"Аждарҳо келмоқда" – ҳуррият Эрон режиссёрининг муаммосидир
- 18/06/2021
- Кинотақриз
Бу фильмни 4 ёки 5 марта кўрганман. Бир ой давомида. Ҳар сафар янги кино кўргандай. Менга Эрон замонавий адабиётининг ҳозирги шакли қизиқ эди.
Дунё санъатида чуқур из қолдирган Эрон классик адабиётининг ворислари ҳозир шаклда, формада қандай ўзгаришлар қилишди, уларни нима қизиқтиради ва шунга ўхшаш. Ҳар ҳолда, Эрон адабиёти коммунистик тузумни бошдан кечирмаган, демак, уларда классик адабиёт билан занжирлар узилмаган. Ва шунга ўхшаш саволлар мени қизиқтирарди.
“Aждарҳо келмоқда” фильми рутубат қолдиргани рост. Балки, шундан, режиссёрнинг мессежини гўё эшитмаганга олгандирман. Балки, Эрон классик адабиёти ва замонавий санъатининг муаммолари бошқа-бошқа экани дилни хира қилгандир, билмайман.
Катта бир мамлакат аҳолиси аждарҳо ичида ва буни ўзлари билишмайди. Лекин хавфни ташқаридан қидиришади. Aждарҳо ташқаридан хавф солмоқда, деб тасаввур қилишади.
Ҳурлик, ҳуррият Эрон режиссёрининг муаммосидир. Aждарҳо хавфи ташқаридан изланганда, бу ерда ҳурлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Режиссёр депрессияга тушади.
Беихтиёр Навоийнинг “Маош айламак аждарҳо комида”, мисраси ёдга тушади. Дарвоқе, фильм режиссёри - Мани Хагиги.
Мурод Човуш