"Чой" фильмига тақриз: "Жисм чанқоғи ва тафаккур ташналиги"
- 10/03/2021
- Мақола
Ёш ижодкор Шокир Холиқовнинг “Чой” қисқа метражли фильми ўттизга яқин халқаро кинофестивалларда қатнашиб, ўн бешдан ортиқ мамлакатда бош соврин ва турли номинациялар билан тақдирланди. Канн шаҳрида ўтказилган “Entr'2 Marches” (“Икки қадам оралиғида”) кинофестивалида ҳам уч минг томошабин йиғилган саройда намойиш этилиб, 90 мамлакатдан тақдим қилинган 700 та фильм орасида олий мукофотга лойиқ кўрилди. Лекин шуниси ҳам борки, бунақа совринлар санъат асарини баҳолашда мутлақ мезон бўла олмайди. Абадулабад содда мезон ушбу: фильм қанча юракларга сим қоққан, қанча тафаккурларни тебратган?..
Бир инсон умри давомида ташналикнинг неча хилини туйса экан? Масалан, олдида керагидан ортиқ суви ва ичишга имкони бор инсон чанқоқни ҳис қилмайдими, худди одамлар қуршовида туриб ўзини ёлғизлик қаъридан топгани каби…
Фильм қаҳрамоннинг радио мурватини бураши билан бошланади. Лекин тўртбурчак ускунадан нажот чиқмайди. Шунда бошқа бир ташналик – Аллоҳ жони борга ҳаёт билан бирга берган нафс, жисм эҳтиёжини сеза бошлайди, чанқайди. Уни қондириш эса осонроқ, давоси – токчадаги чой.
Инсультдан тана имкониятлари чекланган, забонсиз қария ёрдам сўраш илинжида қўлбола қўнғироқ ипини тортади. Режиссёр яратган антураж фикрларингни қалқитиб юборади: чолни ҳаёт билан боғлаб турувчи ип хаёлларини ҳар кун ва ҳар тунда таъқиб қиладиган, устидан куладиган, юпатадиган хотиралари – девордаги навқирон, ўктам ёшлигининг парчалари, суратлар устидан ўтказилган. Расмлар бир текисда кечмаган умр йўлини тасвирлагандек қийшиқ осиғлиқ. Балки аёли ҳаёт бўлганида бундай қийшайиб ётмаган бўлармиди…
Қўнғироқ овозидан хонага келинчак киради, чол токчадаги чойга ишора қилади, лекин келини тушунмайди ва деразаларни очади. Шу пайт аёлни келажак чақира бошлайди – чақалоғи чинқиради... Чанқоқдан қақраган чол мажбур бўлиб яна бир марта қўнғироқни чалади, келини бу сафарги ишорасидан уни ташқарига чиқмоқчи деб тушунади ва аравачани олиб келади, лекин гўдак яна йиғлай бошлайди. Фарзандлар чолнинг жисм эҳтиёжларига қарайдилар, холос. Хаста жоннинг кўнгли, ҳиссиётлари эътиборга ташна, очиб ичкарига мўраланмайдиган муҳтож эшик… Девордаги суратдан эса аёли – ўтмиш надимаси кулиб қараб турибди.
Қаҳрамонга қўшилиб чойга сенинг ҳам вужудинг талпинади. Чол аравачага ўтириб, ўзи токчага етмоқчи бўлади, мувозанатни йўқотиб ағнаган аравачани қайта турғизади, гиламга туртинган ғилдиракни пажмурда қўллари билан айлантириб, тўсиқлардан ўтказади. Жони борича ҳаракат қилиш керак — бу нафс чиқарган қарор. Мўъжаз фильм томошабинни 16 дақиқа ана шундай қаҳрамонга ҳамдард — бир қултум сувга зор қилади, тасаввур орқали нафсингнинг измига тушасан беихтиёр, нафсингнинг олдида турган ўзингни кўрасан…
Чойга етишга бир қадам қолган. Шу он деразадан кўчада ўйнаб чанқаган набиранинг жўмракка қараб чопгани, сув қуриганини билиб авзойи бузилгани кўринади. Болакайнинг кўзи бобоси етай деб қолган чойга тушади. Югуриб келиб, деразаларни очди, лекин идишга қўли етмади. Кульминацион нуқта: обиҳаётга бир тарафдан жажжи нозик қўлчалар, иккинчи томондан эса қалтироқ нимжон қўллар интилади.
Сен ўйга чўмасан: инсонни тафаккур бериб улуғ айлаган Зот унинг ўз ожизлигини ҳам унутмаслиги учун бўйнидан ип ўтказиб, жиловини жисмнинг қўлига тутган, ана шу ҳайвоний эҳтиёж олдида ёшни ҳам, кексани ҳам, шоҳу гадони ҳам тенг қилиб қўйган… Шунда сенга инсонийлик рутбаси нафсни тасарруф этиш имконияти билан берилгани ҳақида сўзлай бошлайди безабон қаҳрамон: чол чойни набирасига узатади. Бу руҳ чиқарган қарор эди! Нафсни енга оладиган руҳнинг олдида эса бу дунёнинг жамики даҳмазаси арзимасдек…
Томошабин фильм аслида чой ҳақида ҳам, нафсни енгиш — улғайиш белгиси экани тўғрисида ҳам эмаслиги, бундай тушунчалардан баландроқлигини қаҳрамоннинг картина сўнгидаги табассум жилваланган кўзларидан уқиб олади. Режиссёр актёрнинг нигоҳига катта вазифа, юк, маъно ортганини пайқайди. Орзу-умиддан воз кечиб, хотиралар билан яшашга маҳкум одамнинг кўзларида ёлқин балқ уради. Тугаб битаётган ҳаётни чой билан қўшиб набирасига узатаётган мўйсафиднинг кўзларида, Байрон айтганидек, шомда уфққа қараб тонгги шафақни орзу қилган одамнинг нигоҳини кўрсангиз, табассумидан “Мен билан ўйин ўйнаяпсан-а, ҳаёт. Лекин барибир мен ғалаба қозондим” деган сурурни илғайсиз.
Бернард Шоунинг “Ҳаёт мен учун эриб тугаётган шам эмас, қўлимга бир лаҳзага берилган ва келажак авлодга тутқизишдан олдин имкон қадар ёруғроқ аланга олдиришим керак бўлган ажиб машъалдир”, деган гапи бор. Қаҳрамон ҳам набирасига ўша машъални чой рамзи билан тутди. Яқинларини ўйлаб яшаш, уларнинг манфаатини ўз манфаатидан устун қўя олиш саодатини мерос қилиб узатди гўё… Аслида, қўнғироқ овозидан хонага кирган келинчакка токчадаги чойни эмас, қўли етар жойдаги чойнакни кўрсатса, олам гулистон эди. Лекин қаҳрамон ийманди, бобосининг бобосидан мерос қолган ийманиш билан токчадаги чойга ишора қилди, бобосининг бобосидан қолган олижаноблик билан чойни набирасига узатди. Яшин бир жойга тушмаганидек, одамзот ҳам ҳаётини ҳар хил яшайди, лекин қадриятлар мўъжизавий тарзда суяк суриб бораверади. Шокир Холиқовнинг қичқа метражли “Чой” фильми бу буюк тадрижийликнинг моҳиятига ишоралар беради.
Парвина Омон