Булгаков рафиқасининг пьеса-кундалигидан парчалар

Булгаков рафиқасининг пьеса-кундалигидан парчалар

Булгаков рафиқасининг пьеса-кундалигидан парчалар

  • 23/04, 15:46
  • Адабиёт

Драматург, ёзувчи Михаил Булгаков ижоди сирларини Россияликларнинг ўзлари ҳали тўла англаб етганлари йўқ. Чунки ёзувчининг фикрлаш тарзи рус тили учун мутлақо бегона эди. Уни адабиётшунослар Н.Гоголнинг издоши деб тушунишади. Гогол каби Булгаков ҳам замонасининг руҳини ўқиёлган ижодкор ҳисобланади. М.Булгаков ҳақида минглаб адабий- таҳлил мақолалари ёзилган, ёзиляпти. Унинг ҳаёт йўли, руҳи  манзараси кўпчиликни қизиқтириб келган, келяпти. Кундалик, айниқса яқин кишининг кузатишлари ёнидаги одамнинг ички тасвирини чизиб бериш учун етарли бўлса керак. 
    Елена Сергеевна Булгакованинг кундалиги умр йўлдоши М.Булгаковнинг 1933 йилдан умри сўнггигача яшаган даврини ўз ичига қамраб олади. Э.С.Булгакованинг кундалик ёзишмаси дунёдаги бошқа машҳур кундаликларга ўхшамайди. Кундалик муаллифи умр йўлдоши ўртасидаги муносабатларни, воқеаларни ва бошқалар билан бўлиб ўтган гап-сўзларни пьеса жанрида ёзиб боради.

Булгаков ва рафиқаси.

1933
1 сентябр.

 Айрилиқдан сўнг, бугун топишганимизнинг бир йиллиги. Миша кундалик тутишимни истаяпти. Ўзи кундалик ёзмоқчи эмас, безор бўлган: 1926 йилги  тинтув вақтида кундалигини ҳам олиб қўйишган. Ёзувчи кундалигини мусодара қилишларини ақлига сиғдиролмайди.

4 сентябр.
  Ленинградлик Николай ва Дина Радловлар кечаям бугунам бизникида тушлик қилишди. Николай яхши ҳамсуҳбатдошу оғир феъл. Жаҳлдор.

 5 сентябр.

 Кундузи МХТ да “Истеъдодлар ва мухлислар” пьесасининг сўнгги репетициясини кузатдик. Миша иккинчи актдан кейин уйга кетиб қолди.
- Мен нима қилай?
- Сизлардан жуда миннатдормиз. Фақат сохта нарсаларни эшитишни истамаймиз, дегин. Вассалом.
   Кечда Яков Л. Леонтьев, Оля эса Калужский билан бирга бизникига келишди. М.А.ни эртага “Турбинлар” спектаклига боришга кўндиришмоқчи бўлишди.  Эррио ҳам келаркан. Миша оёқ тираб олди. Овқатдан кейин Егоров учун ҳар хил пьесалардан рол излай бошладик. Топдик, ниҳоят, “Ақл қурсин”даги Фамусовни ўйнайди.
   6 сентябр.
  М.А. Театрдан расмий чақирув қоғозини олди. Кетди. Уйдаман. Оля қўнғироқ қилди:
- Люся, Владимир Ивановични кечиришинг керак. ( М.А. учун кек сақлаб юргандим.) Айтайми, нима учун?! Спектакл жозибали чиқди, ҳеч қачон бугунгидай ўйнашмаганди. Балки Вл.Ив. Ну ва Эррио спектаклга келишганидандир, эҳтимол. Биринчи актдан кейин Эррио муаллиф билан қизиқа бошлади. Таништиришни сўради. Мака эса қаёққадир ғойиб бўлган. “Гимназия” дан кейин Вл.Ив Макани ложада кўриб қолди, уни ёнига чақира бошлади. Мака Судаков билан унинг ёнига ўтишди. Эррио, Литвинов , Альфан ва мхатовчилар биринчи қаторда ўтиришганди. Вл.Ив Мака билан қўл бериб кўришди. Томошабинлар эътиборини ўзига жалб қилганини сезиб доира шаклда залдагиларга имо-ишора қилди. Кейин ҳамма эшитадиган овозда: ”Мана, бизнинг муаллиф” деди. Шунда зал қарсакларга гўё тўлиб кетди. Олқишлар. Мака анча вақт таъзим қилиб турди. Эррионинг оғзи қулоғида. Вл.Ив.: ”Ҳақиқий бадиий спектакл. Пьеса ажойиб ёзилган ва саҳнадагилар ҳам ўхшатишди” деди. Николканинг қурбонлик саҳнасини Вл.Ив.: ” Кўрмайман, кўрсам, йиғлаб юборишим табиий…”, деди. Хуллас, Театрда кўтаринги руҳ ҳукмрон…
  Миша уйга кириб келди. Ҳаммасини айтиб берди. Мен луғат китобини варақладим. Эррио:” Mes compliments…” дебди. М.А.дан ҳужжатлар асосида ёзганмисиз, деб сўрабди.
- Кўрганларимни ёзганман.
- Talberg est un traitre?
- Худди шундай.
- Петлюровчилар кимлар?
(Ёндан яна биров ёшингиз неччида деб сўраябди.)
- Айтгим келмайди.
Литвинов сўраган: яна қандй пьесалар ёзгансиз?
-“Зойканинг квартираси”, “Мольер”…
Эррио:- Чет элда ҳам яшаганмисиз?
- Jamais. Ҳайрон қолди.
- Mais pourquoi?!
- Совет ҳукуматининг рухсати керак. Чет элдан таклифнома ҳам келиши керак.
- Унда мен сизни таклиф қиламан. Қўнғироқлар.
- Au revoir!
Кейинги антракт бўлганда Немирович ўйланиб айтибди:
- Мен сизни томошабинларга таништириб сиёсий хатога йўл қўйгандирман, балки.
- Йўқ.

  7 сентябр.
Аллақандай Л.Канторович дегич (журналист) қўнғироқ қилди. Кўришайлик деяпти.

 8 сентябр.

Л.Канторович келди.
- Михаил Афанасьевич матбуотда юз-кўриниш бериб турсалар яхши бўларди… Мухлислари жўнатган хатлардаги қандайдир маслаҳатларми-ей, Мольер ҳаётидан лавҳалар эълон қилишми-ей, пьесадан бир акт чоп қилишми-ей, Салтиков- Шедрин ҳақидаги анкета саволларига жавоб беришми-ей. Хуллас, М.А.нинг бошини қотириб ташлади.
 Анкета тўлдирилган қоғозларни ташлаб кетди. М.А. анкетани тўлдиришга базўр розилик берди.

  9 сентябр.

 Кундузи 12 да Горький МХАТда “Достигаев”ни ўқиди. Қарсаклар янгради. Актёрлар туриб олқишлашди. Труппадагилар юз фоиз ҳозир эди.
 Горький:
- Қарсаклар жумбушидан қулоғим шанғиллаб қолди. Фақат “Ура!” деганларингизни эшитяпман.
Антракт вақти М.А. Горький ва Крючков билан суҳбатлашди. М.А. нинг (5 августда ёзган) хати етиб борибди. Алексей Максимович шу кунларда жуда банд эмиш, бўшасинлар… Буни Кюрчков айтган.
- Алексей Максимович мени қабул қилишни истамаяптилар деб ўйлабман.
- Йўқ, йўқ, ундаймас!

 Пьеса сўнггида қарсак чалинмади.
 Горький:
 - Айтингларчи, менинг нима айбим бор?

  Немирович:
- Ҳеч қандай айбингиз йўқ. Пьеса зўр, мукаммал.
   Горький пеъсани берилиб талаффуз қилади. Ролларни ҳам худди шундай берилиб ўйнаш керак. Буни Москвин айтди.
   Сахновский Горькийдан ниманидир сўраганди. Горький қаҳрамонларини очиқлаш учун сиёсий ва аллақандай мавзулардан ўтлаб кетди.
Бошқа тарафда Афиногенов М.А.га деди:
- Сизнинг “ Қочиш”ингизни ўқиб чиқтим, ёқти, лекин биринчи финал зўрийди.
- Иккинчи финал яхши чиққан. ( Хлудовнинг отишмаси, айниқса.)

   Марковнинг кабинетига чой ичгани кирдик. Пьесанинг иккинчи қисмини қандай тўғрилаб, сиёсий томонларини текислаш ҳақида Афиногенов ақл ўргата бошлади..
 Судаков:
- Сиз эшитинг-эшитинг!! Унинг партияга эътиқоди кучли!
  Афиногенов:
- Муҳожирлар эса аксинча, биздаймас..
  М.А:
- Муҳожирлар ҳақида пьеса эмас бу. Сиз ҳам бу  пьеса тўғрисида гапирмаяпсиз. Муҳожирликдан хабарим йўқ, мен- бефарқман.
  Афиногенов ўзини гўлликка солди.
 Суҳбат сўнггида М.А. айтди:
-  Суҳбатимизни марҳамат қилиб соғлом европа тилига ўгирсак, Чорнотни ярамас одамга айлантиришимни хоҳлайсиз, шекилли?
 Судаков:
- Товламачи у, товламачи!!

  Афиногенов шу кунларда муаллифлик ҳуқуқи фақат беш йил кучга эга бўлиши тўғрисидаги қонун устида ишламоқда.
 М.А.:
- Ундай бўлса, мен биламан нима қилишни…
Афиногенов:
- Қонун матбуотда эълон қилинганидан бошлаб кучга киради. Шу вақтдан ҳисоблайверинг беш йилни. Сиз нима қилмоқчийдингиз?

 12 сентябр.
 Кеча М.А. П.Поповникидайди. Яна Аннушка (Толстой) билан профессор Гудзий ҳам ўша ерда бўлишган. Яна кимлардир. Аннушка гитара чалибди. М.А. лўли мақомларидан айтиб беришни қайта-қайта сўрабди. “Қочиш” учун излаётганди.

 Бугун Оля биз билан тушлик қилди. Стол атрофида жамланганиздан бошлаб жанжал кўтарилди. Театрда “Қочиш” ҳақида гап-сўз бўлибди. Булгаковдай қайсар муаллифни Немирович ҳеч учратмаган экан, тузатиш жойларини кўрсатса, жилмайиб “хўп” деяркан-у лекин тузатиш парвойига ҳам келмасмиш. Владимир Иванович Париж саҳнасини ортиқча деса, Афиногенов ундаймас, дермиш, бу саҳна маъқул эмишу иккинчи саҳна, умуман, яроқсизмиш. Шу жойи келганда, мен у иккови ҳақида бир нарса дедим. Оля ловиллаб ёниб кетди: ”Кетаман! Сен гап кўтаролмайдиган хилидан!” Ўрнидан туриб даҳлизга чиқти. Кейин М.А. уддабуронлик қилди, биз секин-аста ярашиб олдик.

 13 сентябр.

   Мишканинг акаси Николайдан хат келди. Париждан. Хатда асосан, “Зойканинг квартираси” ҳақида мулоҳазалар битилганди.

 14 сентябр.

М.А. кундузги соат 4 да Театрга чақирилган. МХАТнинг 35 йиллиги муносабати билан дастур ишаб чиқиларкан. Марков, Топорков, Яншин, Станицин, Ливанов, Вл.Баталов, М.А. тадбир куни спектакл қўйилмасин, дейишибди. Мумкинмас- тамом. Кимдир маскарадни таклиф қилибди. Хуллас, ўйин-кулги бўлсин, дейишибди. Юбилейда ҳукуматдагиларни ҳам кутишаркан.
  Кечда режиссёр Гаврилов қўнғириқ қилди. Унинг тарихи бундай: Ашхободдан телеграмма келганди; “Турбинлар”ни саҳнага қўяйлик.”
- Менимча, иккинчи ҳафтадирки ичишяпти- кутишяпти.
- Балки розилик билдирарсан?
- Ақлинг жойидами.
 Яна телеграмма.
- Мен жавоб ёзаман: Саҳналаштириш учун, майли, икки минг жўнатишсин. Балки…
- Қўлингдан келади. Йигирма икки минг сўра. Барибир улар бунча юборишмайди.
  Икки минг келди. Асарнинг нусхасини юбордим.
- Ҳаммаси кундай равшан, улар пьесани расво қилишади. Эҳ, сен менга бош оғриқ топиб бердинг.
 Қанчадир вақт ўтиб телеграмма келди: 17 март куни премъерага таклиф қилишяпти.
 Энди қўнғироқ бўляпти, Москванинг ўзидан.
 

15 сентябр.

 Кечки 11 га яқин Гаврилов келди. М.А. уйдамасди. Гаврилов уйга кирмади, дераза ташқарисидан туриб гапирди. Ашхободда қўйиладиган “Турбинлар” дастурини олиб келибди. Спектакл, адашмасам, ўн уч марта қўйилди. Маҳоратли актёрлар рол ўйнашётган экан. Москвадаги саҳнадан кўра, айрим роллар жуда жозибали чиқибди. Газетада мақтов мақола ҳам босилди. Юқорига уни чақиришипти. Қалтироқ босиб келибди, “Турбинлар” да ишкал чиқардимми, деб ўйлабди.
- Сизларда Булгаков пьесаси қўйиляпти, демак?
  Уни қалтироқ босди.

  17  сентябр.
  Яна журналист Канторович юз кўрсатди. Ўша таклифлару қистовлар: пьеса ёзинг, сценарий ёзинг- нима бало бўлса ҳам ёзиб ташланг. Чет элдаги ҳамкорлар учун биографиянгизни ёзинг ва хоказо.
- Қатъий айтаман, автобиографик маълумотларни бермайман. Асар ёзмайман, чарчадим. Саҳнага қўйишадими - йўқ, буни ҳам билмайман. Хуллас, “Мольер” бўйича Елена Сергеевнага мурожаат қилинг.
 Кечқурун М.А. романдан икки бобини Коля.Л.га ўқиб берди.

  19 сентябр.
 “Бизнинг ёшлигимиз”да М.А. режиссёр сифатида навбатчилик қилди.


Mes compliments - Менинг олқишларим бўлсин.
Talberg est traitre? - Сотқин?
Jamais - Ҳеч қачон.
Mais pourquoi?! - Нима учун?!
Au revoir!- Хайр!

Мурод Човуш таржимаси