"Қўрқма" реквиемдир – Қамариддин Артуа

"Қўрқма" реквиемдир – Қамариддин Артуа

  • 06/06, 00:02
  • Адабиёт

 “Қўрқма” романининг номи отилган ўқдек жаранглайди – ҚЎРҚМА!

Ўтган асрнинг бошларида туркистонлик 70 талаба таълим олгани Олмонияга юборилади. Бироқ бу маърифат карвонидагиларнинг ҳаммаси 1929-1938 йиллар оралиғида халқ душмани деган айблов билан ҳукм қилинади ва отиб ташланади. 

Қисқаси шуки, романнинг бош қаҳрамони бўлмиш ёш тарихшунос талаба – ўша кечмиш воқеалар “жинниси”, у отилиб кетган толиби илмлар тарихини тиклаш фикри-хаёли билан яшайди. 

Ўзи асли қашқадарёлик; унинг ёш умри-қисмати аждодларининг қайғули тарихи билан фоже бир тарзда боғланиб кетган ва асар тўқимасининг бадиий-публицистик кучини мана шу воқелик ташкил қилади. Роман дамба-дам оқ шеърда ёзилган проза каби ўқилади. 

Бу асар шахсан мен учун Гарсиа Лорканинг мусиқий-халқона афсунвор  “Канте-хондо”си, Габриэль Гарсиа Маркеснинг фантасмагория – мўъжизавий хулёлари кабидир; ҳаммасини бирваракайига олганда эса – бегуноҳ қурбон бўлиб кетган ёш жонлар ҳақидаги, бугунги “йўқотилган авлод” ҳақидаги ҳамда   “бугунги замонавий воқеликда буларнинг барини қандай қилиб бир махражга бирлаштириш мумкин, бу – умуман мумкинми ўзи?” – шу ҳақдаги  ниҳоятда ичкин, ниҳоятда инсоний НАЪРА, УВВОС, ОҒРИҚ,  АЙТИМдир.

Бу шунчаки “бестселлер” эмас, йўқ. Бу – таъбир жоиз бўлса, қонлари сизиб-силқиб ётган китобким, уни ўқимаслик мумкин эмас. Ўқийдиган бўлсанг... – оҳ, қанчалар азобда қоласан...

РЕКВИЕМ (МОТАМ АЙТИМИ). 

Қамариддин Артуа