"Сув узра само": Фурқат Бозоровнинг илк шахсий кўргазмаси
- 07/05/2021
- Тасвирий санъат
Рассом Фурқат Бозоровнинг "Сув узра само" номли илк шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Баъзи мулоҳазалар туғилди. "Рассомлик кўрлар учун мўлжалланган фаолиятдир, чунки рассом кўрган нарсасини эмас, балки ҳис қилаётган нарсасини чизади" деб хулоса қилганида адашмаган эди Пабло Пикассо. Фурқат аканинг айнан шу жиҳати, яни ҳис қилаётган нарсаларини примитив ва самимий кайфият билан тасвирлагани таҳсинга сазовор деб биламан.
Кўргазмадаги асарларнинг мавзулар кўлами турли хил, унда классик мавзудаги "Европанинг ўғирланиши" асарида кутилмаган бадиий ечим томошабинда ғайритабиий ҳислар уйғотади. Рассомнинг "Евроньюс вақти" картинаси маиший ҳаёт тарзимизни яширин сарказм билан тасвирланган. "Муаттар ҳид" асари қимматли ҳисларни сизга ҳадй қилади. Сабаби асардаги қизчанинг юзида ниқоб бўлса-да эркин, қувноқ кайфиятдаги ҳолатини кўриб ёшликдаги беғуборликни қўмсаш (носталгия)ни ҳис қиласиз.
Умуман олганда, рассомнинг бадиий консепсияси инсон ва унинг атрофидаги оламнинг сирли ва лирик оҳангда ифодалаш деган хулоса пайдо бўлди. Aгар рассомни номлаш керак бўлса, бир сўз билан "Самимият рассоми" деган бўлардим. Бу ном (Шарқ Рафаели, Ўзбек Ван Гоги, Ўзбек Гогени, Ўзбек Бенксиси) деган клише номлардан оргиналлиги билан ажралиб туради. Рассомнинг асарлари биронта бадиий филмларда фойдаланилса филмнинг тасвирий ечимини безаши табиий.
Фурқат аканинг ижодий ишларига омад тилайман. Энди янги асарлар кутаман.
Aсарларини илова қиламан. Кўргазмага борсангиз ширин туш кўргандек бўласиз.
Самандар Эгамбердиев
"Сув узра само"