“Малена” инсон туйғуларини тарбиялайди

“Малена” инсон туйғуларини тарбиялайди

“Малена” инсон туйғуларини тарбиялайди

  • 29/04/2021
  • Кинотақриз

Малена кетиб борар. Атрофи тўла кўзлар. Ошиққан кўзлар. Очиққан кўзлар. Муҳаббатга ўхшаган туйғу шакллана борар бу кўзларда. Бу кўзларда туйғуларнинг шиддатли туғёни қўзғалар. Чайқалар қорачиқлар аланга каби. Сирли бир тилсим янглиғ етиб бўлмас муҳаббатнинг суврати бу ошиқ нигоҳлар таъқибидан ҳуркимай, парво қилмай кетиб борар. Морриконе мусиқаси уни қўриқлаб бораётгандай. Малена шу мусиқа ичида яшаб бораётгандай.

“Уни биринчи марта кўрганимда 13 ёшда эдим. Вақт ўтди, шундан сўнг мен кўплаб аёлларни севдим, улар билан ҳар гал яқин бўлганимизда уларни эслайманми, йўқми, шуни сўрашарди. Aммо мен ҳеч қачон унутолмайдиган ягона инсон – мендан ҳеч қачон эслаш-эсламаслигимни сўрамаган Малена!”. Бу фильм қаҳрамони Ренатонинг иқрори. Олис болалик ва муҳаббат ностальгияси.  “Мендан анча донороқ одам фақат жавобсиз муҳаббатни чинакам севги деб ҳисоблаш мумкинлигини ёзган эди. Унинг нега бундай деб ёзганини энди тушуниб етдим”, деган фикрга келади Ренато.

Жўшқин режиссёр Жузеппе Торнаторенинг “Малена” фильм инсон туйғуларини тарбиялайди. Ушбу фильм 2000 йилда режиссёр Жузеппе Торнаторе томонидан, Лучано Винченцони ҳикояси асосида тасвирга олинган. Фильмда бош ролларни 16 ёшли Жузеппе Сульфаро ҳамда бетакрор Моника Белуччи ижро этган. Торнаторе “Малена” картинасида эркакнинг шаклланишидаги нозик жараён – аёлга нисбатан энг тоза, энг самимий муҳаббат кечинмасини акс эттиради. Аксарият одамлар болалик хотираларига чуқур киришса, ўзларининг ҳаёт моҳиятига таъсир этган биринчи аёл образини хотирадан бемалол чиқариб олишлари мумкин. Фильм томошабинга мушоҳада учун имкон беради. “Маленанинг жинояти унинг гўзаллиги эди!”.

“Малена”да воқелик ва хаёлот ўртасидаги мувозанат техникасидан фойдаланиб, Малена ёш боланинг психологиясига кириб боради. Агар маълум бир ёшгача болалар учун ота-она ягона идеаллик тимсоли бўлса, бола ота-онасига итоат қилади, уларга тақлид қилади, балоғатга етиш даври бошланиши билан ташқи дунёнинг бошқа идеаллари пайдо бўла бошлайди. Ренато номидан айтилган воқеа ноқулай шароитлар туфайли гўзаллик ва камтаринликнинг юки ва бу гўзалликка душман бўлган муҳитнинг ҳужумларини кўрсатиб берадиган бутун бир драмани қамраб олади. Торнаторе картинасида Феллинининг “Амаркорд” фильмининг улкан таъсирини ҳис этиш мумкин. Бу нафақат сюжет ўхшашлигидан, балки интонациядан ҳам сезилади. Торнаторе асаридаги Ренатонинг отасининг сурати Феллинининг картинасидаги отанинг қиёфасига ўхшайди. Бундан ташқари, иккала фильм ҳам ривоят-хотира сифатида қурилган ва Италия тарихидаги Муссолини ҳукмрон бўлган давр ҳақида ҳикоя қилади. Аммо Феллини фильмидан фарқли ўлароқ, Торнаторе фильмидаги воқелик қаҳрамонлар ҳаётига аралашиб, фильмга ўзига хос кескинлик ва ҳатто эпик кўламни беради.

Фильм аввалида ҳамма Маленага ошуфта эди. Аёлнинг юриш-туриши, кийиниши, нигоҳларида етуклик мужассам, у эртаклардаги  маликалардек ҳаммани лол қилиб қўяди. Лекин бу ҳайрат вақтинчалик. Одамзот бунга  дош беролмайди, баркамолликни қабул қилиш, унга чидаш жуда қийин. Шу боис Маленани  мағрур, ўзбошимча, ўзига ишонган,  ҳеч кимни назарига илмайдиган тантиқ ойимча сифатида кўра бошлайдилар, нима қилиб бўлсаям ерга уриш, ҳечқурса ўзларининг даражаларига туширишлари шарт.  Аёлнинг бор-йўқ айби  — урушга кетган эрини кутаётгани, унга садоқати эди. Умр йўлдошининг  “ўлгани” маълум бўлгандан кейин, “дафн” маросимининг ўзидаёқ эркаклар кўзидаги маънолар, Маленага муносабатларининг ўзгариши маҳорат билан, ёрқин бўёқларда тасвирланган. Аммо оломон Маленани қанча юксакларга кўтарган бўлса, шу даражада ерга уришади. Малена гўзалликнинг бадалини тўлайди. Фильм оломоннинг қиёфасини шафқатсизларча очиб беради.

Фильмда Моника Белуччининг ролини алоҳида таъкидламай бўлмайди, усиз картина бўлмас эди. Бутун фильм давомида Малена ўндан ортиқ изоҳ беради, холос, лекин унинг мавжудлиги – кўринадиган ва кўринмас қиёфаси ҳар бир кадрда сезилади. Белуччи тўғридан-тўғри кадрда томошабин олдида пайдо бўлганда, унинг юзи, танаси ва ҳаракатлари ҳар доим унинг феъл-атворининг асосини ташкил этадиган гўзаллик, олижаноблик ва қадр-қимматга тўла. Актрисанинг ушбу ролни ижро этиш учун қандай ҳаракатлар қилгани номаълум, эҳтимол, бу табиий харизмадир, лекин Малена образининг томошабинга таъсири, айниқса, фильмнинг визуал жозибасини Белуччисиз тасаввур қилиш қийин. Бу ҳам етмагандай, қуёшли Сицилиядаги воқеаларни томоша қилар экансиз, сизга Эннио Морриконе мусиқаси ҳамроҳ бўлади.


"Киноталқин" кўрсатуви сценарийси учун ёзилган матн.