"Маҳаллада дув-дув гап" фильмининг дунёга келиш тарихи
- 22/04/2021
- Yangilik
"Маҳаллада дув-дув гап" фильмининг дунёга келиш тарихи ҳақида фильм режиссёри Шуҳрат Аббосов шундай эслайди:
"1959 йили «Мосфильм» қошидаги 2 йиллик Олий режиссёрлик курсларини битириб, Тошкентга қайтгач, дастлаб ишни нимадан бошлашни билмай юрдим. Москвада дунё таниган йирик кинорежиссёрлар А.Довженко, М.Ромм, И.Пирьев, Л.Трауберг, Г.Рошаллар мактабида таълим олгач, Ватанимда суратга оладиган илк кинофильмим ҳар томонлама муваффақиятли чиқиши лозим эди. Шу туфайли, «Ўзбекфильм»да тўпланиб ётган даста-даста сценарийларни қўлимга олиб, ўргана бошлаганимда, ажабтовур қўлёзмага дуч келиб қолдим. Бир қарашда бу сценарийга ўхшамас, балки оддий воқеа-ҳодисалар ва руҳий ҳолатларнинг қоғозга туширилган сочмалари эди.
Она дарди, ёшларни қийнаётган азалий муаммолар каби инсоний кечинмаларни ёрқин ифода эта олган бу «чала сценарий», русча ёзилишига қарамай, ўзбекона руҳга ниҳоятда бой бўлиб, уни Абдулла Рамазонов деган аллақандай муаллим «Ўзбекфильм»га ташлаб кетган экан. Москвада икки йил ўқиб, ота-онаси, она тупроғи, миллий урф-одатларига ташна бўлиб келган мендек талабанинг аҳволини тушунарсиз. Қисқаси, ўзбекона ҳаёт ва турмушнинг нозик қирралари гўзал рангларда ифодаланган русча қоралама мени ўзига ром этди. Фақат уни ўзбекчага таржима қилиш лозим эди. Мен бу ишни фақат устоз Абдулла Қаҳҳор уддалай олиши мумкинлигини англадиму, у кишини қидиришга тушдим.
Шу кунларда Қаҳҳор стационар касалхонада даволанаётган экан. Дарҳол бозордан майда-чуйда олиб касалхонага келдим. Ёзувчининг қўлига қўлёзмани топшириб, «Домла шуни миллий руҳда таржима қилиб берсангиз», деб илтимос қилдим. Абдулла Қаҳҳор қоғоз тўпламларини қўлига олди-ю, касалхонадан чиққанимдан кейин келарсиз, деб жавоб берди. Мен бунинг ҳеч иложи йўқлигини, суратга олиш муддати яқинлашиб қолганини тушунтирган эдим, «Майли, унда икки ҳафтадан сўнг келинг», деди. Мен бунга ҳам кўнмадим, чунки фильмни суратга олишнинг барча тадориги кўриб бўлинган, актёрлар ортиқ кута олишмаслигини билардим. «Бўлмаса, бу ишни бошқа ёзувчига топшира қолинг» деб рад эта бошлади Қаҳҳор.
Мен бу ишни фақат унинг ўзи қойилмақом қилиб уддалай олишини, шунинг учун иложи бўлса, бугундан қолдирмасдан таржима қилиб беришини қаттиқ туриб илтимос қилишга ўтдим. Касалхонада даволанаётганига қарамай устоз-ёзувчи ортиқ баҳслашмади. Бироқ, сценарийнинг бутун матнини эмас, фақатгина диалогларини таҳрир қилиб беришга кўниб, икки соат деганда менга тайёр асарни тутқазди. Фильмнинг ўзбек тили иборалари, қочиримлари ва миллий калоритга бойлигидан Қаҳҳор домланинг қисқа соатлик машаққатли меҳнат маҳсулини кўриш мумкин.
Мен ўзимни учар, қайсар кишилар тоифасига киритмаган бўлардим. Чунки ҳаётда анчайин уятчан, баъзида кўнгли бўшлик хусусиятларини ҳам намоён этганман. Тошкент театр ва рассомчилик санъат институтида ўқиганимда, мени «камгап донишманд» ҳам дейишарди. Лекин иш устида Худо менга ўша кескинликни, устоз Қаҳҳорга нисбатан талабчанликни раво кўрмаганида, балки бу фильм ҳозиргидек умрни кўрмаган бўлармиди".