Шуҳрат Аббосов
- 21/04/2021
- Киноқомус
“Маҳаллада дув-дув гап”, “Тошкент - нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Абу Райҳон Беруний”, “Отамдан қолган далалар” каби ўндан ортиқ фильмлари билан кино мухлислари кўнглидан жой олган машҳур режиссёр Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлагач, 1949 йили Тошкент тиббиёт техникуми, 1954 йили Тошкент театр санъати давлат институтининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. У зиёлилар оиласида дунёга келади. Отаси Москва чорва-наслчилик институтини, онаси эсаМосква консерваториясини тамомлаган. Болаликдан барча санъат турлари, жумладан, кино уни ўзига жалб қилган. Тўрт-беш ёшларида кўрган бир фильм унгакатта таъсир кўрсатади. Бу машҳур француз режиссёри Дювевйенинг “Катта валс” фильми эди. Фильм мусиқага бой, ажойиб сюжетли бўлиб, бош рол ижрочиси бўлган аёлни севиб қолади. Болалик дамларида дадалари Москвага кетаётиб, Шуҳратга кинога кирасан, деб танга пуллар бериб кетарди. Болалигидан жуда кўп киноларни кўриб, катта бўлган.
Истеъдодли санъаткор ўз меҳнат фаолиятини Янги йўл шаҳридаги Тошкент вилояти мусиқий драма театрида режиссёр сифатида бошлади. 1958 йили "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тамомлади. 1982-1986 йилларда "Ўзбекфильм" киностудиясида режиссёр, кейинчалик директор, Ўзбекистон кинематографлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди.
Шуҳрат Аббосов аслида актёр бўлишни орзу қиларди. Тиббиёт техникумида ўқиб юрганида Ласкоратос деган грек киши драма тўгарагини бошқарарди. Тўгарагда саҳналаштирилган “Айбсиз айбдорлар” спектаклида пиёниста актёр ролини ижро этади Раҳматли Ҳамза Умаров кўргани борганда Шуҳратни ижросига қойил қолган. Шундан сўнг “Сен актёр бўлишинг керак”деб, қўлидан ушлаб, театр ва рассомлик институтига бошлаб борган. Имтиҳон олган И.Радун деган домла “Сиз жуда яхши актёр экансиз. Режиссёрликка ўқинг, актёрлик ҳам қилаверасиз, мабодо сиздан режиссёр чиқмаса”, дейди. Шу гап билан режиссура соҳасига ўтади.
Театр институтини тамомлагач, икки йил Янгийўл театрида бош режиссёр бўлиб ишлади. Бир куни Тошкентда кўчада кетаётганида таниқли кинодраматург Собир Муҳаммедов тўхтатиб, “Кинода саводингиз яхши, Москвада олий режиссёрлик курси очилар экан. Сизни юборсак, бахтингизни синаб кўрасиз. Бизга янги авлод керак”, дейди. Москвага жўнаб кетади.15 ўринга 780 одам даъвогарлик қилган эди. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, ўқишга киради. Александр Довженко, Юрий Райзман, Михаил Ромм, Леонид Трауберг, Георгий Александров каби машҳур устозлар таҳсилини олади. Икки йил ўқигач, 1957 йили “Мосфильм”да“Филиппинлик ва маст” филмини суратга олади. Картинага яхши баҳо беришади. Фильм сценарийси америкалик машҳур ёзувчи Уилям Сарояннинг ҳикояси асосида суратга олинган эди. Сароян — Ҳолливуд режиссёрларидан безор бўлган, “Асарларимни бузмаслиги учун уларга пул бераман”, деган. Ўша ёзувчи Москвага келиб, Шуҳрат Аббосовни фильмимни кўради, муаллиф сифатида кўнгли тўлиб, рози бўлади ҳамда газетада миннатдорлик мактуби сифатида “Очиқ хат” эълон қилади. Шуҳрат Аббосовнинг дастлабки иши - ўн минутлик “Филиппинлик ва маст” филми халқаро танловларда биринчи ўринларни олади ва бу унга ишонч бахш этади, далда бўлади бир умрга.
Шуҳрат Аббосов кино санъатида 50-йилларнинг охири, 60-йилларнинг бошида пайдо бўлди. Бу пайтда ўзбек киноси янги бир ривожланиш босқичида эди. Чунки кинематография бўйича турли олий ўқув юртларида таълим олиб қайтган иқтидорли ёшлар миллий кинодаги мавзу ва жанр-услубни янгилашга, кенгайтиришга ҳаракат қиларди. Бу нарса катта ўзгаришларга, муваффақиятларга сабаб бўлди. Айниқса, Шуҳрат Аббосов олган филмлар биринчи қадамдаёқ ўз ижодкорларини элга танитди, элга манзур қилди. Яхши санъат асари ўз-ўзидан, бирданига пайдо бўлмайди. Жумладан, кино ҳам. У йиллар давомида йиғилган ҳаёт тажрибаси, истеъдод, сабр-тоқат, қаттиқ меҳнат ва меҳр-муҳаббат меваси. Бўлажак режиссёр ўн бир ёшида отасидан етим қолади. Кемтик дили онанинг меҳри билан тўлади, онасига қаттиқ боғланади. Ана шу пайтларда унда онага, Ватанга, инсонга муҳаббат шаклланади. Шуҳрат Аббосов энг гуллаган ёшлик чоғида - йигирма беш-йигирма етти ёшларида Москвадаги Олий режиссёрлик курсида таҳсил олади…
Шуҳрат Аббосов 1959 йили “Ўзбекфилм” киностудиясида постановкачи-режиссёр сифатида иш бошлайди. Ўша пайтлари замонавий, бадиий пухта сценарийлар жуда кам эди. Ёзувчилар ёзган сценарийим қачон кино қилинади, кўнгилдагидек чиқадими, режиссёр бузиб талқин этмайдими деган хаёлларга бориб, аксарият ҳолларда, сценарийга қўл урмасди. Ўзининг 60 йилдан зиёд ижодий фаолияти давомида миллий театр ва кино санъати ривожига катта ҳисса қўшган Шуҳрат Аббосов томонидан яратилган "Майсаранинг иши", "Оғриқ тишлар" каби спектакллар, "Сен етим эмассан", "Маҳаллада дув-дув гап", "Тошкент – нон шаҳри", "Абу Райҳон Беруний" сингари бадиий фильмлар санъатимизнинг "олтин фонди"дан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади. Бетакрор ижодий маҳорат билан йўғрилган ушбу асарлар ўзбек халқининг қадимий ва бой тарихини, унинг олижаноб инсоний фазилатларини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса қўшди.
Шуҳрат Аббосов моҳир ва тажрибали педагог, талабчан устоз сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатиб, кино санъати соҳасида ўнлаб истеъдодли ёшларни тарбиялашда билим ва истеъдоди, куч-ғайратини аямасдан меҳнат қилди. Шуҳрат Аббосов 1959 йилдан “Ўзбекфильм” киностудиясида постановкачи-режиссёр сифатида иш бошлаб, “Маҳаллада дув-дув гап” (1960), “Сен етим эмассан” (1962), “Қалбингда қуёш” (1966), “Тошкент-нон шаҳри” (1967), “Муҳаббат можароси” (1971), “Абу Райҳон Беруний” ( 1974), “Оловли йўллар”, “Отамдан қолган далалар” (1998) ва бошқа кўплаб фильмларни экранлаштирган. “Абу Райҳон Беруни”, “Муҳаббат можароси”, “Қалбингда қуёш”, “Отамдан қолган далалар” фильмларининг сценарийларини ёзишда ҳам муаллиф бўлди.
“Абу Райҳон Беруний” фильми Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг IV Ҳалқаро кинофестивалида муваффақиятли равишда намойиш этилди ва 1976 йилда Теҳрон кинофестивалида “Олтин дельфин” соврини билан тақдирланган бўлса, 1975 йили эса VIII Бутуниттифоқ кинофестивалида бош мукофотга сазовор бўлган.
“Сен етим эмассан” фильми 1963 йилда Франкфурт-Майнеда бўлган Халқаро кинофестивалда, “Тошкент – нон шаҳри” фильми эса 1968 йилда Олмаота кинофестивалида яхши режиссёрлик иши ва тасвирий санъат кўринишлари учун фестиваль совринига сазовор бўлди. Кўплаб мукофотлар, жумладан 1974 йилда “Ўзбекистон халқ артисти”, 1981 йилда “СССР халқ артисти” унвонлари, 1994 йилда “Шуҳрат” медали ва 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби бўлган.
Миллий кинематографиямизнинг атоқли намояндаси, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов 2018 йил 25 апрелда 87 ёшида вафот этди.