"Ойнур"дан "Ўлим ўпқони"гача – "Академнашр" китоблари бўйича гид

  • Asosiy /
  • Kutubxona /
  • "Ойнур"дан "Ўлим ўпқони"гача – "Академнашр" китоблари бўйича гид

1"Ойнур". Эврил Турон

Афро-американлар раҳнамоси Мартин Лютер Кингнинг "Умидим шулки..." (I have a dream) деган машҳур нутқи бор. Айнан шу нутқ миллий-озодлик курашининг алангаланишига, тинч йўл орқали муродга эришишга йўлчироқ бўлади. Унда бир умр қуллик, хўрлик, азоб, сепаратизмни бошидан кечир(аёт)ган халқнинг кун келиб "рўйи об"га чиқиши ҳақида умид билдирилади.

Мен эса оиласида, жамиятида хўрланган, жонига қасд қилаётган, ўғил туғмагани учун ҳақоратланаётган ўзбек аёлларининг вақти келиб Ойнурдек дадил, иродаси мустаҳкам, илмли ва шижоатли, ҳаётда ўрни/сўзи/овози/қарорига эга бўлишини истардим.

Эврил Туроннинг "Ойнур"ини ўқирканман, кечагина ёш жонига қасд қилган, уч қизини етим қолдирган аёл фожиасини эсладим. Қанчадан қанча ойнурлар (хоҳ илмли, хоҳ оддий уй бекаси бўлсин) умри сувга оқизилаётганини биров билиб, биров билмайди. Унинг оиласидагилардан ташқари жамиятга исён қилганини ҳамма ҳам фаҳмлайвермайди.  

Балки кўпимиз Ойнурдек мард, таваккалчи, сершижоат эмасдирмиз, руҳий изтироб қаршисида тез тиз чўкармиз, лекин чимдим иродамиз бўлса, бас. Мана шуни дастак қилайлик!

Умидим: 
– ўзбек аёли кучли ва илмли бўлсин; 
– жамиятда ўз ўрни-овозига эга бўлсин;
– миллат келажаги аёлга (ожизага) боғлиқлигини бошқаларга ҳам уқтира олсин;
– ҳар қандай шамол, довулу бўрон нозик жуссасини синдиришига изн бермасин;
– Аёлни фақат рафиқа, "уй хизматкори" бўлгани учун эмас, фикри, билими сабаб ҳурмат қиладиганлар;
– "Сабр қил", "чида", "мажбурсан", "оғзингни юм" деб эмас, унинг ички оламини зиғирдек бўлсин тушунадиганлар кўпайсин;
– Ойнурдек қизлар туғилсин.

Унутмайлик, миллат келажаги уйингиздаги она-рафиқа-қизлар, жамиятдаги ойнурлар қўлида!

Солиҳа Умид

2"Жон". Андрей Платонов

Ўзбек ўқувчиси, агар чин маънода китоб қурти бўлмаса, Андрей Платонов ижоди билан таниш эмас. Платонов нафақат ўзбек ўқувчилари орасида, рус адабий дунёсида ҳам ҳалигача чуқур ўрганилмаган.

20- аср рус адабиётида сўзи ва адабий қарашлари туфайли Сталиннинг даҳшатли танқидларига рўпара келган ва барча даврларнинг энг баттол қонхўридан ўлим ёрлиғини олмай қолган икки ёзувчидан бири бу Платонов. Албатта жавр чекмай қолиш дегани нисбий, Сталин ўз ўлжалари билан ўйнашадиган чиябўрилар сингари қурбонини ҳоли қўйган бўлиб, ё унинг хотини, ё фарзанди ё отаси бошини кундага қўйиб ўйнашган, бундан завқланган. Платоновнинг чекига фарзанди, жигарбандини Сталин турмаларида азобга тортилишини, хор этилишини кўриш, бунинг азобини тортиш тушган.

Шу маънода Платоновнинг аксар асарларида турли кўринишларда Сталин образи гавдаланади. Қўрқинчли, ҳайбатли, бемеҳр, совуқ ва қаҳрли.

Академнашр нашриёти Платоновнинг "Жон" романи (https://t.me/Akademnashr/699)ни 
ўзбек тилига таржима қилган ҳолда чоп этибди. Ҳозир роса авж олган болаларча, йўл-йўлакай, ҳаваскор ё тижорий таржима эмас. Академик таржима. Ўзи тили анча мураккаб бўлган Платоновни таржима қилиш катта санъат ва туганмас сабр талаб қилади. Назаримда, Шарифжон Аҳмад буни уддалаган.

Оғриқ қалб эгаларига, адабиёт шинавандаларига тавсия этаман. Платоновнинг тилидан ўзбекчасига завқланинг.

Отабек Бакиров

 

3"Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин". Жианна Молинари

Менга узлат керак. Ўзимни таҳлил қилиб олишим учун ҳашаматдан ҳоли, умримдек нураб бораётган ҳужра керак менга. Нега айнан шундай? Тавба, нега руҳий изтироб, кечинмалар учун кўҳна бошпаналар танланади қадимдан? Нега қаср ярамайди? Нега Яссавий ер остига кириб кетди? Диоген нега бочкага қамалиб олди? Мураками нега уйидан деярли чиқмайди?
"Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин" асари қаҳрамони банкрот бўлган фабрикани танлайди. У жараён ҳадемай тўхташи муқаррарлигини биларди. Барибир...

Фабрика – ташқи муҳитдан иҳоталанган ҳужра! 
Фабрика – ўз-ўзинг билан суҳбатлашиш, хаёл суриш, фикрлашга имкон қолдирмаётган дунёдаги ягона тинч маскан.
Фабрика – ичкари. Ичкарининг ичкариси.

...Осмондан тушган одам тақдири ҳаммамизнинг пешонамизда бор. Номаълум қабрда ётибди у. Қай биримиз осмондан тушмаганмиз?! Осмондан тушганлар, осмондан тушганини унутганлар учун доим қизиқ.

Энди фабрика – ичкарига бўри оралайди. Ораламайди, тахмин қилади ошпаз бўри юрганини. Кўрдим дейди бўрини. Ўз кўзларим билан кўрдим. Ваҳима бошланди. Бўри фабрика бошлиғининг сўниб қолган ғужурини уйғотиб юборадиган туртки. Айнан бўри ҳаммасини: ошпаз, бошлиқ, қоровул, ёпилишга тушган фабрика – дунёни янгилаб юбора олиш қудратига эга КУЧ. Лекин аввал уни топиш керак!
Қани у?

Годога ўхшайди бу бўри. Уни интиқ кутадилар. Кўриниш бермайди ҳатто. "Чўл бўриси" каби ҳамманинг ичида яшайдими ё бу бўри? Унда нега уни реаллаштиришди? Нега унга тузоқ қўйиб, чоҳ қазишди? Агар бўри келса, фабрика(дунёлари)даги ланжликни ғажиб ташлай олармиди? Ҳар ҳолда шундай тахмин қилишарди. Ва тўсатдан қахрамон хонасида пайдо бўлди у. Тахайюлида. Тасаввур яратган ҳодиса хаёлотда моддийлашиб нигоҳ қадалган ерда намоён бўлади. Энди бўри қўрқинчли эмас, аввал ҳам фақат қизиқарли, сирли эди. Бор-йўғи ахлат титар бўри бўлса, ундан хавфсираш мумкинми? Овқат қолдиқлари билан озиқланувчи бўрини тасаввур қилоласизми?
Назар Эшонқулнинг "Боҳоуддиннинг ити" ҳикоясидаги дайди итга эврилган ходим каби, бу қаҳрамон ҳам бўрини кўриб, фабрикадан чиққанда, одамлар унда бўрини, бўри билан бирга яшаётган одамни кўришаётганини сеза бошлади. Лекин бўри ўзидан бошқа на ошпаз, на бошлиққа кўринди. Чунки улардаги ишонч, фабрика – дунёларини, кўҳна дунёларини асраб қололадиган ғужур, ҳиссиётлар ўлиб бўлганди аллақачон...

Асар жуда равон ёзилган. Балки таржимон Гулноз Набиеванинггина маҳоратидир бу? Ёзилиш услубидаги тажрибалар эса шоиримиз Фахриёрнинг "Геометрик баҳор"ини ёдга солди.

Адабиёт информация эмас, санъаткорона ишораларга қурилишини яққол кўрасиз китобда. Фалончини пистончи туғдириб қўйибди, пистончини фалончи сўйиб қўйибди... булар хабар. Оний. Келади, кетади. Агар бу санъаткорона ифодаланса, уни аввал мия чақади, тафаккур озиқланади ва хотирага муҳрлайди. Узо-о-оқ яшаб қолади ҳам...

...Бўри энди бемалол юрибди – ИЧКАРИДА...

Жонтемир

4"Ал-Муҳтасимга яқинлашув". Хорхе Луис Борхес

Хорхе Луис Борхеснинг китобини рус тилида ўқиб чиққанлар кўп топилади. Раҳматли адабиётшунос Маҳмуд Саъдий домла ҳам Борхес матни, услубини- фикрлаш тарзини яъни: Борхеснинг китоб ўқиш услубини ёқтирар эди, англашимча: дунёда ёзилган шедевр китоблар кўп, аммо уни ўқийдиган ўқувчи кам. Борхес ўқиш санъатини асарлари орқали расмийлаштирди.

Борхес Туркистонда пайдо бўлган эртакларни ўқиб, “ Туркистон эртаклари” дея номланган ҳикоясифат эссе ёзади. Уни Туркистон руҳи қизиқтиради, ва унга томон калит излагани сезилади, калит эса сўзлар-иборалар. Борхеснинг ўқиш санъати: ибораларни ғоялар дунёси билан боғлаш, оддий айтганда, самимийликка эришиш.

Борхес Беруний, Ибн Сино, Форобий ва улардан кейин 2-3 аср ўтиб, Навоийнинг таъкидлашича 14 та рисола ёзган Муҳаммад Порсо асарларини ўқимаган - ўқиганда эди Туркистон билан боғлик яна бир туркум ҳикоялар ёзилишини гўёки билгандекмиз. У балки Беруний асарларини ўқиган бўлиши мумкин, негаки 1890 йилларда Беруний китоблари Англияда инглиз тилида чоп этилади.

Б.Нақшбанднинг онтология ва метафизика ҳақидаги қарашлари жамланган Муҳаммад Порсо ёзган 14 та рисоладан фақат бири 1999 йили Санкт-Петербург даги Шарқшунослик институти томонидан рус тилида чоп этилади, фақат кейинчалик Туркия туркчасидан Ўзбекистон туркчасига ўзбеклаштирилди. Рус тилидаги таржимаси аниқроқ-илмийроқдай, назаримизда.

Борхеснинг “ Зоҳир” ҳикояси Ислом Шарқининг сирини баён қилмоқчи бўлади, ва ҳикоя охирида Маҳмуд Шабистоний (Шабустарий) достонидан келтирилган жумла Борхес ҳисларига куч қўшади. Ва зийрак ўзбек ўқувчиси кўнглида, Борхес аслида ўзбек ёзувчиларидан ҳам кўпроқ ўзбек ёзувчиси деган ўй келади.

Ёки “Ўз лабиринтида ҳалок бўлган Ибн ҳоқон ал-Бухорий” ҳикояси. Ҳатто “…ал-Бухорий”қаерданлигига эътибор берилмаганда ҳам бу ҳикоя мотиви Туркистон трагизми ҳақида гапиради. “Бу трагизм Туркистон ҳаётида давом этяпти. Реалликдан (ҳикояда айтилган хазинадан) узоқлашиб кетишди. Энди туркистонликлар дунёнинг ҳар бурчагига сочилиб кетмоқда”- Борхес шу ҳақда гапиради. Борхеснинг фикрини давом эттирамиз: ҳикоядаги лабиринт бу конспирологик онг. Жамият ушбу атамадаги онг билан бурканганига неччи аср бўлди дейиш хато, олам яралганидан бери бу муаммо бор. Фақат бутун жамият ҳар ҳаракати фақат лабиринт қуриш билан банд бўлса- бу фожиа. Борхес Қуръонда “ўргимчак уяси” ҳақидаги оятни ҳикоя учун эпиграф келтириб, ҳикоя мазмунига ишончли туз беради.

Борхес Қуръон оятларидан эпиграф олиши ҳикояларини яшнатса. Оятдан эпиграфнинг ҳикояга уйғун тушиши эса Борхеснинг нақадар жиддий китобхон эканини англатади. Ҳамда ислом шарқидаги ўткан издошлари асарлари қай услубда ва қандай фикрлаш техникаси асосида ёзилганини Борхес асарлари орқали юзага чиқаради.

Бошқа ҳикояларида қадим юнон –европа тафаккурини шаклга солади. Борхес европа ва шарқ деб иккига ажратмайди, албатта. У ўткан вақт тарихи бўйича Одам силсиласи тарихини ҳикояларида (аммо улар ҳаммаси битта роман китобдан иборатдек) рассомдек чизмоқчи бўлади.

“Паскал доираси” ҳикоясида Борхес ҳам Одамнинг коинотни англаши борасидаги қадим “баҳс”ига қўшилади. Физика тили, математика тили ёки геометрия тилида ҳам тириклик ҳақида гапириш мумкин-ўзи шундай. Нафақат гапириш, математика тилида ҳам одам ўзининг коинотда эгаллаб турган мақоминининг координатларини айтади, Борхес айтади.

“Ал-Муҳтасимга яқинлашув” ҳикояси Борхес фаноси-метафизикаси ҳақда чиройли сўзлайди яъни, тўқилган эмас, тасаввурлар ўйини эмас: конспирологик онгдан буткул халос бўлиб, ҳурриятга эришган одамнинг “кимнидир излаши” аслида ҳуррият маконининг қайсидир координатаси- эҳтимол, фақат одам буни “кимнидир излаш” деб ном қўяди.

“Ал-Муҳтасимга яқинлашув” одам феномени ҳақида ҳам. Дунё тўла одам лекин одам феномени йўқ. Ҳикоя конспирологик онг шаклланган жамиятда одам феномени йўқлигини бир бор эслатади: одамлар бир-бирини кўрмайди, эшитишмайди: бу икки механизм абадий ҳаракатлантирувчи қувватдан узоқлашган яъни “Паскал доираси”ни тўғридан- тўғри чизиқ деб билишади.

Мурод Човуш

5 "Мушуклар маликаси Минуш". Анна Шмидт

"– Ичимда иккита мавжудот доим ит-мушук, жиққамушт бўлаётгандек. Бири – чаламушук, бошқаси эса чалаодам.  
– Шунақа денг... – энди доктор ҳам беихтиёр хўрсинди. – Бус-бутун одам бўлиш ҳам баъзан одамга малол келади аслида... "

 “Мушуклар маликаси Минуш” номли ижтимоий эртакни қизим билан ўқиб тугатдик ниҳоят.

Асар сюжетини айтиб қўймайман. Таассуротларни ёзаман, холос.

Анни Шмидтнинг ажойиб аллегорик асарини ўқиб чиқиб, ҳаётда одамлар ва мушуклар роли алмашиб қолганми дедим: мушуклар фаолроқ, ақллироқ, уюшқоқроқ, ёлғонга нисбатан исёнкорроқ, адолатсизликка тоқатсизроқ... хуллас, одамлардан яхшироқ деган хулосага рози бўлишдан бошқа чора қолмади. Ҳар ҳолда, эртакда шундай. Ким билсин, балки ҳаётда ҳам шунақадир. 

Одамга айланиб қолган биргина ақлли ва адолатпарвар мушукча ердаги ҳаётни томга кўчирадию, жамиятни том маънода ўзгартиради: сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати, жиноятларни фош қилиш, қонун устуворлиги, адолатли муносабатлар, коррупция ва тўрачиликка қарши кураш... каби йўналишларда бутун шаҳар аҳолисига ажойиб сабоқ беради. Шунингдек, уюшган, бирдам, ҳамжиҳат жамият қандай бўлиши кераклигини ҳам кўрсатади.

Асар замонамизга ташқаридан назар ташлашга ва муҳим саволларни олдимизга қўйишга ундайди: қаерда устунмизу, қай жойда заиф? Нимани тўғри ё нотўғри қиляпмиз? Нимада фаолмизу, нималарга журъатимиз етмаяпти? Нима учун биз мушуклардек йўл тутмаяпмиз?

Анни Шмидт – Ханс Кристиан Андерсен номидаги халқаро Олтин медал соҳибаси, нидерланд адабиётининг энг ёрқин вакилларидан бири. Мукофотни олаётиб у: “Фақат ҳақиқат, битта ҳам ёлғон сўз йўқ”, – дейди. “Мушуклар маликаси Минуш” ҳам асли эртак бўлса-да, бошдан оёқ рост. Шунақаси ҳам бўлади. 

Болаларга асарнинг динамикали сюжети ёқади деб ўйлайман, чунки қизим ўн кун давомида ухлашдан олдин қулоқ қоқмай “Минуш”ни ойиси тилидан тинглади. Энди мушукча қулоқли сочгардишини тақиб юрибди Минуш бўламан деб))) Матбаа ишлари эса жуда аъло даражада амалга оширилган – китобни қўлга олиш ҳам мазза.

Шаҳноза Соатова

6"Бир тушнинг эврилишлари". Шарифжон Аҳмедов

Б и р  г а п  б и л а н  а й т г а н д а, китоб пештахталарини хом-хатала ёзилдиқлар чинакамига забт этган, кимлар учундир китоб ёзиш писта чақишдай, сақич чайнашдай осон машғулотга, эрмакка айланган, сўз санъатига муҳаббатли инсонлардан бирининг эътирофи янглиғ “Ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзиб қўядиганлар” урчиган, не-не улкан дарахтларнинг баҳосиз умрига зомин бўлиниб, бемисл қоғозлар уюми қора этилаётган бир чоғда, ёзувчи ва таржимон Шарифжон Аҳмедовнинг маррани баланд олгани шунда намоён бўладики, “Бир тушнинг эврилишлари” дея исмланган биринчи китоби эрта эмас, кеч эмас, нақ эллик ёши миёнасида рус ёзувчиси Андрей Платоновнинг “Жон”, Аргентина адиби Хорхе Луис Борхеснинг “Ал-Муҳтасимга яқинлашув” асарлари ўзбекчага ўгирмаси билан баробар дунё юзини кўрди ва муаллиф учун китоблари ибтидоси умрининг қай фурсатида босма табоққа олинишининг фарқсизлигини, адабиёт аталмиш бу кўҳна саройга кириш эмас, мангу қолиш муҳимлигини дадил исботлаб берди – сўзга, воқеага, ҳаётга ўзгача нигоҳ қатламлари ушбу мураккаб йўлдаги машаққатли қадамларни қатъийлаштирди – бир қарашда ғайритабиийдек кўринадиган мазкур битикларни жонажон адабиётимизда буткул янгилик десак адабиётимизнинг, янгилик эмас десак муаллифнинг ҳақи кетиб қоладигандек эди, боиси, бунгача, воқеа-ҳодисаси белгиланган хос чизиқлар доирасида рўй берадиган анъанавий ижод муҳитини ёриб биргина насрда Темур Пўлатов, Мурод Муҳаммад Дўст (“Галатепага қайтиш”), Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмад Аъзам (“Рўё ёхуд Ғулистонга сафар”), Олим Отахон, Ғаффор Ҳотам, Мирзакалон Жўраев, Тўхтамурод Рустам, Назар Эшонқул, Шодиқул Ҳамро, Саломат Вафо, Мурод Човуш, Улуғбек Ҳамдам (“Ёлғизлик”), Умид Яъқуб (“Тўлқинлар унутган тош”) каби муаллифлар ўзгача асарларини кенг китобхонлар оммасига ҳавола этиб улгурганди – Шарифжон Аҳмедов “рутубатли ва дилгир оламнинг бефайз манзаралари эмас, билъакс, новоқеъ воқеликнинг, бошқа бир оламнинг ҳали кўплар билмаган, кўникилмаган манзаралари эҳтирос ва муҳаббат билан муқаррар этилажак”лиги (“Тўртинчи қаватдаги...” ҳикоясидан) ваъдаси ила ғалати ёзмишлари сероб ўша муҳташам сафдан ўзига муносиб ўринни банд этди – гарчи мутолаа асносида, бағритош кентча лаҳжада “Окаси, инсоф билан-да энди, Буэнос-айреслик китобхўрга шайдоликнинг ҳам ҳад-ҳудуди бўлиши керак-ку ахир...” деган ўйлар кўнгил қатларидан бодраб чиқса-да, умрининг иккинчи ярмини кўзи ожизликда ўтказган ва зинҳор-базинҳор мутолаадан тўхтамаган, ғариб бу оламни улкан кутубхона дея тасаввур этиб, адабий дунёни абадий асарлар билан бойитган Борхес тақлидчиси дегимиз келмайди – қўлида олис ва серқуёш ўлкаларнинг цитрусини тутган одамдан ўша меваларнинг хуш бўйи таралиши табиий-да, Шарифжон Аҳмедов ҳам Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан жиддий шуғулланар, шундай экан, кенглик қилмаслик инсофдан эмас – буни муаллифнинг ўзи эътироф этгани каби ҳикоядан таваллуд топган мувозий ҳикоя тарзида изоҳласа тўғрироқ бўлар эҳтимол – эканки, Борхес “Хотирагўй Фунес” ҳикоясида “башарият ибтидосидан бошлаб ер юзида яшаб ўтган барча бандалар хотираларидан ҳам мўлроқ” хотирага эга образни уйқу ҳавзаларида, ниҳоят, ором топиш учун ўзини, атрофда кечаётган борлиқни тамоман унутишни, уйқусизликдан халос бўлиш умидида қоғозда гавдалантираркан, Шарифжон Аҳмедов ўша ҳикоя бошида Иренео Фунес қўлида тутиб турган аллақандай уқубатгулга диққат қаратиб, у ҳақда катта бир ҳикоя (“Хонамдаги уқубатгул”) ёзиб юборганига нима дейсиз (айни ўринда, мозийкашлик куллиётида ўқиб юрарканмиз, дунё кўрган устозимизнинг “Биз тарихни ибтидоийдан тортиб, шу кеча-кундузги икир-чикирларигача ўрганамиз, гўёки ўтмишда кечган ҳамма нарсадан бохабармизу, аслида ҳеч бирини тузук-қуруқ билмаймиз, бунинг ўрнига улкан мозийнинг яширин хазиналари заррамисол мисқолини, хусусан, буткул йўқолиб, ном-нишон қолмагану, бироқ ўз пайтида дами даврни титратган кельтлар байроғиними, ё ўзимизда, кутилмаган ва катта ислоҳотга қўл урган Абдуллахон II зарб эттирган олтин тангалар ҳақида ўргансак, илмга кўпроқ нафимиз теккан бўларди”, деган сўзлари тарқоқ хаёл сарҳадларимизга бесўроқ қўшин тортиб келади), нишонимиздаги муаллиф “Хотирагўй Фунес”нинг акси ўлароқ, неки таассуротлари бўлса, барини шуурига жойлагувчи Иренеодан фарқли тарзда – бутун умрини, барча хотираларини унутиб юборишга маҳкум, энг сўнгида эса ҳатто яшаш ҳам ёдидан чиқажак бир кимса ҳақида ҳикоя битишини билдирадики, галдаги саҳифада ушбу аҳднинг исботи бўй кўрсатади – бирваракайига “мен”, “сен” ва “у” тилидан эгаси айтилмай баён қилинган “Бир бемор воқеаси”да кечиккан инфантилизм билан эртаки деменциянинг қанақадир қоришмасига чалинган қаламкаш бу дунёга бирор-бир хотирасини ҳам қолдиришни истамагандек жимгина қазо қилади – “бемор” томирларини пайпаслаган дўхтирнинг дейишича: “Неки бўлса, барини беомон унутиб борган беморимиз охири нафас олиб яшаш кераклигини ҳам тамом эсидан чиқарибди”; бўлдими, муаллифнинг адабий истаклари сабаб бир инсон умри шунчаки поён топиб кетаверадими – қизиғи ҳам шундаки, ўша “бемор” бир вақтлар, борлиқда сунбула ҳукмрон чоғларда узуқ-юлуқ хаёлларини бир тизимга солишга уриниб, анҳор ёқалаб бораркан, кўпдан бери безовта қилаётган, ички оқимлари тизгинга солинса, тузук ҳикоя бўлажаги хаёл қилинган битиклар ҳақида ўйларди: ўзи билан бақамти яшаган мардикор сўзлаб берган воқеалар силсиласида бобокалон – бандаи солиҳ Филарету Емельян Пугачёв бош кўтариши, Наполеон босқинидан декабристлар қўзғолонига қадар, ялангоёқлар алвон байроқ кўтариб ҳокимиятга келиши, тош шаҳарнинг ер силкинишидан вайрон бўлишига доир кечмишлар акс этган ва буларнинг барчаси авлод тақдирида муҳим роль ўйнарди; буюк мақсадлар йўлида курашиб, эътиқоди софлигини сақлаш кўйида ҳатто оловга ташланишларига ҳам рози ота-боболарнинг вориси ароққа ружу қўйиб, уйсиз-бошпанасиз дайдига айланган, аслиятига қайтишга бир неча бор урингану уддасидан чиқолмаганди – ушбу тафсилотлар исроф қилинмасдан қолган гап “Лера-Ларивон” ҳикоясида ривож олади; умуман, бунақаси – кичик воқеа-ҳодиса ҳамда қаҳрамонлар кечмишини ўзга асарларда равнақ эттириш тажрибаси дунё сўз санъатида, хусусан, ўз адабиётимизда ҳам учрайди, дейлик, “Галатепага қайтиш”даги саодатманд Ғайбаров “Истеъфо”да ноёб китоб топиб бергани фонида ўзи истаган ҳаётга қай бир маънода эришгани ифода этилса, шу асарда бўй кўрсатиб кетадиган, “Дашту далаларда” куёв навкарларга қўшилиб келинникига борган ва қиздан қуруқ қолган шўрқудуқлик йигитларнинг ғайирлиги сабаб отилган тошдан боши ёрилган Ғуччи чол “Бир тойчоқнинг хуни”да асосий қаҳрамонга айланади; бинобарин, Шарифжон Аҳмедов ўз ҳикоялари баробарида Борхес асарларидаги кичик элементларни ривожлантириш хусусида ўйлайди: аргентиналикнинг “Колриж туши” ҳикоясида инглиз шоири Сэмюэл Тэйлор Колриж тушида намоён бўлган достон – “Қубла Хон”ни қоғозга туширар асносида эшик тақиллаб қолади ва шоир хизматкори чорловига кўра ташриф эгасига жавоб бериб, ишининг давомига қайтиб англайдики, тушнинг умумий манзараси кўриниб турса-да, саккиз-ўн мисрадан бошқа барча сатрлар дарё юзасидаги ҳалқалар янглиғ ғойиб бўлибди; хўш, унинг мўъжизавий тушини қоғозга туширишига халақит берган ким эди, одатий ўқувчи бунга у қадар эътибор қилмай “Эҳ, чакки бўпти-да” деган хаёлда галдаги сатрлар аро кўз югуртириб кетаверади, муаллифимиз эса “Porlockдан келган одам” номли ҳикоя битиб, Колриж хаёлларини пароканда этиб синоатли достон қоғозга туширилишига халақит берган одамга тўн бичади: у шунчаки газлама сотувчи ва айни пайтда қаламидан назмий сатрлар тўкилгич кимса эди, ашъорларини шу яқин-атрофда қўним топган катта шоирга кўрсатиб, баҳо олмоқчи бўлганди, у қаерданам билсин биргина эшик тақиллатиши сабаб ўзи ва назардан чекка қишлоғи номи адабий сарҳадлардан муқим жой олишини; ёки бўлмаса, Олим Отахоннинг “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза” ҳикояси таъсирида “Тўртинчи қаватдаги...”ни битар экан, “умидсизлик ичра бир умид ваъдаси билан якун топган ушбу ҳикоя” асосида янги асар яратишни муддао этади муаллиф: “Бу шундай ҳикоя бўладики, аслият қаҳрамонининг оромини бузиб, унинг бутун хаёлини ўғирлаган тўртинчи қаватдаги ўша сарғиш дераза ичкарисига қадам қўямиз ва ана ўша ичкарида йиллар давомида қамалиб олганча энди ташқарини кузатамиз”; айни ният манзарасини “Яланглик соҳиби”да кўрамизки, бу ерда нечук аргентиналик китобхўр кўринмаяпти, деб турган чоғимизда, воқеалар аро китобдорга берилган қўлёзмалар, қарангки, Борхеснинг “Алиф” асари муқовасига солиб келтирилган экан (!); умуман, муаллиф инсон руҳияти тафтишини сўз санъати имкониятлари, ҳали “очилмаган қўриқ”лар бисёрлиги билан, инсон тафаккури, дунёга ўзгача нигоҳ билан қараш орқали очиб беришга интилишини эътироф этмаслик мумкин эмас; адибимизга хос яна бир услуб шундай эканки, Борхес номи билан ўқувчини авраб, Аргентинанинг бошқа бир адиби Хулио Кортасар йўлларидан олиб ўтишнинг маҳорат билан уддасидан ҳам чиқаркан: оддий мисол, “Хонамдаги уқубатгул”да бош қаҳрамоннинг, асл ватани Жанубий Америка бўлган, ўзаро муҳорабалардан ҳориган ҳиндулар уйқудори ва тинчлантирувчи малҳамлар тайёрлаган, мутаассибона кайфият сабабидан Исо масиҳ изтироблари тимсолига айланган пассифлора деган гулга шайдолик савдолари Хулио Кортасарнинг “Аксолотл” ҳикоясидаги амблистомлар наслидан бўлган, ацтекларга хос шапалоқдек пушти юзи мексикалик эканини тасдиқлаб турган, бир қарашда инсонга ҳам ўхшайдиган, ҳам ўхшамайдиган ғаройиб балиққа бўлган ҳадсиз мухлисликни беихтиёр эсга солади; “Бир бемор воқеаси” эса Кортасарнинг “Ҳамшира Кора” ҳикояси эгизаги дейсиз гўё – олмошлар, воқеаларнинг навбатма-навбат “мен”, “сен” ва “у” тилидан ҳикоя қилиниши бунга асос беради: Кортасар-ку ҳикояда мутлақо “инсоф” қилмайди, олмошлар равишини ҳеч бир ишорасиз, на абзац, на бир тиниш белгисиз олиб кетаверади, Шарифжон Аҳмедов эса сўзловчиларни алоҳида-алоҳида ажратиб кўрсатади ҳартугул ва олмошлардаги ана шу “тартиб” “Тўртинчи қаватдаги...” ҳикоясида ҳам давом этади; айтишларича, Борхеснинг китоб ҳақида фикр юритилмаган бирор асари йўқ экан, Шарифжон Аҳмедовда эса барча воқеаларни туш ва унинг эврилишлари бирлаштириб туради, яна денг, ҳамма ҳикоялар марказида ёлғиз инсон туради – “Хонамдаги уқубатгул” дейсизми, “Бир бемор воқеаси”, “Лера-Ларивон”, “Porlockдан келган одам”, “Яланглик соҳиби” – барида тақдир олдидаги танҳо кишиларни, аслида азалий ҳақиқатни кўрамиз, ё бўлмаса, бир гал чумоли бўлиб, бир гал одам бўлиб ёзадиган ёзувчиям, тамаки тутунига қасида битадиган қаламкаш ҳам юқоридаги тоифадан хорижда эмас; инсон ёлғиз бўлганида ҳар турли фикрлар ўз томонига оғдиришга интилаверади, шунданми, кўп ўринларда матн оқимига асосий урғу берилиб, воқеа кучи сусайиб қолгандек ҳам туюлади ўқувчига, Достоевский романларида эшик тақилллатиб биров кириб келишидан юрак ҳовучлаб турамиз-ку, кимдир келдими, ана энди камида 15-20, бўлмаса 30-40 бетли хонанишин суҳбатлар муқаррар деяверинг; якдил эътироф эса шуки, “Бир тушнинг эврилишлари” китоби бошидаги дастлабки ҳикоялар қалбга тиним билмаётган денгиз тўлқинлари янглиғ таъсир этса, “Борхесга мухаммаслар” туркуми сокин, тинч оқимда ўзи билан янги манзиллар сари олиб кетади – Португалия билан андижонликлар “пўртаҳол” дейдиган мева ўртасида не боғлиқлик бор, Минотавр нега ўзини қатл этишга келган кимсага ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади, ёинки эврилган тушларда аксланган шўроларнинг Бобил минораси ҳақида ғаройиб матнларни кўрасиз; бир қадар машаққатли кечган мутолаадан сўнг китобни ёпаркансиз, дунё кўзингизга аллақандай ўзгача, недир янги сир-синоатларга тўла кўринишда намоён бўла бошлайди, буни ифодалаш шакллари ҳам ўзгарганини дабдурустдан пайқаб қоласиз ва ўша аснода ичингизда бир ҳукм янграйдики, ғаройиб услубдаги ушбу китоб ҳақида айтиладиган гаплар кўп ва якуний ва яккаш нуқтани қўйишга ҳали анча вақтли...

Бекзод Ўктам

7"Ўлим ўпқони". Темирпўлат Тиллаев

“...юлдузлар йироқлигидан, ой ойдинлигидан, офтоб оташлигидан, ер юмшоқлигидан, тош қаттиқлигидан, сув суюқлигидан, тун қоронғилигидан, йўл узунлигидан норози қичқирмоқда. Одамлар жим, одамлар жим, одамлар жим!”

Темурпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони” асарини (https://t.me/Akademnashr/1056) кеча ўқиб тугатдим - ҳақиқий триллер! Мистика, фантастика аралаш ўта реалистик тасвир. Даҳшатли воқеалар шу қадар тиниқ. серранг ва реал тасвирланганки... Айниқса етти кун ёққан ёмғир фонида содир бўлаётган фалокатларни дераза ортида ростанам ёмғир ёғиб турганда ўқиш... даҳшат босди мени. Мана сўзнинг қудрати! Бир ухлаб туриб, бозорга бориб, концертга тушиб келдим ҳамки таассуротлар хиралашмаяпти, эҳтирослар босилмаяпти. Балки ёзсам тинчланарман.

Тасаввур қилинг, нотаниш асарни ўқий бошладингиз. Ровий сюжетни баён қиляпти: дўсти унга ўзининг дўстининг сирли ўлими ҳақида ҳикоя қиляпти ва шу аснода у марҳумнинг кундалигини ўқиб беряпти. Асосий воқеалар ўзи шу кундаликда  ёзилган, аммо унгача ўқувчи нечта ҳикоя ичидаги ҳикоялардан ўтиб бориши, қанча даҳшатларни бошдан кечириши керак. Дафтарни ҳар бир ҳикоячи ўқийди ва эси оғиб қолаверади. Охирида ўша дафтарга етиб борган ўқувчини ҳам даҳшат босади - мен ҳам эсдан оғаманми энди деб. Композиция шунақа - квест, лабиринт! 

Сюжетга жойланган фикр эса ундан ҳам даҳшат - қаҳрамон ҳақиқат қидиради, топади, топган ҳақиқатини ичда сақласа, эсдан оғиб ўлади, бировга айтса, ўлдиришади. Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам... Тилларига занжир осган итбалиқлар дейди қаҳрамон жим юрганларни.

Ёшлигимда қўрқинчли фильм кўрсам, қўрқсам ҳам охиригача борардим - бу менга қўрқувларимни енгиш учун тренировка бўларди. Фильм охиригача жорий қўрқувни енгиб боришни эплаш осон, аммо фильмни кўриб бўлгач давом этадиган қўрқувнинг узун думини кесиб ташлаш қийин бўларди: неча кунгача кечаси ҳовлига елғиз чиқишга қўрқиб юрардим. Ўша ҳолатдаман, хуллас.

Адреналин иштиёқмандлари учун зўр асар, эсдан оғдирай дейди. Ҳажми ҳам катта эмас: 60-70 бетлар. Икки соатда ўқиб чиқдим. Лекин бир умр унутмасам керак шу икки соатни.

Шаҳноза Соатова