"Инсонга кураш керак!" – Жаҳонгир Аҳмедовдан қисқа ҳикоялар

  • Asosiy /
  • Maqola /
  • "Инсонга кураш керак!" – Жаҳонгир Аҳмедовдан қисқа ҳикоялар

1Чўкаётган қиз ва... биз

Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи катта анҳорда бир одам чўкяпти. У сувга бўкканча жон ҳолатда ёрдам сўраб қичқиради.

— Ёрда-а-ам... Қутқари-и-и-инг... Одамла-а-а-а-а-а-ар...

Узоқроқда машина йўли, йўл четида тротуар. Йўлакдан бир гала одам уёққа, яна бир галаси буёққа шошади. Чўкаётган бечора ўлишни истамайди (ким ҳам истарди, дейсиз), дод-фарёд кўтариб қичқираверади. Шовуллаб оқаётган анҳор эса уни сув тубига тортгани-тортган.

— Одамла-а-а-а-а-а-ар... Ёрда-а-а-а-а-ааммм...

Ниҳоят бепарво йўловчилар орасида қулоғи том битмаган биттаси топилди. У бир нималарни минғирлаганча анҳор қирғоғига яқинроқ келди.

— Тавба, шу ҳаводаям чўмиладими одам? — ўзига-ўзи тўнғиллади у. Ўлим билан олишаётган шўрпешона эса, кимдир унга эътибор қаратганидан руҳланиб, овозига овоз қўшди.

— Чўкяпма-а-а-а-ан... Қутқари-и-и-и-инг... Ёрда-а-а-а-а-а-аммм...

Йўловчи вазиятни тушунди шекилли, ранги оқарди.

— Ие, чўкяпман дейдими? Ҳой, ким бор?! Буёққа қарасанглар-чи, одам чўкяпти, чўкяпти деяпман сизларга!!!

Унинг жон куйдириши билан яна тўрт-беш одам йўлидан қолди. Паст бўйли, семизлигидан костюмига аранг сиғадиган тепакал киши ҳарсиллаганча ҳолатни ўрганишга тушди.

— Нима бўляпти ўзи бу ерда?

— Одам чўкяпти, кўрмаяпсизми? — жавоб қилди бошқа бир йўловчи.

— Чўкяпти? Қанақасига чўкади? Нима, журналист эканми?!

— Эй, мен қаердан биламан? Мен ҳам сизга ўхшаб ҳозиргина келдим бу ерга...

— Ахир кўргандирсиз? Қандай қилиб тушиб кетди у сувга? Ёки маст эканми?

— Айтдим-ку, мен билмайман... Мен уни чўмиляпти деб ўйласам, чўкаётган экан.

Гапга кўзойнак таққан талаба йигит аралашди.

— Мана шундай вазиятларда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг умуман ишламаётгани билинади-да! Одам ўляпти, уларнинг эса иши йўқ!

Элликлардан ошган аёл гап жиловини шартта тилига, йўғ-ей, қўлига олди.

— Э-э-э-эй... бўладиган гапни гапиринг-да, ука. Қанақа фавқулод? Қанақа вазирлик? Улар номигагина бор холос. Сувга чўкиб ўладими, йиқилиб ўладими, уларга нима?!

— Ёрда-а-а-а-ам... Помогитееее... Хелп миииии...

— Буни қаранглар, рус, инглиз тилида ҳам гапираркан, бечора. А, ундан кўра, сузишни ўрганиб қўйса ўлармиди?! — бояги семиз амакининг аччиғи чиқиб, оёғи остидаги ерни жаҳл билан тепди.

— Тўппа-тўғри гапирдингиз, амаки, — деди талаба йигит асабийлашганидан кўзойнагини ечиб, кўзларини ишқалаб, сўнг кўзойнакни рўмолчаси билан артиб, яна бурнига қўндираркан. — Мана, ҳамма бало халқ таълимидан бошланишига яққол мисол бу! Олий таълимни-ку, умуман, айтмасак ҳам бўлади! Мана, масалан, мен ўқийдиган институтда сув ҳавзаси бор, лекин сув йўқ! Бунақада эрта-бир кун бизнинг ҳам чўкиб ўлмаслигимизга ким кафолат бера олади? Ахир биз ҳам сузишни билмаймиз-ку!

Талаба йигит гапининг исботи сифатида бурнини шилқиллатиб тортиб қўйди.

— Бу ўзи эркакми ёки... Ие, аёл киши экан-ку! Бечора ҳаётидаги муаммолардан тўйиб, ўзини сувга отган бўлса керак. Хотин-қизлар қўмитасининг кўзи қаёқда?! — бир аёл шу гапларни айтганча уёқдан-буёққа тинимсиз юра бошлади.

— Балки бозорчи хотиндир?! — бошқа бир аёл секингина гапирган бўлса-да, бу гапни ҳамма эшитди. Айримлар унга ҳатто ўқрайиб қараб ҳам қўйишди.

Тепакали офтобда ялтираб кўрина бошлаган бояги семиз амаки чўкаётган одамга диққат билан тикиларкан, кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди.

— Ёпирай! Ахир бу... ахир бу... ёш қизча-ку!

Теварак-атроф бирданига яна ола-ғовур бўлиб кетди.

— Ростдан ҳам ёшгина қизалоқ экан...

— Қўйсангиз-чи... Ўн беш-ўн олтиларда бўлса керак ёши...

— Ҳе, Ёшлар иттифоқи деган ташкилотнинг онасини...

— Ҳоким ҳаммаёқда сити қургунча, анҳорларнинг четига панжара ўрнатса ўлар эканми...

Бу орада бояги овоз тобора пасайиб борарди...

— Ёрдаа-а-а-ааммм...ёр... — бечоранинг овози энди деярли эшитилар-эшитилмас чиқарди.

Одам эса кўпайгандан кўпайиб бораверарди. Ғара-ғовур ҳам шунга яраша.

— Кеча битта кино беришди. Савияси ўта паст. Ўша кинода бир қиз севгилисига жаҳл қилиб ўзини сувга отворганди. Шунақа кинолардан ўрганишяпти-да бу ёшлар...

— Йўқ, бу аниқ турк сериалларининг таъсири...

— Бемаза артистлар ҳам ёз бўйи денгизу бассейнларда чўмилаётганининг расмини интернетга жойлашди. Ёшлар ана ўшаларга тақлид қилишмоқда...

— Ҳозир мен ҳам буни интернетга жойлайман, кўрсин одамлар...

— Маҳалла қаерга қараяпти?!

— Ота-онаси-чи?! Ота-онаси бормикин ўзи бу қизнинг?

— Бор бўлса ҳам, Россияда юрган бўлса керак. Иш тополмаган-да бу ерда!

— Ота-онаси Россияда бўлса, амаки-тоғаси бордир, аммасию холаси бордир...

— Э-э-эй, нималар деяпсиз? Ҳозир одамларда оқибат қолмаган! Ўзининг боласига қарамайди-ку баъзилар...

Ҳар ким ўз фикрини айтаркан, ҳар ким ўзининг ҳақлигини исботлашга уринаркан, вақт ҳам оҳиста ўтиб борар, бу орада эса ўлим билан ҳаёт орасида кечган ЯККАкурашда ўлимнинг қўли баланд келиб бўлган эди...

2Албатта, кинорежиссёр бўламан!

Санъат институти, драма режиссёри бўлими 2-курс. 2003 йил. Кундаликка ёзилган навбатдаги ҳикоя: "Коллежни битириб, дипломни қўлимга олишим билан, "Санъат" институтига югурдим. Ижодий имтиҳонлар аллақачон бошланиб кетгани боис институт ҳовлисига одам сиғмасди. Aбитуриентлардан кўра, уларнинг ота-оналари кўпчиликни ташкил қиларди. Урилиб-сурилиб ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳон натижаларига кўра, контракт асосида ўқишга қабул қилинганимни кўриб, тўғриси ҳурсанд бўлмадим. Чунки ўша пайтда контракт тўлаш уйдагиларга бироз оғирлик қилишини яхши билиб тургандим. Лекин ўқишга кирганимни эшитишса, нима қилиб бўлса ҳам контрактни тўлаб беришади, деб ўйладим. Уйга етиб келгунча ҳаёлимдан минг хил ўй, фикр ўтди. Онам тандирга нон ёпаётган эканлар. Мени кўришлари билан, югуриб олдимга келдилар. -"Нима бўлипти болам? Кирибсанми?", дедилар энтикиб. Мен эса жавоб беришга шошилмадим. Онамни эса сабрлари етмас эди. "Гапирсанг-чи?! Ўқишга кирибсанми?". "Йўқ", дедим паст овозда. "Киролмадим, ойи. Озгина бал етмай қолди". Овозимдаги синиқликни эшитган онам мени бағрига босди. "Майли болам, бу йил бўлмаса, кейинги йил албатта кирасан", дедилар мени юпатиб. Ўқишим хақида уйда бошқа гап бўлмади. Бунга биринчи сабаб мени хафа қилишни исташмагани бўлса, иккинчи сабаб ўша пайтларда оиламизда ташвишлар, ечимини кутаётган муаммолар талайгина эди. Мен бошимни ёстиққа буркаб тушкунлик дунёсига ғарқ бўлганим йўқ. Иш қидира бошладим. Мақсадим қийин пайтда оиламга озгина бўлса ҳам ёрдам бериш эди. Қалбимда эса "Санъат инстити"нинг ўша мен орзу қилган "режисёрлик" бўлими. Ишни бозордан топдим. Улгуржи (оптом) бозорда сотувчилик қила бошладим. Ҳисоб-китобга яхши бўлганим боис, икки-уч ойда эътиборга тушиб, сотувчиларга бошлиқ қилиб тайинландим. Ойлигим ҳам шунга яраша кўтарилди. Маошимни олиб, уйга қайтдим. Кечки овқатга етиб келганим боис дастурхон атрофида ҳаммани кўриш ёқимли бўлди. Чой қуйиб узатган онамнинг кўзларига қараб титраб кетдим. Онамнинн кўзларига ёш тўлиб қолганди. Ёш тўла кўзлари билан менга тикилиб турибдилар. Дарров кўзимни олиб қочдим. "Нима гуноҳ иш қилиб қўйдим экан", деган фикр менга тинчлик бермай қўйди. Овқатланиб бўлгач, хонамга кириб кетдим. Идиш-товоқларни ювиб бўлгач, онам ҳам кириб келдилар. "Нега ундай қилдинг?", дедилар ёнимга ўтириб. "Нима қилдим ойи?", дедим. "Нега ўқишга кирганингни яширдинг?". "Контракт бўлиб қолгандим", дедим ерга қараб. "Бизни аядингми?", дедилар йиғи аралаш. Индамадим. Чўнтагимдан маошимни олиб, онамга узатдим. Ортиқ чидаб туролмадилар, кўзларидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Беихтиёр онамни қучоқлаб олдим. "Йиғламанг, келаси йилда албатта кираман. Мана қаранг, китоблар сотиб олдим. Тайёрланяпман! Aлбатта, кираман, ойи", дедим шошиб. Онам ҳам мени бағрига босиб, бошимни силай бошладилар. "Сен ҳозир ишлашинг эмас, ўқишинг керак. Отангни ҳам, мени ҳам бор умидимиз сендан. Қўшниларга ҳам мақтаниб юрибман, ўғлим катта режисёр бўлиб, кинолар олади, кейин бир автобус бўлиб премьерасига борамиз, деб". Шу куни тонггача гаплашиб ўтирдик. Aйтганимдек қилдим. Ўқишга гранд асосида қабул қилиндим. Буни эшитган онам ҳамма қўшниларникига кириб, ўқишга кирганимни мақтаниб чиқдилар. Туппа-тузук юрган онам, юрак хуружидан оламдан ўтдилар. Бу мен учун кутилмаган ва оғир зарба бўлди. Aнчагача ўзимга келолмай юрдим. Aлбатта, кинорежиссёр бўламан ва онам орзу қилгандек қўшниларимизни бир автобус қилиб премъерага олиб келаман!"

3Сиз яхши одаммисиз?

Бир дарвешсифат одам бор. Пул сўрамайди, тиланмайди. Иш сўрайди. Қўлингиздаги юк оғирлигини кўрса, дарров югуриб келади. Юкингизни манзилингизгача этказиб берадида, қани бой ота, рози қиворинг энди, деб қўлингизга қарайди. Гоҳида эрталаблари ҳам эшик қўнғироғини босади. "Aхлат борми? Тўкиб келаман", дейди. "Aхлат йўқ, майли пул бераман", десам, жанжал кўтаради. "Керакмас менга пул", деб! Бирон ишни қилдириб, кейин атаганимни бераман. У одамларни икки тоифага ажратади. Яхши ва ёмон! Фалончи ёмон одам, фалончи яхши одам, деб буни асослаб ҳам беради. Очиғини айтсам мен уни жиддий қабул қилмасдим. Ҳа, энди бир девона-да, дер эдим. Лекин кеча у мени карахт қилиб қўйди. Ҳа, айнан карахт! Мен яхши одамманми ёки ёмонми, деб сўрадим. У атрофимда ўйнаб юрган қизалоқларимга қаради. Уларни катта бўлса узатасиз, ҳа узатасиз, куёв келади, опкетади қизларингизни, деди жилмайиб. У саволимга жавоб бермаганига жаҳлим чиқди. "Мен қанақа одамман", дедим бу сафар жаҳл билан. "Худди ўзингизга ўхшаган куёвга қизиззи берармидингиз? A? Берармидиз? A???", деди-да бошини сарак-сарак қилганча кета бошлади. Устимдан муздек сув қуйгандек бўлди. Дарҳақиқат, ўзимга ўхшаган йигитга "фаришта"ларимни берармидим? Кўз олдимдан бутун ҳаётим ўтди. Ҳа, берган бўлардим, дейишга ҳам арзирли хислатларим бор экан. Лекин, тўғрисини айтсам, йўқ, дейишга кўпроқ асос топдим... "Яхши одам" деган "унвон"ни олишим учун, бироз ўзгаришим керак экан. Сиз-чи? Сиз яхши одаммисиз ё ёмон?!

4Одамлар кимни қадрлашади?

Болалигимдаги энг эсимда қолган воқеалардан бирини ёзмоқчиман. 8 ёшда эдим. Бобом катта буқани сўйдириб, ҳамма фарзандларига бўлиб бердилар. Шунда ҳам анчагина гўшт ортиб қолди. Шунда отамга "бу атаб сўйилган гўшт, сотиб бўлмайди, одамларга тарқатиб юборинглар", дедилар. Мен ҳам эргашдим. Сергели тарафларга бордик, адашмасам. "Шу ерда нафақаҳўр қариялар кўп", деб отам машинасини шу тарафга ҳайдади. Катта бетоннинг устига этакни ёзиб, гўштни ташладик. Катта қоғозга "безплатно", деб ҳам ёзиб қўйдик. Негадир гўшт олишни хоҳловчилар топилмасди. Келган одамлар "Нега текин? Касал молни гўштими?", дейишарди. Охири отам ёзувни олиб ташлади. Келганларга арзон нарх айта бошладик. Энди одамлар "Нега арзон? Aйниганми?", дея бошлашди. Aнча вақт ўтиб, отам қарорини ўзгартирди. Катта қоғозга "барра гўшт", деб ёзиб қимматроқ нархда сота бошладик. Бир зумда гўшт олиш учун узун навбат пайдо бўлди. Бир соатга қолмай ҳаммасини сотиб бўлдик. Кела-келгунча нега одамлар бундай қилишганини тушунмай хуноб бўлиб келдим. Энди тушунгандекман. "Текин" ва "арзон" нарса ёки хизматдан одамлар шубҳаланишади ва қадрлашмайди ҳам. Қиммат, нархини билганларни эса ҳам қадрлашади, ҳам навбатга туришади...

5Менга ёрдам берган одам

Туш кўрдим... Бепоён саҳродамушман. Тўрт тарафим охири кўринмайдиган қумликлар билан ўралган, қуёш қиздиргандан қиздирарди. Қаёққа боришимни билмай тургандим, бирдан икки оёғим қумга ботиб бораётганини кўриб қолдим. Қутулмоқчи бўлиб ҳаракат бошлагандим, баттар ботиб кета бошладим. Бир зумда тиззамгача қум босди. Ваҳимага тушганимдан бор овозим бн бақира бошладим. Овозимдан кейин саҳрода минглаб одамлар пайдо бўлишди. Уларнинг ҳар бири ўз йўлида кетаверарди. "Ёрдам  беринглар!", деб ҳайқиришимни гўё эшитишмас эди. Белимгача ботиб бўлдим. "Одамлар, қутқаринглар илтимос, ёлвораман!", дердим жон аччиғида. Лекин ҳеч ким эшитмасди. Қум бўғзимгача келди. Кўзимда ёш билан бепарво одамлардан ёрдам сўрашдан тўхтамасдим. Энди умидимни узай деб тургандим, одамлар орасидан бир киши мен томонга келаётганини кўриб қолдим. "Тезроқ!", деб бақириб юбордим. Юзи менга аниқ кўринмаётган бу одам этиб келиши билан қўлимдан ушлади. "Торт, қаттиқроқ торт", дедим ёлвориб! "Бор кучинг билан ҳаракат қил", деди у ҳам! "Қўлимни қўйиб юбормаа!", дедим нафас этмай. "Юқорига интил, енгилма, кураш!", деди. Бир амаллаб чиқиб олдим. Нафасимни ростлаб олгач, минглаб одамлар орасида менга ёрдам беришни ҳоҳлаган ягона инсонга миннатдорчиик билдирай, деб унинг юзига қарадим. Қаршимда менга қараб жилмайиб турган бу одам, ўзим эканман. Уйғониб кетдим...

6Инсонга кураш керак!

Бу ўйинчоқ (кубик-рубик) ҳаммамизга жуда яхши таниш. Ҳеч бўлмаса бир марта қўлимизга олиб, қизиқиш билан бураб кўрганимиз ҳақиқат! Кимлардир кунлаб-ойлаб уни ўз ҳолига қайтариш учун уринган, кимлардир қайтарган, эплай олмай улоқтириб юборганлар ҳам кўп орамизда. Эътибор берганмисиз, уни сотиб олаётганимизда ёки уни бизга совға қилишаётганида ҳамма ранглари ўз жойида, тартибли бўлади. Кейин-чи? Кейин уни атайлаб тартибсиз ҳолга келтирамиз, рангларини аралаштириб юборамиз. Нега? Яна ўз ҳолатига қайтариш учунми? Ҳа! Инсон табиати асли шундай! Мувозанатни, тартиблиликни, сукунатни ҳушламайди. Унга баҳс керак, унга кураш керак! Aйрилиқни истайди – соғиниш учун! Душманларни қидиради – енгиш учун! Енгилади –алам учун! Севади – Изтироб учун! Нафратланади – кечириш учун! Йиғлайди – таскин топиш учун! Гуноҳ қилади – тавба учун! Хато қилади – афсус қилиш учун! Унутади – эслаш учун! Ўлимга ҳам тик боради – яшаш учун! Унга баҳс керак! Унга кураш керак!