Бобурий ҳукмдорлар тарихи акс этган Болливуд кинолари

Бобурий ҳукмдорлар тарихи акс этган Болливуд кинолари

Ҳиндистон тарихига “Буюк мўғул империяси” номи билан кирган салтанатга асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг ворислари ҳинд кино ижодкорларини ўзига мафтун этиб келади. Ҳинд диёрининг энг шонли даврларидан ҳикоя қилувчи бу филмларда болливудона романтика ва тарихий ҳақиқатлар қоришувини кўриш мумкин.

1Ҳумоюншоҳ

Бобуршоҳнинг фарзандига бағишланган “Ҳумоюн” филми 1945-йилда ишланган. Режиссор — Меҳроб Хон. Болливуднинг муваффақиятли чиққан еттинчи картинаси ҳисобланади.

2Акбаршоҳ

Жалолиддин Муҳаммад Акбар ҳукмронлиги энг қизиқарли ва ҳинд давлатчилигининг шонли даврлардан бири. Бу давр киночиларнинг ҳам эътиборини ҳам ўзига жалб қилган. Акбаршоҳ образи иштирок этган филмлардан биринчиси 1943-йили суратга олинган “Тансен” филмидир. Филмда ҳофиз Тансен ва қишлоқи чўпон  қиз Тани ўртасидаги муҳаббат ёритилади. Акбаршоҳ саройига қўшиқчи излаб юрган мулозимлар Тансенни кўриб қолади. Қистовлар билан Акбаршоҳнинг қўшиқчиси бўлишга розилик билдиради. Подшоҳнинг туғилган кунида қўшиқ куйлаши кутилган Тансен Тани билан учрашади, қиз ундан бу ердан кетишни сўрайди. Шу сабабли Тансен Акбаршоҳга саройда бошқа куйламаслигини айтади. Филмда унинг бошидан ўтган турли синовлар ҳақида ҳикоя қилинади. 1962-йилда суратга олинган “Мусиқа қироли Тансен” филмида ҳам шу воқеалар янгича талқинда бўй кўрсатади.

 Акбаршоҳ ўз даврининг санъат ва адабиёт ҳомийси, маърифатли ва қудратли ҳукмдор сифатида ном қолдирган. Унигндаврига ҳинд маданияти гуллаб-яшнайди. 1945- ва 1979-йилларда суратга олинган “Мира” номли филмлар ҳинд шоираси ва роҳибаси Мира Бай ва ҳукмдор муносабатлари, сиёсий коллизиялар фонида ёритилади.

“Жодҳа ва Акбар” сериалининг премьераси 2008-йилда бўлган. Акбаршоҳ (Критик Рошан) ва ражпутлар маликаси Жодҳа Бай (Аишваря Рай) ўртасидаги роматик муносабатлар асосига қурилган картина катта молиявий фойда келтирган (28,37 миллон АҚШ доллари). Ҳиндистоннинг миллий кинофестивалларида, Осиё ва дунё танловларида филм ижодкорлари қирққа яқин мукофот ва номинацияларни қўлга киритишган. Ҳатто Жанубий Америкада ўтган “Сан Пауло” халқаро кинофестивалида “Энг яхши хорижий тилдаги филм” дея эътироф этилган.

3Жаҳонгир

“Жаҳонгиршоҳнинг адолати” (“Адл-э-Жаеҳангир”) — Бобурийлар давлатининг 4-ҳукмдори Акбаршоҳнинг ўғли Жаҳонгиршоҳ (Салим) ҳаётидан сўзловчи ярим тарихий сюжетли филм 1955-йилда тасвирга туширилган. Подшоҳнинг севимли рафиқаси Нур Жаҳонбегим ов вақтида билмасдан бир кишини отиб қўяди. Марҳумнинг рафиқаси Рами подшоҳнинг олдига даъво қилиб келиши ва Жаҳонгирнинг даъвогарга қилган адолат учун ўз маликасига жазо тайинлаши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу филмгача ҳинд киносида худди шу воқеалар асосида суратга олинган “Пукар” филми бор эди. Аммо унинг Анаркали номи билан танилган раққоса қиз Нодира билан муносабати турли афсоналарга сабаб бўлган. “Акбар, Салим, Анаркали” ҳамда “Анаркали” (1953, 1955, 1956) каби филмларни сюжет билан таъминлаган.

                            

4Шоҳ Жаҳон

Бобурийларнинг энг қудратлиси Акбаршоҳ бўлса-да, дунё унинг набираси Шоҳ Жаҳоннинг номини кўпроқ тилга олади. Бунинг боиси эса Тож Маҳалдир. Ҳинд заминида муҳаббат тимсоли бўлиб турган обида Болливуднинг назаридан четдан қолиши мумкин эмас. Болливудда Шоҳ Жаҳон билан боғлиқ “Мумтоз Маҳал”, “Тож Маҳал” (1941, 1963), “Жаҳон Оро” каби филмлар яратилган. 2005 йилда суратга олинган “Тож Маҳал — боқий севги ҳикояси” филми молиявий жиҳатдан ўзини оқламади. 11.34 миллион АҚШ доллари сарфланган филм 7.1 миллион АҚШ доллар тўплай олди, холос.

5Аврангзеб

2006-йили Бобурийлар салтанатининг йирик ҳукмдорларининг сўнггиси Аврангзеб даврида яшаб ижод этган панжоб шоири Ворис Шоҳ ҳаёти ҳақида филм ишланди. Аврангзеб мамлакатда мусиқани тақиқлайди. Чунки у мусиқа инсонни Худодан узоқлаштиради деб ҳисобларди. Мусиқачилар ва қўшиқчилар шаҳарлардан узоқ жойларда яшай бошлашади… Филм халқаро мукофотларни ҳамда 54-миллий филмлар танловида ғолибликни қўлга киритди.

                                                       

                                                                                                                 Суҳроб Зиёдов тайёрлади