Хеппи-энд: бахтли бўлишни истаймиз!

Хеппи-энд: бахтли бўлишни истаймиз!
- Агар "Титаник" фильмида Ди Каприонинг ўрнига Брюс Уиллис бош ролни ўйнаганида нима бўларди?
- У ҳаммани қутқариб қоларди. 

                                                 (Сийқаси чиқиб кетган латифа)

1Хэппи-энд

Хэппи-энд (инг. happy-ending, «бахтли якун») — адабиёт ва кино санъатидаги эзгулик ҳамда ёвузлик ўртасидаги абадий курашнинг якуний натижаларидан бири. Бунда ёвуз кучлар ер тишлайди, ижобий қаҳрамонлар эса мурод-мақсадига етишиб, узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради. Золушка ваниҳоят шаҳзодага турмушга чиқади, Бэтмен барча жиноятчиларни жазолайди, Том Сойер эса қидирган хазинасини топади ва ҳ.к.

Гарчи баъзида хэппи-энд ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаса ҳам, фильм давомида томошабин уни интизорлик билан кутади ва шу сабаб Голливуд киноижодкорлари томонидан ниҳоятда кенг қўлланилади.

2Хеппи-энд турли жанрларда

Хэппи-энд одатда қуйидаги жанрларда учрайди:

  • Мелодрама. Аёл бош қаҳрамон асар якунида бутун умр кутган оқ отдаги шаҳзодасини учратади ва турмушга чиқади. Ўсмир қизлар қувончини яширолмай дув-дув йиғлайди, продюсерлар эса жарақ-жарақ пул ишлайди.
Эдвард ва Белланинг "лавстори"сидан лавҳа
  • Фэнтези. Асар қаҳрамони бўлмиш паҳлавон Писмадончи минглаб қийинчиликларни енгиб ўтади ҳамда Ёвузлар Ёвузини ўз қўли ва қиличи билан енгиб, бутун коинотни муқаррар фалокатдан асраб қолади. Айрим ҳолларда Ёвузлар Ёвузи ўлимдан қутилиб қолиши мумкин, табиийки, асарнинг кейинги қисмларида пайдо бўлиш учун.
Паҳлавон Конан ўз нигоҳи билан рақибларини ер тишлатмоқда
  • Жангари фильмлар. Табиийки, ҳар томондан ёғилаётган ўқ ва снарядлар ёмғири боевик қаҳрамонини четлаб ўтади ва у бир ўзи бутун бошли уюшган жиноятчиликни таг-томири билан юлиб ташлайди. Агар фильм якунида у бирор-бир офатижон топ-модель билан Гавайи оролларида қолса хэппи-энд тўлиқ ҳисобланади.
Жеймс акамизнинг ишлари доимгидек "беш"!
  • Эртаклар. Бунда хэппи-энднинг мақсади — болаларнинг нозик психикасига салбий таъсир кўрсатмаслик, акс ҳолда... ("Бўғирсоқ" каби эртаклар бундай мустасно)
Куч бирликда эканини унутманг, ўртоқлар
  • Кинокомедиялар. Ҳа энди комедиялар кўнгилхушлик учун кўрилади-ку! Ўзи ҳаётимиз тугалмас ташвишлардан иборат бўлса, бир дам олсак олибмизда!
Кулгу умрни узайтирармиш...

3Хеппи-энд бўлиши мумкин бўлмаган жанрлар

 

  • Классик трагедияда — ахир бу трагедия-ку!
Жульетта, кўзларингни оч, пешин бўлди-ку ахир!
  • Нуар жанрида. Гарчи асар якунида қаҳрамон асосий муаммони ҳал қилсада, у барибир бошқа майда муаммолар гирдобида қолиб кетиши керак.
Бу офатижон энангни Учқўрғондан кўрсатади ҳали...
  • Даҳшатли фильмларда (ужас). Гарчи фильм якунида бош қаҳрамон тирик қолсада, унинг атрофидаги ўнлаб, гоҳида эса юзлаб одамлар, дўст-у душман, қавми-қариндошлари қирилиб кетган бўлади. Бу эса қайғули...
Қанақа хэппи-энг? Эсинг жойидами?
  • Мен буюкман, аммо мени ҳеч ким тушунмайди қабилидаги арт-хаус фильмлар. Чунки бу каби асарлар хэппи-энд билан тугаса "енгил елпи фильм"га айланиб қолади. Бош қаҳрамон эндигина бахтга етишдим деганида КУТИЛМАГАНДА ҳалок бўлиши, бедаво касалликка чалиниши, ёинки ҳаёт бемазмун деган (но)тўғри хулосага келиб, ўзини-ўзи ўлдириши шарт.
Кирстен хоним, ҳаммаси - тамом!

4Хеппи-энд ниҳоятда асабга тегадиган ҳолатлар

 

  • Қачонки у сюжет мантиғига зид бўлса. Антик давр драматурглари, ўзларининг бахтсизлик гирдобидаги қаҳрамонларини қутқармоқчи бўлсалар, Deus Ex Machina (Машинадаги Тангри) деган усулдан фойдаланганлар.
Энг оғир вазиятларда ёрдамга келувчи бургутлар
  • Агар фильм бирор-бир адабий асар асосида яратилган бўлиб, томошабиндан кўпроқ пул ундириш мақсадида якуни атайин хэппи-эндга ўзгартириланган бўлса.
Стивен Кинг чаласавод режиссёрга "Қўлингни торт асаримдан!" дегандай қараяпти...

Хулласи калом, хэппи-энд яхши нарса, албатта. Фақатгина ундан тўғри фойдалана билиш керак.

 

Мақола "КиноЛаборатория" телеграм-канали учун Сарвар Каримов томонидан тайёрланган.