Алишер Навоий "Хамса"си: аслият ва талқин
- 26/04/2021
- Адабиёт
26 апрел – устозим профессор Нажмиддин Комиловни хотирлаш кунига
Истаймизми-йўқми, Навоий асарларини биздан беш юз йилдан зиёд масофа ажратиб туради. Бу вақт мобайнида воқелик, тафаккур тарзи, тил катта ўзгаришларга юз тутди, шу боис Навоий меросини кечагина ёзилган асарлардай енгил ҳазм қила олмаймиз, уларни тушуниш учун ўқувчи Навоий яшаган давр, ўша давр мафкураси, тафаккур тарзи ҳақида етарли даражада тасаввурга эга бўлиши керак. Қолаверса, Навоий асарлари ўз замонасида ҳам оммавий тушунилмаган. Шоир “Лайли ва Мажнун”да ёзади:
“Ёзмоқта бу ишқи жовидона,
Мақсудим эмас эди фасона[1]”,
Яъни, бу абадий ишқ ҳақида ёзишдан мақсадим афсона сўзлаб бериш эмас эди, дейди Навоий. Лайли ва Мажнун ишқ қиссаси Навоий учун бир мажоз, восита, “мажоз ҳақиқат учун бир кўприкдир”, деб ҳисоблаган шоир мазкур байтда “ишқи мажозий” орқали ҳақиқатни, “ишқи илоҳий”ни кўрсатиш асл мақсади бўлганлигига ишора қилмоқда. “Мажоз”, “ҳақиқат” каби тушунчалар эса – тасаввуф истилоҳларидир.
Демак, Навоий асарларини тушунишда бугунги ўқувчи олдида яна бир муаммо пайдо бўляпти: яъни уларни ўқиганда сўзларнинг фақат зоҳирий маъноларини билиш етарли эмас, балки мажоз остида яширинган ботиний маънони, тасаввуф истилоҳлари орқали берилган тасаввуф ғояларини ҳам идрок этиш лозим экан. Шу боис бугунги ўқувчи Навоий асарларини тушунишда мутахассис кўмагига муҳтож, талқин, шарҳ ва махсус тайёргарликсиз, гарчи улар ўз она тилимизда ёзилган бўлсада, бу хазинадан баҳраманд бўлиш қийин.
“Интерпретация” деган байналмилал атама бор. У лотинча “воситачилик” маъносидаги “interpretatio” сўзидан ясалган бўлиб, изоҳлаш, шарҳлаш, тушунтириш каби маъноларни англатади. Бу сўз адабиётшуносликда бадиий асарни муайян ғоявий-бадиий талаблар, ижтимоий дунёқараш, изоҳловчининг ўз қарашларидан келиб чиқиб, ўқувчига тушунтириб бериш, изоҳлаш каби амалларга нисбатан қўлланади. Ўзбек тилига бу атамани “талқин” сўзи билан таржима қилиш мумкин.
Демак, адабиётчилик иши ҳам шунга кўра икки қисмдан иборат: биринчиси – бадиий асарнинг яратилиши, иккинчиси – унинг муайян ўқувчилар доирасида талқин этилиши. Кўпгина асарлардан ўқувчи бевосита баҳраманд бўлиш имкониятига эга. Аммо ўша асарлар ҳам, умуман, ҳар қандай асар адабиётшунослик нуқтаи назаридан талқин этилиши мумкин. Талқин даражаси муайян ўқувчилар гуруҳи тафаккур тарзи, дунёқараши, маънавий эҳтиёжи, савияси ва талқин этилаётган асар хусусиятлари ўртасидаги фарқларга нисбатан белгиланади.
Биз “таржима” деганда биринчи галда бир тилдан иккинчи тилга ўгиришни тушунамиз. Бироқ адабиётда насрийлаштириш ёки табдил, шарҳ, тафсир каби амаллар борки, муштарак вазифани бажаргани учун уларга ҳам таржимачиликнинг бир тармоғи сифатида қараш мумкин. Мураккаброқ тилда ёзилган асар оддий ўқувчи учун насрийлаштирилади ёки, аксинча, насрий асарга зеб бериш мақсадида назмга солинади, чуқур фалсафий асарларга шарҳлар ёзилади, илоҳий битиклар тафсир этилади. Буларнинг барчаси муайян манбани ўқувчи ақл-заковати, эҳтиёж ва имконияти даражасида унга тақдим этиш, оммалаштириш, тарғиб этиш мақсадларида амалга оширилади. Шунингдек, ҳар бир давр, ҳар бир авлоднинг ўз руҳияти, тафаккур тарзи, мафкураси, дунёқараши, мақсад-вазифалари бўлади. Тараққиёт босқичлари, муайян тузум мафкурасига қараб тил ўзгаришлари юз беради. Демак, ҳар бир ўқувчи муайян тил ва даврга мансубдир. Ўқувчи ана шу тил ва давр бирлигидан ташқаридаги нарсаларни қабул қилишда таржимон ёки мутахассис кўмагига муҳтож. Масалан, соф турк (ўзбек) тилида, фақат, айтайлик, 700 йил бурун ёзилган “Ҳибатул-ҳақойиқ” асарини бугунги ўқувчи таржимасиз тушунмаслиги мумкин. Демак, асарлар айни бир тилнинг ўзида даврдан даврга ҳам таржима этилар экан.
Навоий “Хамса”си достонларига назиралар боғлаш аслида XV acpдаёқ бошланган эди. Хусусан, XV-XIX асрлар мобайнида уйғур ва форс-тожик тилларида Ҳаримий, Ломиий, Вахший Бафқий, Урфи Шерозий, Ҳирқатий, Ғарибий, Низорий каби шоирлар Навоий достонлари таъсирида асарлар яратишган. Бу назираларни ҳам Навоий достонларининг дастлабки талқинлари дейиш мумкин.
Аммо ўзбек адабиётида Навоий “Хамса”си достонларини соддалаштириб насрда баён қилиш, оммалаштириш, насрийлаштириш анъанасини бошлаб берган шахс – XIX асрда Хоразмда ижод қилган адиб Умар Боқийдир. Умар Боқийдан кейин бу анъана бошқа бир адиб – Маҳзун томонидан давом эттирилди. ХХ аср бошларига келиб, Тошкент шаҳрида “Хамса”нинг тўрт достони насрий талқинини ўз ичига олган “Насри Хамсаи беназир” майдонга келди. Шунингдек, Умар Боқий билан бир пайтда (1813 йил) уйғур адиби Мулла Сиддиқ Ёркандий томонидан Навоийнинг беш достони асосида уйғур тилида “Насри Хамса” яратилди.
“Хамса” достонларининг мазкур илк талқинларига хос умумий бир хусусият: уларда аслият маъносини тўла-тўкис ўқувчига етказишга эмас, балки Навоий достонлари асосида “халқ китоблари” кўринишидаги мустақил асарлар яратишга ҳаракат қилинган.
Ўша даврларда оддий халқ орасида кейинчалик “халқ китоблари” номи берилган қисса ва достонлар машҳур эди. Адабиётшунос олим Б.Саримсоқов “Иброҳим Адҳам қиссаси” китоби сўзбошисида шундай ёзади: “Қўлингиздаги китобни дам-бадам тўхтаб, хаёлга чўмиб ўқиётган чўнг соқол бобо атрофида давра қуриб ўтирганлар бутун вужудлари билан титраб, гоҳ яшнаб, гоҳ ички табассумдан енгил тортиб – ғаройиб ва ажойиб воқеаларнинг кузатувчисига айланганларидан бахтиёр. Алалхусус, ана шундай серфайз кечалар ўқилган асарлар “халқ китоблари” атамаси билан юритилади. Бу атама илк бор XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг бошларида олмон олими Гёррес томонидан қўлланилган бўлса ҳам, аслида, қиссахонлик, достончилик – кенг маънода китобхонликдан иборат улкан маърифий, маънавий анъана Шарқда, хусусан Ўрта Осиёда илк асрлардаёқ кенг тарқалган[2]”.
“Халқ китоблари маълум бир афсонавий ёки анъанавий сюжетнинг бирон бир ижодкор шахс томонидан қаламга олиниб, қайта ишланган, адабийлаштирилган, авторлаштирилган намунасидир, – дейилади “Ўзбек адабиёти тарихи” китобида. – У оғзаки адабиёт билан ёзма адабиётни бир-бирига боғловчи, бадиий сўз санъатидаги бу икки соҳа ўртасидаги алоқа ва ўзаро таъсирнинг меваси сифатида юзага келган асарлар туркуми, оралиқ жанр бўлганлиги учун ҳам фолклористиканинг, ҳам адабиётшуносликнинг текшириш объекти саналади[3]”.
Ҳ.Вамбери эса халқ китоблари ҳақида шундай ёзади: “Ўзбекларда бундай романлар сон-саноқсиз кўп бўлиб, уларда ўзбекларнинг миллий ҳис ва ифтихорини, мардлик ва қаҳрамонлигини акс эттирувчи кўпгина манзараларни топиш мумкин[4]”.
Умар Боқийнинг Навоий достонлари асосида яратилган “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” қиссалари айнан “халқ китоблари” кўринишидаги асарлардир. Хўш, нима сабабдан Умар Боқий даврига келиб Навоий асарларини соддалаштириб табдил этишга эҳтиёж туғилди? Бу борада адабиётшунос Афтондил Эркинов шундай мулоҳаза билдиради: “XVI асрдан бошлаб, темурийлар тарих саҳнасидан кетганидан сўнгги даврларда саройларда маънавиятга, бадиий адабиётга бўлган эътибор сусайганлиги кузатилди. Муайян даврларда саройларда адабий муҳитнинг йўқолиши бадииятнинг юксак чўққисида яратилган Навоий асарларини идрок этиш йўлидаги масофани нафақат давр, балки савия нуқтаи назаридан ҳам узоқлаштириб юборди. Навоийни даврдан даврга, жанрдан жанрга таржима этилишидаги асосий сабаб – аввало худди ана шу тарихий шарт-шароит эди[5]”.
Умар Боқий иккала қиссада ҳам аслият мазмунини бир тилнинг ўзида бир жанрдан иккинчи жанрга, яъни назмдан насрга, даврдан даврга, фалсафий, тасаввуфий адабиётдан халқона адабиётга, мураккаб адабиётдан содда адабиётга таржима этар экан, шу билан бирга, Навоий достонларининг тасаввуфий маъноларини ҳам назардан қочирмаган. Бунинг учун у қиссаларнинг тахаллусларида аслиятнинг тасаввуфий маъносига ҳам халқона тилда, лўнда қилиб изоҳ бериб ўтишга ҳаракат қилган. Зеро, адиб асарлардаги Фарҳод ва Ширин ёки Лайли ва Мажнун ишқи мавзуини тасаввуф истилоҳи билан “ишқи мажозий” деб атайди. Аммо бу қиссахонликдан мақсад ҳам фақат “афсонахонлик” эмас, балки “ишқи мажозий”нинг “ишқи ҳақиқий”га эврилиш жараёнини кўрсатиб бериш. Қиссаларнинг тахаллусларида адиб бу ҳақиқатни ҳам ўз тасаввурича талқин этиб кетишга ҳаракат қилади: “Ҳақ-таоло, охирул-амр, мажозийни ҳақиқийға мубаддал қилди” ёки “Ba ҳар ким... ишқи мажозийда ўртанса, ... ишқи ҳақиқийға мушарраф бўлса, неажабдур?”
Хуллас, Умар Боқийнинг мазкур қиссалари Навоий достонларининг дастлабки насрий талқинлари, насрий баёнлари эди.
XIX аср ўзбек адабиётида “Фарҳод ва Ширин” номи билан яна бир асар майдонга келди. Ўз даврининг таниқли адиби Маҳзунга нисбат берилган бу асар ҳам насрда ёзилган бўлиб, достондаги эмоционал ҳолатларни ифодалаш учун ўрни-ўрни билан лирик парчалардан ҳам фойдаланилади. Маҳзун асари “Қиссаи шаҳзода Фарҳод ва Ширин” деб аталган. Маҳзун ва унинг мазкур асари ҳақида жуда кўп тадқиқот ва мақолаларда айтиб ўтилган[6], бироқ адибнинг қаерда ва қачон яшаб, ижод этганлиги хусусидаги аниқ маълумотлар ҳали топилган эмас. А.Фитрат: “Бироқ бу Маҳзуннинг ким эканини тайин қилиш қийин. Асар жуда ёмон бир котиб томонидан ёзилган нусханинг босмаси бўлгани учун янглишиш жуда кўп. Ҳар шеърнинг ҳар мисраси бузилиб ёзилган! Шунинг учун шоирнинг услуби билан яхши танишув, унинг, масалан, Умархон саройидаги Маҳзун бўлиб-бўлмаганини аниқлаш мумкин бўлмайдир”, – деб ёзади[7].
Маҳзун асарининг Умар Боқий “Фарҳод ва Ширин”идан фарқи шундаки, у ўз ишига анча ижодий ёндашиб, асарда нафақат Навоий, балки Низомий, Деҳлавий, шунингдек, бошқа шу сюжет асосида яратилган асарларга ҳам таянади.
Маҳзун ўз асарида ҳатто Фарҳод ҳақидаги халқ ўртасида мавжуд бўлган қиссалардан ҳам фойдаланади[8]. Асарнинг ўзи ҳам Умар Боқий қиссасидан фарқли ўлароқ, халқ китобларидан кўра, халқ достони тилига яқин наср-назмда яратилган бўлиб, лирик парчаларга нисбатан кенгроқ ўрин берилган. Шеърий парчаларнинг аксариятида Маҳзун тахаллуси ишлатилишидан уларнинг муаллифи адибнинг ўзи, бундан ташқари, у асарда Фузулий ғазалига ёзилган мухаммас, ўзидан илгари ўтган ва замондош шоирларнинг шеърларидан ҳам фойдаланиб, уларни ва “улардан алоҳида байтларни ҳикоя мағзига сингдириб юборади[9]”.
Маҳзундан кейин Навоий “Хамса”сидаги “Сабъаи сайёр” достони “Қиссаи ҳафт манзари Баҳром” номи билан ва “Садди Искандарий” достони ҳам насрий қиссаларга айлантирилган.
1908 йилда “Хамса” достонларининг насрий талқинлари Тошкентда Мир Маҳмуд ибни Шоҳ Юнус ва Ҳайбатуллоҳ хўжа Хислат[10] томонидан “Насри Хамсаи беназир” номи билан нашр этилган.
Хуллас, ўтган – XIX асрни ўзбек адабиётида Навоий “Хамса”си достонларини соддалаштириб насрда баён қилиш, оммалаштириш, насрийлаштириш анъанасига тамал тоши қўйилган аср бўлди, дейиш мумкин. Бу анъанага аср бошида Умар Боқий томонидан асос солинди, Маҳзун томонидан давом эттирилди ва ХХ аср бошларига келиб, “Хамса”нинг тўрт достони насрий талқинини ўз ичига олган “Насри Хамсаи беназир” нашр этилди. Шулар қаторида уйғур адиби Мулла Сиддиқ Ёркандийнинг 1813 йили майдонга келган “Насри Хамса[11]” асарини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Мулла Сиддиқ насрий баёнлари XIX асрда ўзбек адабиётида халқ китоблари қабилида яратилган барча насрий қиссаларга нисбатан тугалроқ, аслиятга, сўзма-сўз таржимага яқинлиги билан ажралиб туради. Биринчидан, Мулла Сиддиқ “Хамса”си ҳам беш достон табдилини ўз ичига олади (фақат “Насри Хамса”да “Ҳайратул-аброр” ўрнида “Лисонут-тайр” табдил этилган), воқеалар бобма-боб, кўп ўринларда байтма-байт, ҳатто сўзма-сўз Навоий бўйича боради. Қайд этиш керакки, “Хамса” достонларини насрийлаштиришга бундай ёндашув ўзбек адабиётида фақат 1940 йил – Навоийнинг 500 йиллиги арафасида пайдо бўлди.
Умар Боқий, Маҳзун, Ёркандий каби “Хамса”нинг дастлабки табдилчилари ўз насрий баёнларида аслиятга нисбатан турли мақсад ва нуқтаи назарлардан туриб ёндашишган. Уларга аслиятга яқинлиги жиҳатидан қуйидагича ўрин бериш мумкин:
1. Мулла Сиддиқ Ёркандий насри;
2. Умар Боқий қиссалари;
3. Маҳзун қиссаси.
Бир манба асосида яратилган, бироқ ўзига хос хусусиятлари билан бир-биридан кескин фарқланадиган бу насрий баёнларни бир-бирига яқинлаштирадиган аслиятдан бошқа умумийликлар ҳам мавжуд. Бу умумийликларни таъминловчи асосий унсур сифатида аввало давр ва ижтимоий муҳитни эътироф этган ҳолда, биз уларни қуйидаги бандларда изоҳлашга ҳаракат қилдик:
• ХIХ асрда яратилган мазкур насрий баёнларнинг барчаси “Xaмсa” достонлари сюжети, воқеаларини соддалаштириб, уларни оддий халқ бемалол қабул қила оладиган халқ китоблари типидаги асарларга айлантириш мақсадида амалга оширилган;
• Учала ҳолда ҳам табдилга асос қилиб аслият сюжети, воқеалар, қолипловчи қиссалар олинган. Бу ўринда қайд этиш керакки, Мулла Сиддиқ насри гарчи таглама таржимага яқин турса-да, унда аслиятнинг фалсафий, тасаввуфий жиҳатларига эътибор берилмаган. Умар Боқий қиссалари гарчи аслият сюжетини ўзида ниҳоятда мухтасар шаклда ифода этган бўлса-да, адиб қисса хулосасида аслият ғояси, қиссаларнинг қисқача тасаввуфий талқинини ҳам бериб, ўз асарларини тасаввуфий руҳда якунлаган. Маҳзунда эса бу хусусиятларнинг унисини ҳам, бунисини ҳам кўрмаймиз. У ўз асарини яратишда янада мустақилроқ иш кўрган ва унда Навоийнинг эмас, ўз ғоясини илгари суришга ҳаракат қилган;
• Учала ҳолда ҳам адиблар аслият тутган мақомга кўтарилишга ва унинг моҳиятини ўқувчига очиб, шарҳлаб беришга эмас, балки ўқувчи даражасига тушиб, аслият асосида ўқувчи эҳтиёжига мувофиқ мустақил халқона асарлар яратишга интилишган ва ҳоказо.
Мазкур мулоҳазалар асосида айтиш мумкинки, “Хамса” достонларини насрда талқин этиш йўлида XIX асрда қилинган дастлабки бу амаллар Навоий достонларини насрийлаштириш анъанасининг биринчи босқичи эди. Бу жараённинг иккинчи босқичи сифатида биз, шартли равишда, Навоийнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан бажарилган ишларни белгиладик.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1941 йил арафасида шоирнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан амалга оширилган ишлар навоийшуносликда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу даврда биринчи марта “Хамса” достонларининг мисрама-мисра насрий баёнларини тайёрлаш тажрибаси бошланди. “Бу хайрли ишга биринчилардан бўлиб киришган Ғафур Ғулом “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёнини тайёрлади ва у 1940 йилда нашр этилди. Шу йилларда “Лайли ва Мажнун” достонининг Амин Умарий ва Ш.Ҳусайнзода томонидан тайёрланган насрий баёни юзага чиқди... И.Махсум “Садди Искандарий”нинг мисрама-мисра баёнини тузиб чиқди”, – деб ёзади адабиётшунос С.Эркинов[12].
Шунингдек, бу даврда амалга оширилган муҳим тадқиқотлардан бири – Садриддин Айнийнинг Алишер Навоий “Хамса”си қисқартирилган изоҳли нашридир.Садриддин Айний бу нашрни “Танланма” деб атайди ва бундан англашиладики, адиб унда Навоий “Хамса”сини тўла талқин этишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Умуман, бу нашрларнинг барчасида, ўша давр мафкурасидан келиб чиқиб, ҳамд, наът, муножот, меърожнома ва дин билан боғлиқ деб топилган кўпгина байтлар қисқартирилган.
Ўтган асрнинг 40-йиллари охири, 50-йилларнинг бошида навоийшуносликда яна бир муҳим давр бошланди. Бу даврда, то 70-йилларгача, “Хамса” достонларининг илмий-танқидий матнлари яратилди. Айни шу даврда “Хамса” достонларининг энг сўнгги мисрама-мисра насрий баёнлари юзага келди. Ушбу насрий талқинларни “Хамса” достонларини насрийлаштириш анъанасининг учинчи босқичи, деб аташ мумкин.
Учинчи босқич насрий баёнлари 40-йилларда амалга оширилган табдилларга нисбатан тугалроқ, аслиятга яқинроқ, лекин қисқартиришлар камроқ бўлсада сақланиб қолган. Хусусан, 70-йиллар нашрларида: “Ҳайратул-аброр” насрий баёнида 23 боб, “Фарҳод ва Ширин”да – 7 боб, “Лайли ва Мажнун”да – 6 боб, “Сабъаи сайёр”да – 9 боб, “Садди Искандарий”да – 8 боб, “Хамса” бўйича ҳаммаси бўлиб 53 боб, бундан ташқари, айрим боблардаги алоҳида байтлар, парчалар ҳам қисқартирилган.
Бу қисқартишлар совет даври мафкураси талаби билан ўқувчига Навоийни даҳрий этиб кўрсатиш мақсадида амалга оширилган эди. Бу борада адабиётшунос Н.Комилов 1981 йили чоп этилган мақоласида шундай ёзган эди: “Демак, яхлит бир достон ҳажмидаги матн ташлаб кетилган... Агар “Худо”, “дин”, “имон” сўзлари учрайдиган асарларни ҳадеб тарашлайверсак ёки қисқартириб ташласак, унда “Илиада”ни, “Шоҳ Эдип”ни, “Илоҳий комедия”ни умуман ўқимаслигимиз керак[13]”.
Ниҳоят, 80-йилларнинг иккинчи ярмига келиб, Совет Иттифоқидаги Қайта қуриш сиёсати шарофати билан Навоийни ҳам “коммунистик фирқадан чиқариш”, унинг ижодини бор бўй-басти билан, ҳаққоний талқин этиш имконияти пайдо бўлди. 1989-1991-йилларда амалга оширилган муҳим ишлардан бири – “Хамса” достонлари аслиятларига уларнинг насрий баёнлари илова қилиниб, бир муқова остида нашр этилди. Бу эса ўқувчига ҳам аслиятни, ҳам унинг табдилини ўқиш имконини берди. Афсуски, бу нашрларда ҳам 1991 йил, яъни мустақилликкача чоп этилган “Ҳайратул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” аслиятида ҳам, насрий баёнларида ҳам (ҳаммаси бўлиб – 36 боб) қисқартиришлар сақланиб қолган. Фақат 1991 йили амалга оширилган “Сабъаи сайёр” ва “Садди Искандарий” достонлари аслияти ҳам, насрий баёнлари ҳам биринчи марта тўлиқ чоп этилган.
“Хамса” достонларининг мазкур сўнгги, учинчи босқич табдиллари олдингиларига нисбатан мукаммалроқ бўлсада, юқорида зикр этилган қисқартиришлардан ташқари уларда аслиятга тўғри келмайдиган, нотўғри таржима қилинган ўринлар ҳам талайгина (Уларни мен 2000 йилда ҳимоя қилинган номзодлик илмий ишимда кўрсатганман). Мазкур нашрлардан кейин роппа-роса 30 йил вақт ўтди. Бу давр мобайнида янги бир авлод – мустақилликдан кейин давр авлоди вояга етди. Аммо “Хамса”нинг совет даврида амалга оширилган мазкур табдиллари ҳали таҳрир этилмаган. Навоий асарлари аслиятидан бевосита баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлмаган ўқувчи уларни ана шу табдиллар орқали тушунишга мажбур. Саноқли мутахассис ва адабиётшунослардан ташқари ҳаммани ана шундай ўқувчилар сирасига киритиш мумкин.
Мақола аввалида зикр этилганидек, Навоий меросини тасаввуфсиз, тасаввуф истилоҳлари орқали берилган фикрларни мағзини чақмасдан идрок этиш қийин. Шубҳасиз, насрий баёнлар навоийшуносликда амалга оширилган энг катта ютуқлардан биридир. Аммо ҳазрат Навоий “мажоз – ҳақиқатнинг кўприги”, “мажоздан мақсад –ҳақиқат” ақидаларига риоя қилгани каби, бугунги ўқувчи ҳам аслиятнинг ҳақиқатини, зоҳирий маъноси билан чекланмасдан, Навоий асарларининг ботиний маъноларига етиб боришни истайди. Бунинг учун, ўйлаймизки, навоийшунослик фани бугун ҳамма шарт-шароитларга эга. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?
– Аввало “Хамса” достонлари насрий баёнлари қайтадан кўриб чиқилиши, таҳрир этилиши, қисқартирилган ўринлар тўлдирилиши ва, албатта, улар аслият билан бирга нашр этилиши лозим;
– Насрий баёнларда “тажарруд”, “таваккул”, “истиғно”, “фано” каби баъзи тасаввуф истилоҳлари ҳам таржима этилган (айтайлик, “фано” истилоҳи бир ўринда “бақосизлик” (?) деб ўгирилган), тасаввуф истилоҳлари ўзгаришсиз қолдирилиб, худди Садриддин Айний ўз “Танланма”сида қўллагани каби, уларни тушунтиришда матн тагида изоҳ ва шарҳлардан кенг фойдаланиш ва шу орқали ўқувчига аслиятнинг тасаввуфий маъно қатламини англатиш мумкин ва ҳоказо.
Юқорида гувоҳи бўлдикки, “Хамса” достонларини тўлақонли ўқувчига англата оладиган талқинлар ҳали яратилмаган. Агар мазкур ишлар бажарилса, шу йўлда қўйилган катта бир қадам бўлади.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Филология фанлари номзоди
Изоҳлар:
[1] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 т. 9-том. Хамса: Лайли ва Мажнун. – Т.:Фан, 1992. – 356 б. 310-бет
[2] Иброҳим Адҳам қиссаси; Амири Ахтам қиссаси; Бобо Равшан қиссаси: Тўплам. Сўзбоши Б.Саримсоқовники. Т.: “Ёзувчи”, 1991. – 192 б. 3-бет.
[3] Ушбу иқтибос 5 томлик (Ўзбек адабиёти тарихи) китобининг 3-томидаги (Халқ китоблари) мақоласидан
келтирилди. Мақолани профессор В. Абдуллаев, Р. Орзибеков, Қ. Тоҳировлар ёзишган. 155-бет.
[4 Ўша китоб, 336-бет.
[5] Эркинов А.. Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг XV-XX аср манбалари. Филология фанлари доктори... диссертацияси. – Т.: 1998. – 282 б. 130-бет.
[6] Маҳзун ҳақида қаранг: А.Фитрат. “Фарҳод ва Ширин” достони тўғрисида. “Аланга” журнали, 1930 йил,
2-сон, 9-14-бетлар; М.Афзалов. «Фарҳод ва Ширин» достонининг халқ варианти. Акд., 1950; В.Абдуллаев.
Ўзбек адабиёти тарихи. Иккинчи китоб. Т.: Ўқитувчи, 1965; Н.Маллаев. «Фарҳод ва Ширин»нинг Умар
Боқий томонидан ишланган халқ китоби варианти. Адабий мерос, 3-китоб. Т.: 1973, 137-147-бетлар;
М.Назаров. Хамса: насрий талқин. Т.:; «Ўзбекистон маданияти» газетаси, 1980, 8 феврал; С.Эркинов.
«Хамса» анъаналари. Алишер Навоий «Хамса»си. (Тадқиқотлар). Т.: Фан, 1986; С.Эркинов. «Фарҳод ва
Ширин» ва унинг қиёсий таҳлили. Т.: Фан, 1971.
[7] А.Фитрат. “Фарҳод ва Ширин” достони тўғрисида. “Аланга” журнали, 1930 йил,
2-сон. 12-бет
[8] Алишер Навоий “Хамса”си. (Тадқиқотлар). – Т.: Фан, 1986. 135-бет.
[9] Алишер Навоий “Хамса”си. (Тадқиқотлар). – Т.: Фан, 1986. 262-бет.
[10] Хислат 1880 йилда Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги Чорсу маҳалласида туғилган. Шоир, таржимон ва
ношир. «Ҳадяи Хислат», «Баёзи Хислат», «Баёз», «Армуғони Хислат», «Туҳфаи Хислат», «Савғоти
Хислат» каби баёзларнинг ношири.
[11] Булоқ. Уйғур классик адабиёти ва халқ оғзи адабиёти журнали. // Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. – 1989. №28.
[12] Алишер Навоий “Хамса”си. (Тадқиқотлар). – Т.: Фан, 1986. 136-бет.
[13] Комилов Н.. Тафаккур ва нафосат хазинаси // “Гулистон” журнали. – 1981. №2. 24-бет.