Эртаклардаги эврилиш мотиви

Эртаклардаги эврилиш мотиви

Эртаклардаги эврилиш мотиви

  • 31/05/2021
  • Адабиёт

Эврилиш мотиви фольклорда асосан шоманизм (жумладан, Асқар Мусақуловнинг ўзбек халқ лирикаси китобида) ва тотемизмга боғлаб келинган. Тотемизм билан боғлиқ фикрлар қаҳрамоннинг нега айнан ўша жонзотга айланганига жавоб берса, шомончиликда эса шомоннинг бирор жонзотга эврилиш имкониятига эга бўлгани ва шомонлик урф-одатлари, қадриятларига асосий урғу берилади. Бироқ эврилиш мотивининг тотемизм ёки шомонизмга боғланиши халқ оғзаки ижодидаги барча эврилишлар моҳиятини тўлиқ қамраб ололмайди. Чунки улар у ёки бу қаҳрамон нима учун эврилади, эврилиш айни ўша ўринда (мазкур мотив сюжетда) нима учун зарур эди деган саволга жавоб бермайди. Нима учун эврилиш содир бўлганига жавоб излаган илмий таҳлиллар ҳам мавжуд. Жумладан, тадқиқотчи Биркхайзер Оэри Сибилл  “Она. Сеҳрли эртаклардаги  архетип образ  ва эврилишлар” мақоласида эртакдаги эврилишларни она архетипига боғлаб таҳлил қилар экан, эврилиш сабаби сифатида турли изоҳ ва мазмунларни келтиради. Уларнинг фақат биттасигагина қуйида биз баён қилмоқчи бўлган фикрларга уйғун бўлгани учун тўхталиб ўтамиз.

Инсон ҳаётидаги уч муҳим жараён халқ оғзаки ижодида бир оламдан иккинчи бир оламга ўтиш сифатида баҳоланади: туғилиш, никоҳ ва ўлим. Фольклордаги анъанавий тушунчага мувофиқ чақалоқ туғилар экан, у бир оламдан иккинчисига ўтади. Никоҳ орқали аёл учун қизлик олами ўлиб, аёллик дунёси, йигит учун эрлик дунёси бошланади. Инсоннинг жисман ўлиши ҳам аслида унинг буткул йўқолиб кетишини англатмайди, балки у бошқа бир дунёга ўтади. Фольклорнинг дастлабки намуналари бўлмиш мавсум мифлари ҳам ўлиб тирилишга, яъни табиатнинг ўлиб тирилишига асосланади. Фольклордаги анъанавий тушунчага кўра бирор мавжудотнинг йўқ бўлиб кетиши, ўлим деган жараён йўқ. Туғилиш – ўлим – туғилиш – фольклордаги воқелик худди шу сиклда кечади ва шу қатъий жараёнга амал қилади. Жумладан маросимлар ана шу жараённи эътироф этиш мақсадида туғилган. Чақалоқ туғилар экан, бошқа бир оламдан бу оламга ўтади. Бешик тўйи маросимлари шу жараённи нишонлашдан вужудга келган, Турмушга чиқиш, уйланиш маросимлари ҳам халқ нишонлайдиган эл ҳаётида, жумладан, ҳар бир инсон ҳаётидаги муҳим маросимлардан. Келинчак остонаси тиллодан бўлган ёр уйига кириб желар экан, бу остона у учун янги уй эмас, у қадам қўяётган янги оламнинг остонаси. Қизнинг кўз ёш тўкиши эса ота уй билан эмас, у ташлаб кетаётган дунё билан хайрлашиб тўкилган кўз ёш. Турмушга чиқар экан, қиз учун қизлик дунёси ўлиб, аёллик дунёси бошланди, йигит учун эса йигитлик дунёси тугаб, у эрликка қадам қўяди. Яъни қиз ҳам, йигит ҳам оила қуриш асносида қайтадан ўлиб, тирилади. Тўй маросимларида куйланадиган ёр-ёр, қўшиқ, келинсаломларда айни шу дунёқараш излари турганини мутахассислар эътироф этади. Тўйда ўтадиган урф-одат, маросимлар моҳияти ҳам халқнинг никоҳни бир оламдан бошқа оламга ўтиш, ўлиб тирилиш сифатида билганини кўрсатади. Жисман ўлим ўз-ўзидан тушинарлики, диний дунёқарашда ҳам, мифологик дунёқарашда ҳам бир оламдан бошқасига ўтиш деб қаралган. Яъни бирор мавжудот жисман ўлар экан, у тамоман йўқ бўлиб кетмайди, балки бошқа бир оламга ўтадива мифологик дунёқарашга кўра у ёмғир, ўт-ўланлар, шунга ўхшаш табиатга оид ҳодисаларда қайта тирилади. Момом дунёдан ўтганида аёлларнинг “ёмғир бўлиб ёғарсиз”, деб айтим (марсия) айтиб йиғлаганини кўриб ҳайрон бўлганман. Демак, аза маросимларидаги ҳалигача сақланиб қолган вербал компонент –марсиялар халқнинг ўша қадим ишончларини сақлаб келаётганидан далолат. Ўлган инсоннинг жонсиз нарсалар (ёмғир, майса) вужудида тирилиши мифологик дунёқарашнинг асосини ташкил этувчи анимисм инончи билан боғлиқ. Демакки, анъанавий дунёқарашда ўлим йўқ. Мавсумий мифлар замирида ҳам худди шу жараённи кўриш мумкин. Табиат тирилади (баҳор-ёз), ўлади (куз-қиш) ва яна қайта тирилади. Табиат (Қуёш)нинг ўлиб тирилиш муддатлари маълум саналарда ўтказиладиган маросимларнинг яралишига сабаб бўлган. Умуман олганда, табиатнинг ўлиб тирилиши жуда катта ҳодиса ҳисобланган. У инсон ҳаётидаги ҳам воқеликларни белгиловчи асосий сабаб деб олинган (cалендар мифлар). Кўрилганидек, тирилиш – ўлиш – тирилиш мифологик дунёқарашнинг ҳам, инсон умрининг ҳам асосини ташкил этади. Лекин инсон қалбига чуқурроқ кирганимиз сари ўлиб тирилиши ва бир оламдан бошқа бир оламга ўтиш каби жараёнлардан ташқари бошқа бир ўлиб тирилиш ҳам борлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Умуман олганда, фольклор халқнинг дунё ва ўзи ҳақидаги илк тушунчаси, илк қараши ҳақидалигидан келиб чиқсак, жисман ва руҳан (туғилиш, никоҳ, аза) бошқа бир оламга ўтиш даражасида катта бўлмаган, аммо ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт йўлида муҳим бўлган ўлиб тирилиш ҳам бор. Улкан руҳий билимга эга бўлган халқ бу ҳодисани шунчаки четлаб ўтган, ташлаб юборган бўлиши мумкин эмас. Инсонда кечадиган бу ўлиб тирилишлар ўзликни англаш учун энг яхши восита бўлгани, айни жараёнда инсон ўзини ва оламни кўпроқ билгани учун албатта халқ буни ўзи ижод этган асарлар қатига бир мотив ўлароқ сингдирган деб ўйламоққа ҳақимиз бор. Назаримда, шундай туйиладики, Билгамиш мангу тириклик гулини излаганида фақатгина бу оламда умрбоқий яшашни орзу қилибгина сафарга отланмаганди. Аввало, излаш инсон борлиғининг асоси. Излаш –Йўл, мақсадни ифода этади. Шундай экан, излаш мотиве Билгамиш учун ҳам, ҳозирги замонавий инсон учун ҳам борлиғининг моҳиятини, ўзни англашнинг асосини ташкил этади. Излаётган одам – бедор одам, англашга чоғланган, англаётган одамдир. Билгамиш мангу тириклик гулини излаган экан, айнан бу оламдаги мангу тирикликни (жисман бир оламдан иккинчи оламга ўтмасликни, яъни жисмоний ўлимни эмас) излаган деб тахмин қилмоқдамиз. Зеро жисман тирик инсон ҳам буорлиқда яшар экан, мангу (руҳан) тирик бўлолмайди. Табиат фасллар мисолида ўлиб-тирилишларни бошидан кечирар экан, инсон ҳам шу каби руҳий ўлиб тирилишларни бошидан кечиради. Билгамиш излаган ўша тириклик гулини илон еб кетиши эса яшаётган одам бу каби ўлиб тирилишлардан холи эмаслигини кўрсатади. Экзюпери айтмоқчи, яшамоқ бу аста секин (ўлиб-тирилишлар орқали) туғилмоқ демакдир. Мазкур ўринда психоанализ мактаби вакилларининг деярли барча халқлар фольклорида учровчи қаҳрамоннинг аждарҳони ўлдириш мотивига доир фикрларини эслаб ўтмоқчимиз. Қаҳрамон аждарҳони ўлдирар экан, (бу мотив инитсиятсия жараёнинг мажози деб ҳам қаралади) ҳаётидаги илк катта синовни адо этади. Қолаверса, мазкур мотив она архетипи билан ҳам боғланган. Қаҳрамон аждарни ўлдириш асносида руҳан она батнида чиқади , яъни чинакам маънода туғилади. Маънан алоҳида инсон сифатида туғилади, ўз шахсиятини яратишни бошлайди. Бу туғилиш жараёни осон кечмайди. Катта синовларни енгиб ўтиш орқалигина бунга эришиш мумкин. Ва битта катта синовни адо этиш орқали ҳам инсон тўла яралиб (туғилиб) қолмайди. Одам тирик экан, бу синовлар унинг йўлида мавриди билан пайдо бўлаверади ва уларни енгиб ўтиш орқали аста-секин ўз-ўзини яратиб боради. Шу сабаб синов мотиве ҳам фольклорда ўзак мотивлардан бирини ташкил этади. Синовларни енгиш орқали қаҳрамон, бошқача айтганда ҳар бир инсон ичидаги курашларни, шахсиятнинг (“мен”нинг) турли фрагмент-бўлакларга ажралиб ётиши, хаос устидан (бола архетипи устидан) ғалаба қилиб бораверади ва руҳ, қалб, ақл ва таннинг ўзаро мувозанатига, инсонни инсон қилиб турган бу уч таянчнинг бирлашувига (донишманд архетипи) эришиб боради.

Биз сўз юритмоқчи бўлган руҳий ўлим ҳам аслида бир синовдир. Тўғрироғи, синовлар натижасида туғилган қийинчилик, инсоннинг ўша қийинчиликни ақл ва руҳи айни вазиятда кўтаролмаслиги ёки енгиб ўтолмаслиги оқибатида руҳ ва қалбнинг, ақлнинг, бошқача айтганда “фаолиятсиз” қолиши деб қараш лозим. Аслида бу жараённи фаолиятсизлик деб баҳолаб бўлмайди. Аксинча, руҳ, қалб айни шу жараёнда кўпроқ фаолроқ ишлар, аммо у ҳаётий мақсадларга (турмуш, тирикчилик мақсадларига) айни ўша пайтнинг ўзида хизмат қилмайди. Биз ҳаётий мақсад, ҳаётий қувват тушунчаларини психоанализдаги “либидо” атамаси остига жамлашимиз мумкин. Фрейд либидони инсоннинг жинсий эҳтиёжини бошқарувчи, ҳаракатга келтирувчи қувват деб таҳлил қилса, унинг шогирди Карл Густав Юнг –инсондаги ҳаётга интилишга бўлган барча энергиянинг асоси деб таърифлайди. Бир сўз билан айтганда, либидони ҳаётга муҳаббат энергияси деб таърифлаш мумкин. Бунда инсоннинг наинки жинсий мойилликлари, балки куч-қудратга, ҳокимиятга (Фромм назарияси), бойликка, ҳаётнинг энг гўзал лаззатларидан баҳраманд бўлишга интилиш истаклари ётади. Бундай қараганда ҳар биро дам ҳаёти давомида нимагадир интилиб яшайди, эришгани сари бундан-да мукаммлароғини кўзлаб бораверади, исталган нарсага эришиш учун бутун куч-қувватини, имкониятини сарф этади. Бизни ҳаракатга келтирувчи қувват эса айнан либидода жамланган. Лекин оламда ҳар нарсанинг зидди бўлгани каби, ҳар нарсанинг қадр-қиммати зидди билан солиштирганда юзага чиққани каби биздаги ҳаётий куч-қувват энергиясининг ҳам зидди бор. Аслида уларни бир-бирининг зидди деб атаб бўлмайди. Инсон руҳи ва танасида бири мавжуд экан, иккинчиси ҳам шубҳасиз мавжуд бўлади. Инсон хатти-ҳаракатлари бирининг таъсирида юзага чиқаётганида аслида иккинчсис ҳам иштирок этаётган бўлади. Фарқи биринчиси фаоллашганда, иккинчиси сустлашади, иккинчиси фаоллашганда эса биринчиси билан худди шу ҳол рўй беради. Шу тариқа бу икки қувват бир-бирига ва инсонга –инсоннинг аввало танаси, сўнгра руҳ ва қалбига умр йўли давомида маълум мувозанатни топпиш учун ёрдам бериб боради. Иккинчи қувват ҳақидаги фикрларни фан бироз кечроқ ўрганган. Фрейд шогирди Сабина Шпилрейн томонидан илк бор тадқиқ қилинган, кейинчалик эса 1936-йилда Паул Федерн томонидан фанга олиб кирилган бу атама –мортидо термини бўлиб, у инсондаги ўлим инстинктини ифодалайди. Либидо инсондаги яратиш қуввати бўлса, мортидо –деструктив, яъни бузиш, вайрон қилиш энергиясидир. Мазкур назария ҳаётда кечадиган воқеликка ҳам уйғун асли, яратиш учун доим бузиш, бузгандан кеййин эса яна яратиш керак. (Дунё тухуми ҳақидаги миф. Яшамоқ кўникмаларни бузиб (тухумни синдириб), яна бир бошқа тухумга (яратиш) кирмоқ демакдир.) Мортидо ўлим инстинкти деб номланар экан, энг аввало унинг инсон қариб, кексайганда, мортидо инстинкти танаси ва руҳини биологиc ўлимга тайёрлаб бориши тушинилади. Қолаверса, суидсид истаги – баъзи-баъзида айрим инсонлар қалбида бу истакнинг бўй кўрсатиб туриши ҳам мортидонинг фаоллашиб қолиши таъсирида кечади. Мазкур икки жараён мортидони намоён қилувчи энг ёрқин кўринишлар бўлса, мортидони ифодаловчи ва биз кундалик ҳаётда ўзимизда ҳам, ўзгаларда ҳам тез-тез дуч кеувчи ҳолатлар мавжуд. Булар агрессия (тажовузкорлик), депрессия (тушкунлик), ичкиликбозлик, мазохизм каби ўз-ўзини вайрон қилишга қаратилган мойилликлардир. Бошқача айтганда, мазкур ҳолатларни руҳий ўлим деб ҳам аташ мумкин. Айтганимиздек, инсондаги бу икки ўзак қувват манбаларининг фаолияти бирда фаоллашиб, бирда сусайиб туради. Мазкур жараён худди фаслларнинг алмашинувини эсалатди. Борлиқда мангу ёз ё қиш ҳукмрон бўлиши анормал ҳодиса ҳисобланганидек, инсон борлиғида ҳам доимо битта куч етакчилик қилиши деярли мумкин бўлмаган жараён. Мортидо қайси пайтда кўпроқ юзага чиқади –либидо туфайли туғилган истак ва мойилликларни амалга ошириш, қондириш имкони бўлмаганда, инсон ҳар томонлама ожиз қолганда бу куч фаоллашади. Бундай пайтда инсон борлиғИ қайсидир маънода тирик қолиш имкониятини йўқотади. Жисман ҳеч нарса бўлмагандек яшайвериши мумкин, лекин инсоннинг руҳий дунёсида кўп нарса ўзгаради. Либидо йўналтириб турган истакларнинг, либидонинг хоҳишига мос бўлмаган вазиятларнинг содир бўлиши –инсон бошига тушадиган турли кўнгилсиз вазиятлар –айрилиқ, жудолик, ўлим, ажралиш, эришилмаган мақсад кабилар кўпинча инсонда чуқур оғриқли из қолдиради. Ва агрессия, нафрат, ғазаб, стресс, интиҳор, ичкиликка ружу қўйиш, йўлдан оғиш, ўз-ўзини қийнаш (мазохизм) кабиларга олиб келади. Инсоннинг бундай карахт, маҳдуд ҳолатини руҳий ўлим деб аташ мумкин. Бу ўринда биз урғу бермоқчи бўлган нарса шундаки, аслида руҳий ўлим ҳаётни рисоладагидек расо давом эттиролмайдиган, эттиролмай қолган, бунинг учун унда куч-қувват етмаётган (либидо энергияси сусайган) бир пайтда айнан инсонга аввало жисман ўлмаслик, тирик қолиш имконини беради, иккинчи тарафдан инсон мана шу мортидо кучига таяниб бўлса-да яшашни давом эттиролади. Бошқача қилиб айтганда, инсон энди либидо энергияси ҳисобига эмас, мортидо энергиясига суяниб яшайди ва шу сабабдан ҳам тирик қолади. Яъни либидодаги энергия сусайган ёки фаолиятсиз қолган пайтда инсон буткул мавҳ бўлиб, йўқ бўлиб кетмайди. Вужудидаги бошқа энергиядан куч олади холос. Аслида қиш дарахтлар учун яна ёзда гулламоқ учун қувват йиғиш даври бўлса, руҳий ўлим даври ҳам инсон учун яна рисоладаги одам сифатида ўзини оёққа қўйиб олиш учун руҳий куч қувват йиғиш манбаси. Демакки, бу руҳий ўлим биринчи навбатда жисман тирик қолиш зарурати бўлса, иккинчи томондан қувват йиғиш давридир.Аслида руҳий ўлимни Ташқари билан алоқанинг узилгани, ташқарининг шарт-шароитларига, улар қўйган талабларга инсон руҳий, қалбий ва жисмоний хатти-ҳаракатлари жавоб беролмай қолгани, жавоб беришга қуввати йўқлиги тарзида ҳам изоҳлаш мумкин. Руҳан чўкиш деб атаймизми буни ёки ўз қалбига, ичига тўкиш деб атаймизми, фарқи йўқ. Ҳар икки ҳолатда ҳам инсон учун сабоқ бор асли. Аввало шуки, ҳар қандай кўтарилиш учун аввало чўкиб кўрмоқ керак. Бу қадим Шарқ экзотерикасида ҳам мавжуд фикр. Қолаверса, Юнг ҳам айни фикрни Соя архетипига оид мақоласида ҳам эслаб ўтади. Руҳан ўлган одам маълум вақт ўтиб, куч йиғиб, яна либидо уни ҳаётий куч-қувват билан таъминлайдиган турмушга қайтар экан, у яна айни ўша одам бўлиб қолмайди. Бу руҳий ўлим чоғида у бошқа одамга эврилади. У энди бошқа одам бўлиб яралади (туғилади). Айтганимиздек, яшамоқ бу аста-секин туғилмоқ демакдир ёхуд она қорнидан ёруғ оламга тушиш ўз йўлига, асосийси инсоннинг ўзини ўзи яратишидир. Лекин бунда бир нозик жиҳат борки, руҳий ўлим давридаги сабоқ ҳам ҳамма учун эмас, Англайдиган қалблар учун янгиланиш, эврилиш ва яна тирлиш воситасига айланади.

Биз руҳий ўлим ва унинг инсоннинг эврилиш жараёнидаги ўрни ҳақида сўз юритар эканмиз, аслида халқ эртакларидаги на тотемизм, на шомонизмга оид мезонлар билан ўлчаб бўлмайдиган эврилиш мотивларининг моҳиятига назар солишни мақсад қилган эдик. Бунинг учун “Санги сопол тош” эртагидаги эврилиш мотивларини кўздан кечиришни лозим деб билдик. Аввало эртакни бироз кейинг босқичларда пайдо бўлган деб айтиш мумкин. Эртакнинг ҳаётий-маишийлиги, ундаги вазиятнинг ҳам айни ҳаётий воқелик билан бирлиги (чол-кампирнинг ниҳоятда камбағаллиги, ўғлини уйлантиришга қурби келмаслиги, қиз тарафнинг кўп қалин талаб қилиши) ҳам бундай фикрга асос беради. Бир қарашда воқеалар фольклорга хос эпиc замон ва эпиc маконда кечмаётгандек (йигитнинг ёши 25 ёшга кириб уйланомаслиги), бадиий адабиётдаги замон ва маконга хосдек туйилади. Лекин эртакнинг асосий воқелиги бошланган сари эртакнинг ҳам мифологик қатламлари очила боради. Аввало бу сандиқ ичидан пари қизлар чиқиши, кампирнинг бу қизларни тилсимлаб қўйганида кўринади. Кампирнинг калава ип йигиришига ҳам алоҳида аҳамият қаратиш керак. Одатда, калава, урчуқ, тегирмон билан бўглиқ рамз ва образлар –тақдирни ифода этади. Йигитнинг мўл юриб, мўл юрса ҳам кўл юриб келиб, айнан калава йигирувчи кампирнинг уйида туриши ва пари қизга эришишида ҳам ўзига хос рамз ва таг маънолар яширин. Лекин мавзумиз доирасидан четда бўлгани учун ҳозир буларга тўхталмоқчи эмасмиз. Пари қизни йигит ўз уйига эна-отасига кўрсатиш учун олиб келар экан, парини соқов қиз алдаб макру ҳийла билан ҳовузга улоқтиради ва қиз ҳовузга чўкиб кетади. Биз таҳлилга тортмоқчи бўлган мотив айни шу ўринда бошланади. Соқов қиз парининг кийимларини кийиб, пари қиёфасига кириб, йигит билан бирга кетар экан, пари қиз ҳам лўк (туя) қиёфасига кириб унинг ортида эргашади. Шу орқали йигитнинг ёнида қолмоқчи бўлади. Лекин соқов қиз йигитни туяни ўзлари билан олиб кетишга йўл бермайди. Шунда сеҳрли қиз кийик қиёфасига киради. Соқов қиз яна йигитга имкон бермайди.

Биркхойзер Оери Сибилл “Она. Сеҳрли эртаклардаги архетип образ” китобида таъкидланишича инсоннинг табиий табиати – худди қушлар, ҳайвонот дунёсида бўлгани каби инстиктив табиат. Айниқса, болалик даврида бу тўла тўкис кўринади. Инстиктив табиат – асосан онгсизликни табиатнинг ўзида ифода этади. Адабиёт ва фольклордаги Улуғ Она образи ҳам инсоннинг дастлабки – инстиктив (онгсиз) ҳолатини ифода этиш билан бирга, бутун олам, табиат, ўсимлик ва қушлар дунёси билан ҳам яхлитлигини англатади. Инсон онгли ҳаётга ўтгани, унда эго кучайгани сари бу Яхлитлик ҳам парчаланиб боради. “Ҳайвон ва қушлар –гарчи уларда Онг (Его) бўлмаса-да, ўз ҳаракатларини инсонлардан кўра бехато амалга оширишади. Шу сабаб ҳам тушлардаги ҳайвонлар образи позитив маъно ташийди. Тушдаги бундай рамзлар кўпинча инсондаги эгосентризмга қарши ўз қалбининг норозилиги, ички табиатининг бош кўтариши тарзида тлақин қилинади. Туш ва эртаклардаги қуш ва ҳайвон образи инсондаги ички уйғунлик, бутунликни ифодалайди.”[1]

Бекорга Она образи эртакларда ҳайвонот, табиат дунёси билан боғланмайди. Кўпинча табиат ҳомийлари – она, аёл образи тасаввур қилинади. Она бу ўринда инсоннинг физик ва инстиктив онгсизлик ҳолатини ифода этиш билан бирга, Руҳ ва Материя билан уйғунлигини, яхлитлигини ҳам кўрсатади. Чунки қушлар, ҳайвонлар инстиктив ҳолатда, оламдаги яхлит келаётган тўлқинларга бўйсуниб ҳаракатланади ва адашмайди. Уйғунлик ё яхлитликка эришиш – бу жараён эмас, илк инстиктив руҳий ҳолатга Қайтишни ифода этади.

Инсоннинг ҳайвонга эврилиши (эртаклардаги Онгости кучи ўзини намоён қилаётган бўлади. Ҳайвонга эврилиш — инсон ўз инсоний феъл-атворини йўқотгани, энг аввало, Онг ва эгодан узоқлашганини билдиради. Ҳайвонга эврилиш –инсоннинг инстиктив ҳолда, зулматда ва онгсиз тарзда яшай бошлагани, шунинг учун инсон эгонинг (Онг) истакларининг қурбони бўлганини ҳам англатади.

Руҳий ўлим ҳақида сўз юритганимизда инсоннинг “фаол” бўлмай қолиши, яъни Онг ва англанмаган ҳаракатлар измида яшамай қўйиши ҳақида гапиргандик. Шунингдек, ўз қалбига чўкиш –ўзининг қоронғу томонига (Сояга) чўкиб кўриш (зулматда яшаш), чўкиш натижасида онг фаоллиги сусайиб, онгсиз яшаш тарзига ўтиш (ё хатти-ҳаракатларда онгости назоратининг устун бўлиши)ни ҳам гапириб ўтгандик. Ва бу руҳий ўлим аксар либидо хоҳиш-истакларининг қондирилмаслиги натижасида юзага келишини таъкидлагандик – Оери Сибилл ҳам бирор ҳайвонга эврилиш инсоннинг истаклари қурбони бўлгани ҳақидаги фиркларини эслаб ўтади.

Она архетипи наинки илк инстиктив, онгсиз ҳолат, балки Инсон ва материянинг уйғунлиги экани маълум. Шундай экан, эврилишлар мотив юқорида тилга олинган ҳолатлар билан бирга эврилишлар қаҳрамонни муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолиш маъносига ҳам эга. Оери Сибилл бунда ака-ука Гриммларнинг “Русалка в пруду” эртаги таҳлилига тўхталади. Эртакдаги чўкиб кетаётган тегирмончи ва унинг хотинини сеҳргар кампир муқаррар ўлимдан қутқариш учун қурбақага айлантириб қўяди. Шу билан тегирмончи ва хотини сувда чўкмай омон қолади. Мазкур эврилишни Оери Сибилл инсонга хатар вужудга келган пайти Онгости фаолияти ёрдам бериши, шу билан уни ҳалокатдан қутқариб қолишини таъкидлайди. Бу ўринда тегирмончи ва хотининг бақага эврилиб қолиши хавф пайтида Онгости назоратни ўз қўлига олганининг далилидир.

Демакки, онгости сезимлари, кучи, назорати ва интуитсия инсонга энг чорасиз пайтларда асосий ёрдамчидир. Руҳий ўлимни ҳам аслида инсоннинг қалбига, яъни онгостига чўкиш, либидо энргияси сусайиб, унинг руҳий, ақлий ва тана фаолиятига хатар бошланганда, энг муҳими мана шу учаласининг яхлитлиги бузилганида Онгости кучининг ёрдами сифатида билмоқ лозим. Аслида руҳий ўлим инсон учун эврилишдир.

Ертакда қиз туяга, кийикка ва яна дарахтга эврилиши орқали биринчи навбатда унга хавф солиб турган хатардан озод бўлади. Яъни жисман бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Маълум муддат бошқа бир шаклда яшайди. Шу эврилиш орқали ўз жонини қутқариш билан бирга йигитнинг ҳам ёнида қолиш учун (дарахт бўлиб) –мақсадига эришиш учун чора излайверади. Демак, эврилиш (ўз навбатида руҳий ўлим ҳам) инсоннинг жонига, инсоний кечинмаларига, мақсадларига хатар пайтида содир бўлиб, иккинчи томондан унинг жонини омон сақлашга хизмат қилади. Оери Сибилл илк инстинктив руҳий ҳолатга ўтиш тарзида баҳолаган жараённи биз ўз қалбига, қалбининг туб-тубига, ўз ичига чўкиш деб баҳолаган эдик. Айни мана шу эврилиш жараёнидаги ташқи тарафдан фаолиятсиз қолиш қалб ҳис-туйғулари, фикр, кечинмаларининг фаоллашуви инсоннинг янгиланишига сабаб бўлади. Илк инстиктив руҳий ҳолатга –Коинот билан яхлит уйғунликка қайтиб кўрган инсон энди ўша инсон бўлиб қолмайди. Бу эврилишдан кейин яна ўз қиёфасига қайтар экан, энди у бошқа бир одамга айланади. Бошқача айтганда руҳий ўлимдан кейин бошқа бир инсон тарзида “тирилади”. Бу ўринда парининг эврилишига қандай сабаб бор эди?

Маълумки, эртакнинг бошида йигит камбағаллиги учун унга биров қиз беришга кўнмайди, охири йигит қишлоқдан бош олиб кетиб, ғайриооддий хислатга эга кампирнинг уйида маълум вақт хизматда бўлади. Мазкур воқеалар орқали йигит синовни (инитсиатсия) амалга оширади. Парига эришиш ҳам синовдан ўтган йигитга тақдир туҳфаси (кампирнинг тақдир тимсоли бўлиши мумкинлигини таъкидлагандик) эди. Соқов қиз қиладиган макр-ҳийлалар туфайли энди пари қиз ҳам синовдан ўтади ва йигитга чинакам муносиб ёр қиёфасига эга бўлади. Демак, кўринадики ҳар қандай синовдан ўтиш – эврилиб, янги одамга айланишини ҳам ифода этади. Бу янгиланиш ақлнинг яна бошқа қоронғу томонлари ёруғлашиши, қалб кўзининг очилиши ёки янаям ойдинлашуви, кечинмаларининг ўзгариши, дунёга ва инсоннинг ўзига нисбатан бошқа Назардир аслида. Эврилиш ва руҳий ўлим орқали инсон бошқа бир руҳий босқичга кўтарилади. Иноннинг эврилишигача бўлган ҳолатига нисбатан бу босқич бир қадар Англанганроқ, бир қадар ойдинроқ ва бир қадар ўзи, ўзгалар, Олам ва Коинот билан Уйғунроқ руҳий босқичдир. Бошқача қилиб айтганда, инсон эврилиш ва руҳий ўлиб-тирилишлар орқали энди Онгли ҳолатда ҳам илк инстиктив руҳий ҳолат бўлмиш – Яхлитликка, уни қуршаб турган олам, қолаверса, қалб – ақл – нафс мувозанатига, уйғунлигига эриша боради.

[1] Oeri Sibill. “Ona. Sehrli ertaklardagi arxetip obraz”

Тилланисо НУРЁҒДИ,

адабиётшунос докторант