"Ёшлик зўр нарса!" – Алибек Анварий

1Алибек Анварий

2ТАСКИН МАНЗИЛЛАРИ

Соғинчим руҳ каби юзса, 
эрами, милодми – нима фарқи бор? 
Бу йўлнинг тугаши – ғусса, 
ободми, борбодми – нима фарқи бор?

Кўнгил на ер, на кўкдадир, 
ғаротми, қанотми – нима фарқи бор?
Исмим эскидан сохтадир, 
мутеми, озодми – нима фарқи бор?

Тақдирнинг насаби гуноҳ, 
лаънатми, салотми – нима фарқи бор?
Барибир манзилим Аллоҳ, 
мамотми, ҳаётми – нима фарқи бор?

Келса юрагим сезади...
инкорми, имдодми – нима фарқи бор?
Ёзар... ўчиради... ёзади...
Термизми, Ҳиротми – нима фарқи бор?

3ИШИКАВА ТАКУБОКУ 

Умрим, асрлардан ошма, йит!
Давом эттирмасин сени ҳайкаллар.
Зинҳор боқийликка шошма, ўт!
Келажак чалмасин карнайлар.
Тошлар йўриғини истама,
Эпкиндай гулбаргни искаб ўл!
Ҳиссиз қўйинларда музлама,
Бўсанинг умридай қисқа бўл!

4ХЎШЛАШУВ

Соғ бўлинглар, оғайнилар! 
Ёшлик зўр нарса! 
Мен бир мазахўрак чиқдим, 
ёшлигим – маза.

Ит тинарди, қуш тинарди, 
мен тинмас эдим:
ёнмас эдим, чўкмас эдим, 
воҳ, синмас эдим! 

Ўн жийроннинг қизигунча 
совиган бели.
Бир бор қизир эдим, кейин
совимас эдим.

Ҳаяжоним жардан учди, 
бир нигоҳ боис.
Яна қарай десам, кетиб
бўлганди поезд.

Завқни олиб бориб урдим, 
узилди жисми.
Сўнгра қайта топилмади,
эҳтиёт қисми.

Ёшлигимни суиистеъмол 
қилдим хуш келса.
Бас, дегунча совурардим
тенги дуч келса.

Ўлигимни қачон ортмай, 
дўстлар кўтарди.
Ҳамдки, жўмард жўраларим
маҳкам тутарди.

Ҳаёт эмламоқчи эди
кўнгилга қарши.
Игнасини ямлаб ютдим 
йўлбарсдай ғажиб! 

Ватанимнинг ҳоли дилда
олов ёқарди.
Унга қараб ёшлигимнинг
ранги оқарди.

Беайб эди Ватан, 
тупроқ остидагилар.
Жами осий – мулгиб юрган
устидагилар! 

Шундан бери ёш эмасман, 
ёшлигим, кечир! 
Майли, шартли бўлсин, мени
рўйхатдан ўчир! 

Йигит умрим байроғингнинг
тагида эсди.
Ногоҳ фикрим туғ кўтариб
яшашдан безди! 

Суягим ҳам рози сендан, 
эй, чақмоқ лаҳза! 
Соғ бўлинглар, оғайнилар! 
Ёшлик зўр нарса! 

5ЧЎПОНСЎЗ 

Кўкда юлдуз имлар. Ёлқини пастда. 
Қаватимда Оқтўш. Қўлда тирагим. 
Туёқлар куйига ҳамоҳанг тарзда, 
Усул бераётир менинг юрагим! 
 
Қора қумғонимдан мўралар осмон. 
Ана, дастурхонда бурдаланган ой. 
Гулхан – изтиробда эшилган мастон. 
Бешиккерттим эрур кенглик деган жой. 
 
Қаршимда чордана қуради олам, 
Тонгдай сескантирар унинг гурунги. 
Ўзини мен билан кўради баҳам, 
Илҳомга беланган шамоллар мунги. 
 
Туйғудан бебаҳра лаҳзалар ўзга, 
Қўшиғим айрича, танҳодир йўлим; 
Тик боқиб яшайман ҳар қандай кўзга – 
Ҳаётга ҳаётман, ўлимга ўлим! 
 
Ўзимнинг подамга чўпонман ўзим, 
Мен уни истаган ерга бураман. 
Ўзимнинг кўнглимга султонман ўзим, 
Даврамни дилдошлар билан қураман. 
 
“Биёвлаб” юборса чангқовуз дарддан, 
Ҳибсга ололмам учқур ўйимни. 
Нолалар қулочи ошганда ҳаддан  
Ҳаяжон босади ногоҳ қўйимни! 
 
Севгини шеър ила ёд этсам йиғлаб, 
Жимирлайберади соғинчдан этим. 
Байтдан оқаётган ҳижронни илғаб, 
Аянчли йўсинда улийди итим. 
 
Ҳозир авж пардага чиқади оғриқ, 
Ўтин бор кучида кул бўлади, о! 
Агарда вафодан сўз очсам, аниқ, 
Таёқ ҳам сирқираб кетади, ҳатто! 
 
Бир муддат нигоҳлар бир-бирин боғлар, 
Бир муддат бирлашар диллар қопқаси: 
Оғочлар, панжалар, сонсиз туёқлар –  
Тангрини ҳис этиб турар, шубҳасиз! 
 
Мен ушбу даврани зинҳор тарк этмам, 
Уларнинг пойига ўзни қадайман. 
Одамлар!.. Кечиринг! Оғир бўлса ҳам, 
Подамни сизлардан нари ҳайдайман! 

6ЁМҒИР

Ёмғир. 
Томчилар  
орасидан қарадинг 
(ўйласам, бу сўнгги 
қарашинг экан). 
 
Аксим оқиб кетди кўзингдан, 
сўнгги бор сирғалдим юзингда... 
 
Сўнгги бор! 
 
Фақат у нафаснинг  
сўнги йўқ; 
фақат у тушларнинг 
ўнги йўқ. 
 
Ўнги йўқ! 
 
Сочингда итдай 
искаландим, 
бир кўклам  
кўнглимни сийпалади 
(ўйласам, бу охирги 
баҳор экан)... 
 
Лабингга боргунча 
фақат яшаганман, 
фақат ўлганман  
лабингдан қайтгунча 
 
соғинч эса 
бадандаги ўқ қолдиғидай 
на яшайди, на ўлади. 

7КАДРДАН СЎНГ 

“...Улар мурод-мақсадга етди” 
Ифодали ўқилди сўнгги сўз: 
– Стоп, олинди! – режиссёр деди, 
Бас қилди ўпишишни йигит-қиз. 
Қарсак чалди ижодий гуруҳ, 
Бир-бирин табриклади қийқириб! 
Осмонда мушаклар сўнди, 
Қўшиқлар авжидан энди. 
Биров шампан очди пўкиллатиб, 
Камералар ғилофга солинди. 
Актёрлар ўйнади қойиллатиб, 
Эсдалик учун суратга олинди.  
Ғанимлар уст-бошини қоқиб, 
Қучоқ очиб деди: оғайни! 
Жодугарлар меҳр билан боқиб, 
Чимдиб қўймиш қийшиқ ёқангни. 
Зиндондаги дўстинг қўлидан, 
Ечилди занжирлар чимрилиб. 
У дунёнинг олис йўлидан, 
Ўлган онанг келди тирилиб. 
Сонга кирди қаролиқ хато, 
Рост дунёнинг равшанларида. 
Озод бўлди Ватанинг ҳатто, 
Асрий қутқу кишанларидан... 
“Мана, асар! Мана, шедевр! 
Мана... энг юксакдаги нуқта!” 
Қадаҳ сўзлар янгради бир-бир, 
Ва тутунлар тўлғанди сафда...  
Барча сархуш – сиғмас терига, 
Босилмасдай ҳовурлар гўё. 
Эзгу-ёвуз актёрлар дилида, 
Товланади камалак дунё. 
Кулли актёр ўйнар ЎЗ ролин 
(Шу он ҳеч ким қилмас актёрлик!) 
Сувдай саҳиҳ уларнинг ҳоли, 
Йўқдир: ғирром, ўрлик, айёрлик... 
Лекин йигит ҳануз рол ўйнар, 
Сохта кулар, тасдиқлар лофни. 
Шод даврада у руҳсиз қийнар, 
Вужуд деган қутлуғ ғилофни. 
У қадаҳни бўшатар ёниб, 
Кечиролмас ўзини, малъун – 
Режиссёрнинг сўзига кўниб, 
Ўпишни бас қилгани учун! 
Рол ўйнамас энди у, аммо  
Тез совиди фурсатнинг тери. 
Уй-уйига жўнади ҳамма, 
...Қизни олиб кетди сўнг... эри. 
Йигит қалби тўлиб ҳасратга, 
Билар йўлдан қолмаслигини – 
Сўнгсўздаги мурод-мақсадга, 
Асло ета олмаслигини! 

8БАДИИЙ РАҚАМЛАР 

Соғинчим натурал сонлардай чексиз, 
Махраждан узалдим, суратинг – осмон. 
Илдизлар остида яшайман эрксиз, 
Бу мисол жавобин билмайман ҳамон. 
Не қилмай, барига хомчўтим рўкач, 
Изма-из келмоқда ортимдан хато. 
Жоним, ўртамизга айирув тушгач, 
Умримдан қолдиқ ҳам қолмади, ҳатто!