1АЁЛ
Аёл фермернинг ёлланма ишчиси эди. Пахта, картошка, пиёз, кунжут ўтоғида кунлик тўлов эвазига меҳнат қилар, оила шу пул билангина кун кўрарди. Эри ишсиз.
Бу йил сув яхши бўлиб, ишлайман деганга юмуш мўл бўлди. Шунинг учун аёл эрта баҳордан бери тинмас, дам билмай тер тўкарди. Аммо ёз тугамай, чарчади, ҳолсизланди, кучи қайтди. Мана, уч кунда ўтаб улгурса бўладиган пиёзни ҳали ҳам тугатмади. Авваллари шу майдонча келадиган пиёззорни бемалол уч кунда бегона ўтлардан тозалаб бўларди. Бугун тўртинчи кун. Аслида бугун дам олмоқчи эди. Аммо ишни тугатиши керак.
Тугатиши шарт!
Ҳали қуёш қишлоққа салом бериб, ўйноқи тераклар майин шабадага тебраниб шивирламасданоқ, аёл ўрнидан туриб уйдаги юмушларини саранжомлади. Кир ювди, сигир соғди, сут пиширди, нонушта ва тушлик учун нималардир тайёрлади. Кейин эски кийимларини кийди-ю, ковушини судраганча дала томон ошиқди.
Анча вақт бош кўтармай ишлади. Аммо тушга бориб очқади. Кўнгли айниб, ҳолсизланди. Қуёш ҳафсала билан далани қизитар, қилт этган шамол йўқ. Аёлнинг бутун танаси қора терга ботиб, нафас олиши қийинлашди. У фақат чанқаганда ўрнидан турар, шундагина вужудига шамол тегиб, бироз енгил тортарди. Қотиб, ачишиб оғриётган белини машқ қилдирган бўлар, оғриқ тугамаса, қўлини мушт қилиб енгилгина уриб қўйярди.
Ўрнидан турганида кўзолди қоронғилашиб, боши айланди. Йиқилиб тушай деди. Рўмолини ариқдаги қандайдир қўланса ҳид анқиётган сувга чайиб, пешонасига босди ва бироз ўзига келгандай бўлди.
Янгигина буғдой сингари нишлаб, бегона ўтлар билан жой талашиб ўсаётган пиёзлар ҳам қуёш тиғидан қўрқиб, нозик бошларини эгганча қилт этмай турар, аёл эса вақтини беҳуда ўтказмасликка интиларди.
Пиёзпоя кераксиз ўтга тўла. Бегонаси шунчалик кўпки, қайси бири ўт, қайсиси пиёз эканини тажрибасиз ишчилар ҳадеганда билолмасди. Лекин бу нарса аёлга чўт эмас.
Аёл қорайиб, ёрилиб кетган қўллари билан ҳар бир ниҳолни авайлаб, ортиқча ўтлардан тозаларди. Майда иш кўп вақтни талаб қилади. Фермер жувонга жуда ишонар, вазифасини кў¬нгилдагидек бажаришини билиб ортидан текширмасди ҳам. Ҳақ тўлашда бошқаларга нисбатан унга бироз сахийлик қиларди.
Аёл ишни битирганида ҳали кун ботмаган, қуёш бироз уфққа эгилган кўйи куни билан тиғларига чидаган жувон кўзларига масхаромуз боқиб турарди. Аёл боши айланиб, ўтириб қолди, кейин узоқ йўталди. Ариқдан сув ичиб, юзини ювгандагина ўзига келди. Чуқур нафас олди. Қуёшга термилди.
Фермернинг иш бошқарувчисидан келишилган пулни олар экан, қимтинибгина раҳмат айтиб қўйди. Ҳар гал иш ҳақини олганда титраётгани сезилиб туради. Ҳалол меҳнатнинг хузурбахш титроғи шу бўлса керак-да…
Фермернинг кекса иш бошқарувчиси эса, арзимаган пулга мамнун, ковушини судраганча пилдираб кетаётган жувоннинг кундан-кунга чўкиб бораётган қоқсуяк гавдасига қараб ачинди. Ичида кимнидир, ниманидир бўралатиб сўкди.
Аёл тўғри бориб қишлоқнинг тунука билан ўралган дўконига кирди. У ерда турли-туман ноз-неъматлар кўзни яшнатиб турар, уларга нигоҳи тушган сайин қўлидаги пулини маҳкамроқ ғижимлаб оларди.
— Кечирасиз, менга иккита рангли сув ва бир килограмм гуруч беринг!
— Рангли сувнинг қайсисидан? — сўради беэътибор сотувчи.
— Фарқи йўқ.
— Менгаям фарқи йўқ, — дедию шундоқ қўл узатар жойдаги сап-сариқ сувнинг бирини олиб узатди.
— Гуручнинг қимматидан бўлсинми, арзонидан?
— Қимматидан… Сув кўтарадиган бўлсин…
— Яхши… Яна?
— Ярим килограмм шоколад ҳам беринг…
— Қанақасидан?
— Оддийсидан.
— Оддийси ҳам қиммат-да, янга.
— Майли…
— Бугун зиёфат бўляптими?
— …
Аёл қўлидаги пулга қараб, уни баттарроқ сиқди. Ютинди.
— Бўлдими?
— Йўқ! — Аёл бироз ўйланиб, деди. — Ҳалиги аччиқ сувингиздан ҳам беринг… анави… оқидан…
— Нима, акамнинг меҳмонлари борми?
— Беринг…
— Қиммат-да!
— Майли…
— Шаҳрисабзникими ё Тошкентники?
— Фарқи йўқ…
— Пулингиз етадими?
— Етади.
Хижолат бўлаётганини сездирмаслик учун у қўлидаги пулга қараб қўйди. Тўрт кун ишлаб топган пули қоп-қора қўллари орасида ғижимланиб турарди.
Сотувчи ҳисоблай бошлади. Аёл бир елимхалтага жойланган нарсаларга, бир қўлларида ғижимланаётган пулга қараб қўйди. Олган нарсасини қайтариб бериш фикри вужудини бир сония тирнаб ўтди. Ютинди, йўталди, чуқур нафас олди. Шу пайт дўкон ичига қаердандир шамол кириб, ҳамма жойни чангитиб юборди. Аёлни қаттиқ йўтал тутди. Сотувчи эса беэътибор:
— Мана шунча пул бўларкан, янга… — дея ҳисобни кўрсатди. — Нимага индамайсиз? Пулингиз камми?
— Йўқ! Оламан!..
Аёл тўрт кун қуёш тиғида қоврилиб ишлаб топган пулининг ҳаммасини ғижимланган ҳолда стол устига қўйди ва елимхалтасини кўтариб дўкондан кетишга тараддудланди. Сотувчи кўзларини катта-катта очганча пулларни текислаб, санар экан: «Ҳаммаси тўғри экан, янга!» — деб қўйди.
— Бугун қандай кун ўзи? — деди яна аёлнинг ортидан.
Аёл жим чиқиб кетаверди, сотувчи яна жаврашда давом этди:
— Акамни ҳам ишлатинг-да… Қуруққа уйда ётқизиб, семиртириб боқмасдан.
Аёл уйига келганида қуёш далалар бағрига қизарибгина ботарди. Эрининг эндигина уйқудан тургани сезилиб турар, ишком остидаги ариққа оёғини тиқиб, шу сувга узум ювиб ер эди. У хотинини кўриб оғзини катта очганча эснади. Аёл эса, остонада эрига қараб бироз турди. Кўнгли ағдарилди. Эр эса, беэътибор ишкомдан яна узум олди-ю бу сафар ювмасдан оғзига солди. Хотинининг қўлидаги бозорликларга назар ташлаб, кавшанганча:
— Нима кўтариб юрибсан? — деди.
Аёл бош эгганча елимхалтани кўтариб ошхона томон кетди. Ошхонада тушликдан бўшаган идиш-товоқлар ёйилиб ётар, устини пашша талаб, атрофида қовоғари ғўнғиллаб учарди. Аёлнинг бурни ачишди, кўзлари оғриб кетгандай бўлди. Чуқур уф тортганча ўтириб қолди. Рўмолини сидириб олганида жувоннинг сочлари орасидаги оқ толалари ҳам уфқнинг қизғиш нурларида товланиб кетди.
Йиғидан фойда йўқ. Ўзидан бошқа бу ишларни қиладиган ҳам йўқ. Ҳадемай болалари келади. Кийимларини ҳам алмаштирмасдан ишга тушиб кетди. Йиғиштирди, ювди, қозонга ўт ёқиб, ёғ солди. Бузоқчанинг зорланишига раҳми келиб, ошнинг сабзисини солгач, сигирни ҳам соғиб олди.
Бу орада ўғиллари кўчадан келиб қолди. Каттаси ўн икки ёшда. Аммо у ҳам отасига ўхшаб тўлачадан келган, ялқов, гап олмас бола. Иккинчиси саккиз, учинчиси тўрт ёшда. Аёлнинг бор умиди ўртанчасидан. У мол боқар, ўт юлар, уй юмушларида ҳам онасига ёрдам берарди. Бугун ҳам шундай бўлди.
Барибир ош пишгунча кеч бўлиб қолди. Аёл бу орада уй ичи-ю ташқарисини саранжом-саришта қилган, супага сув сепиб супуришга ҳам улгурганди. Атрофни нам тупроқ ва райҳоннинг нафис ифори тутиб кетганди. Ўғиллар супада ош сузилишига интиқ бўлиб ўтиришарди. Эр эса қорнини қашлаганча ким биландир телефонда гаплашар, ҳар замонда қаттиқ кекириб, супа устидан райҳон тарафга тупурарди. Аёл ошни сузиб келганда болалар онасига ёзғира бошлади:
— Шунақа ҳам кеч пиширасизми? Ҳадемай футбол бошланади-ку!
Эри эса, бепарво ошлаганни ўзига ўнғай қилиб тўғрилади. Аёл бир дам болаларининг, эрининг оғзига жим тикилиб турди, кўзларига қаради. Кейин шартта ўрнидан туриб, дўкондан олиб келган шоколад, ширин ва аччиқ сувни дастурхон устига қўйди. Болалар хурсандчиликдан чапак чалиб юборди. Эр шишани кўриб кўзлари ўйнаб кетди. Кейин хотинига:
— Тинчликми? — дея гап қотди.
Аёл индамади.
Болалар севинганидан қўлларида пиёла ушлаб, ширин сувни талаша бошлади. Ота баркашдай қўлларини иссиқ ошга ботириб ея бошлаган ҳам эдики, хотинининг ҳаракатини кўриб қотиб қолди. Болалари ҳам шу зайлда онасидан кўз узмай қараб қолишди. Аёл қорайган қўллари билан аччиқ сув шишасининг қопқоғини очолмай қийналар, тиши билан очмоқчи бўларди. Негадир кўзлари ёшланар, лаблари титрарди. Эри ошга ботирилган қўли куяётганини ҳам, болалари эса очиққанини ҳам унутиб, онанинг ҳолатини кузатиб туришарди. Аёл кўзларидан дона-дона ёш думалаб, қийнала-қийнала шишани очди. Қўллари титрар, жунжикарди. Аёл пиёласига тўлатиб аччиқ оқ сув қуйгач, ҳаммага бир-бир қараб қўйди-да, йиғи аралаш овозда:
— Туғилган куним… туғилган куним… қутлуғ бўлсин! — дея аччиқ сувни кўзини чирт юмганча ичиб юборди.
2СТАЛИНГА МАКТУБЛАР
Қашқадарё тўлиб оқади,
Оққан суви Сталинга ёқади.
“Қизил Ўзбекистон” газетаси (1952)
Сталинга хат ёзгим келаверади. Сабабини билмайман. Балки, қондан ўтган. Кичкина бобом – онамнинг отаси ғирт коммунист бўлган. Бунинг устига ўлгудай зиқна чол эди. Этагига ёпишиб пул тиласак, қўйнидан кир-чир парварда чиқариб бир-бир ялатарди-ю, ўраб-чирмаб яна жойига тиқиб қўярди. Бобом кўса эди. “Сақолингиз қани?” дея масхараласак, тишсиз оғзини катта очиб бизни қўрқитар ё уйдан қувиб соларди. Кўча-кўйда чақирсак, ортга қайрилиб қарамасди ҳам. Қаттиқ-қаттиқ йўталганча пилдираб кетаверарди.
Отам ичиб келса – тамом, кичкина бобомнинг “ҳунар”лари саналарди: “Чичқоқ эчкисини иссиқ урса ҳам, тентак отанг Сталинга ёзади…” Онам ҳам жим турмайди, сўнг ур-тўполон, сўкиш, қарғиш, йиғи… Сталин болалигимга шу тариқа яхши-ёмон, тоза-нотоза туйғулар каби оқиб кирган.
Катта бобом – отамнинг отаси тескаричи одам бўлган. Шунинг учун неча йил ватандан бадар кетган. Минглаб қўйларини советлар олиб, катта уйини бузиб юборишган. “Ўлмай келаман, Ойхол” деган ва сўзининг устидан чиққан. Шунинг учун қизларга ваъда берсак бажармоқ бобо мерос эканлигини сира унутмаймиз.
Кичкина бобом неча йил колхозга раислик қилган, каттаси эса “колхозчи” сўзини бутун умр ор билган, қизилларни кўрса, орқа ўгириб кетган, қоқириб тупурган. “ “Бекман”, дея мақтанганларни кўрдим, “тўраман”, “мўлломан”, деб тўр сўраганларни, “полвонман”, “мерганман” деб давра тилаганларни кўрдим, Худойимнинг куники, “қулман” деб кўкрак керганларни-да кўргизди!” деб юргувчи катта бобомни эл-улус ҳали-ҳамон бошқача эслаб юради.
Отам бобомнинг кенжаси – эркаси, супра қоқдиси. Шу сабабли коммунистнинг қизини олиб қочишга журъат топган. Бўлмаса, мен каби шўртумшуқ туғилиши амримаҳол эди. Шундай қилиб, танимда икки хил: тескаричилик ва коммунистик бобомерос қон оқади! Уч-тўрт йил олдин бирдан иягим усти қорайиб соқол нишлаб қолди. Ўйладимки, танамда катта бобом улуши мўлроқ. Аммо подшоҳларга ҳавасманд интилишимдан кичкинасидан ҳам кўпгина “хислат”лар бекор кетмаганини ич-ичимдан сезиб тураман. Айниқса, Сталинга ёзилган мактубларнинг ишқибозиман. Маза қилиб, яйраб, бош кўтармай, қайта-қайта ўқийвераман. Мен учун сирли севги хатларидан сира фарқ қилмайди, фақат бироз униққан, озгина расмий…
Ўзим шу маҳалгача бор-йўғи учта нома ёздим. Сталингамас, Норгулга. Севган қизимни илиб кетишларидан қўрқиб уч кунда учта хат битганман. Ўша пайтлар Норгул ўн ёшда, мен эса ўн бирда эдим. Мактубларни хонимга етказиш ҳам ит азоб бўлган. Учта муаллимдан шапалоқ еганман. Нима бўлганда ҳам хатларим жавобсиз қолмади. Норгул ҳамманинг олдида обдон ертилган қоғоз парчаларини бетимга отди. Майдаланган қоғозлар кескир тошлардан-да қаттиқ тегаркан, юзим тилингандай ўт бўлиб ёнди.
Шу тариқа илк марта Ватан учунмас, Норгулни севганим учун тошбўрон қилиндим. Ер бўлдим, изза бўлдим. Тескаричи қоним қўзиди. Бошдан шум хаёллар у ёқдан бу ёққа сарсон ўтди, қайтди: “Синф-пинифи билан, уй-пуйи билан…” Кейин шайтонга ҳай бериб, Норгулни итга талатиш билан ҳовуримни бироз босмоқчи бўлдим. У ҳар куни кўчамиздан йиғлоқи, мишқи укасини мактабга судраганча ўтарди. Йўқ, қўлим бормади, муҳаббатим баланд келди, аммо шундан сўнг Сталиндан бошқа бировга, қанчалар хурлуқо бўлмасин, қайтиб хат ёзмасликка қасам ичдим.
Мени бир савол қийнайди: Сталин қанча хатни ўқиган заҳотиёқ бурдалаб ташлаган экан? Мактублари парчаланган муаллифлар тақдири эса бундан ҳам қизиқ. Доҳийни шунга мажбур этганларга беш кетаман-да!
Кичкина бобом Сталин ўлганига 45 йил тўлиши муносабати билан қандайдир қоғозларни тантанавор либосда пичанзорга обориб ёқди. Шу тариқа Сталинга ёзган изҳорларидан набирасини бутунлай маҳрум қилди. Аммо кўзларига қараб раҳмим келиб кетган, гўё ўзини ўша алмисоқи қоғозларга қўшиб ёқиб юборадиган шашти бор эди. Наҳот, шўрлик қирқ беш йил ўтса ҳам ишонмаган бўлса?
Ўша бобомникида бир эски китоб ётарди. Сталин вафотидан бир йил олдин, 1952 йилда чоп этилган. Геологлар ҳақида, “Ўздавнашр” ўн минг нусхада босган. Унда халқимизнинг Сталинга ёзган хатларидан бир парча бор. Мен уни қайта-қайта ўқиб маза қилар, қиқир-қиқир кулардим. Бобом бечора афанди айтибмас, сиёсий китобга қараб илжайишимни қўриб капалаги учиб кетган. Шунинг учун журналист эмас, тракторчи бўл, деб васият қилганлар. Акамнинг темир аравасини қайта-қайта қўшнимиз ғўзапоясига урганимдан сўнг бобомнинг васиятини умрбод хотира кунжагига кўмиб ташлашга мажбур бўлганман. Хуллас, Сталинга ёзилган хат шундай бошланарди: “Бизнинг ерларга руслар кириб келгач, улкан маданиятга эришдик, янги давр қулоч ёзди, ўзликни англадик, мисли кўрилмаган зафарларга эришдик. Геологлар асрлар давомида кўмилиб ётган маъданларимизни, олтин-кумушларимизни кавлаб топишди ва тасарруф этишмоқда. Бунда сиз жаноби олийларининг… ”
Сибир халқларининг Сталинга ёзган мактубларининг ўзи ўн томли китоб бўлган. Эринмай варақлаганман. Ўқиб маза қиласан. Сибирнинг ҳар бир бурчагини Сталин қуёшигина иситишига шубҳа қилмайсан.
“Ёлғиз Сталин, сенга топинамиз ва нола қиламиз!”.
Қора совуқда оч-наҳор азоб тортаётган тирик жоннинг ёлғиз умиди Сталин бўлгани аниқ. Жон бераётганлар эса ўзлари нариги дунёга мактуб бўлиб кетаётганликларини яхши билишган… Совуқ мактуб, ориқ, қоқшол мактублар уюми…
“Сенга сиғинамиз, улуғ Сталин!” Унинг катта қулоқлари мактубдан ҳасрат музлари чак-чак томаётганини эшитганмикан, бир марта тинглаганмикан?
Мен Қашқадарё оқиб ўтадиган қишлоқларнинг бирида туғилганман. Биз томонлардан қанча одам Сталинга мактуб ёзганини ким аниқ ҳисоблаб бераркан-а? Гоҳида шу дарёдан қанча балиқ тутилганини ҳам ҳисоблагим келади. Қармоқ ташлаганларни ҳам, еганларни ҳам санаш керак.
Умримда бир марта катта балиқ ушлаганман. Бечора саёзликка чиқиб типирчилаб ётарди… Жон ҳолатда боши аралаш паншаҳа солганман. Cал қолса xурсандлигимдан ҳовлиқиб қочириб қўярдим. Кўкрагимга нон каби босиб, азобдан очилиб-ёпилиб ётган забонсиз оғзидан ғолиблик шавқи-ла ўпганман. Келбати бир кўклам кўрган улоқчадай келарди, уйга етгунча тилим осилиб қолган. Афсуски, бу музаффариятимдан ҳеч ким хурсанд бўлмади: “Ёғ йўқ-ку, ҳамма ерни саситдинг!”, “Ким тозалайди бунингни, йўқот”, “Молларни беэга ташлаб келасан, каллаварам?! Қачон одам бўласан-a !? ” Фақат мушук хурсанд, кўзлари қувончдан ёниб, оёқларимга суйкалиб, тинмай миёвлаб балиққа қараб безбетларча тамшанарди.
Ўша кун отам улфатларини чақиргану бечора балиқ аччиқ ароққа газак бўлган. Аммо шундан ҳам бироз шодланганман. Ахир мен тутган балиқ қозонда қоврилмоқда, онамнинг тун ярмида қичқирадиган нодон хўрози бу гал ҳам омон қолди-ку. Маст-аласт меҳмонлар ароқ нишлаб ташлаган ошқозонига Қашқадарёнинг энг катта балиғи тушаётганини билишмаган ҳам. Худди Сталин катта бобомнинг қўйларини қорақовурдоқ қилиб емаганидай.
На онам, на мен, на синглим катта балиқдан тотдик. Уларнинг егиси келмаган, менинг эса… Молларни жулғунзордан топиб уйга қайтганимда бир уюм қилтиқ бўшаган шишалар билан аралашиб челакни тўлдириб турарди Миёвлашга ҳам ҳоли қолмаган мушук чангга беланганча шишиб ухлаб ётар, отам эса қайсидир меҳмон билан жўровоз қўшиқ айтарди.
Балиқнинг қуёшда олтиндек товланувчи тангалари узоқ вақт сариқ футболкамга илашиб юрган, атайлаб туширмаганман, мақтаниш, ғурурланиш учун. Акс ҳолда ким ҳам ишонарди. Аммо жабрини партадошим Муштарий тортди. Шўрлик қиз ҳар куни бурнини жийириб: “Нега бунча балчиқ сасийсан” деб йиғлагудай нолирди. Мен унга: “Нақ сенча келадиган балиқни ушлашнинг ўзи бўладими, аҳмоқ” дея ғурурланар, партадошим эса менга ачиниб ҳали битмаган каштаси билан бурнини тўсарди.
Аммо мен катта хатоликка йўл қўганимни кузда, Қашқадарё бўйида билдим. Дарёмиз гўё оқмай қолганди. У йиғлар, ўзанида ўртаниб сувмас, кўзёш жилдирарди. “Сен дарёнинг энг катта балиғини, азиз боласини нобуд қилдинг, энди фақат кўзёш оқади” дегандай мўлтираб шилдирарди. Худди, эртаклардагидай… Нима, битта балиқ билан дарё қурийдими?
Йиллар ўтди, афсуски Қашқадарёда бошқа катта балиқ кўрмадим, биров тутганини ҳам эшитмадим… Наҳот, мен дарёнинг қотили бўлсам? Балки, бу ҳақда ҳам подшоҳга ёзиш керакдир, нақ Сталинга… Бу йил Сталин ўлганига 67 йил тўлади. Аммо унга хатлар келиши сира тўхтагани йўқ. Қанийди электрон почтасига кириш рухсати тегсаю, барини ўқисам? Бунинг хумори мени тунлар ухлатмай қўярди.
Қашқадарё серсув, катта дарёмас, аммо бағри кенг. Уни укамга ўхшатганман. У тўрт ёшида ўлган. Иним ҳеч нимани қизғанмасди, йиғламасди, сўлғин кўзлари доим меҳр билан боқарди, дарёмиз каби… Иккови ҳам ориқ эди, баҳорда бироз тўлишарди, холос. Бирор марта ўзандан тошиб, хас-хашакдан тикланган чайлани бўлса ҳам ювиб кетганини кўрмаганман, кучсиз эди, худди укамдай, итоатгўй, гўл дарё – Қашқадарё…
Укам руҳи ҳамма ўзига нарсани олаверарди, уйимизда товуқ сўйилса ҳам унга аталади, ҳўккиз ҳам… Уни онам поездда ҳам, таксида ҳам, пахтада ҳам, касалхонада ўзи билан олиб юради. Мен билан эса у ҳеч қачон юрмаган. Болаликда бунга кўп уринганман. Фақат тунлари мени қўрқитарди: “Ака, музлаб кетдим, кўрпангни оч” Ўша кеч ташқарига ҳам чиқмай, саҳаргача чидаб ётардим…
Қашқадарё ҳам доим қўрқитади, қуриб қоламан, деб… Унда одамлар эшагини ҳам ювади, сув ҳам ичади, таҳорат ҳам олади, пешоб ҳам тўкади. Қашқадарё шундай исёнсиз дарё, банд солинавериб шундай бўлган… Катта балиқларсиз қолган дарё!
Асримизнинг муҳташам иккинчи йилида, яъни 2002 йил Сталинга ёзилган мактублардан бири уйимиздан чиқиб қолган. Отам ишга кетиши билан, ҳужжатлар орасидан пул қидирардим. Беш, йигирма, эллик сўмлик илинжида каламушдай тимирскиланардим. Колхоз техникасига оид қаттиқ жилдли китоб орасидан майда пуллар чиққан. Севиниб кетганман. Чўнтакка шоша-пиша тиқдим-да, китобни жойига қўйдим. Шунда ичидан бир нарса сидралиб мушукдай тап этиб тушди. Эски қоғоз, уқаланиб кетган, ер рангидаги учбурчак конвертга солинган. Қизиқиб очиб кўрдим. “Сталинга мактуб… Ленин колхозидан, 1950 йил”. “Жаноб Сталин сиз туфайли бу йил қўйларимиз тўрттадан… боғларимиз тўрт тоннадан… хотинларимиз эса … ” Бу хат Сталинга жўнатилмай қолган, сабаби…
Тошкентга ўқишга келганимда татар кампирникида ижарада турдим. Биз уни Зоя холамиз, дер эдик. У кечаю кундуз пишиллаб нафас олар, бир тиниқ тоза ҳавога зор яшарди. Хола билан узоқроқ суҳбат қуриб қолсам, менга ҳам нафас етишмас, ҳамма жой тордай, Тошкент ҳавоси жуда қимматдай туюлиб кетарди.
— Ватансиз қолсанг шундай бўлади, менинг дардим Қрим… – дерди у бўғилиб. Ёлғиз, ҳардамхаёл юрса-да, ижара пули ва кунидан сира адашмасди, тартибни ўлгудай яхши кўрарди: “Тошкентга ухлагани келдингларми? Хонани ким тозалайди, битта суварак кўрсам ҳаммангни кўчага итдай қувиб соламан!” Тонгимиз шундай ширин сўзлар билан бошланарди. Аммо Зоя холани тезда яхши кўриб қолдим, сабаби мактублар бўлди. У ҳам Сталинга ҳар шанба нома битарди. Ўзим жон деб уни компьютерга кўчириб берардим. Ҳақорату беҳаё сўкишлардан сўнг кампир беихтиёр Қрим ҳақида тўлқинланиб битилган сатрларни киритарди, сўнг шеър ўқирди. Ёдлаган ё ўзи ёзган: “Қрим, биз қайтгунча сақлаб тур ўша азиз болалигимни!”
Зоя хола уч марта эрга теккан, аммо бефарзанд эди. Ака-сингиллари эса кўп. У Қримсиз сўлди – ўлди. Охирги белгиси – қабр тошига ўзининг эмас, Қрим тоғларининг суратини қўйдик. Васияти эмасди, қисмати шу деб билдик, ҳар ҳолда ҳар қандай васиятдан Ватан баландроқ туради.
Умрининг сўнгида у негадир эски тошойнасидан нари кетмай қолганди. Билардимки, кўзгуга қараб ўзининг хаста, буришган танасини эмас, Қримни кўрарди.
Негадир тез-тез Зоя холанинг қабрини зиёрат қилгим келади. У ётган жойидан ҳам Қрим деб пишиллаёгандек бўлаверади. Мен ҳеч қачон Қашқадарёдаги катта балиқлар ноласини эшитмаганман, балки, улар қуриб битгандир ё менинг ватанпарварлигим “паст сифатда”дир.
Бир куни Зоя холага Сталиннинг ўлмига анча йил бўлган, нима қиласиз хат ёзиб, деганман. У эса хандон отиб кулган, мен ҳам қўшилганман…
— Мени аҳмоқманми буни билмайдиган. Аммо уни ҳар кун тушимда кўраман. Қрим мен учун Сталин, Сталин мен учун Қрим. У бизни Қримдан айирди. Мен на қримлик, на бу ерликман. Мен Сталин ватанидан қувганлар авлодиман. Нима қилай, вино ичиб, ҳар ерда сасиб юргандан кўра, Сталинга хат ёзиб ичимдаги сўнмас исёнимни, халқимнинг алам-фарёдини билдириб туришим яхшироқ-ку, болам! – деганди кўзлари ёниб. Сўнг бошларимдан силаб, пишиллаганча: “Мен ўлгандан кейин сен ёзасан, ўрганиб олдинг-а? Аввал Сталинни буст-бутун жойини қолдирмай сўкасан, урасан, тепасан, кейин Қрим ҳақида шеърлар тўқийсан. Одамлар билиши керак, инсон зотини ўз ватандан айириш қандай даҳшат эканлигини, бундай золимни доим қарғашларини, тупроғимизни эса қанчалик севишимизни… Биз Сталинни ҳеч қачон унутмаймиз, ҳатто ўлганда ҳам тинч қўймаймиз! Ҳар вақт унга исёнимиз етиб туриши керак… Токи инсоният бор экан, золимларга ёзилган хатлар тўхтамаслиги керак… Сен ёзиб турасан-а болам? ” Аммо мен ҳали бирон марта Сталинга хат ёзмадим.
Энг яхшиси, Сталинга ёзилган мактубларни ўқиш. Манаман деган асардан қизиқ: “Ўртоқ Сталин, сизга қасамёд қилиб қилиб айтамизки, умум халқ ишини деб чинакам совет ватанпарварлари каби, ленинча, сталинча курашамиз. Яшасин Лелин-Сталиннинг енгилмас байроғи… ”
Айниқса, Сталинга иккинчи жаҳон урушидан кейин кампирларнинг меҳри жўшиб кетади. Йўқотишлардан эсини йўқотган момойлар ўлдирилган миллионлаб ўғилларини унутиб, Сталинни севиб қолишади. Ҳаттоки ғойибона хомиладор бўлиб олганлар қанча. Ростовда Сталинга хат келади: “Сизга бўлган кучли қўрқувим ва муҳаббатимдан иккиқатман, жаноб Иосиф Виссарионович… ”
Сталин ғойибона яна кимларни хомиладор қилган экан-а?
Бугун ҳам кундагидай ишдан ҳолсиз, оч-наҳор чиқдим. Ҳеч қандай меҳнат қонунларига амал қилинмайдиган Меҳнат вазирлигининг матбуот хизматида ишлайман. Ер устидаги одамлардан чарчаганим учун ер остида – метрода уйга қайтишни яхши кўраман. Метроқ зах тупроқ одамларни бироз босиб тургандай туюлади.
Шунда ёнимга бир ўрис киши келиб ўтирди. Кўзлари ҳар тарафга олазарак боқар, уст-боши лойга юмалаган боланикидай ифлос эди. Ўтириши билан, бугун чўмилишим кераклиги ҳақида ўйладим. Аммо унинг ўша пайт қандай дарёдил одамлигини билмасдим. У қўлимдаги тошдай оғир, қалин муқовали “Меҳнат қонунлари” китобимга қараб қиқирлаб кула бошлади, унинг бу қилиғи аввал ғазабимни, сўнг кулгимни қўзитди. Кейин тўсатдан дилимни равшан қилувчи сўзларни айтди.
— Сталинга хат ёзмоқчиман, нима дейсан, унгача етиб борармикан-а?
Оҳ, Худойим, ўйлаган одамларимга дуч қилишингга қойилман-да! Шодланганимдан унинг исқирт устбошларига қарамай бағримга босгим келди.
— Эй ёзинг ака! Ўқийди, албатта, кутиб ётибди-ку! – дедим ҳовлиқиб. У бирдан оғзидан кўпик сачратиб кулиб юборди. Сўнг Сталинни мақтай кетди. Мен эса унинг гапини бўлиб: “Уни нега яхши кўришим керак” дедим.
— Ёмон кўравер, нима қилибди, – деди у пинагини ҳам бузмай. – Ой ҳам ҳаммага ёқавермайди, ёруғ тунлар айримларнинг уйқусини бузармиш. Яқинда хат ёзаман, шунда кўрасан ўзгаришларни…
— Мен ҳам шуни ўйлаб юргандим ўзи… – дедим уни чўчитиб қўймаслик учун.
— Сен уни қораласанг, хатинг етиб бормаса керак… – деди негадир ўзбекча.
— Боради, мен Сталинга ёзилган эллик мингта хат ўқиганман. Ҳаммаси ура-ура эмас, қалтислари ҳам бўлган!
— Сен Сталинни ёмон кўрасан! – дея у негадир бирдан болалардек қовоғини уйиб.
— Йўқ, мен Сталинни яхши кўраман, жудаям… – дедим унинг ёрилган, қопқора қўлларидан ушлаб.
Бу гапларимдан таъсирланган шеригим: “Биз Сталинни севамиз” дея бақириб юборди. Шиддат билан кетаётган метро вагонлари ҳам унинг қичқириқларига созандалик қилаётгандай ҳамоҳанг куй чаларди. Ҳамма бизга қараб илжая бошлади. Уч-тўрт йигит-қиз эса хохолаб юборди. Улар нега кулаётганини тушунмасдим. Товонимгача музлаб кетдим. Йиғлагим келди. Кичкина бобомни эсладим, бир ҳафта бурун соқолимни олгандим, ҳали қораймади, сочим ҳам тўкилиб кетяпти, катта бобом эса қайсарлик қилиб тушимга кирмай қўйди, наҳот менга ёлғиз туфдонигина мерос ўтган бўлса?
Оператор қизнинг ёқимли-ёқимсиз овози ер остидаги тирикларнигина сергак торттиради: “Кейинги бекат коммунизм”.
Шеригим хурсандликдан ёрилаёзди:
— Наҳотки, Коммунизмга етиб келган бўлсак…
Негадир ундан айрилгим келмасди. Кўчаларда бирга санғидик. Сталин аждодларини қандай қирганини айтиб берди, сўнг тўйиб-тўйиб йиғлади… Шишаларни бўшатдик, ёлғиз Сталин шарафига. Бетонга суянганча, сибир маҳбуслари каби совуқдан лавлагидай қизарган қўллар билан Сталинга мактуб битдик. Биримиз ўзбек, биримиз рус тилида…
Ёзганларимизни чириган почта қутисига ташладигу озод бўлган қулдай тўғри келган тарафга қочдик – яйрадик. Соат иккилардагина иккинчи бор учрашишни ўйламай икки томонга жўнадик. Биз на хайрлашдик, на узрлашдик…
Уйга келганимда хотиним билан ўғлим тарашадай қотиб ётарди. Жаҳлим чиқди, уларни тарбиялаб, кўзларини мошдай очиб қўймасам бўлмайди. Қонунлар чиқади, аммо назр-писанд қилишмайди.
“Жаноб Иосиф Виссарионович Сталин, қаранг, одамлар нақадар уйқучи бўлиб кетган… Ҳатто дарёдан катта балиқ ушлашни ҳам билишмайди, сиз эса, сиз тенги йўқ одамсиз! Бизга Худони қўйиб, шахсга сиғинишни ўргатиб кетган доҳийсиз, доҳий!”
2020 йил, январь
3Муаллиф ҳақида
Жавлон Жовлиев 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг санъатшунослик журналистикаси йўналишини тамомлаган. Бунгача ёзувчининг “Икки қалб учрашуви” деб номланган китоби чоп этилган. Асарлари рус, инглиз ва турк тилларига таржима қилинган. Яқинда муаллифнинг "Қўрқма" романи нашр этилди.