"Шомил"дан комилликка!

"Шомил"дан комилликка!

  • 29/03/2021
  • Мақола
 
Абдуҳалил Мигнаров

«Шомил» деганда, кўпчиликнинг кўз олдига «Шайтанат» сериалидаги ўзига хос бир қиёфа келади. Режиссёрлар Жаҳонгир Қосимов ҳамда Ёдгор Саъдиевлар суратга олган бу фильмда актёр Абдуҳалил Мигнаров нафақат Ўзбекистонга, балки халқаро давлатларга ҳам маълум ва машҳур бўлди. У шундай дейди: «Режиссёр аввало, актёр бўлиши керак!..» («Тундаликлар» кўрсатувидан)

"Шайтанат"даги Шомил

40 ЙИЛ! Сўнгги 40 йил мобайнида ўзбек санъатида бир неча авлодлар алмашди. Кинорежиссёрлар ижтимоий, асосан маиший фильмларни суратга олишда давом этди. Аммо санъат аҳлида, халқимизда катта қизиқиш уйғотадиган, чуқур мулоҳазали тарихий фильмлар экран юзини кўрмади. Шунча йиллик танаффусдан сўнг, Президентимизнинг режиссёрларга билдирган ишончлари туфайли тарихий киноларга муҳтожлик сезилган бир пайтда олға қадам ташланди. «Исломхўжа», «Элпарвар», «Қўқон шамоли» каби кинолар суратга олинди. Ҳам тарихий, ҳам диний – «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» фильми дунёга келди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдуҳалил Мигнаров 1957 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Болалигидан санъатга қизиқиши катта бўлгани, ўзини актёр сифатида кўргани учун ўша вақтдаги Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтининг «Актёрлик маҳорати» бўлимига ўқишга киради. Устози шу даргоҳнинг ташкилотчиларидан бири Радун Иосиф Вениаминович бўлган.

"Қудуқ" фильмидан.

1981 йилда Самарқандда 3 йил амалиёт ўтаб келиб (ўша вақтда Ҳ. Олимжон), Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. Дебют роли режиссёр Шариф Қаюмовнинг «Парвона» спектаклида (Уйғун, «Парвона») Муроджон бўлиб, бу унинг севимли роли эди. Санъатдаги асосий мактабини театрдан олган. Устози Баҳодир Йўлдошевдан ҳам ижод, ҳам ҳаёт йўлида дарс олади. Бундан ташқари, у Шукур Бурхонов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Саъдихон Табибуллаев, Холида Хўжаева, Икрома Болтаева кабиларни ўзига устоз деб билади.

"Новда" фильмидан

Кейинчалик Аброр Ҳидоятов номли драма театрида ҳам бир қанча роллар ижро этади. Шу тобда кинога бўлган қизиқиш пайдо бўлади. «Шайтанат» детектив-криминал сериалида Шомил (Режиссёрлар: Ж. Қосимов, Ё. Саъдиев, 1998), «Осмондаги болалар» да Жавоҳирнинг отаси (Режиссёр: З. Мусоқов, 2002), «Осмондаги болалар-2» (2004), «Сабр» да Жалил (2004), «Осмон яқин» да эпизод, «Уқубат» да эпизод (2009), «Фидойилар» сериалида Тўрабек (Режиссёр: Абдуҳалил Мигнаров, 2011), «Қудуқ» да Эрат (Режиссёр: Мансур Абдухолиқов, 2014), «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» да Термизий (Режиссёр: Абдуҳалил Мигнаров, 2019) каби бир қанча ролларни маҳорат билан ижро этган.

Ижодкор актёрлик соҳаси билан бирга сценарий ёзишга қўл уради. Унинг сценарийларини юқори баҳолашади ва рағбатлардан иштиёқи ошган актёр энди ўзини режиссёрликда синаб кўради. Кинорежиссёрлик соҳаси бўйича Абдулла Набиев саройида Фатхулла Маъсудов, Абдураим Абдуваҳобов, Жаҳонгир Қосимовлар билан бирга Мираббос Мирзааҳмедовдан сабоқ олишган. Ҳозирда музейда сақланадиган, аввал эса, ЦУМ да сотувга қўйилган қимматбаҳо «Краснагорск» деган камера ўша вақтларда кўзига «олов» бўлиб кўринади. Шу йўсинда кинорежиссёрликка иштиёқи тобора кучаяди. Унинг илк режиссёрлик фаолияти – телевидение «Болалар студияси» да «Эртаклар – яхшиликка етаклар» кўрсатувида эртакларни эфир юзига олиб чиқиб, болажонларнинг кўнглидан жой олган. Катта киноларда эса, Жаҳонгир Қосимов, Зулфиқор Мусоқовларнинг фильмларида актёр, ассистент, иккинчи режиссёр сифатида қатнашиб, тажрибасини оширган.

 

Насрулло Саъдуллаев, Зулфиқор Мусоқов, Абдуҳалил Мигнаров

2006 йилда суратга олган «Чақмоқ чаққан тунда» (қисқа метражли, 33 дақиқалик) дебют фильми Россия (Қозон) кинофестивалида «Энг яхши режиссура учун» мукофотини олди. Абдуҳалил Мигнаровга куч ва ишонч берган мукофот уни яна-да изланишига туртки бўлди. Санъатнинг ҳар соҳасига қизиқиши кучайгани сабаб сценарий ёзиш қоидаларини, ўзбек ва жаҳон сценарийнависларнинг ижодини, актёрлик, режиссёрлик борасидаги етук асарларни ўқиб ўрганади. Ўша пайтдаги Фотиҳ Жалолов раҳбарлигидаги телефильмда сериал олиш таклифи билдирилади. Шундай қилиб, 37 қисмли «Ҳаёт жилғалари», сўнг шифокорлар ҳақидаги «Фидойилар» сериали телеэкранга чиқди. Катта киноларни суратга олишни соғинган серқирра ижодкор «Ўзбекфилм» студиясига ишга кириб, «Ота» («Ёнингдаман, ота», 2014), «Зурриёт» (2017), ўзбек кино санъатида катта янгилик бўла олган «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» (2019) фильмларини суратга олади.

"Ота" ("Ёнингдаман") фильмининг постери.

Абдуҳалил Мигнаровнинг фильмларида асосан, центиментализм, яъни ҳиссиёт устунлик қилади. Масалан, «Ота» картинасида отанинг фарзандига бўлган эътибори, қайғуриши, ўзини фидо қилишини кўрган томошабинда ачиниш, ғамхўрлик қилиш каби ҳислар пайдо бўлади. «Зурриёт» да эса, одамийлик, меҳнатсеварлик, меҳр-мурувват каби фазилатлар кўрсатилади. «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» киноасарида виждонни уйғотувчи, кўнгил билан суҳбат қиладиган туйғулар мужассам бўлган.

Фильм ҳадис илмида Имом Бухорийдан кейинги аҳамиятли ўринда турадиган ат-Термизийнинг ҳаёт йўлига бағишланган. Унинг илм олиши, ноёб хотирага эгалиги, замонасининг буюклари билан учрашуви, фитналарга рўбарў бўлиши фабулани ташкил этади. Кўпчилик ат-Термизийни бошқа Термизий алломалари билан адаштиради. Имом Термизий номи билан муҳаддис сифатида танилган Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий милодий 824-892 йилларда яшаб ўтган. Сулламий деб нисбат берилишига сабаб аждодларидан бири арабларнинг суллам қабиласи билан дўст тутинганидир. Тарихий манбаларга кўра, Буғ қишлоғида вафот этгани учун унинг номига ал-Буғий нисбати ҳам қўшилган, олим кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолгач, аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олгани ҳам айтилади. Дастлабки илм олиш даври Термиз шаҳрида ўтгани учун унга халқ орасида энг оммалашган ат-Термизий номи берилган. Термиз, Самарқанд ва Балхда дастлабки билимларни эгаллаб, Ҳижоз, Ироқ ва Хуросоннинг бир қатор шаҳарларида ўз даврининг етук алломаларидан сабоқ олади. Умрини ҳадис тўплашга бағишлайди. Турли манбалардан эшитган ҳадисларини саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратади. Ҳадис илмига бағишланган «Ал-Жоми» асари ижодининг энг йирик намунаси ҳисобланади.

"Имом Исо Муҳаммад Термизий" фильмида Термизийнинг болалиги, ёшлиги, кексалиги.

Алломанинг юксак илм соҳиби бўлишига қарамай, фильмда панд-насиҳат руҳи сезилмайди. Ҳамма воқеалар ўта содда ва самимий, ортиқча пафосдан холи тарзда кўрсатилади. Воқеалар марказида турган ат-Термизий шахсига нисбатан улуғлаш, кўкка кўтариш, илоҳийлаштиришдан узоқлашилган. Кинода уни аслида қандай улуғлашганини кўрсатиш учун халқнинг унга интилиши, унинг биргина суҳбатида бўлиш учун унга талпиниши кўрсатилганида эди (ал-Бухорийда бу саҳна бор), ат-Термизийни шахси билан яхши таниш бўлмаганлар ҳам уни қудратли шахс бўлганига шубҳа қилишмас эди.

Фильмнинг бир саҳнасида шогирдларидан бири ҳадис кўчириш чоғида хатога йўл қўйганида уни шунчаки тузатиб қўймасдан, қайта кўчиришни буюради. Шогирд боланинг қоғоз исрофи ҳақидаги гапига эса, «Агар бир ўринда хато қилиб, кейин уни шунчаки тўғрилаб қўйсак, одамлар ҳадис илмида ҳам хато қилиш мумкин экан, деган ўйга боради», дея жавоб беради. Ҳар гал ҳасадгўйлар фитна билан унинг ҳаётига хавф солмоқчи бўлганда ваҳимага тушмайди, оҳ-воҳ солмайди. Шунчаки Аллоҳга таваккал қилади, қиблага юзланади. Алалоқибат, фитнадан унга гард ҳам юқмайди. Кексайган чоғида: «Агар хотирам панд бериб, хато қила бошлаган бўлсам, ҳадис ёзишни йиғиштиришим керак, токи одамларни тўғри йўлдан адаштирмай», дея мулоҳаза қилади. Салбий ва ижобий қаҳрамонларнинг либосларидаги ранглар орқали характер яққолроқ очиб берилган. Аммо фильмда бир қатор тушунарсиз ҳолатлар ҳам кўзга ташланади. Муҳаммаднинг кўнгил қўйган қизи бошқасига унаштирилгани маълум бўлади. Ошиқ йигит ғамга ботади. Шундан сўнг унинг оила қуриши билан боғлиқ ҳеч қандай ҳолат кузатилмайди, томошабинда у етишолмаган муҳаббатига садоқат сақлаб, тоқ ўтган деган тасаввур уйғонади. Ваҳоланки, ҳеч бир тарихий манбада бу ҳолат ҳақида маълумот учрамайди. Термизийнинг ошиқ бўлиш саҳнаси керакмиди ўзи? Шунингдек, персонажларнинг ёши жуда кўп нуқталарда тушунарсизликни келтириб чиқарган. Муҳаммад (Абдуҳалил Мигнаров) ва унинг сабоқдоши Жаъфар (Фурқат Файзиев) болаликда тенгқур қилиб кўрсатилган. Бухорода мадраса таълимини олаётганда эса, Жаъфарнинг ёши анчагина каттароқ қилиб кўрсатилади: Муҳаммад эндигина йигитлик остонасига қадам қўйган, Жаъфар эса кўринишидан 40 ларга чиққан киши. Фильм якунига келиб, персонажларнинг умри охирига етай деб қолганда эса, Муҳаммад соқоли кўксига етган мўйсафид, Жаъфар эса, нисбатан ёшроқ қилиб кўрсатилган. Санадига (ривоят қилган кишилар рўйхати) кўра ҳадисларни саралаган Термизий Бухорийнинг эътирофига сазовор бўлади. Ал-Бухорийнинг «Сен мендан фойда олгандан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим», деган сўзлари Термизийнинг ақлий салоҳияти учун энг юксак баҳо эди. Ал-Бухорий вафоти ҳақида хабар топганда Муҳаммад ота-онаси дунёдан ўтгандагидан ҳам кўпроқ ғам чекади. Ҳатто, кўз ёш тўкаверганидан кўзлари нурсиз бўлиб қолади.

Эътибор беринг-а, фильмда конфликт – зиддият илоҳий куч, илоҳий иқтидор ва ғараз ўртасида кечади. Жаъфар ат-Термизийдек бўлолмаслиги, одамларнинг ишончига киролмаётгани, удек обрўга эришолмаётгани сабаб унга зимдан ҳужум уюштиради, йўқ қилмоқчи бўлади. Милош Форманнинг «Амадей» фильмини эсланг. Унда Мотцарт билан Салъери ўртасидаги кураш ҳам шундай. Бу картинада зиддият воқеани ривожлантиради, конфликтни чўққига чиқаради. Салъери аламдан ёнади, Мотцарт ижоди гуллайди… Салъери эндигина қийналиб мусиқа басталадим, деганда Мотцарт қора қоғозга ҳам туширмай, кўчадаги гадонинг мусиқа оҳангини эшитиб буюк асар яратади. Сальери Худога исён қилади, «Нега мен бўлолмайман!!!» дейди. Мотцартнинг обрўси ошгани сайин унинг ғарази, ҳасади ошиб боради. Энди у Мотцартни йўқ қилмоқчи бўлади, аммо жисмонан эмас. унга Мотцартнинг фақат обрў-эътибори, довруғи керак эди, холос! «Имом Исо Муҳаммад Термизий» фильмида воқеалар ривожини ташкил қилувчи конфликт чўққига чиқмаган. Қаҳрамонларнинг ёшлигидаги ички ва ташқи кураши, Жаъфар (Фурқат Файзиев, Нозим Тўлахўжаев) нинг Термизийга хусумати, етолмасликдан дахшатга тушиши ҳолати, кўролмаслик, аламдан, ҳасаддан ёниши, Термизий (Дониёр Ҳафизов) нинг ақл-заковати ўсиб бориши янада кучлироқ бўлганида эди, драматизм кучайиб, фильм янада муваффақиятли чиқишини таъминлаган бўлар эди.

Фильм – режиссёрдан ҳам бадиий ижодкор, ҳам тарихчи бўлишни талаб этган. Масъулият катта эди. Термизий сиймосини гавдалантириб, топилмагани сари – изланиш керак эди. Тарихий воқеаларни тиклашга асос бўлган махсус декорациялар қурилди. Ижодкор 1 йилдан кўп маълумотлар йиғиб, улар етарли даражада топилмагач, Термизийнинг замондошларига мурожаат қилган. Масалан, бир аллома: «Имом Термизий – Аллоҳнинг мусулмонларга берган неъматидир», Имом Бухорий: «Сен мендан олганингдан кўра, мен сендан кўпроқ олдим», деган жумлаларни ёзиб кетишган. Воқеалар шу жумлалар асосида тўқилган. Имом Шайх Абдулазиз Мансур, профессор Убайдулло Уматов, Саиджамол Масаитовларнинг ёрдамида шахсни гавдалантиришда, диний масалаларда камчиликлар кўриб чиқилган. Фильм 3 йил давомида суратга олинди. Канн халқаро кинофестивалида иштирок этди. Ироқ, Эстония, Туркия давлатлари экранларида намойиш этилиб, ҳамкорлик қилиш учун шартномалар имзоланди.

 

Наргиза Саидбоева,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, «Кино санъати танқиди ва таҳлили» йўналиши, 3 босқич талабаси