Ким Ки Дук: "Хаёл ҳамма нарсага қодир"

Ким Ки Дук:

Ким Ки Дук: "Хаёл ҳамма нарсага қодир"

  • 27/04/2021
  • Мақола

​​Кино олиш учун қаерда ўқиш керак? 

Менимча, кино олиш учун институтда ўқиш шарт эмас. Таълим муҳим, аммо бу кинода ҳал қилувчи омил эмас. Яхши кинонинг учта таркибий қисми бор: вақт, макон ва одамлар. 

Вақт – бу одамлар бошдан кечирган ёки бошдан кечирадиган воқеа. Макон – бу воқеалар содир бўлган жой. Одамлар бизнинг ўзимиз, бизнинг образларимиз ва тақдиримиз.

Мен кино мактабларида ўқимаслик керак демоқчи эмасман. Кино мактабида ўқиш ҳам ёрдам бериши мумкин, аммо мен вақт, макон ва одамлар шарофати билан фильмни қандай қилиб ишлаш мумкинлигини ўргандим. 

Барча ўқув муассасалари бу ҳаётимизнинг кичик бир қисми, холос, биз билимларни тажриба ва идрокимиз орқали оламиз. 

Энг муҳими, табиат: осмон, қуёш ва бизни ўраб турган ҳамма нарса. "Табиат" сўзи билан мен қалб ва фикрларни назарда тутаман. 

Инсон мустақил равишда ўйлай олиши ва ҳис қила билиши керак. Баъзи ҳолларда таълим ушбу эркинликни бўғиб қўяди. 

Агар сизда назарий қолиплар бўлмаса, фильмни қандай яратиш ўзингизга қолади. Сиз хаёл қиласиз, хаёл ҳамма нарсага қодир.

Мени ақлдан озган деб билишларини хоҳлайман

Мен фильмларимни уй шароитида кўриладиган эмас, кўпроқ "ёввойи" фильмлар деб биламан ва барча картиналаримда жамиятдаги муаммоларни ечишга ҳаракат қиламан. 

Масалан, Кореяда дипломингиз бўлмаса, ҳеч нарса қила олмайсиз – шунчаки сизга жиддий қарашмайди. 

Корея жамиятида дипломлар иерархияси жуда сезиларли, бутун ҳаётимиз унга бўйсунади ва бу мавзу мени жуда қизиқтиради. Ҳар доим ушбу жараённи ўрганишга интиламан.

Мени ақлдан озган деб билишларини хоҳлайман. Ахлоқим, эътиқодим бор-йўқлигини сўрашганида, мен одатда "йўқ", деб айтаман. 
 
Корея жамиятининг қоронғу ва ёқимсиз томонларини кўрсатишдан қўрқмаслигим менинг бутун ахлоқимни намоён этади.

​​Кинодан ҳеч қачон жавоб изламайман

Фильмда сюжет мен учун муҳим. Яхши ҳикоя ҳамма нарсанинг асосидир. Экранда у ўзининг визуал тасвирини топади: саҳна, композиция, ранг. Мен учун биринчи навбатда - сценарий, картина эса иккинчи ўринда туради. 

Мен томошабинга савол берадиган фильмларни яхши кўраман. Кинодан ҳеч қачон жавоб изламайман, аксинча, тўғри саволларни қидираман, улар мени ўйлашга мажбур қилади.

Мен одатда инсон билан  инсон  ўртасидаги зиддиятлар ҳақида фильмлар яратдим. "Инсон, макон, замон ва яна инсон" фильмимда эса атрофимиздаги дунё қандай қилиб одамнинг антагонистига айланганини кўрсатмоқчи бўлдим. 

Кинокартинанинг асоси жуда оддий: одам табиатнинг бир қисмидир, буни ҳеч қачон унутманг.