"Парадизо" фильми Прустнинг "Йўқотилган вақтни излаб" асарини эслатади

  • Асосий /
  • Кинотақриз /
  • "Парадизо" фильми Прустнинг "Йўқотилган вақтни излаб" асарини эслатади

"Парадизо" фильми Прустнинг "Йўқотилган вақтни излаб" асарини эслатади

  • 20/04/2021
  • Кинотақриз

Жузеппе Торнаторенинг 1988 йилда ишланган "Парадизо кинотеатри" фильми – Италия кинематографияси ҳали "италян киноси инқирози" нима эканлигини билмаган бахтли кунлар ҳақида ҳикоя. Уч қисмга бўлинган картинанинг марказида режиссёр Салваторенинг тақдири туради. У болалигида кино оламига чексиз меҳр қўяди ва ҳашаматли Парадизо кинотеатрида ишлайдиган, шунингдек кинони жонидан ортиқ яхши кўрадиган Алфредо билан дўстлашади. Фильмда дунёнинг машҳур фильмларига ҳаволалар жуда кўп берилган, биз болакай Салваторенинг кўзлари билан кино қандай ўзгарганини ва ривожланганини кўрамиз. Бу билан Торнаторе италян ва Голливуд кино санъатига бўлган эҳтиромини билдиради.

“Парадизо кинотеатри” асосан автобиографик фильм бўлиб, унда режиссёрнинг болалигига оид кўплаб тафсилотлар мавжуд. Қаҳрамон кино билан бирга улғаяди, аристократ оиланинг қизига кўнгил қўяди. Ушбу филмьда ҳам Торнаторе услубига хос бўлган белгилар кўринади: болалик носталгияси, Сицилия ҳаёти, қайғули ҳикоя, аммо айни пайтда ҳазми енгил ва жуда чиройли картина. Кинотеатрдаги экранда машҳур фильмлар намойиш қилинади. Салваторе бу афсонавий фильмлардан илҳомланиб, Сицилия шаҳридан кетишни орзу қилади. Йиллар ўтиб у муваффақиятли режиссёрга айланади ва узоқ йиллар давомида туғилган шаҳрига қайтмайди. Картина Салваторенинг онасидан қадрдон дўсти Алфредонинг вафоти ҳақидаги хабар келиши билан бошланади. Салваторе хотираларга берилади, болаликка қайтади.

Фильм Канн кинофестивалининг ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти, "Олтин глобус" ва “Энг яхши хорижий фильм” номинациясида "Оскар"ни қўлга киритади. "Парадизо" фильми маълум даражада Марсел Прустнинг "Йўқотилган вақтни излаб" асарини эслатади. Салваторе болалик хотираларини эсларкан, оғир соғинч ва қайғуни ҳис қилиб туради. У бола пайтида Парадизо кинотеатри улар яшаган кичкина шаҳарчанинг чинакам жаннатига айланган эди, одамлар деярли туну кун қаҳрамонларга ҳамдард бўлиб, юз марталаб бўлса ҳам фильм томоша қиладиган сеҳрли макон эди.

Салваторенинг кинога муҳаббат қўйишида бош сабабчи бўлган Алфредо унинг хаёллар ва орзулар дунёсига йўлбошчи эди.  Салваторени биз машҳур режиссёр сифатида биламиз, аммо унинг энг яхши фильми ўсмирлик чоғида эски камерада тасвирга олган севгилисининг оқ-қора тасвири эди. Орадан йигирма йил ўтгач, у Aлфредонинг дафн маросимида қатнашиш учун уйига қайтгач, ҳаётини таҳлил қилади, йўқотилган ва эришган нарсаларини таққослайди.

"Парадизо кинотеатри” – умрнинг топиш ва йўқотишлари ҳақидаги самимий фильм.