Жаҳонгир Аҳмедов: "Яхши кинолар яралишида яхши адабиётнинг ўрни жуда катта"
- 22/03/2021
- Yangilik
Кино ва адабиёт масаласида бугун биз оилани ажратиб қўйиб, улардан фарзанд кутаётганга ўхшаймиз. Улар айро ҳолда. Кино ва адабиёт бир-биридан маълум бир муддат узилди. Ҳозир қандайдир алоқалар тиклангани рост. Адабиёт кино, театр санъати билан бир тан-у бир жон бўлиб ишламас экан, етук асарларни кутишнинг ўзи мантиқсиз.
Халқ ҳалигача “Ўткан кунлар”, “Шум бола” асарларини қалбида асрайди. Классик асарларнинг асосида кучли бадиий асар турибди. “Ўткан кунлар” ўзбек романчилиги асосчиси Қодирий қаламига мансуб. Бу бугунги кинога етмаётган энг асосий жиҳатлардан бири.
Бу ерда ҳар икки муаммо ҳам – яхши асарлар яратилмаётгани ҳам, унга мурожаат қилинмаётгани ҳам бор. Яхши асар ёзилсагина режиссёр унга эътибор қаратади-да, деган хулосани ҳам бериш мумкин. Режиссёр ёзувчилар билан ҳамкорлик қилишни бошласа, шундай кинолар вужудга келади-да, деган фикр ҳам бор. Йирик киноижодкорлар ёзувчиларнинг даврасида бўлишган. Ёки ёзувчилар киноижодкорлар ичида бўлишган.