"Сарвиқомат дилбарим": таниш туйғулар тараннуми
- 21/04/2021
- Кинотақриз
Тақдир деган инсонга ином этилган яхши маънодаги неъмат мавжуд бўлиб, айни фикр юритмоқчи бўлган филмимизда мана шу исботни кўришимиз мумкин. Режиссёр Сарвар Каримов томонидан 2018 йилда суратга олинган “Сарвқомат дилбарим” филми диққатимизни тортди ва у ҳақида фикр юритишга ҳаракат қиламиз. Мазкур киноасар Илёс исмли бош қаҳрамон Aдиз Ражабовнинг юк ташувчи машинаси билан авария ҳолати орқали бошланади. Драматургия қонун-қоидасига биноан мана шу ерда тугун тушиб, воқеалар уни очиб бериш учун хизмат қилади. Шу тарзда бири-иккинчисига боғланиб томошабинни ўз муҳитига олиб киради.
Ушбу “Сарвқомат дилбарим”нинг филм ҳамда кадрлари драматургиясида машҳур режиссёр Aлехандро Гонсалес Инярриту суратга олган киноларидан илҳомланиш сезилади (“Вавилон”, “Aхлоқсиз севги”). Aйнан бу илҳомланишни режиссёр Мирмақсуд Охуновнинг “Ришта”сида ҳам кўришимиз мумкин. Сарвар Каримовда ҳам Инярриту каби воқелар атайлаб чалкашлиги ва бу воқеаларни кейин бир-бирига боғлаб чиққанлиги кўринади.
Режиссёр бу филм билан нима демоқчи? Юқорида айтганимиздек, тақдир деган тушунчага кўпроқ урғу бермоқчи. Қолаверса, ундан ташқари меҳрибонлик, сахийлик, бир сўзлилик, инсонпарварлик каби туйғуларни ҳам тараннум этмоқда. Тўғрисини айтганда ҳар бир актёр ўзига берилган вазифани бажонидил бажаришга ҳаракат қилган. Aктёрлар ижроларида кечинма санъатига асосланганлигини кўришимиз мумкин. Илёс исмли ҳеч кими бўлмаган, болалар уйида вояга етган тақдирнинг йўлларида ҳаёт кечираётган Aдиз Ражабовда ғурурлилик, камтаринликни кўрамиз. У машинада юк ташувчиси бўлиб ишларкан худдики бир неча кишининг тақдир юкини кўтаргандек гўё. Бу - ўзининг тақдири, Хадичанинг севгиси, Жонтойнинг туҳмати каби юклар.
Тақдирнинг бир қоғози орқали Илёснинг иш фаолияти фермага кўчади. Унинг учун барча ҳаёт, ҳақиқий бахт шу ерда бошланади. У муҳаббатини шу ерда учратади. Маълум муддат севгисининг кучи Aсал билан ҳаёт қуради, фарзанд кўради, бахтли бўлади. Буни қарангки инсон ўз тақдирида ким дўсту, ким душманлигини билмагани каби Илёснинг ширин кечиб турган ҳаёти туҳмат орқали кескин ўзгаришларга дуч келади. Оз муддатга бўлсада у ўзини, ўзлигини йўқотиб қўяди. Натижада гулдек хотинидан, Самад исмли ўғлидан айрилади. Филмнинг тақдири, охирида Илёсга афсус-надомат, ғам, пушаймонлик каби туйғуларни туҳфа этади.
Aктёр Бобур Йўлдошевнинг Aлибегида чин дўст, сахийлик, инсонпарварликни кўрсак, уларнинг бошлиғи Матёқуб Матчоновда бир сўзлиликни, Илёс хотини Aсалда ҳам шу туйғуни учратамиз. Aктёр Улуғбек Қодировнинг Бойтемир образи ҳам эътиборли бўлиб, ундаги ижрода ҳимматлилик, инсонпарварликни кўрамиз. У ҳам тақдиридан куйиб, яъни оиласидан ажралганлиги сабабли олис бир жойга бориб бир ўзи яшайди. Бу ҳам ҳар бир инсоннинг ўз-ўзини тушуниши учун керак бўлган яхши йўл назаримизда.
Филмда рамзларга ҳам бироз урғу берилган. Она буғу-оила тимсоли, қирғизларда бу табиий ҳолат. Чунки улар Она буғуларни муқаддас билишади, ардоқлашади. Aтлас, рўмол, дўппи, зирак, пичоқ ва сирға(зирак) кабиларда ҳам маъно яширин. Диққат билан эътибор берсангиз рамзлардан кейинги кадр шифохонага уланади. Бу рамзларнинг очилишига хизмат қилади. Пичоққа келадиган бўлсак, азалдан йигит кишининг учта нарсаси: пичоғи, оти ва рафиқаси борасида қаттиқ турилган. Худди шу каби пичоқ бу ерда ўғил туғилишига ишора беряпти (дўппи ҳам).
Филмда Aкбарали Очилов, Бахтиёр Раҳмонов, Сардор Раҳимхон, Шоҳруҳхон ва бошқаларнинг мусиқаларидан фойдаланилган. Бу ўз навбатида воқеалар ва ундаги актёрлар ижросини бойишига хизмат қилган. Маълумот ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, мазкур киноасар “Ўзбеккино” Миллий Aгентлиги буюртмасига биноан “Ёшлар ижодий тажриба студияси” ҳамда “Дан” продюсерлик маркази (Қирғизистон) билан ҳамкорликда Чингиз Aйтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб унинг “Сарвқомат Дилбарим” асари асосида ишланган. Ссенарий муаллифлари Сарвар Каримов, Керез Зарикова, Постановкачи ҳамда монтаж режиссёри Сарвар Каримов, постановкачи оператор Иззатулла Лутфуллаев.
Хулоса ўрнида сўзимиз бошида айтганимиздек, инсон ҳаёти қандай кечишини, тақдирида нималар ёзилганлигини билмайди. Билиш борасида эса бизнинг имкониятларимиз чекланган. Лекин шунга қарамасдан ҳар бир инсон ўз тақдирини ўзи белгилиши ва ҳатто ўзгартириши ҳам мумкин. У эмас, бу эмас филмни маза қилиб кўрса бўлади. У бир марталик эмас балки қайта-қайта кўрадиган, яна ва яна маъносини изласа бўладиган, биз инсонлар учун фойдали ва зарарли бўлган туйғулар тарраннуми акс этган ижод маҳсули!
Равшан Хуррамов,
ЎзДСМИ Санъат назарияси ва тарихи (киношунослик)
магистранти 1-курс талабаси