Кинорежиссёрлар ўз фильмларидан доим ҳам қониқиш ҳосил қилавермайди. Баъзи режиссёрлар борки, муваффақиятсиз фильмларидан воз кечиб, ҳатто уларнинг “туғилиши”га тўсқинлик қилишган. Бугунги ҳикоямизда шундай ҳолатларни эслаймиз.
1Стэнли Кубрик
Стэнли Кубрик шубҳасиз, кино тарихидаги энг буюк режиссёрлардан бири, аммо бу мавқега режиссёр тасодифан эришмаган. Кубрик ўзининг биринчи ишидан нафратланган ва кинодаги дебютини “ҳаваскорона иш” деб ҳисоблаган. Бу қисман ҳақиқатдир, чунки фаолиятининг дастлабки даврида тажриба ва билим етишмаслиги сабабли Кубрик жуда кўп техник хатога йўл қўйган. Бу Кубрикнинг 1953 йилда ишлаган илк бадиий фильми “Қўрқув ва ҳирс” ("Fear and Desire") эди. Картинадаги хатоларни тушунган Кубрик ўз асарининг нусхаларини йўқ қилишга киришади ва ҳатто кинокассетанинг хотирасини бутунлай ўчириб юборишга муваффақ бўлади. Аммо кинонинг битта нусхаси тасодифан омон қолади ва шу нусха туфайли киномухлислар ушбу фильмни томоша қилишган. Эътибор беринг, картина ёмон ишланмаган, кинотанқидчилар томонидан ижобий баҳоланган. Картинада икки номаълум мамлакат ўртасидаги номаълум уруш ҳақида кўрсатилади.
2Дэвид Линч
Навбатдаги қаҳрамонимиз дунёнинг машҳур кинорежиссёрларидан бири Девид Линч. У 1984 йилда ишлаган фантастик жанрдаги "Дюна" фильмидан воз кечган. Узоқ муддат экранлаштирилган “Дюна” фильми режиссёр Девид Линчда “ички қўрқув” пайдо қилди ва бу режиссёрни Голливуддан узоқлаштирди. Қизиқарли концепсия, машҳур актёрлар ижроси, ҳашаматли декорация, ноодатий эффектлар ва улкан бюджет туфайли мухлислар томонидан “Дюна” кинофильми “Юлдузлар жанги”га рақобатчи бўлиши кутилаётганди. Бироқ картина фильм продюссерига маъқул келмади. Режиссёр ва продюссер фикри ўртасида қарама-қаршилик пайдо бўлди. Шундан кейин Линч ўз номини фильмнинг телевизион версиясидан олиб ташлашларини талаб қилди. Ҳозирги кунгача режиссёр фильм ҳақида гапиришдан бош тортиб келмоқда. "Дюна" фильми ёзувчи Фрэнк Гербертнинг шу номли романи асосида суратга олинган бўлиб, узоқ келажакка саёҳат қилувчи навигаторлар гилдияси ҳақида ҳикоя қилади.
3Дэвид Финчер
Муваффақиятсиз фильмларидан воз кечган режиссёрлар мавзусини давом эттирамиз. Бугунги куннинг яна бир машҳур режиссёрларидан бири Девид Финчернинг ҳам дебюти муваффақиятсиз чиққан. Финчер 1992 йил “Бегона” фильмининг учинчи қисмига таклиф қилинади. Кинонинг дастлабки 2 қисмини тасвирга олиш жараёнида Финчергача бир нечта режиссёр алмашган эди. “Бегона 3” учун муаллифлар 10 га яқин сценарий ёзишади. Сценарий якунланмасдан аввал фильм учун ҳашаматли декорациялар қурилади. Фильм продюссерлари мунтазам режиссёрнинг ишига аралашиб туришади. Бу эса Финчернинг “Бегона 3” режиссёрлигидан кетишига сабаб бўлади. Кейинчалик бу аччиқ тажриба Финчерга кўп нарсани ўргатди, унинг иш услубини ижобий томонга ўзгартирди.
4Уолтер Хилл
"Супернова" фильми воқеалари самода кечади. Бу фильм кино тарихида энг ёмон ишланган фантастик фильмлар рўйхатига киритилган ва ҳали-ҳамон салбий мисоллар қаторида санаб келинади. Картинада 3та режиссёр ишлаган бўлиб, ҳар бирининг алоҳида вазифаси бор эди. Молиявий қийинчиликлар туфайли фильм бюджети 2 бараварга қисқартирилган. Мана шу қисқартиришлар сабаб эффектлар жуда оз қўлланилган, кинодаги бадиий тўқималарнинг таъсири камайиб кетган. Кастинг жараёни ҳам оддий кўринишда ўтказилган. Уолтер Хилл синов намойишидан сўнг лойиҳани тарк этади. Хилл кетганидан сўнг фильмнинг бошқа 2 режиссёри Жек Шолдер ва Френсис Форд Коппола фильм ҳар томонлама муваффақиятсиз чиққани учун Томас Ли тахаллуси остига яширинишган. Титрдаги фильм режиссёри деган ўринга Томас Ли номи ёзилган. Бир интервьюда фильмнинг сифати, тасвирга олиш ишларида қилинган камчиликлар, материалларнинг бир тартибга келтирилмагани фильмнинг ёмон чиққанига сабаб экани айтиб ўтилган. Уолтер Хилл “фильм шармандали равишда муваффақиятсизликка учраган”инидан доим афсусланади.
5Жошуа Транк
Сўнгги йилларда фильм ва режиссёр ўртасидаги шов-шувли тўқнашув “Фантастик тўртлик” фильми билан боғлиқ. Фильм жуда кўп танқидчиларнинг эътирозига сабаб бўлади. Режиссёр Жошуа Транк бу танқидларни тўғри қабул қилиб, барча муваффақиятсизликда ўзини айблади, техник камчиликлар учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олди. Дастлаб “20th Century Fox” кинокомпанияси кино тасвирга олиш жараёнига аралашиб, “катта молиявий муваффақиятларга эришиш”ни ваъда берган эди. Бу ваъда эвазига кинокомпания масъуллари фильмдаги баъзи эпизодларни олиб ташлашни, сюжетдаги баъзи нуқталарни ўзгартиришни талаб қилади. Уларнинг талабларига биноан картинадаги баъзи эпизодлар ўзгартирилади. Натижада фильм муваффақиятсизликка учрайди. Транк эса бу муваффақиятсизликка чидай олмай, фильмдан воз кечади.