Дунёни инкор этиб бўлмайди, аммо "ҳеч"лик тўласинча инкорми?
- 20/04/2021
- Адабиёт
Ёзувчи Мурод Човушнинг “Ҳеч" асари билан бундан кўп йиллар танишганман. Ўшанда озроқ олифталик билан муаллифга янгиликка урингансизу, аммо мен бунда мукаммаллик кўрмадим, бирон нарса дейишим қийин деб, қўя қолганман, холос.
Ўша воқеаларга ҳам анча вақт ўтди. Асар қайтадан нашр этилди. Адабий жараён ҳам бир неча бор эврилди. Тўғрисини айтганда бундайроқ асар ҳозир йўқ ҳисоби. Энди ўйлаб қарасам, шаклан ранг-баранглик, фикрлар хилма - хиллиги, асарни ўқиган инсонлару китобхонни ҳам, бир хилликдан қутқарар экан. Мурод суҳбатларининг бирида унга бу номнинг қўйилишига Рауф Парфининг ”Ҳеч нарсадан бошланган дунё, ҳеч нарсани тан олмас гўё” сатрлари туртки бўлганини айтади.
"Ҳеч" асари қаҳрамони орамизда. Уни нима учун, ҳеч нарса(?) қониқтирмаяпти? Нега у ўз атрофидан (аниқроғи муносабатда бўлаётган жамиятдан, давлатдан эмас) излаган нарсаларини топа олмаяпти? Уни ўраб турган борлиқда, у ким? Нега унинг муддаоси атрофидагиларга бегона? Хуллас, яна ва яна ҳеч!
Ҳечлик бутун унинг яшаш тарзига айланиб кетади, охирида. Аслида у ҳам инсон, ҳаётни бўй-бастича жуда ҳам севади, ҳаммамиз қатори инсон, орамизда юрибди. Энг муҳими у фикрлаяпти. Фикрлаётган одамнинг муддаолари эса, афсуски ҳеч эмас. Яна оддий фалсафага қайтамиз.
Дунёнинг ҳечдан бошланиб, ҳечдан тугашига ишора бор асар мазмунида. Асарнинг тили анъанавий қиссачиликка яқин, шакли эса ноанъанавий, яъни асарнинг кулминацион нуқтасинини ўзингиз топасиз.
Яна бир фикр, жаҳон адабиётидаги замонавий асарлар реализмдан бутунлай холи,(аслида бадиийлиги шундамикин дейман асарнинг) сизни эркин тарзда адабиёт дунёсига олиб киради ва сирли бадиий дунёга ошно қилади. Менимча ҳақиқатни топа олмай яшаётган одам шу маънода асар қаҳрамони доимий бор одам. Аслида ҳеч нарсани Оллоҳ ва инсон қалбига қиёс қилолмайсиз, ана шунга ишонсангиз, “Ҳеч”ликнинг абадийлигини ҳис этасиз.
Китобхонларга бу асарни авало инсон ва ўқувчи сифатида бир ўқиб кўришини истардим. Муаллифнинг ўқувчиларга янада ноанъанвий асарлар яратишига эса тилакдошман.
Ўлжабой Қаршибой