар доимгидек, бу сабаб – ПУЛ! Масаланинг моҳияти шундаки, фильмда тасвирга тушган актёр ва актрисалардан қай бири кўпроқ гонорар олган бўлса – унинг исми реклама материалларида биринчи бўлиб ёзилиши шарт. Бу Голливуд киносаноатида биллинг қоидаси деб номланади.

Энг кўп пул олган актёрнинг исми афишанинг энг юқорисида ёки чап тарафдан биринчи бўлиб ёзилади. Чунки постерга кўзи тушган томошабин ўша исмни биринчи бўлиб ўқийди. Шу сабаб, рўйхатда биринчи бўлиб, яъни топ биллингда рейтинги энг баланд юлдузнинг исми ёзилади.

Кристиан Бейл акамиз Бэтмен роли учун 9 млн. доллар олган эканлар

Айрим ҳолларда, гарчи рейтинги баланд мегаюлдуз фильмда бош рольни ижро этмаган бўлса ҳам, унинг исми афишада биринчи бўлиб ёзилиши мумкин. Масалан, 1978 йилда катта экранларга чиққан “Супермен” фильмини олайлик.

"Супермен" (1978) фильмининг афишаси

Марлон Брандо ва Жин Хэкмэн мазкур картинада иккинчи пландаги ролларни ижро этишган бўлсада, реклама материалларида уларнинг исми Супермен ролининг ижрочиси Кристофер Ривдан олдин ёзилган. Чунки Рив ўша пайтда дебютант актёр эди, Брандо ва Хэкмэн эса Голливуднинг тирик афсоналари.

Ҳафа бўлма, Кристофержон, кўклам келса ўзим сенга варрак ясаб бераман.

Умуман, Марлон Брандо ҳамиша ва ҳар доим топ биллингда бўлган. “Охират бугун” (“Апокалипсис сегодня”) фильмида атиги 15 дақиқага кўринган бўлса ҳам, унинг исми бош роль ижрочиси Мартин Шиндан олдин ёзилган.

Голливудда мартабанг қанча юқори бўлса, реклама материалларида ҳам исминг шунчалик юқори бўлади.

“Оббо, постердаги актёрларнинг жойини алмаштириб қўйса нима бўлади?” деган савол сизда туғилиши табиий. Афсуски, бу сиз ўйлагандек осон эмас. Биргина постерни яратиш учун маркетинг бўлимининг ўнлаб мутахассислари меҳнат қиладилар. Постер омадсиз чиқса – кинокартина прокатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабаб дизайнерлар фильм постерини томошабин учун иложи борича жозибали қилиб яратишни мақсад қиладилар. Аммо контракт шартларига кўра, муайян актёрнинг исмида ҳаммадан олдин ёзилиши шарт бўлса – мана шундай чалкашликлар юзага келади. Нима ҳам дердик, ижод ва молия тафовути!

Дизайнерлар Сандра Буллок ўнг тарафда туриши керак деб ҳисобласа – демак шундай бўлади!

Умуман олганда, Голливуднинг аксарият постерлари бир-бирига ўхшаш. Бош қаҳрамон марказда ва бироз олдинда (яъни каттароқ) бўлади. Чап тарафда унинг дўсти ва севгилиси, ўнг тарафда эса салбий қаҳрамон жойлашади.

Голливуд миллий анъаналарига мос жойлашув

Бугунги кунда аксарият постерлар айнан шу принцип асосида яратилиб келяпти. Дизайн нуқтаи назаридан бу – тўғри танлов. Томошабиннинг кўзи ҳам бунга ўрганган. Аммо марказда турган бош роль ижрочисининг исмини ҳаммадан биринчи ёзмасак беодоблик бўлмасмикан?

Бош актёр - марказда, аммо исми - рўйхат бўйича биринчи.
Замонавий постерлар бир-бирига жуда ўхшаш

Агар фильмда бир вақтнинг ўзида иккита мегаюлдуз суратга тушган бўлса продюсерлар яна алланималарни ўйлаб топишади. Масалан, 1974 йилда экран юзини кўрган “Балқиган жаҳаннам” (“Вздымающийся ад”) фильмида ўз даврининг биринчи рақамли юлдузлари Стив Маккуин ва Пол Ньюман суратга тушган. Иккала актёр ҳам топ-биллинг берасан, дея оёқ тираб олишган. Охир-оқибат мана бундай йўл тутилган.

“Балқиган жаҳаннам” (1974) фильмининг афишаси

Маккуиннинг исми чап тарафдан биринчи, Ньюманники эса ҳаммадан юқорида. Шу тариқа иккала актёр ҳам топ биллингни қўлга киритган. Роберт Де Ниро ва Аль Пачино бош ролларни ижро этган “Қотиллик ҳуқуқи” (“Право на убийство”, 2008) фильмида ҳам шундай бўлган эди.

- Сиз биринчи...
- Йўқ-йўқ, сиз биринчи...

Жорж Клуни, Брэд Питт, Мэтт Дэймон, Жулия Робертс, Энди Гарсиа, Кейси Аффлек каби Голливуднинг бир нечта энг машҳур юлдузлари қатнашган “Оушеннинг 11 дўсти” криминал драмасида эса актёрлар исм-шарифи алифбо кетма-кетлигида ёзилган.

Жорж Клуни ўз фамилиясидан мамнун

Хуллас, қадрли ўртоқлар, бугунги мақоламиз билан сизларга кино нафақат санъат, балки саноат эканини яна бир карра эслатиб қўймоқчи эдик.