Кинооқимлар: авангард оқими коммерцияга қаршими?

  • Асосий /
  • Мақола /
  • Кинооқимлар: авангард оқими коммерцияга қаршими?
Кинооқимлар: авангард оқими коммерцияга қаршими?

1КИНЕМАТОГРАФДА ЙЎНАЛИШЛАР, ОҚИМЛАР, ТЎЛҚИНЛАР ҲАҚИДА

Адабиёт ва санъат пайдо бўлибдики, бадиий асарларни таҳлил қилиш, уларнинг шакл ва мазмуни, ғояси ва йўналиши, жанри ва стилистикасини аниқлаш учун адабиётшунослик ва санъатшунослик соҳаси пайдо бўлди. Адабиётшуносликсиз адабиёт бўлмагандай, санъатшуносликсиз ҳам санъат бўлмайди. Адабиётшунослик ва санъатшунослик илмий ишланишлари, таҳлиллари, рецензиялари нафақат адабиёт ҳамда санъат ихлосмандларига, балки, энг авваламбор, ижодкорлар учун бир барометр, ўлчов, маёқ воситасини бажаради. Худди шундай санъат турлари ичида энг мураккаби ва оммавийи ҳисобланган кинематограф ҳам киношуносликсиз ўз ривожланишига эриша олмайди. Бежизга, деярли бутун буюк режиссёрлар бир пайтнинг ўзида кучли кино назариячилар бўлишмаган. Яъни кинорежиссёр қанчалик амалиётчи (практик) бўлса, шунчалар назариячи (теоретик) ҳамдир. Биргина машҳур Сергей Эйзенштейнинг 6 томлик китобларини мутолаа қиларкансиз, қанчалик кучли назариячи бўлганига ишонч ҳосил қиласиз. Кино назарияси эса – киношуносликнинг асосий йўналишидан бири ҳисобланади. Кўплаб кинорежиссёрлар илмий ишлар ёзиб санъатшунослик фанлари доктори бўлишган, жумладан, Эйзенштейн ҳам. Киношуносларнинг таъкидлашича, “ҳақиқий” кино санъати 1915-1920 йиллар пайдо бўлган. Айнан илк профессионал киношунослик ҳам шу пайтга тўғри келади. Мақоланинг ибтидосида адабиёт ва санъатнинг ривожланиши ўзаро чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаганимиздай, худди шундай турли йўналишлар, оқимлар, жанрлар ва бошқа назарий тушунчалар ҳам бир пайтнинг ўзида, биргаликда, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, тўлдирган ҳолда ривожланиб келади. Кино тарихида жуда кўп йўналишлар, оқимлар, тўлқинлар бўлган ва янгилари пайдо бўлишда давом этмоқда. Кино тарихига назар ташлаб бу назарий тушунчаларни пайдо бўлиши, ўзига хос томонларини ўрганиб чиқайлик. Энг аввало, кенг тарқалган ва машҳур бўлган кинематографдаги йўналишлар, оқимлар, тўлқинлар номларини таъкидлаб ўтайлик: “Авангард”, “Экспрессионизм”, “Поэтик реализм”, “Соцреализм”, “Артхаус”, “Параллель кино”, “Альтернатив кино”, “Италия неореализми”, “Франция янги тўлқини”, “Совет янги тўлқини”, “Немис янги тўлқини”, “Британия янги тўлқини”, “Эрон янги тўлқини”, “Жанубий Корея янги тўлқини”, “Америка янги киноси”, “Мексика янги киноси”, “Догма 95”. 

2“АВАНГАРД”

Аванга́рд (фр. Avant-garde, фр. avant олди, бош қисми фр. gard қўриқлаш, гвардия) — кинематографни ривожланиши йўлида коммерция киносига қарши ташкил этилган ижодий йўналиш. Баъзи ҳолларда Аванагард – “экспериментал кинематограф” тушунчасида ҳам қўлланилади. Киноавангард – бадиий ифодалашнинг барча таркибий қисмларини новаторлик, янгиланиш йўли билан киноэстетикани анъанавий классик, консерватив йўналишни инкор этиш ва янги кинотилини топиш йўлида изланади. Француз киноавангарди тасвирий санъатдаги импрессионистлар, сюрреализм, абстракционизм оқимлари билан яқиндан алоқада бўлган. Авангардизмнинг ёрқин намоёндалари Луи Деллюк, Жан Ренуар, Луи Бунюэль. Авангард оқимининг кинога кириб келиши киножараённинг талаби бўлган. Айнан 1920-йилларга келиб жаҳон киноси вояга етиб, улғайиб “ҳақиқий” кинематограф бўлиб шаклланганди.

Луи Деллюк (1890-1924) 
Кинорежиссёр, сценарийнавис, кинотанқидчи. "Авангард" йўналишининг назарий отаси.

АҚШда Гриффит ва Инс, СССРда Кулешов ва Эйзенштейнлар кинони санъат даражасига олиб чиқиб монтаж, параллель монтаж, кадр, тасвир, сюжет ва кинонинг бошқа муҳим компонентларини ўзлаштириб бўлишганди. 1930-йилларга келиб Авангард оқими жаҳон киносининг машҳур режиссёрлари Луис Бунюэль ва Жан Кокто, Жан Виго, Рене Клер ва кўплаб бошқа ижодкорларга катта кинога йўл очиб бериб, ўзининг мантиқий якунига етиб келади. Илк профессионал киношуносларнинг дунёга келиши, илк кино йўналишларнинг, “оқим” ва “тўлқин”ларнинг ҳам пайдо бўлишига олиб келади. Кино санъатининг пайдо бўлиши Франция билан боғлиқ бўлгани сингари, илк киношунослик ҳам айнан Парижда дунёга келади. Луи Деллюк (1890-1924), киноназариётчи, сценарист, режиссёр, “Авангард” кино оқимининг асосчиларидан бири, Парижда биринчилар қатори кино журналларни ташкил этиб, кино назариясини таҳлил қила бошлайди. Жумладан, у “Фильм”, “Киноклуб” ва “Синема” журналларини ташкил этади ва ҳамфикрлари Жермен Дюлак, Абель Ганс, Марсель Л’Эрбье ва Жан Эпштейн билан биргаликда кино назарияси, эстетикасини тарғибот қилади. Деллюк ўзининг илмий мақолаларида кинематографни юксак санъат даражасига олиб чиқади. Луи Деллюк 1919 йили биринчилардан бўлиб кино назариясига бағишланган “Кино ва компания” китобини нашр қилади. Шу йилнинг ўзида аванградчиларнинг дастурига айланган “Кино фотогенияси” китобини чоп этади. Деллюк киноэстетикасига бағишланган китобида, “фотогения” – бошқа санъат турларидан ўзига хослиги билан ажралиб туришини таъкидлайди. Экрандаги ҳар бир кадр, образ чиройли бўлиб қолмай, ўзига хос характерга эга, таъсирчан бўлиши, идрок этилиши керак деб ҳисоблайди. Деллюк ва авангардчиларнинг шиори – ҳар бир режиссёр бир-бирини такрорламайдиган индивидуал қобилиятга эга бўлиши ва атрофидаги ижодкорларни ўзининг ғоясига ишонтира олиши лозим. Шунингдек, “Кино фотогенияси” китобида муаллиф тасвирга олишда оператор кадрни яққол, барчаси бўрттирилиб кўриниши шарт эмас, аксинча, худди ҳаётдаги сингари, кўзимиз қандай баъзи бир нарсаларни, предметларни ғира-шира, эътиборсиз кўргани сингари, экранда ҳам шундай тасвир қилиниши талаб қилинади. Бадиий ифодалашнинг барча таркибий қисмлари режиссёр томонидан олдиндан ўйланган ва идрок этилган бўлиши шарт. “Авангардчилар”нинг тушунчаларига кўра, режиссёр суратга олаётган эпизодини, худди рассом ўз асарини чизганда, бўёқ рангларидан тортиб композициягача барчасини ҳисоб-китоб қилгандай, чироқдан тортиб ритмгача ҳар бир нарсани аниқ белгилаб олиши зарур. Яъни, фильмнинг барча компонентлари – рассом, бастакор, оператор ишлари режиссёрга бўйсуниб, танланган ғояга хизмат қилиши керак. Актёрларнинг ички кечинмаси ташқи кўринишдан устун туришини таъкидлаган. Луи Деллюк 33 ёшида вафот этмаганида, киноэстика ривожланишида катта ўзгаришларга эришиларди. Айниқса, овоз ва рангнинг кинога келиши авангардчи Деллюк учун кинонинг юксак савияга кўтаришига катта имкониятлар яратарди. 

3«АВАНГАРД» ЙЎНАЛИШИДА СУРАТГА ОЛИНГАН ФИЛЬМЛАР

«Ҳоним ва безори» (1918), 44 дақ. Режиссёр - Владимир Маяковский, Евгений Славинский

«Сергий Ота» (1918), 79 дақ. Режиссёр - Яков Протазанов

«Эльдорадо» (1921), 74 дақ. Режиссёр - Марсель Л’Эрбье

«Садоқатли қалб» (1923) 87 дақ. Режиссёр - Жан Эпштейн

«Париж ухлаганда» (1923-25), 35 дақ. Режиссёр - Рене Клер

«Катрин, ёхуд қувончсиз ҳаёт» (1924), 84 дақ. Режиссёр - Жан Ренуар

«Антракт» (1924), 22 дақ. Режиссёр - Рене Клер

«Механикали балет» (1924), 16 дақ. Режиссёр - Фернан Леже

«Сув қизи» (1925), 71 дақ. Режиссёр - Жан Ренуар

«Менильмонтан» (1926), 38 дақ. Режиссёр - Димитрий Кирсанов

«Анемик синема» (1926), 7 дақ. Режиссёр - Марсель Дюшан

«Мени тинч қўй» (1926) 18 дақ. Режиссёр - Ман Рэй

«Трельяж» (1927) 45 дақ. Режиссёр - Жан Эпштейн

«Гугурт сотувчи қизалоқ» (1928), 40 дақ. Режиссёр - Жан Ренуар

«Андалус кўппаги» (1928), 16 дақ. Режиссёр - Луис Бунюэль

«Эски ва янги» (1929) 121 дақ. Режиссёр - Сергей Эйзенштейн

«Олтин аср» (1930) 60 дақ. Режиссёр - Луис Бунюэль 

 

ОЙБЕК ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ

киношунос, санъатшунослик фанлари номзоди