"Жорима" – Худойберди Тўхтабоевни хотирлаб
- 22/03/2021
- Kutubxona
“Ўйла, изла, топ!” номли интеллектуал кўрсатувда иштирокчилар берган жавобига кўра ё “рағбат”, ё “жарима” карточкаси оларди...
Кейин билсак, дарсликларда ўқиганимиз, китоблари болалар учун мутолаа манбаларининг доимо олд саноқларида келган адибимиз Худойберди Тўхтабоев ҳам баайни кўрсатувда қатнашчиларнинг адабиёт бўйича билимларининг ажрини берар эканлар (катта кимёгар устозлардан Уйғун Бобоевнинг ҳакамлик маҳорати, ниматабассум ила сокин таҳлили ҳам – ҳеч эсимдан чиқмайди)... қолган ҳакамлар “жарима”, дейишса, Худойберди бобо ўзига хос гўзал ўзбекона ифода йўсинида, ёқимли таъкид оҳангида дона-дона сўзлаб, қатнашчи ўқувчининг жавобини таҳлил қилгач: “...шунинг учун сизга жорима карточкаси берилади”, – деяроқ айтажак ибораси тезда ёдимизга ўрнашган эди ва мактабда, дарс пайтида қайсидир синфдош жавобининг хато эканлиги, гоҳ ўқитувчи, гоҳ синфдошлар томонидан шу лўнда маънода билдириладиган бўлди: “Жорима!”...
“Туркистон” газетасида мухбирман. Таҳририятдагилар Оҳангаронда ўтадиган эртанги тадбирга “асосий меҳмон” билан бирга кетишимни тайинлашди. Эрталаб йўлга тушдик. Худойберди Тўхтабоевнинг ўғли рўлда, адиб олд ўриндиқда, “Тошкент ҳақиқати” газетасининг кўп йиллик фотомухбири Даврон Аҳмедов ва йўлдан олганимиз – бир қўшиқчи шоир ҳам бор. Кетяпмиз...
Адиб “Тошкент ҳақиқати” фелетончиси бўлган даврларини эслар, газета чиққач бўлган шов-шувларни ҳақидаги тафсилотларни умумий хулосалаб, шундай манзмунда деди:
– Алибекжон, болам сен ҳали ёш мухбир экансан, шуни билгинки, танқид ва фелетонсиз газета бўлмайди. Хабар-пабар ёзилавериши мумкин, аммо журналистман дегани, зўр фелетончи бўлиши керак!
Бобо хулосалар ўзанини менга буриб юборганидан бирдан сергак тортдим ва бу фикр ўша таниш, ёд бўлиб кетган ширали овозда эшитилаётгани – худди ғайбдан, худди дублюждаги артистнинг соҳир овози, даъвати каби миямга ёзилди...
Тадбир бўйи эл қатори шу зотнинг суҳбатини олдик, бир нечта мактабларда учрашувлар бўлди. Ўқувчиларнинг адибга меҳр-муҳаббатини кўриб, иззати нафсим тобора занжирлаётган мендаги шоирона орзу ўсмоқчилагандай бўлди. Адибнинг бийронлигини, табиат кам сонли бахтли инсонлардангина қайтариб олмайдиган бола қалбининг истаклари, талпинишлари ва кенглигининг гувоҳи бўлиб, тўғриси, кўзимга ёш келган ўшанда:
“Невараларимга тайинлайман, синфдошларини ҳовлимга чақиришади. Уйимизга ўттиз чоғли ўғил-қиз тўпланишади. Болажонларнинг ҳар бири билан танишаман, суҳбат қураман, биргалашиб, топишмоқлар айтамиз, савол-жавоб қиламиз, ширинликлар еймиз, кейин-кейин уларнинг феъл-атвори менга худди ўз набираларимнинг характери каби ёд бўлиб кетади. Мен шу характерларни асарларимда акс этдираман. Мен бола характерини бола бўлиб тадқиқ этаман...” – деб жавоб берди Худойберди Тўхтабоев шу мазмунда берилган саволга...
Ҳа, бунга заррача шубҳа йўқ, мен бор-йўғи бир кун давомида бу улуғ инсоннинг қаватида бўлиб, зиёсидан баҳра олдим. Зеҳну хотираси, нутқи, ҳозиржавоблиги ва донишмандлигини кўриб, ҳавас қилдим...
Тўра Сулаймоннинг машҳур бир шеърида шундай сатр бор: “Болалик бошқатдан қайтарилмоқда”... Назаримда, қарийб тўқсон яшар Худойберди бобо Тўхтабоевга бу табиат ҳодисаси тааллуқли эмас: у кексайган чоғи яна бола бўлиб қолмаган. Худойберди Тўхтабоев – бир умр бола бўлиб ўтган...
Аллоҳ раҳмат қилсин! Бундай адибдан жудо бўлиш – ўзини билган адабиёт учун “жорима”нинг ўзгинаси.